Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.06.2008 й. ПҚ-892-сон "Болаликдан ногиронлар туғилишининг олдини олиш учун туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

18.06.2008 й.

N ПҚ-892



БОЛАЛИКДАН НОГИРОНЛАР ТУҒИЛИШИНИНГ

ОЛДИНИ ОЛИШ УЧУН ТУҒМА ВА ИРСИЙ

КАСАЛЛИКЛАРНИ БАРВАҚТ АНИҚЛАШ

ДАВЛАТ ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА


"Ёшлар йили" Давлат дастурини бажариш юзасидан ҳамда оналар ва болалар соғлиғини ҳар томонлама мустаҳкамлашни таъминлаш, соғлом авлод туғилиши ва тарбияланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, ҳомиладор аёллар ва чақалоқлар патологиясини барвақт аниқлаш давлат тизимини янада ривожлантириш, болалар ногиронлигини қисқартириш мақсадида:


1. 2008-2012 йиллар даврида ногирон болалар туғилишининг олдини олиш учун туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги "Соғлом авлод учун" ноҳукумат халқаро ҳайрия жамғармаси билан биргаликда ушбу қарор билан тасдиқланган Давлат дастури сифатли ва ўз вақтида рўёбга чиқарилишини амалий равишда мувофиқлаштириб, давлат бюджетидан ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиб боришни таъминласин.


2. Белгилансинки, Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни молиялаштириш, 2-иловага* мувофиқ, соғлиқни сақлаш муассасаларига ҳар йили ажратиладиган давлат бюджети маблағлари, шунингдек, "Соғлом авлод учун" ноҳукумат халқаро ҳайрия жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


3. Мазкур Давлат дастурини амалга ошириш доирасида, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келинадиган реагентлар, сарфлаш материаллари, шифобахш болалар таомлари, дори-дармонлар ва бошқа товарлар божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) тўлашдан озод қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Давлат дастурини амалга ошириш доирасида тузилган импорт контрактларининг белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилишини таъминласин.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари "Соғлом авлод учун" ноҳукумат халқаро ҳайрия жамғармаси билан биргаликда Давлат дастурини амалга оширишга ҳар томонлама ёрдам кўрсатсинлар ва ривожланишида туғма нуқсонлари бўлган болалар туғилишининг олдини олиш ижтимоий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга эканлиги тўғрисида аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишларини ташкил қилсинлар.


5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Р.С.Қосимов ва Ф.Ш.Акбарова зиммаларига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                       И. Каримов



*) 1-2-иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 24-25-сон, 222-модда.