Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинларининг ўтказиш пунктлари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 02.10.1996 й. 347-сон Қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1996 йил 2 октябрдаги

347-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик

хизмати чегара қўшинларининг ўтказиш

пунктлари тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали темир йўл, автомобиль, денгиз, дарё, ҳаво ва бошқа алоқалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган ўтказиш пунктларида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

Ўтказиш пунктлари деганда халқаро алоқалар (халқаро парвозлар) учун очиқ бўлган чегара темир йўллари ва автомобиль станциялари, денгиз ва дарё портлари, аэропортлар ва аэродромларнинг ҳудудлари, шунингдек шахслар, транспорт воситалари, юклар ҳамда бошқа мол-мулк ва материалларни чегара, божхона назоратидан ва назоратнинг бошқа турларидан ўтказиш амалга ошириладиган ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиладиган махсус жиҳозланган бошқа жойлар тушунилади.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) қарорлари билан чегара қўшинларининг чегара назорати бўлинмалари ва отрядлари ташкил этилади.


2. Чегара назорати отряди (ЧНО) - чегара қўшинларининг Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини қўриқлашни, шахсларни, транспорт воситаларини, юкларни, бошқа мол-мулк ва материалларни битта ва ундан кўп ўтказиш пунктларида чегара назоратидан ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказишни амалга ошириш учун мўлжалланган қўшин қисмидир.

Чегара назорати отряди, қоидага кўра, чегара назорати бўлинмаларидан: чегара назорати дивизионлари (ЧНД), бўлимлари (ЧН бўлим), постлари (ЧНП) ва гуруҳлари (ЧНГ)дан иборат бўлади.



II. ЧЕГАРА ҚЎШИНЛАРИ ЧЕГАРА НАЗОРАТИ

БЎЛИНМАЛАРИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ


Чегара қўшинларининг чегара назорати бўлинмалари қуйидагиларга мажбурдирлар:


а) қўшин гуруҳлари ва тўдаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қуролли бостириб киришларини қайтариш, Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларидаги Қуролли ва бошқа иғвогарликларнинг олдини олиш, аҳолини, давлат мулкини ва фуқароларнинг шахсий мулкини кўрсатиб ўтилган жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш;


б) тегишли равишда расмийлаштирилган ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда шахсларни, транспорт воситаларини, юкларни, бошқа мол-мулкларни ва материалларни белгиланган пунктларда Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтказишни амалга ошириш;


в) ўтказиш пунктларида шахслар ва транспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ноқонуний усуллар билан ўтишининг олдини олиш ва бунга йўл қўймаслик; Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини бузувчиларни аниқлаш ва ушлаш;


г) Ўзбекистон Республикасига олиб келиш ёки Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиб кетиш тақиқланган портловчи, заҳарловчи, радиоактив, гиёҳвандлик моддалари, қурол-аслаҳалар, ўқ-дорилар ва буюмларни, шунингдек контрабанда буюмларининг Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ташиб ўтилишининг олдини олиш;


д) ўтказиш пунктларида Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтаётган шахсларнинг ғаразли фаолиятини МХХ органлари билан биргаликда аниқлаш ва унинг олдини олиш, шунингдек оператив қизиқиш туғдирувчи шахсларга доир ахборотларни, уларни кейинчалик МХХ чегара қўшинларининг разведка аппаратлари ёки органлари орқали тарқатиш мақсадида, тўплаш ва ўрганишни амалга ошириш;


е) божхона органлари мавжуд бўлмаган жойлардаги ўтказиш пунктларида мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий манфаатларига, давлат хавфсизлигига, жамоат тартибига, аҳоли саломатлигига ва аҳлоқига зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларга эга матбуот асарлари, клише, қўлёзмалар, ҳужжатлар, видео ва овозли ёзувлар, фотокино материаллари, бошқа босма ва тасвирий маҳсулотларнинг Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ташиб ўтилишининг белгиланган тартибда мустақил равишда олдини олиш;


ж) Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтадиган алоҳида шахслар, транспорт воситалари, юклар ва бошқа мол-мулкларга доир оператив топшириқларни бажариш;


з) Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси режими масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг ҳалқаро шартномаларидан келиб чиқувчи мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш;


и) мустақил равишда ёки аэропортлар (аэродромлар) маъмуриятлари билан биргаликда халқаро парвозлар учун очиқ бўлган аэропортлар (аэродромларни, чегара темир йўл станцияларини, денгиз ва дарё портларини, халқаро автомобиль ташишлари хизматларини назорат қилиш, Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтиш пунктларида белгиланган режимни бажариш;


к) Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтувчи шахслар туғрисидаги ахборотни белгиланган тартибда МХХ тегишли органларига ўз вақтида юбориш;


л) ўтказиш пунктларида бунга махсус вакил қилинган давлат органларига уларнинг табиий муҳитни ифлосланишдан муҳофаза қилишга доир фаолиятига кўмаклашиш.



III. ЧЕГАРА ҚЎШИНЛАРИ ЧЕГАРА НАЗОРАТИ

БЎЛИНМАЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


Чегара қўшинлари чегара назорати бўлинмалари қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:


а) Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтувчи шахсларнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига келиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларини текшириш, уларга тегишли ёзувларни қайд этиш ва зарурат бўлса ушбу ҳужжатларни вақтинча олиб қўйиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ёки Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳукуқини бермайдиган ҳақиқий ҳужжатларга эга бўлмаган шахсларни улар томонидан Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар зарур тартибда расмийлаштирилгунгача ёки Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан уларнинг чет элда бўлган даврида ҳужжатлар йўқотилганлиги ҳолатлари ва уларнинг шахслари аниқлангунгача бундай шахсларни Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказмаслик;


б) Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтувчи шахсларнинг юклари ва бошқа мол-мулкини белгиланган тартибда мустақил равишда ёки божхона органлари билан биргаликда кўздан кечириш; инсон танасида ўқ отар қурол бор-йўқлигини аниқлаш учун техник воситаларни танлаб қўллаш;


в) Ўзбекистон Республикаси МХХ норматив ҳужжатлари билан белгиланган тартибда ва чегара қўшинлари ваколатлари доирасида оператив фаолиятни амалга ошириш; Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини бузишлар тўғрисидаги ишлар бўйича суриштирув олиб бориш - зарур оператив-қидирув чораларини кўриш, Ўзбекистон Республикасининг Жиноий-процессуал қонунчилигига, "Маъмурий жавобгарлик тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Ксдексига мувофиқ ушлаб туриш, текшириб кўриш, тинтув қилиш, сўроқ қилиш ва бошқа зарур тергов ҳаракатларини олиб бориш;


г) чегара режимини бузган ёки Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтиш пунктларидаги режимни бузган шахсларни протокол тузиш учун уч соатгача бўлган муддатга, зарур ҳолларда эса бу ҳақда ушланган пайтидан бошлаб 24 соат ичида прокурорга ёзма равишда маълум қилган ҳолда уч кеча-кундузгача ёки, агар ҳуқуқни бузувчи шахсини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлмаса, прокурорнинг санкцияси билан ўн суткагача бўлган муддатга маъмурий ушлаб туриш; ушланган шахсларни кўздан кечириш, тинтиш, шунингдек зарур бўлганда уларнинг мол-мулкини олиб қўйиш;


д) мазкур банднинг "г" кичик бандида назарда тутилган муддатларда Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ғайриқонуний ўтган ажнабий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни уларга нисбатан жиноий иш қўзғаш учун етарли асослар бўлмаган тақдирда маъмурий тартибда ушлаб туриш, агар ушбу шахсларга нисбатан уларни қўшни давлатнинг чегара маъмурларига топшириш ёки уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқариб юбориш тўғрисида белгиланган тартибда қарор қабул қилинган бўлса, прокурорнинг санкцияси билан ушбу шахсларни бериш ёки чиқариб юбориш учун зарур бўлган вақт мобайнида ушлаб туриш;


е) маъмурий тартибда ушланган шахсларни ушбу мақсадлар учун махсус жиҳозланган ўтказиш пунктлари биноларида сақлаш. Маъмурий тартибда ушлаб туришнинг ҳар бир ҳолати, ушланганни шахсий тинтиш, текшириш ва унинг буюмларини олиб қўйиш тўғрисида протокол тузилади;


ж) Давлат чегарасидан, унинг режимидан, Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтиш чегара режими ёки ўтиш пунктлари режимидан ғайриқонуний ўтиш ҳолларини аниқлаш учун ўтказиш пунктларига шахсларни таклиф этиш. Кўрсатиб ўтилган қонунни бузиш ҳолатларини аниқлаш зарур ҳолларда бошқа жойларда ҳам амалга оширилади;


з) божхона органлари мавжуд бўлмаган ўтказиш пунктларида Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтаётган шахслар томонидан олиб ўтилаётган босма асарлар, клише, қўлёзмалар, ҳужжатлар, видео ва овоз ёзиш материаллари, фотокино материалларини, бошқа босма ва тасвирий маҳсулотларни текшириш; зарур ҳолларда санаб ўтилган материалларни текшириш учун ушлаш ва уларнинг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасига олиб келиниши ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиб кетилиши мумкин бўлмаганларини олиб қўйиш;


и) Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали олиб ўтилаётган Ўзбекистон Республикасига келтириш ёки Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиб кетиш тақиқланган буюмларни, шунингдек контрабанда буюмларини белгиланган тартибда олиб қўйиш;


к) Ўзбекистон Республикасига олиб келиш ёки Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиб кетиш тақиқланган материаллар, буюмлар ва ҳужжатларни, шунингдек контрабанда буюмларини Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали олиб ўтишга интилган шахсларни Ўзбекистон Республикасига ўтказиш тўғрисидаги масалани йўл қўйилган ҳуқуқни бузишнинг оғирлиги ва ҳолатларини ҳисобга олган холда МХХ органлари билан келишиб ҳал этиш;


л) Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтаётган хорижий транспор воситалари ва Ўзбекистон Республикасининг транспорт воситалари ва уларда ташилаётган юкларни мустақил равишда ёки божхона органлари билан биргаликда белгиланган тартибда текшириш; транспорт воситаларига чегара нарядлари билан ҳамроҳлик қилиш; зарур ҳолларда транспорт ташкилотларининг мансабдор шахсларидан уларни текшириш учун транспорт воситаларидаги пломбаланган вагонлар, автомобиллар, контейнерлар, трюмлар ва бошқа жойларни очишни талаб қилиш;


м) Зарур муҳандислик-техника иншоотлари барпо этиш, алоқа ва коммуникация линиялари қуриш, техника ва қурол-яроғни чегара ва божхона назорати амалга ошириладиган биноларда ва бошқа жойларда жойлаштириш ва улардан фойдаланиш; Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтиш пунктларида чегара ва божхона назорати амалга ошириладиган бинолар ва бошқа жойларни белгилаш ҳамда ушбу жойларда чет шахсларнинг уларга киришини истисно этиш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидан ғайриқонуний ўтилишини истисно қилиш мақсадларида қўшимча равишда режим қоидалари белгилаш;


н) Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини ҳимоя қилиш учун қурол, жанговар техника, махсус воситалар, хизмат итларини ва жисмоний таъсир кўрсатиш чораларини қўллаш;


о) манфаатдор корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтиш пунктларида хорижга борадиган транспорт воситаларининг тўхташ вақтини (тўхташ жойларини) аниқлаш;


п) сузишда ва Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий сувларида (ҳудудий денгизида), Ўзбекистон Республикасининг ички сувларида бўлган вақтда, шунингдек кемалар Ўзбекистон Республикаси портларида тўхтаб турган вақтда ҳуқуқ бузилишига йўл қўйган ҳарбий бўлмаган хорижий кемалар экипажлари аъзолари ва улардаги бошқа шахсларнинг қирғоққа чиқишларини ва қирғоқда бўлишларини тақиқлаш;


р) жиноят содир этган ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ҳамда МДҲнинг бошқа давлатлари қонун ҳужжатлари бўйича жиноий жавобгарликка тортилиши керак бўлган шахсларни чет элнинг ва Ўзбекистоннинг ҳарбий бўлмаган кемаларидан тушириш ва ушлаш, ушбу шахсларни, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, суриштирув ва тергов органларига топшириш;


с) МДҲ мамлакатларининг ўтказиш пунктлари билан белгиланган тартибда алоқа ўрнатиш ва ўзаро ҳамкорлик қилиш.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтувчи шахслар, транспорт воситалари, юклар ва бошқа мол-мулклар чегара ва божхона назоратидан ўтказилади, тегишли ҳолларда эса шунингдек санитария-карантин, ветеринария, фитосанитария назоратидан, маданият бойликларини Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиб кетиш бўйича назоратдан ва бошқа назоратдан ўтказилади.

Чегара назорати ўзларига юклатилган вазифаларни бажариш бўйича чегара назорати оператив-хизмат фаолияти бўлинмаларининг асосини ташкил этади. У ўз ичига қуйидагиларни олади: Ўзбекистон Республикасига келиш ёки Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни текшириш; транспорт воситалари, юклар ва бошқа мол-мулкни кўздан кечириш; транспорт воситаларини кузатиб бориш, зарур ҳолларда уларга ҳамроҳлик қилиш; Ўзбекистон Республикасига келиш ёпиқ бўлган шахслар устидан назорат ўрнатиш; Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали олиб ўтиладиган материаллар ва буюмлар устидан назорат ўрнатиш. Чегара назорати оператив ва режим тадбирлари билан биргаликда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтувчи шахсларни ўтказиб юбориш чегара назорати бўлинмалари томонидан Ўзбекистон Республикасига келиш ва Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқини берувчи ҳақиқий ҳужжатлар бўйича амалга оширилади.

Транспорт воситалари, юклар ва бошқа мол-мулкни Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш чегара, божхона назорати ва бошқа назорат тамомлангандан кейин чегара назорати бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Чегара назорати бўлинмалари транспорт воситалари, юклар ва бошқа мол-мулкни Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказишда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати ҳамда Чегара қўшинлари бош бошқармаси (чқбб) буйруқлари ва кўрсатмаларига, шунингдек мазкур Низомга амал қиладилар.

Чегара қўшинлари чегара назорати бўлинмалари шахслар, транспорт воситалари ва бошқа мол-мулкни Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказишни кеча-кундуз МХХ ҳудудий органлари ва божхона органлари, шунингдек назоратнинг тегишли турларини амалга оширувчи ёки ушбу ишда қатнашувчи бошқа муассасалар, ташкилотлар ва корхоналар билан ўзаро мустаҳкам ҳамкорликда амалга оширадилар. Шахслар, транспорт воситалари, юклар ва бошқа мол-мулкнинг Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказилиши бўйича функционал фаолият (технологик схема) тартиби ва изчиллиги чегара назорати бўлинмалари томонидан манфаатдор муассасалар, ташкилотлар ва корхоналар билан келишилган ҳолда белгиланади.

Чегара қўшинлари чегара назорати бўлинмалари Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтаётган шахслар, транспорт воситалари, юклар ва бошқа мол-мулкнинг асоссиз равишда ушлаб турилишига йўл қўймасликлари керак.

Божхона органлари мавжуд бўлмаган жойларда Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтиш пунктларида юклар ва бошқа мол-мулкни кўздан кечириш ва ўтказиш Ўзбекистон Республикаси МХХ Чегара қўшинлари бош бошқармасининг фармойишига биноан чегара назорати бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтувчи юклар ва бошқа мулкларни текшириш ва ўтказишни мустақил амалга ошириш чоғида чегара назорати бўлинмалари Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига, Ўзбекистон Республикаси божхона қонунчилигига, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Бош божхона бошқармаси томонидан тасдиқланадиган қоидаларга амал қиладилар.

Ўзбекистон Республикаси ёки чет давлат ҳудудида алоҳида хавфли юқумли касалликларнинг тарқалиши хавфи бўлган тақдирда хавфли участкаларда Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали қатновлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан вақтинча чекланади ёки тўхтатилади ёхуд Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасидан ўтувчи одамлар, ҳайвонлар, юклар, уруғликлар, кўчатлар ва бошқа ҳайвонот ўсимлик маҳсулотлари учун карантин ўрнатилиши мумкин, бу ҳақда чегара назорати бўлинмалари ЧҚББнинг кўрсатмасини оладилар.

Алоҳида ҳолларда (оператив зарурат, қўшинларни бошқа жойга кўчириш, Ўзбекистон Республикаси ҳаво кемаларининг ва чет мамлакатлар ҳаво кемаларининг махсус парвозлари ва шу кабилар) Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органлари томонидан шахсларни, транспорт воситаларини, юклар ва бошқа мол-мулкларни Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказишнинг алоҳида тартиби ўрнатилиши мумкин, бу ҳақда чегара назорати бўлинмалари ЧҚББнинг тегишли кўрсатмаларини оладилар.

Чегара назорати бўлинмалари хизмат-оператив фаолиятни амалга оширишда шахсий таркиб, оператив кучлар ва воситалар, қуроллар ва техника, махсус техник воситалар, муҳандислик иншоотлари ва хизмат итларидан фойдаланадилар.

Шахсий таркибдан давлат чегарасини қўриқлашда чегара назорати бўлинмаси бошлиғининг қарорига мувофиқ мутахассислиги, тайёргарлик даражаси, сиёсий-маънавий ва ишчанлик сифатларини ҳисобга олган ҳолда фойдаланилади. Шахсий таркибнинг хизмат вазифалари давлат чегарасини ишончли қўриқлашни таъминлаши лозим ҳамда чегара заставаларининг шахсий таркиби учун белгиланган меъёрлар доирасида режалаштирилади.

Чегара назорати бўлинмаларинииг давлат чегарасини қўриқлаш ҳамда чегара назоратини амалга ошириш учун мўлжалланган шахсий таркиби бошқа вазифаларни бажаришга жалб этилмайди, ўқув бўлинмаларида тайёргарликдан ўтиш бундан мустасно.

Ўтказиш пунктларида оператив кучлар ва воситалардан фойдаланиш махсус қоидалар билан тартибга солинади.

Ўтказиш пунктларида қуроллар ва техникадан Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, қуролли Кучлар Уставлари, чегара қўшинларининг Устави, МХХ ва ЧҚББ буйруқлари, кўрсатмалари талабларига қатъий амал қилинган ҳолда фойдаланилади.

Махсус техник воситалар чегара назоратининг ишончлилиги, оперативлилиги ва маданиятини ошириш учун мўлжалланган ҳамда улардан белгиланган мақсадда ва махсус йўриқномалар талабларига мувофиқ фойдаланилади. Уларнинг қўлланилиши чегара назорати бўлинмаларининг уларга юклатилган вазифаларни бажариш бўйича хатти-ҳаракатларининг юқори самарадорлигини таъминлаши лозим. Бунга: шахсий таркибнинг юқори даражадаги техник тайёргарлиги, махсус техник воситаларни қўллашнинг оқилона тактик усуллари ва йўллари; бўлинмаларни махсус техник воситалар билан ўз вақтида таъминлаш, махсус техник воситаларни соз ҳолда ҳамда қўллаш учун доимий тайёр ҳолатда сақлаш; махсус техник воситаларни улар ишдан чиққанда тезда тиклаш йўли билан эришиш мумкин.

Чегара назорати бўлинмаларига кемалар ва катерлар денгиз (дарё) чегара қўшилмалари (қисмлари) таркибидан берилади. Улардан Чегара кемалари бўйича қўлланмага мувофиқ фойдаланилади.

Муҳандислик иншоотлари давлат чегарасини бузувчиларни ўз вақтида ушлаш, уларнинг ҳаракатланишини қнйинлаштириш, чегара нарядлари фаолияти учун қулай шароитлар яратишни таъминлаш учун мўлжалланган ҳамда улардан чегара отрядлари ва чегара заставаларида уларни қўллаш тактикасига мувофиқ фойдаланилади.

Хизмат итларидан (қидирувчи, қўриқловчи, қоровул, махсус) уларни тайёрлаш йўналишидан келиб чиққан ҳолда чегара нарядларини кучайтириш, давлат чегарасини бузувчиларни излаш ва ушлаш, ўқ отар қуролларни, портловчи ва гиёҳвандлик моддаларини, босма материалларни излаш, объектларни қўриқлаш ва бошқа вазифаларни бажариш учун фойдаланилади. Хизмат итларидан Итлар ва итчилик хизмати бўйича қўлланмага мувофиқ фойдаланилади.



IV. ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ, МАНСАБДОР

ШАХСЛАРНИНГ ЧЕГАРА ҚЎШИНЛАРИ ЧЕГАРА

НАЗОРАТИ БЎЛИНМАЛАРИ ХИЗМАТ-ОПЕРАТИВ

ФАОЛИЯТИНИ ТАЪМИНЛАШ БЎЙИЧА

ВАЗИФАЛАРИ


Чегара қўшинлари билан келишувга биноан Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларини очишдан манфаатдор бўлган давлат органлари ушбу пунктларда чегара назорати бўлинмаларининг ўз функционал вазифаларини бажариши учун зарур бўлган техник воситалар билан таъминланган махсус биноларни жиҳозлайдилар.

Чегара назорати бўлинмаларига давлат чегарасини қўриқлашга Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ фуқаролар, жойлардаги ҳокимият органлари, ўтказиш пунктларида жойлашган фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ёрдам берадилар. Давлат органлари ва жамоат бирлашмалари фуқароларни давлат чегарасини қўриқлашда ихтиёрий равишда фаол қатнашишга жалб этишга кўмаклашадилар.