Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг Намунавий регламенти (ЎзР ОМ Сенати Кенгашининг 30.12.2010 й. 154-II-сонли Қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

ОМ Сенати Кенгашининг

2010 йил 30 декабрдаги

154-II-сонли Қарорига

1-ИЛОВА



Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг

НАМУНАВИЙ РЕГЛАМЕНТИ


I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунувчи шаҳарлардан, шунингдек шаҳарлар таркибига кирувчи туманлардан ташқари) халқ депутатлари Кенгашлари ҳокимиятнинг вакиллик органларидир.

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги, "Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда халқ депутатлари Кенгашининг регламентига мувофиқ амалга оширади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари ўз фаолиятларини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек ўз регламентларига мувофиқ амалга оширади.


2-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек туманлар ва шаҳарлар Кенгашларининг (бундан буён матнда халқ депутатлари Кенгаши деб юритилади) фаолияти масалаларни жамоа бўлиб ва эркин муҳокама қилишга, ошкораликка, жамоатчилик фикрини ҳисобга олишга асосланади.


3-модда. Халқ депутатлари Кенгаши ўз фаолиятининг асосий йўналишларини халқ депутатлари Кенгашининг сессиясида (бундан буён матнда сессия деб юритилади) тасдиқланган жорий, йиллик ёки халқ депутатлари Кенгашининг ваколатлари муддатига мўлжалланган иш режаси асосида белгилаб олади. Халқ депутатлари Кснгаши фаолиятининг асосий йўналишларини ўз ичига оладиган халқ депутатлари Кенгашининг иш режаси асосида халқ депутатлари Кенгаши доимий комиссияларининг иш режалари тузилади.

Халқ депутатлари Кенгашининг иш режаси халқ депутатлари Кенгаши депутатлари (бундан буён матнда Кенгаш депутатлари деб юритилади), халқ депутатлари Кенгашининг доимий комиссиялари (бундан буён матнда доимий комиссиялар деб юритилади), ҳокимликнинг бўлим ва бошқармалари, тегишли ҳудудда жойлашган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари таклифлари, шунингдек ҳудудий вакиллик органи сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тавсияларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилади.

Халқ депутатлари Кенгашининг иш режаси сессияда қабул қилинади ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Халқ депутатлари Кенгаши иш режасининг бажарилиши унинг сессияларида, сессиялар оралиғида эса унинг доимий комиссиялари мажлисларида муҳокама қилинади.

Халқ депутатлари Кенгашининг иш режасига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масала ҳоким - халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари, доимий комиссиялар ва Кенгаш депутатларининг таклифига биноан сессияда кўриб чиқилади. Ушбу масала юзасидан қарор халқ депутатлари Кенгашининг регламентида белгиланган тартибда қабул қилинади.

Халқ депутатлари Кенгашининг иш режаси бажарилишини ташкил этиш, шунингдек доимий комиссияларнинг иш режалари доимий комиссиялар томонидан ўз вақтида ижро қилиниши учун ҳоким - халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари масъул ҳисобланади.


4-модда. Халқ депутатлари Кенгаши ишини ҳоким - халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари ташкил этади ва унга раҳбарлик қилади.

Ҳоким - халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари ўз фаолияти ҳақида халқ депутатлари Кенгаши олдида ҳисобот беради.

Халқ депутатлари Кенгашининг ваколат муддати - беш йил.


5-модда. Халқ депутатлари Кенгаши тегишли ҳудуд учун умумий бўлган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш вазифаларининг амалга оширилишини, жойларда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, юқори турувчи халқ депутатлари Кенгаши ва ҳокимнинг қарорлари ижро этилишини, Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги алоқани, аҳолини тегишли ҳудудни бошқаришга жалб этишни таъминлайди.

Халқ депутатлари Кенгаши тегишли ҳудудда ўзини ўзи бошқаришнинг ривожланишига кўмаклашади, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини йўналтириб туради.


6-модда. Халқ депутатлари Кенгашининг асосий ваколатларига қуйидагилар киради:

ҳоким - халқ депутатлари Кенгаши раҳбарининг тақдимига биноан маҳаллий бюджетни ва унинг ижро этилиши ҳақидаги ҳисоботни, ҳудудни ривожлантиришнинг истиқболли дастурларини, вилоят, туман, шаҳарнинг бош режаси ва уларни қуриш қоидаларини тасдиқлаш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар миқдорларини белгилаш, маҳаллий солиқлар бўйича имтиёзлар бериш;

ҳоким - халқ депутатлари Кенгаши раҳбарини ва унинг ўринбосарларини лавозимга тасдиқлаш, ҳокимни ва унинг ўринбосарларини лавозимдан озод этиш, уларнинг фаолияти ҳақидаги ҳисоботларни тинглаш;

"Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган ҳолларда ҳоким - халқ депутатлари Кенгаши раҳбари қарорларини тасдиқлаш;

халқ депутатлари Кенгашининг регламентини, доимий ва муваққат комиссиялар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш;

халқ депутатлари Кенгашининг доимий ва муваққат комиссияларини, бошқа органларини тузиш, сайлаш ва тугатиш, уларнинг таркибини ўзгартириш, уларнинг иши ҳақидаги ҳисоботларни тинглаш;

қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда Кенгаш депутатларининг ваколатларини эътироф этиш ва муддатидан олдин тугатиш, уларни жавобгарликка тортиш учун розилик бериш;

ижро ҳокимияти бўлимлари, бошқармалари, бошқа таркибий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини тинглаш;

Кенгаш депутатларининг сўровларини кўриб чиқиш ва улар юзасидан қарорлар қабул қилиш;

ҳоким - халқ депутатлари Кенгаши раҳбарининг ва қуйи халқ депутатлари Кенгашининг Ўзбекистон Республикаси қонунларига мос келмайдиган қарорларини бекор килиш;

ҳоким - халқ депутатлари Кенгаши раҳбарининг тақдимига биноан ҳокимлик тузилмаларини, унинг ходимлари штатлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондини тасдиқлаш.

Халқ депутатлари Кенгашлари фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ташкилий масалалар ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ назорат қилиш соҳасидаги ўз ваколатларига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам ҳал қиладилар.


7-модда. Халқ депутатлари Кенгаши берилган ваколатлари доирасида умум манфаатини ифодаловчи тадбирларни ўтказиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг, Ўзбекистон Республикасининг бошқа вилоятлари, туманлари ва шаҳарларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан шартномавий муносабатлар ўрнатишга ҳақлидир.


8-модда. Халқ депутатлари Кенгаши ўз фаолиятини сессиялар, доимий ва муваққат комиссиялар, халқ депутатлари Кенгашининг бошқа органлари орқали, шунингдек Кенгаш депутатларининг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва халқ депутатлари Кенгашининг регламентида белгиланган тартибда ўз ваколатларини рўёбга чиқариш йўли билан амалга оширади.



II БОБ. СЕССИЯ ЧАҚИРИШ ВА ЎТКАЗИШ


9-модда. "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ халқ депутатлари Кенгашининг асосий иш шакли сессиядир.

Сессия Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан халқ депутатлари Кенгаши ваколатига киритилган ҳар қандай масалани кўриб чиқишга ҳақли.


10-модда. Сессиялар ҳоким - халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари, у йўқлигида эса, унинг ўринбосарларидан бири томонидан заруратга қараб, бироқ йилига камида икки марта чақирилади.

Сессиялар халқ депутатлари Кенгаши депутатларининг камида учдан икки қисми ташаббуси билан чақирилиши мумкин.


11-модда. Сессиянинг кун тартиби ҳоким - халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари, партиялар ва депутатлар гуруҳлари, доимий комиссиялар ва Кенгаш депутатлари томонидан билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда тайёрланади.

Сессия муҳокамасига киритилаётган энг муҳим ва долзарб аҳамиятга эга масалаларни тайёрлаш учун ҳоким - халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари томонидан тегишли тармоқлар мутахассислари ҳамда олимларни жалб этган ҳолда ишчи гуруҳ ташкил этилиши мумкин. Ишчи гуруҳ масалани тайёрлаш вақтида сайловчилар, ҳокимликнинг бўлимлари, бошқармалари ва бошқа таркибий бўлинмалари, шунингдек тегишли ҳудуддаги корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олади.

Сессия муҳокамасига киритилаётган масалалар дастлабки тарзда тегишли доимий комиссиялар томонидан кўриб чиқилади, улар томонидан тайёрланган қарор лойиҳалари ва кун тартиби бўйича бошқа хужжатлар ҳоким - халқ депутатлари Кенгашининг раҳбарига берилади.

Сессияда кўриб чиқилиши керак бўлган масалалар сессия кун тартиби лойиҳасига уларни кўриб чиқиш навбати, ҳар бир масалани кўриб чиқиш учун тайёрлашга масъул бўлган доимий комиссиялар, маърузачилар (қўшимча маърузачилар), шунингдек бошқа маълумотлар киритилган ҳолда тузилади.

Сессия кун тартиби халқ депутатлари Кенгашининг карори билан тасдиқланади.


12-модда. Сессияни, шу жумладан, навбатдан ташқари сессияни чақириш ҳақидаги қарор ҳоким - халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари томонидан қабул қилинади.

Сессия ўтказиладиган вақт, сана ва жой ҳамда кун тартиби Кенгаш депутатлари эътиборига сессия очилишидан камида етти кун олдин етказилади. Кенгаш депутатларига танишиб чиқиш учун тегишли ҳужжатлар ҳам юборилади.

Сессияни чақириш тўғрисидаги хабар оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиниши мумкин.

Сессиялар очиқ, ошкора ўтказилади ва оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилади.

Зарур ҳолларда халқ депутатлари Кенгаши ёпиқ сессия ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Бундай қарор, агар бу ҳақдаги таклиф ҳоким - халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари, доимий комиссиялар, партиялар ёки депутатлар гуруҳлари томонидан киритилган бўлса, қабул қилиниши мумкин. Ёпиқ сессия ўтказиш тўғрисидаги қарор Кенгаш депутатлари умумий сонининг камида учдан икки қисмининг овози билан қабул қилинади.


13-модда. Агар сессияда Кенгаш депутатлари умумий сонининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса, у ваколатли ҳисобланади.

Кенгаш депутатларини рўйхатга олиш сессия очилишидан олдин ва унинг ишидаги ҳар бир танаффусдан кейин амалга оширилади.

Агар сессияларни ўтказишга мўлжалланган бинода электрон овоз бериш тизимидан фойдаланиш кўзда тутилган бўлса, ҳар бир Кенгаш депутати учун доимий ўрин ажратилади.


14-модда. Сессиялар иши давлат тилида олиб борилади ва зарурат бўлганда халқ депутатлари Кенгашининг қарори асосида бошқа тилларга синхрон таржима таъминланади.


15-модда. Сессияларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари, шунингдек тегишли ҳудуддаги давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситаларининг таклиф этилган вакиллари ҳамда бошқа шахслар ҳозир бўлиши мумкин.

Сессияга таклиф этилган шахслар муҳокама этилаётган масалалар юзасидан қарор қабул қилишда овоз бериш ҳуқуқига эга эмас, шунингдек халқ депутатлари Кенгашининг регламентида белгиланган тартибга риоя қилишлари ва раислик қилувчининг фармойишларига бўйсунишлари шарт.

Сессияга таклиф қилинадиган шахсларнинг сони ва таркиби ҳоким -халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари томонидан ҳал этилади.

Сессияда раислик қилувчи сессияга таклиф этилган шахслар таркиби ва сони тўғрисида Кенгаш депутатларига ахборот беради.

Сессияга таклиф қилинган шахслар учун мажлислар залида махсус жойлар ажратилади.


16-модда. Янги сайланган халқ депутатлари Кенгашининг биринчи сессияси ҳоким томонидан сайловдан кейин кечи билан уч ҳафта муддат ичида чақирилади.

Биринчи сессия Кенгаш кекса депутатларидан бири томонидан очилади, у халқ депутатлари Кенгаши томонидан халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари тасдиқлангунга қадар сессияни бошқаради.

Сессияларда ҳоким - халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари, у йўқлигида эса халқ депутатлари Кенгашининг қарорига ёки ҳоким топшириғига биноан мазкур халқ депутатлари Кенгашининг депутатларидан бири раислик қилади.


17-модда. Кенгаш депутатларининг ваколатларини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор янги сайланган халқ депутатлари Кенгашининг биринчи сессиясида сайловни ўтказган сайлов комиссиясининг тақдимига мувофиқ қабул қилинади.

Бўшаб қолган депутатлик ўрнига сайлов ўтказилганида Кенгаш депутатининг ваколатини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор ҳам сессияда сайлов комиссиясининг тақдимига мувофиқ қабул қилинади.


18-модда. Сессия ўз ишини кун тартибини тасдиқлашдан бошлайди.

Сессия кун тартибидаги масалалар раислик қилувчи томонидан бандма-банд ёки бутунлай овозга қўйилиши мумкин.

Сессиянинг кун тартиби бўйича таклиф ва мулоҳазалар Кенгаш депутатлари томонидан оғзаки ёки ёзма шаклда берилади ва сессияда раислик қилувчи томонидан уларнинг келиб тушиш тартиби бўйича эълон қилинади.

Сессия кун тартиби бўйича қарор Кенгаш депутатлари билдирган таклифларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади.


19-модда. Ҳар бир сессияни ўтказиш вақтида Кенгаш депутатлари орасидан сессия котиби сайланади ёки сессия котибияти тузилади.

Сессия котиби ёки котибияти:

сўзга чиқувчиларнинг рўйхатини олиб боради;

депутат сўровларини, Кенгаш депутатларидан тушадиган саволлар, маълумотномалар, хабарлар, аризалар, таклифлар ва бошқа материалларни рўйхатга олади;

сўзга чиқиш учун ёзилганларнинг рўйхати ва тушган материаллар ҳақида раислик қилувчига ахборот беради;

сессия ишига тааллуқли масалалар юзасидан Кенгаш депутатларига тушунтиришлар беради;

сессия якунлари юзасидан ахборот тайёрлайди;

баённома ёки стенограмма юритилишини ташкил этади.

Сессияда сессия котиби ёки котибияти томонидан тайёрланган ахборот тингланади.


20-модда. Сессияда баённома ёки зарур ҳолларда стенограмма юритилади. Сессия баённомаси раислик қилувчи ва котиб томонидан имзоланади.

Сессия баённомасида қуйидагилар кўрсатилади:

халқ депутатлари Кенгашининг номи, сессиянинг тартиб рақами (чақириқ доирасида);

сессияни ўтказиш вақти, санаси ва жойи ҳамда сессия кун тартиби;

ҳозир бўлган ва қатнашмаётган Кенгаш депутатлари сони, шунингдек таклиф этилган шахсларнинг сони;

сессиянинг кун тартиби, сессия муҳокамасига киритилган ҳар бир масала юзасидан ҳар бир маърузачи ва қўшимча маърузачининг фамилияси ҳамда лавозими;

музокараларда сўзга чиққан, шунингдек маърузачилар ва қўшимча маърузачиларга сўровлар йўллаган ёки саволлар берган (ёзма ёки оғзаки шаклда) Кенгаш депутатларининг фамилиялари, сайлов округларининг рақами ва лавозимлари;

қабул қилинган, "ёқлайман", "қаршиман" ёки "бетарафман" деб берилган овозлар сони кўрсатилган карорлар рўйхати.

Баённомада сессия кун тартибига қўйилган масалаларнинг моҳияти очиб берилади, сессия давомида сўзланган нутқларнинг моҳияти қисқача баён этилади, шунингдек сессия кун тартибидаги масалалар юзасидан овоз бериш якунлари қайд этилади.

Сессиянинг баённомасига Кенгаш депутатлари ва таклиф этилган шахсларнинг сессиядаги маърузалари матнлари, сессияда ҳозир бўлган ва қатнашмаётган Кенгаш депутатлари рўйхати, таклиф этилган шахслар рўйхати ва бошқа материаллар илова қилинади.

Сессия баённомаси ёки стенограммаси сессия тугаганидан сўнг уч кундан кечиктирмай тайёрланади ва сессия вақтида раислик қилган шахс ҳамда котиб томонидан имзоланади.

Сессия баённомаси ва стенограммасининг асл нусхаси ҳокимликнинг ташкилий-назорат гуруҳида сақланади.

Сессия баённомаси ёки стенограммаси Кенгаш депутатларининг талабига биноан танишиб чиқиш учун уларга берилиши мумкин.

Ёпиқ сессия баённомаси ва стенограммаси ҳокимликнинг тегишли бўлимида "маҳфий ҳужжат" белгиси билан сақланади.

Ёпиқ сессия баённомаси ва стенограммаси унга умумлаштирилган материаллар билан Кенгаш депутатларини таништириш бевосита ҳокимият аппаратида тилхат олиниб амалга оширилади.


21-модда. Сессияда раислик қилувчи:

сессия ишининг умумий боришига раҳбарлик қилади, халқ депутатлари Кенгашининг регламентига риоя этилишини таъминлайди;

маърузачилар, қўшимча маърузачиларга ва музокараларда сўзга чиқувчиларга навбати билан сўз беради;

зарур ҳолларда сабабини тушунтириб, сўзга чиқиш тартибини ўзгартиради;

муҳокама қилинаётган масала юзасидан хоҳлаган пайтда сўзга чиқиши мумкин;

халқ депутатлари Кенгашининг регламентида белгиланган тартибни қўпол равишда бузган Кенгаш депутати ёки иштирокчини тартибга чақиради;

Кенгаш депутатларининг ёзма сўровлари, аризалари, таклифлари, фикр-мулоҳазаларини ўқиб эшиттиради;

Кенгаш депутатига депутат сўрови, савол, таклиф, фикр-мулоҳаза юзасидан сўзга чиқиш, шунингдек сессияни олиб бориш тартиби бўйича эътирозлар билдириш учун, қарор лойиҳаларига тузатиш, овоз бериш масаласи бўйича таклифлар киритиш учун унинг илтимосига кўра сўз беради;

муҳокама тугаганидан кейин қарорлар лойиҳаларини овозга қўяди ва овоз бериш натижаларини эълон қилади;

сессияда қабул қилинган қарорларни ва сессия баённомаларини имзолайди;

муҳокама жараёнида сўзга чиққан Кенгаш депутатлари ёки бошқа иштирокчилар фикрини бирон-бир тарзда баҳолаш ёхуд шарҳлашдан, шунингдек қарор қабул қилишда тазйиқ ўтказишдан ўзини тийиши лозим.

Сессияда раислик килувчи:

халқ депутатлари Кенгашининг регламенти талаблари қўпол равишда бузилган тақдирда Кенгаш депутатини огоҳлантиришга, такроран бузишга йўл қўйилганида эса, уни бутун сессия куни давомида сўздан маҳрум қилишга;

сессия ишига ҳалақит бераётган таклиф қилинган шахсларни сессия залидан чиқариб юборишга ҳақли.


22-модда. Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини ва энг муҳим муаммоларни муҳокама этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмиталари (комиссиялари) ва халқ депутатлари Кенгашининг қўшма мажлислари ўтказилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмитаси (комиссияси) ва халқ депутатлари Кенгашининг қўшма мажлиси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмитасининг (комиссиясининг) раиси ва ҳоким - халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари ўртасида келишув бўйича ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмитаси (комиссияси) ва халқ депутатлари Кенгашининг қўшма мажлиси кун тартибидаги масалалар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмитаси (комиссияси) томонидан халқ депутатлари Кенгашининг тегишли доимий комиссияси билан ҳамкорликда тайёрланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмитаси (комиссияси) ва халқ депутатлари Кенгашининг қўшма мажлисини чақириш, уни ўтказиш вақти, санаси ва жойи ҳамда бошқа масалалар халқ депутатлари Кенгашининг регламентига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмитасининг (комиссиясининг) раиси ва ҳоким - халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари ўртасида келишув бўйича ҳал этилади.



III БОБ. СЕССИЯДА МАСАЛАЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


23-модда. Халқ депутатлари Кенгаши ўз сессияларида ваколатлари доирасида қонунийлик ва ҳуқуқий-тартиботни, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, тегишли ҳудуднинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ривожлантириш, маҳаллий бюджетни шакллантириш ҳамда уни ижро этиш, маҳаллий солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар миқдорларини белгилаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа масалаларни кўриб чиқади ҳамда тегишли қарорларни қабул қилади.


24-модда. Сессия муҳокамасига киритилган кун тартибидаги ҳар бир масала, жумладан маҳаллий бюджет тўғрисидаги ва унинг ижроси ҳақидаги ҳисобот, ҳоким - халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари ва унинг ўринбосарлари, ҳокимлик бўлимлари, бошқармалари ва бошқа бўлинмалари фаолияти ҳақидаги ҳисоботлар тингланади ҳамда эркин муҳокама қилинади.

Муҳокама жараёни мазкур масала юзасидан ҳоким - халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари, унинг ўринбосарлари, доимий комиссиялар раисларининг маърузалари ва қўшимча маърузаларини ёки Кенгаш депутатларининг маърузалари ва қўшимча маърузаларини тинглаш, шунингдек таклиф этилган шахсларнинг фикр билдириши шаклида амалга оширилади.

Айрим ҳолларда муҳокама этилаётган масаланинг мазмунини ҳисобга олган ҳолда, сессия мазкур масаланинг мазмунига доир қисқача ахборотни тинглаб ёки доимий комиссиялар раислари ёхуд Кенгаш депутатларининг тушунтиришлари билан чекланиб, уни муҳокама этмасдан қарор қабул қилиши мумкин.


25-модда. Сессияда раислик қилувчи томонидан маърузачилар ва қўшимча маърузачилар билан келишувга кўра, қоида тариқасида, маъруза учун - 30 дақиқагача, қўшимча маъруза учун - 20 дақиқагача ва якунловчи сўз учун 15 дақиқагача вақт белгиланади.

Музокараларда сўзга чиқувчи Кенгаш депутатларига 10 дақиқагача вақт берилади. Музокараларда такроран сўзга чиқиш учун, шунингдек сессия ишини олиб бориш тартиби, овоз бериш асослари, номзодлар бўйича сўзга чиқиш учун, аризалар, саволлар, таклифлар, хабарлар, маълумотлар учун 3 дақиқагача вақт берилади.

Сессияда ҳозир бўлган Кенгаш депутатлари кўпчилигининг розилиги билан раислик қилувчи сессия кун тартибига киритилган масалани муҳокама қилишнинг умумий вақтини, саволлар ва жавоблар учун ажратиладиган вақтни белгилаб қўйиши, сўзлаш вақтини узайтириши мумкин.

Сессияларда Кенгаш депутати айни бир масала бўйича музокараларда кўпи билан икки марта сўзга чиқиши мумкин.

Музокараларни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин маърузачи ва қўшимча маърузачи якунловчи сўзни айтиш ҳуқуқига эга.

Агар сўзга чиқувчи ажратилган вақтдан ортиқ сўзласа ёки муҳокама этилаётган масала юзасидан фикр билдирмаётган бўлса, сессияда раислик қилувчи уни аввал огоҳлантириб, кейин сўздан маҳрум қилади.



IV БОБ. СЕССИЯДА ҚАРОРЛАР ҚАБУЛ ҚИЛИШ

ВА УЛАРНИ ЭЪЛОН ҚИЛИШ ТАРТИБИ


26-модда. Сессияда қарорлар очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Зарур ҳолларда халқ депутатлари Кенгаши қарорига асосан яширин овоз бериш ўтказилиши мумкин.

Электрон овоз бериш тизимлари ўрнатилган залларда очиқ ёки яширин овоз бериш электрон овоз бериш тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказилади.


27-модда. Кенгаш депутати ўзининг овоз бериш ҳуқуқини шахсан амалга оширади.

Ҳар бир Кенгаш депутати бир овозга эга бўлади ва муҳокама қилинаётган масала юзасидан "ёқлайман", "қаршиман" ёки "бетарафман" деб овоз беради.

Овоз бериш вақтида ҳозир бўлмаган Кенгаш депутати кейинчалик овоз беришга ҳақли эмас.

Очиқ овоз бериш овозлар мутлақ кўпчиликни ташкил этган тақдирда овозларни санамасдан, агар фақат Кенгаш депутатларидан ҳеч бири бошқача тартибни таклиф этмаса ёки овозларни қайта санаб чиқишни талаб қилмаса, ўтказилиши мумкин.


28-модда. Сессияларда яширин овоз беришни ўтказиш ва унинг натижаларини ҳисоблаш учун Кенгаш депутатлари орасидан саноқ комиссияси сайланади.

Саноқ комиссияси ўз таркибидан комиссия раиси ва котибини сайлайди. Саноқ комиссиясининг қарорлари комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.


29-модда. Сессияда яширин овоз беришни бюллетенлардан фойдаланган ҳолда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, овоз бериш учун зарур ахборотга эга бўлган яширин овоз бериш бюллетенлари саноқ комиссияси назорати остида тайёрланади.

Яширин овоз бериш ўтказиладиган вақти ва жойи, уни ўтказиш тартиби саноқ комиссияси томонидан белгиланади.


30-модда. Яширин овоз бериш бюллетенлар ёрдамида ўтказилганида саноқ комиссияси ҳар бир Кенгаш депутатига биттадан бюллетень беради.

Бюллетенни тўлдириш Кенгаш депутати томонидан яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида бюллетендаги ўзи ёқлаб овоз бераётган номзод фамилиясининг қаршисида ўнг томонда жойлашган бўш катакка белги-крестик қўйиш, қарор лойиҳасига оид бюллетенда эса, агар у тегишли қарорни ёқлаб овоз бераётган бўлса, "қаршиман" деган сўзни ўчириш ёхуд таклиф этилаётган қарорга (қарор вариантига) қарши овоз бераётган бўлса, "ёқлайман" деган сўзни ўчириш орқали амалга оширилади.

Белгиланмаган шаклдаги бюллетенлар, шунингдек Кенгаш депутатларининг хоҳиш-иродасини аниқлашга имкон бермаган бюллетенлар Кенгаш депутатларининг овозларини ҳисоблаб чиқиш вақтида ҳақиқий эмас деб топилади. Бюллетенга киритилган қўшимчалар овозларни ҳисоблаб чиқиш вақтида эътиборга олинмайди.


31-модда. Агар сессияда электрон овоз бериш тизими ёрдамида яширин овоз беришни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, саноқ комиссияси овоз бериш бошланишидан олдин электрон тизимнинг созлигини текшириши ҳамда яширин овоз бериш учун Кенгаш депутатлари умумий сони бўйича карточкаларнинг тўлиқ комплектини рўйхатга олиши керак.


32-модда. Очиқ ёки яширин овоз бериш натижалари тўғрисида саноқ комиссияси баённома тузади, у комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланади.

Саноқ комиссиясининг маърузасига асосан халқ депутатлари Кенгаши яширин овоз бериш натижаларини тасдиқлаш тўғрисида очиқ овоз бериш йўли билан қарор қабул қилади.


33-модда. Сессияда қабул қилинган қарорлар раислик қилувчи томонидан имзоланган вақтдан эътиборан, агар ҳужжатнинг ўзида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кучга киради.

Халқ депутатлари Кенгаши томонидан ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлар тегишли ҳудудда жойлашган барча давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурийдир.

Халқ депутатлари Кенгашининг қарорлари унинг доимий комиссияларига, ҳокимликнинг бўлимлари, бошқармалари ва бошқа таркибий бўлинмалари, тегишли давлат органларига, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, мансабдор шахсларга ва қуйи турувчи ҳокимликларга тарқатилади.

Тегишли ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича сессияда қабул қилинган қарорлар ва бошқа муҳим қарорлар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.



V БОБ. ВИЛОЯТ (ТОШКЕНТ ШАҲАР) ҲОКИМИ - ХАЛҚ

ДЕПУТАТЛАРИ КЕНГАШИНИНГ РАҲБАРИНИ

ТАСДИҚЛАШ ТАРТИБИ


34-модда. Вилоят (Тошкент шаҳар) ҳокими - халқ депутатлари Кенгаши раҳбарининг номзодлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тегишли халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳларининг ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этилади.


35-модда. Вилоят (Тошкент шаҳар) ҳокими - халқ депутатлари Кенгаши раҳбарининг номзодини тасдиқлаш тўғрисидаги масалани тегишли халқ депутатлари Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тақдимнома киритилган кундан эътиборан уч кун ичида кўриб чиқади.


36-модда. Вилоят (Тошкент шаҳар) ҳокими - халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари лавозимига номзодга Кенгаш депутатларининг саволларига жавоб бериш учун 30 дақиқагача вақт ажратилади. Номзодни сессияда муҳокама қилиш учун 20 дақиқагача вақт ажратилади.


37-модда. Халқ депутатлари Кенгашининг вилоят (Тошкент шаҳар) ҳокими - халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари номзодини тасдиқлаш ёки рад этиш тўғрисидаги қарори очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилиниб, кечи билан уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.


38-модда. Тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини олган вилоят (Тошкент шаҳар) ҳокими - халқ депутатлари Кенгаши раҳбарининг номзоди тасдиқланган ҳисобланади.


39-модда. Агар овоз бериш вақтида вилоят (Тошкент шаҳар) ҳокими - халқ депутатлари Кенгаши раҳбарининг номзодлари тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини ололмаса, Ўзбекистон Республикаси Президенти мазкур лавозимларга номзодларни партия гуруҳлари билан қўшимча маслаҳатлашувлар ўтказганидан сўнг бир ой ичида яна икки марта тақдим этиш ҳуқуқига эга.


40-модда. Тегишли халқ депутатлари Кенгаши тақдим этилган вилоят (Тошкент шаҳар) ҳокими - халқ депутатлари Кенгаши раҳбарининг номзодларини уч марта рад этган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президенти вилоят (Тошкент шаҳар) ҳокими вазифасини бажарувчини тайинлаш, тегишли халқ депутатлари Кенгашини тарқатиб юбориш ҳуқуқига эга. Бунда халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгашига сайлов тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ўтказилади.



VI БОБ. ТУМАН, ШАҲАР ҲОКИМИ -

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ КЕНГАШИНИНГ

РАҲБАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ТАРТИБИ


41-модда. Туман, шаҳар ҳокими - халқ депутатлари Кенгаши раҳбарининг номзодлари вилоят ҳокими томонидан халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этилади.


42-модда. Туман, шаҳар ҳокими - халқ депутатлари Кенгаши раҳбарининг номзодларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала тегишли халқ депутатлари Кенгаши вилоят ҳокими томонидан тақдимнома киритилган кундан эътиборан, қоида тариқасида, уч кун ичида кўриб чиқилади.


43-модда. Туман, шаҳар ҳокими - халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари лавозимига номзодга депутатларнинг саволларига жавоб бериш учун 20 дақиқагача вақт ажратилади. Номзодни сессияда муҳокама қилиш учун 10 дақиқагача вақт ажратилади.


44-модда. Халқ депутатлари Кенгашининг туман, шаҳар ҳокими - халқ депутатлари Кенгаши раҳбарининг номзодини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилиниб, кечи билан уч кун ичида вилоят ҳокимига юборилади.


45-модда. Тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини олган туман, шаҳар ҳокими - халқ депутатлари Кенгаши раҳбарининг номзоди тасдиқланган ҳисобланади.



VII БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ

МАЖЛИСИ СЕНАТИНИНГ АЪЗОЛАРИНИ

САЙЛАШ ТАРТИБИ


46-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзолари (бундан буён матнда Сенат аъзолари деб юритилади) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларининг қўшма мажлисларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда - олти кишидан мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан сайланади.


47-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси (бундан буён матнда Марказий сайлов комиссияси деб юритилади) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов якунлари эълон қилинганидан кейин уч кунлик муддатда Сенат аъзоларини сайлаш учун депутатларнинг қўшма мажлислари (бундан буён матнда қўшма мажлис деб юритилади) ўтказилишини эълон қилади.

Марказий сайлов комиссиясининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шунингдек Тошкент шаҳрида қўшма мажлисларни ўтказиш вақти, санаси ва жойи кўрсатилган қарори оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.


48-модда. Қўшма мажлис очилиши олдидан Кенгашлар депутатлари рўйхатдан ўтказилади.

Агар қўшма мажлисда, Кенгашлар депутатлари умумий сонининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса, у ваколатли ҳисобланади.

Қўшма мажлис ишида Марказий сайлов комиссиясининг вакили иштирок этиши шарт.


49-модда. Қўшма мажлисни Марказий сайлов комиссиясининг вакили очади. У мажлисда раислик килувчининг номзоди бўйича таклиф киритади, бу номзод энг обрўли, катта тажрибага эга, ёши улуғ Кенгашлар депутатлари орасидан танлаб олинади.

Қўшма мажлис иштирокчилари мажлиснинг кун тартибини ва иш регламентини тасдиқлайдилар.

Қўшма мажлис кун тартибига Сенат аъзоларини сайлаш тўғрисидаги масала киритилади.


50-модда. Қўшма мажлис ишини таъминлаш ва олиб бориш учун очиқ овоз бериш орқали оддий кўпчилик овоз билан уч кишидан беш кишигача бўлган ишчи ҳайъат тузилади. Турли Кенгашлар депутатлари орасидан ҳайъат аъзолигига номзодлар раислик қилувчи томонидан таклиф этилади.


51-модда. Кенгаш депутатлари ваколатларини текшириш, тушган таклифларни ҳисобга олиш ва қўшма мажлис томонидан қабул қилинадиган қарорларни расмийлаштириш учун уч кишидан иборат котибият тузилади.


52-модда. Қўшма мажлисда раислик қилувчи тақдимига мувофиқ очиқ овоз бериш орқали оддий кўпчилик овоз билан Сенат аъзолигига номзодлар кўрсатиш бўйича Оқсоқоллар кенгаши (бундан буён матнда Оқсоқоллар кенгаши деб юритилади) сайланади.

Оқсоқоллар кенгаши депутатлик фаолиятида катта тажрибага эга бўлган энг обрўли, ёши улуғ Кенгашларнинг депутатларидан, қоида тариқасида, ҳар бир халқ депутатлари Кенгашидан бир нафар вакилдан сайланади.


53-модда. Оқсоқоллар кенгаши энг обрўли, ўз сайловчилари томонидан кенг қўллаб-қувватланаётган, давлат ва жамият фаолиятининг турли соҳаларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган Кенгашлар депутатлари орасидан Сенат аъзолигига номзодларни кўриб чиқади.

Яширин овоз бериш бюллетенига киритиш учун Сенат аъзолигига олти нафар номзод бўйича Оқсоқоллар кенгашининг таклифи Оқсоқоллар кенгашининг раиси томонидан ўқиб эшиттирилади. Яширин овоз бериш бюллетенига олти нафар Сенат аъзолигига номзод киритилади.


54-модда. Сайлов кунига қадар йигирма беш ёшга тўлган ва камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг депутати Сенат аъзолигига номзод бўлиши мумкин.


55-модда. Қўшма мажлисда Сенат аъзолигига ҳар бир номзод бўйича алоҳида муҳокама ўтказилади.

Қўшма мажлисда иштирок этаётган ҳар бир Кенгаш депутати Сенат аъзолигига номзодга саволлар бериш, номзод хусусида ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга.

Сенат аъзолигига ҳар бир номзод бўйича алоҳида муҳокамадан кейин уни яширин овоз бериш бюллетенига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Таклиф этилган у ёки бу номзодлар рад этилган тақдирда, муҳокама этиш ва яширин овоз бериш бюллетенига киритиш учун бошқа номзодни фақат Оқсоқоллар кенгаши кўрсатиши мумкин.

Сенат аъзолигига номзодларни муҳокама қилиш қўшма мажлис қарорига биноан тугалланади.

Депутатларнинг қўшма мажлисида иштирок этаётган Кенгашлар депутатларининг кўпчилик овозини олган Сенат аъзолигига номзод яширин овоз бериш бюллетенига киритилган ҳисобланади.


56-модда. Яширин овоз бериш учун бюллетеннинг намунаси Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланади.

Яширин овоз бериш бюллетенида уни тўлдириш тартиби ҳақида тушунтириш берилган бўлиши лозим. Бюллетеннинг олд томонида ўнг юқори бурчакда муҳр ва камида икки нафар саноқ комиссияси аъзосининг имзоси бўлиши керак.


57-модда. Яширин овоз беришни ўтказиш ва унинг натижаларини аниқлаш учун қўшма мажлисда иштирок этаётган Кенгашлар депутатлари орасидан тўққиз нафаргача аъзодан, шу жумладан, комиссия раиси ва котибидан иборат таркибда саноқ комиссияси сайланади.

Саноқ комиссиясининг таркибига Сенат аъзолигига номзод сайланиши мумкин эмас.

Саноқ комиссияси:

Сенат аъзоларини сайлаш бўйича овоз беришни ташкил қилади ва ўтказади;

қўшма мажлис иштирокчиларига яширин овоз беришни ўтказиш вақти, жойи ва тартибини эълон қилади;

яширин овоз бериш бюллетенларини уларга Сенат аъзолигига ҳар бир номзоднинг фамилияси, исми ва отасининг исмини алифбо тартибида киритиш йўли билан, туғилган санаси, лавозими (машғулотининг тури) ва иш жойини кўрсатган ҳолда тайёрлайди;

овоз берувчиларнинг рўйхатини аниқлайди, уларга яширин овоз бериш бюллетенларини беради;

яширин овоз бериш бюллетенларининг олд томонига муҳр қўяди ва яширин овоз бериш бюллетенида саноқ комиссияси аъзоларининг имзолари бўлишини таъминлайди;

овозларни санаб чиқади ва яширин овоз бериш натижалари тўғрисида баённома тузади;

яширин овоз бериш натижаларини қўшма мажлис тасдиғига киритади.


58-модда. Яширин овоз бериш бошланишидан олдин саноқ комиссиясининг раиси яширин овоз беришни ўтказиш тартибини эълон қилади, комиссия аъзолари ҳозирлигида сайлов қутисини текширади ва муҳрлайди.

Сайлов қутиси унинг ёнига овоз берувчилар албатта яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасидан ўтиб борадиган қилиб жойлаштирилади.

Қўшма мажлисда иштирок этаётган Кенгаш депутати саноқ комиссияси аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ҳамда овоз берувчилар рўйхатига имзо чекади, шундан кейин унга яширин овоз бериш бюллетени берилади.

Яширин овоз бериш бюллетени овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасида ўзи ёқлаб овоз бераётган Сенат аъзолигига номзодларнинг фамилиялари қаршисида ўнг томонда жойлашган бўш катакка белги - крестик қўйиш йўли билан тўлдирилади.

Овоз берувчи тўлдирилган яширин овоз бериш бюллетенини кўринарли жойда туриши лозим бўлган сайлов қутисига ташлайди.

Бузиб қўйилган яширин овоз бериш бюллетени овоз берувчининг илтимосига кўра янгисига алмаштирилиши мумкин.

Яширин овоз бериш жараёни тугаллангандан кейин, фойдаланилмаган, шунингдек бузиб қўйилган яширин овоз бериш бюллетенлари уларга махсус штамп қўйиш йўли билан бекор қилинади, шундан сўнг улар муҳрланади ва алоҳида сақланади.


59-модда. Овозларни санаб чиқиш саноқ комиссияси аъзолари томонидан яширин овоз бериш натижалари аниқлангунга қадар танаффуссиз амалга оширилади.

Сайлов қутисидаги яширин овоз бериш бюллетенларига асосан саноқ комиссияси овоз беришда иштирок этган Кенгашлар депутатларининг умумий сонини, Сенат аъзолигига ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозлар сонини, ҳақиқий эмас деб топилган бюллетенлар сонини аниқлайди.

Овоз берувчилар томонидан сайлов бюллетенига қўшимча ёзиб қўйилган фуқароларнинг фамилиялари бўйича берилган овозлар ҳисобга олинмайди.

Белгиланмаган намунадаги яширин овоз бериш бюллетенлари, овоз бериш вақтида битта ҳам катакка белги - крестик қўйилмаган бюллетенлар, шунингдек олд томонида муҳр ва саноқ комиссияси аъзоларининг имзолари бўлмаган бюллетенлар ҳақиқий эмас деб топилади.

Овоз бериш натижаларига кўра овоз беришда қатнашган Кенгашлар депутатлари овозининг эллик фоизидан ортиғини олган Сенат аъзолигига номзодлар сайланган деб ҳисобланади.

Яширин овоз бериш натижалари бўйича баённома тузилиб, у саноқ комиссиясининг барча аъзолари томонидан имзоланади. Баённоманинг қаламда тўлдирилишига ва унга ҳеч қандай тузатишлар киритилишига йўл қўйилмайди.

Саноқ комиссияси раисининг маърузаси бўйича қўшма мажлисда яширин овоз бериш натижаларини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилиниб, у қўшма мажлиснинг Сенат аъзолари сайловининг якунлари тўғрисидаги баённомасида акс эттирилади.

Қўшма мажлиснинг Сенат аъзолари сайловининг якунлари тўғрисидаги баённомаси икки нусхада тузилиб, раислик қилувчи томонидан имзоланади.

Баённоманинг қаламда тўлдирилишига ва унга бирорта тузатиш киритилишига йўл қўйилмайди.

Агар овоз беришда яширин овоз бериш бюллетенига киритилган номзодлардан кимдир сайланмаган бўлса, бўш қолган ўринларга Сенат аъзоларини қўшимча сайлаш учун янги сайлов тайинланади.

Сенат аъзоларини қўшимча сайлаш бўйича қўшма мажлис асосий сайлов ўтказилганидан сўнг икки кун ичида ўтказилади. Қўшма мажлиснинг ўтказилиш вақти, санаси ва жойи қўшма мажлис қарори билан белгиланади.


60-модда. Сайланган Сенат аъзоларини рўйхатдан ўтказиш учун қўшма мажлиснинг Сенат аъзолари сайловининг якунлари тўғрисидаги баённомаси икки кунлик муддатдан кечиктирмай Марказий сайлов комиссиясига топширилади.

Қўшма мажлиснинг Сенат аъзолари сайловининг якунлари тўғрисидаги баённомасининг иккинчи нусхаси ва Сенат аъзолари сайловини ўтказиш билан боғлиқ бошқа ҳужжатлар тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шахар Кенгашлари архивларида сақланади.



VIII БОБ. ДОИМИЙ ВА МУВАҚҚАТ КОМИССИЯЛАР


61-модда. Халқ депутатлари Кенгаши сессияга киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва тайёрлаш учун ўз ваколатлари муддатига жамоатчилик асосида фаолиятни амалга оширувчи доимий ва муваққат комиссиялар тузиши ҳамда улар таркибига ўзгартишлар киритиши мумкин.

Доимий ва муваққат комиссиялар раислигига ҳамда аъзолигига номзодлар сессияга ҳоким - халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари томонидан тақдим этилади.

Доимий комиссия раислигига номзод бўйича овоз бериш алоҳида ўтказилади.

Доимий ва муваққат комиссиялар аъзолари тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатлари орасидан сайланади.

Доимий ва муваққат комиссиялар аъзолигига номзодларни сайлаш номзодларнинг ҳар бирини алоҳида ёки комиссиянинг бутун таркибни ялпи муҳокама қилиш йўли билан амалга оширилади, овоз беришда қарор ҳар бир номзод бўйича алоҳида ёки комиссия бутун таркиби бўйича Кенгаш депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.


62-модда. Доимий комиссиялар сони ва таркиби сессияда белгиланади. Халқ депутатлари Кенгаши таркибида, қоида тариқасида, қуйидаги доимий комиссиялар тузилиши мумкин:

маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича;

қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича;

ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича;

ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари бўйича;

саноат, транспорт, қурилиш, коммунал масалалари ва аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича;

аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича;

регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича.

Зарур ҳолларда халқ депутатлари Кенгаши томонидан янги доимий комиссиялар тузилиши ва илгари ташкил қилинган доимий комиссиялар тугатилиши, доимий комиссиялар таркибига ўзгартишлар киритилиши мумкин.

Доимий комиссиялар фаолияти халқ депутатлари Кенгаши қарори билан тасдиқланадиган Халқ депутатлари Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги низом билан тартибга солинади.


63-модда. Доимий комиссиялар ўз мажлисларида раис ўринбосарлари ва котибларини сайлайди.

Халқ депутатлари Кенгашининг депутати фақат битта доимий комиссия аъзоси этиб сайланиши мумкин. Доимий комиссия таркибига кирмаган Кенгаш депутати унинг ишида маслаҳат овози ҳуқуқи билан иштирок этиши мумкин.

Доимий комиссиялар халқ депутатлари Кенгаши олдида масъул ва унга ҳисобдордир.


64-модда. Доимий комиссиялар ўз фаолиятини халқ депутатлари Кенгаши қарори билан тасдиқланадиган иш режалари асосида амалга оширади.

Доимий комиссиянинг сессиялар оралиғида ўтказиладиган мажлисларида иш режасига тегишли ўзгартишлар киритилиши мумкин, кейинчалик улар сессия тасдиғига киритилади.


65-модда. Доимий комиссиялар ўз фаолиятини мажлис шаклида амалга оширади.

Доимий комиссияларнинг мажлислари, қоида тариқасида, ойда камида бир марта ўтказилади.

Доимий комиссияларнинг қўшма мажлислари улар ўртасидаги келишувга мувофиқ ўтказилади.


66-модда. Халқ депутатлари Кенгаши аниқ вазифаларни бажариш учун Кенгаш депутатлари орасидан муваққат комиссия тузиши мумкин.

Муваққат комиссия тузиш тўғрисидаги қарор сессияда қабул қилинади.

Муваққат комиссия зиммасига юклатилган вазифаларни бажарганидан сўнг ўз фаолиятини тугатади.

Муваққат комиссиянинг вазифалари халқ депутатлари Кенгаши қарори билан белгиланади.


67-модда. Доимий ва муваққат комиссияларнинг тегишли ҳудуддаги давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва мансабдор шахсларга юбориладиган қарорлари тавсия хусусиятига эга бўлади ва улар томонидан кўриб чиқилиб, кўриб чиқиш натижалари тўғрисида ёки кўрилган чора-тадбирлар ҳақида бир ойлик муддатда хабар қилиниши шарт.



IX БОБ. ДЕПУТАТЛИК ФАОЛИЯТИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ШАКЛЛАРИ


68-модда. Кенгаш депутатининг ҳар бири сессия, доимий ва муваққат комиссиялар ишида ташаббускорлик ва фаоллик билан қатнашиши лозим. Кенгаш депутати ўз ваколатларини ишлаб чиқаришдан ёки хизмат вазифаларидан ажралмаган ҳолда амалга оширади.


69-модда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларига кўрсатилган Кенгаш депутатлари депутатлар гуруҳларига бирлашишлари мумкин.

Ҳар бир депутатлар гуруҳи сессия муҳокамасига киритилаётган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва улар юзасидан таклифлар киритиш ҳуқуқига эга.

Депутатлар гуруҳи тузиш тўғрисидаги ариза ва бошқа ҳужжатлар сессияга тақдим этилади. Депутатлар гуруҳи ўз фаолиятини сессияда депутатлар гуруҳини рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан сўнг бошлайди.

Депутатлар гуруҳи доимий комиссиялар билан ўзаро ҳамкорликда иш олиб боради.


70-модда. Партия гуруҳлари сиёсий партиялардан кўрсатилган Кенгаш депутатларининг таъсис йиғилишларида ўз партияларининг сиёсатини уюшган ҳолда ўтказиш учун тузилади. Партия гуруҳлари партия гуруҳи раҳбарининг тегишли аризаси ва таъсис ҳужжатларига асосан халқ депутатлари Кенгаши томонидан рўйхатга олинади.

Партия гуруҳлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

сессия кун тартибини шакллантиришда иштирок этиш;

сессия кун тартибидаги ҳар бир масала бўйича музокараларда партия гуруҳи вакилига кафолатланган тарзда сўз берилиши;

ҳоким - халқ депутатлари Кенгашининг раҳбарига, ҳоким ўринбосарларига, ҳокимликнинг бўлим ва бошқармалари бошлиқларига, шунингдек тегишли халқ депутатлари Кенгаши ҳудудида жойлашган корхона, муассаса ва ташкилотларнинг раҳбарларига сўровлар билан мурожаат этиш;

доимий ва муваққат комиссиялар раислигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш;

сессияда муҳокама қилинаётган масала бўйича партия гуруҳининг фикрини Кенгаш депутатлари орасида тарқатиш;

вилоят (Тошкент шаҳар) ҳокими - халқ депутатлари Кенгаши раҳбарининг лавозимига тасдиқланган шахсларнинг қониқарсиз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига асосланган хулосалар тақдим этиш ташаббуси;

халқ депутатлари Кенгаши депутатлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа вазифаларни амалга ошириш.

Партия гуруҳларининг фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа хизматлар кўрсатиш ҳокимликнинг ташкилий-назорат гуруҳи томонидан таъминланади.


71-модда. Кенгаш депутати сессияда кўриб чиқилаётган барча масалалар бўйича ҳал қилувчи овоз ҳуқуқидан фойдаланади.

Кенгаш депутати:

доимий ҳамда муваққат комиссияларга сайлаш ва сайланишга;

сессияда кўриб чиқилиши учун масалалар таклиф этишга;

сессия кун тартиби, муҳокама қилинаётган масалаларни кўриб чиқиш тартиби ва моҳияти юзасидан таклифлар ва мулоҳазалар киритишга;

халқ депутатлари Кенгаши томонидан сайланадиган, тайинланадиган ёки тасдиқланадиган мансабдор шахсларнинг номзодлари бўйича фикр билдиришга;

музокараларда иштирок этишга, маърузачи, қўшимча маърузачи ва сессияда раислик қилувчига саволлар беришга;

депутат сўрови билан мурожаат этишга;

ўз таклифларини асослаб бериш учун сўзга чиқишга ва овоз бериш сабаблари юзасидан маълумот беришга;

сессияда раислик қилувчига сессияда муҳокама қилинаётган масала юзасидан ўз нутқи, таклифи ёки мулоҳазасининг матнини топширишга;

таркибига ўзи кирган халқ депутатлари Кенгаши органининг қарорига қўшилмаган тақдирда ўз нуқтаи назарини сессияда баён қилишга ёки бу ҳақда Кенгаш раҳбарига ёзма шаклда маълум қилишга;

халқ депутатлари Кенгашига ҳисобдор бўлган ёки унинг назорати остидаги ҳар қандай орган ёхуд мансабдор шахснинг ҳисоботи ёки ахборотини сессияларда эшитиш тўғрисида таклиф киритишга;

Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг ижро этилиши, шунингдек халқ депутатлари Кенгаши қарорларининг бажарилиши юзасидан текширишлар ўтказиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқилиши учун таклиф этишга;

сессия баённомаси ва стенограммаси билан белгиланган тартибда танишишга ҳақли.

Кенгаш депутати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳукуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


72-модда. Кенгаш депутати:

сессия самарали ишлашига кўмаклашиши, сессия вақтини тежаши;

халқ депутатлари Кенгашининг регламентига риоя қилиши ва сессияда раислик қилувчининг талабларини бажариши;

фақат сессияда раислик қилувчининг рухсати билангина сўзга чиқиши;

Депутатлик одоби қоидаларига риоя қилиши;

сессияда иштирок этиши ва унинг ишида фаол қатнашиши;

ўзи таркибига сайланган доимий ёки муваққат комиссиялар мажлисларида иштирок этиши;

халқ депутатлари Кенгашининг регламентида белгиланган тартибда овоз беришда шахсан иштирок этиши шарт.

Кенгаш депутати сессияда, ўзи таркибига кирган доимий ёки муваққат комиссия мажлисида иштирок этиш имконияти бўлмаган тақдирда, бу ҳақда тегишинча ҳоким - халқ депутатлари Кенгашининг раҳбарига, сессияда раислик қилувчига ёхуд доимий ёки муваққат комиссия раисига олдиндан хабар қилиши шарт.


73-модда. Кенгаш депутати тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан депутат сўрови юборишга ҳақли.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари депутат сўровига мазкур сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай жавоб юборишлари шарт.

Судларнинг раислари, прокурорлар, суриштирув ва тергов органларининг раҳбарларига йўлланган депутат сўрови уларнинг иш юритувидаги аниқ ишлар ва материалларга тааллуқли бўлиши мумкин эмас.

Депутат сўровлари бўйича ахборот сессияда ёки доимий ёхуд муваққат комиссиялар мажлисида муҳокама қилиниши мумкин.


74-модда. Кенгаш депутатини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги масала тегишли ҳудуд прокурори ёки юқори турувчи прокурорнинг тақдимномасига биноан халқ депутатлари Кенгаши томонидан ўн кун ичида ҳал этилади. Сенатор этиб сайланган Кенгаш депутатини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда ҳал этилади.

Кенгаш депутатини жиноий жавобгарликка тортиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазони қўллашга розилик олиш тўғрисидаги прокурор тақдимномаси халқ депутатлари Кенгаши томонидан сессияда кўриб чиқилади, сессиялар оралиғидаги даврда эса ҳоким - халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари ёки унинг вазифасини бажарувчи мансабдор шахс томонидан кўриб чиқилиб, қабул қилинган қарор кейинчалик тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Халқ депутатлари Кенгашининг Кенгаш депутатини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик бериш масаласига доир қарори тегишли прокурорга дарҳол юборилади.

Халқ депутатлари Кенгашининг Кенгаш депутатини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик беришни рад этиши унга нисбатан жиноят ишини юритишни ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазони назарда тутадиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритишни истисно этадиган ва бундай ишларни тугатишга сабаб бўладиган ҳолат ҳисобланади.


75-модда. Кенгаш депутати Депутатлик одоби қоидаларига қатъий риоя этиши лозим. Кенгаш депутатининг ўз мақомидан фуқаролар, жамият ва давлатнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига зиён етказадиган тарзда фойдаланишига йўл қўйилмайди.

Депутатлик одоби қоидалари бузилган тақдирда Кенгаш депутатининг ҳулқ-атвори тўғрисидаги масала халқ депутатлари Кенгаши томонидан ёхуд унинг топшириғига кўра регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссия томонидан кўриб чиқилиши мумкин.



X БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


76-модда. Халқ депутатлари Кенгаши фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа хизмат кўрсатиш тегишли ҳокимлик аппарати томонидан таъминланади.


77-модда. Тегишли ҳокимликлар Кенгаш депутатини ҳужжатлар, зарур ахборот ва маълумот материаллари, шунингдек депутатлик фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича мутахассисларнинг маслаҳатлари билан таъминлайди.

Кенгаш депутатига техник воситалар, алоқа воситалари ва маълумотлар базаларидан фойдаланиш учун шарт-шароит яратилади.


78-модда. Халқ депутатлари Кенгашининг регламенти, унга ўзгартишлар ва қўшимчалар халқ депутатлари Кенгаши қарори билан тасдиқланади.

Халқ депутатлари Кенгашининг регламентига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифлар доимий комиссиялар, депутатлар гуруҳлари, партия гуруҳлари, Кенгаш депутатлари томонидан киритилиши мумкин ва сессия кун тартиби лойиҳасига киритилади ҳамда биринчи навбатда кўриб чиқилади.


79-модда. Халқ депутатлари Кенгашининг регламентида назарда тутилмаган халқ депутатлари Кенгаши фаолиятига доир масалаларни сессияда кўриб чиқиш тартиб-таомиллари сессияда Кенгаш депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади, баённома тарзида расмийлаштирилади ва қабул қилинган кундан эътиборан амал қилади.



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2010 йил, 12-сон, 550-модда