Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Давлат активлари олди-сотди шартномалари шартларининг харидорлар томонидан бажарилишини назорат қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 29.01.2009 й. 27-сон қарорига 3-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2009 йил 29 январдаги

27-сон қарорига

3-ИЛОВА



Давлат активлари олди-сотди

шартномалари шартларининг харидорлар

томонидан бажарилишини назорат

қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом давлат активлари олди-сотди шартномалари шартларининг харидорлар томонидан бажарилишини назорат қилиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низом мақсадлари учун қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


давлат активлари - корхоналар, хўжалик жамиятларининг устав фондларидаги акциялар (улушлар), ер участкалари ва давлат мулки ҳисобланадиган бошқа мулклар;


сотувчи - Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ёки унинг ҳудудий органи;

харидор - унинг билан давлат активлари олди-сотди шартномаси тузиладиган юридик ёки жисмоний шахс (Ўзбекистон Республикаси резиденти ёки норезиденти);


Ўзбекистон Республикаси резидентлари - Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтказилган юридик шахслар, иммунитетдан ва дипломатик имтиёзлардан фойдаланувчи Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ташкилотларининг хўжалик ёки бошқа тижорат фаолиятини амалга оширмайдиган ваколатхоналари;


Ўзбекистон Республикаси норезидентлари - Ўзбекистон Республикаси резиденти тушунчасига кирмайдиган шахслар;


сотиб олиш тўловлари - харидор томонидан сотиб олинаётган давлат активлари учун сотувчининг махсус ҳисоб рақамига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб тўланадиган миллий ёки эркин алмаштириладиган валютадаги пул маблағлари;


инвестиция мажбуриятлари - харидор томонидан давлат активларини сотиб олишда қабул қилинадиган, пул баҳосига эга бўлган ва қонун ҳужжатларига зид бўлмаган шаклларда амалга ошириладиган мажбуриятлар;


инвестициялаш объекти - унга нисбатан инвестиция мажбуриятлари бажариладиган юридик шахс.



II. ДАВЛАТ АКТИВЛАРИ ОЛДИ-СОТДИ

ШАРТНОМАЛАРИ ШАРТЛАРИНИНГ

ХАРИДОРЛАР ТОМОНИДАН БАЖАРИЛИШИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


3. Давлат активлари олди-сотди шартномалари шартларининг харидорлар томонидан бажарилишини назорат қилиш:

тузилган давлат активлари олди-сотди шартномаларини, шунингдек уларга мувофиқ сотиб олиш тўловларини ва инвестиция мажбуриятларини киритиш мониторингини ҳисобга олиш;

ушбу Низомда ва давлат активлари олди-сотди шартномаси шартларида (кейинги ўринларда шартнома деб аталади) белгиланган тартибда харидорлар томонидан инвестиция мажбуриятларининг бажарилишини қабул қилиш йўли билан амалга оширилади.


4. Тузилган шартномаларни ҳисобга олиш сотувчи томонидан, шартнома бўйича асосий мажбуриятларни ва уларнинг бажарилишини кўрсатган ҳолда, шартномалар реестрини юритиш йўли билан амалга оширилади.


5. Харидорлар томонидан сотиб олиш тўловлари киритилиши юзасидан мониторинг хизмат кўрсатувчи банкдан сотувчининг махсус ҳисоб рақамидаги маблағлар ҳаракати тўғрисида кўчирмалар олиш йўли билан амалга оширилади.


6. Харидорлар томонидан инвестиция мажбуриятларининг бажарилиши юзасидан мониторинг сотувчи томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


7. Тегишли маблағларнинг сотувчининг махсус рақамига тушган санаси сотиб олиш тўловлари киритилган сана ҳисобланади.


8. Инвестиция мажбуриятларининг бажарилиши инвестицияларнинг инвестициялаш объектига тушган санаси бўйича ҳисобга олинади.


9. Инвестиция мажбуриятларининг бажарилиши тўғрисидаги ёзма ахборот харидор томонидан сотувчига шартномада белгиланган муддатларда тақдим этилиши керак. Ушбу ахборотга инвестиция мажбуриятларининг бажарилишини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари илова қилинади.



III. ИНВЕСТИЦИЯ МАЖБУРИЯТЛАРИНИНГ

БАЖАРИЛИШИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


10. Харидор томонидан инвестиция мажбуриятлари бажарилишини қабул қилиш шартномада назарда тутилган даврийликка мувофиқ, бироқ йилига камида бир марта амалга оширилади.


11. Инвестиция мажбуриятларининг харидор томонидан бажарилишини қабул қилиш сотувчи томонидан харидорнинг инвестиция мажбуриятларининг бажарилганлиги тўғрисидаги ёзма ахбороти асосида амалга оширилади. Бунда инвестиция мажбуриятларининг тўлиқ ҳажмда бажарилганлигини қабул қилиш харидорнинг кўрсатиб ўтилган инвестиция мажбуриятларининг бажарилиши тугалланганлиги тўғрисидаги ёзма ахбороти олинган кундан бошлаб икки ойдан ошмайдиган муддатда амалга оширилади.


12. Инвестиция мажбуриятларининг бажарилганлигини қабул қилишни ташкил этиш мақсадида сотувчи:

инвестиция мажбуриятларининг бажарилишини қабул қилиш бўйича комиссия (кейинги ўринларда комиссия деб аталади) ташкил қилади;

комиссия билан келишган ҳолда, экспертиза ўтказиш учун шартнома асосида мустақил экспертни (баҳолаш, аудитор, молия, консалтинг ташкилотини ва шу кабиларни) жалб этиши мумкин.


13. Комиссия таркибига сотувчининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органининг, инвестициялаш объектининг вакиллари киритилади.

Давлат активларини инвестиция мажбуриятлари эвазига бериш тўғрисидаги шартнома юзасидан инвестиция мажбуриятларининг бажарилишини қабул қилишда комиссия таркибига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси вакили киритилади. Комиссия фаолиятига раҳбарликни унинг раиси - сотувчининг вакили амалга оширади.

Комиссия мажлисларида харидорнинг вакили қатнашишга ҳақлидир.


14. Комиссия икки ҳафта муддатда харидор ва инвестициялаш объекти томонидан тақдим этилган инвестиция мажбуриятларининг бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни киритилган инвестицияларнинг шартнома шартларига мувофиқлиги юзасидан эксперт хулосани ҳисобга олган ҳолда ўрганади. Зарурият бўлганда комиссия инвестициялаш объектига боради.


15. Комиссия ўз ишлари натижалари бўйича инвестиция мажбуриятларини бажарилган ёки бажарилмаган деб эътироф этиш тўғрисида асосланган қарор қабул қилади.


16. Комиссия қарори унинг аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади ва протокол билан расмийлаштирилади. Комиссиянинг у қабул қилган қарорга рози бўлмаган аъзоси ўз позициясини ёзма равишда баён қилиш ва уни протоколга илова қилиш ҳуқуқига эга.


17. Комиссия томонидан инвестиция мажбуриятлари тўлиқ ҳажмда бажарилган деб эътироф этилган тақдирда сотувчи харидорга сотиб олинган давлат активларини тасарруф этиш ҳуқуқини бериш тўғрисида қарор қабул қилади ва қуйидаги ҳаракатлардан бирини амалга оширади:

харидорнинг хизмат кўрсатувчи депозитарийсига сотувчи томонидан кўрсатиб ўтилган қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч иш кун мобайнида - харидор сотиб олган акцияларни ажратиб олиш юзасидан топшириқнома тақдим этади;

масъулияти чекланган жамият устав фондидаги улушга эгалик қилиш ҳуқуқи тўғрисидаги сертификатга харидорда у сотиб олган улушни тасарруф этиш ҳуқуқи пайдо бўлиши тўғрисида - у харидор томонидан тақдим этилган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида ёзувни қайд этади;

мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи учун давлат ордерига харидорда у сотиб олган кўчмас мулкни тасарруф этиш ҳуқуқи пайдо бўлиш ёзувини - харидор томонидан у тақдим этилган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида киритади.


18. Комиссия томонидан инвестиция мажбуриятлари бажарилмаган деб эътироф этилган тақдирда сотувчи шартномага мувофиқ қарор қабул қилади.


19. Сотувчи 5 иш куни мобайнида харидорни ва инвестициялаш объектини ўз қарори тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади.



IV. ХАРИДОРНИНГ ШАРТНОМА

ШАРТЛАРИНИ БАЖАРМАГАНЛИК

УЧУН ЖАВОБГАРЛИГИ


20. Харидор томонидан шартнома шартлари бажарилмаган тақдирда сотувчи:

сотиб олиш тўловлари ва (ёки) инвестиция мажбуриятларини киритиш муддати, шунингдек тегишли ахборот тақдим этиш муддати юзасидан йўл қўйилган бузилишни бартараф этиш тўғрисида харидорга ёзма талабнома жўнатади;

шартномага мувофиқ сотиб олиш тўловларини киритишнинг ҳар бир ўтказиб юборилган куни учун пеня ҳисоблаб ёзади;

шартнома шартларига мувофиқ харидордан жарима ушлаб қолади; агар харидор томонидан шартномада назарда тутилган муддат ўтгандан кейин уч ой мобайнида сотиб олиш тўловлари ва (ёки) инвестиция мажбуриятларининг навбатдаги қисми шартномада назарда тутилган ҳажмда киритилмаган бўлса, белгиланган тартибда шартномани бекор қилиш ташаббуси билан чиқади.

Жаримани қўллаш миқдори ва тартиби, шунингдек шартномани бекор қилиш шартлари шартномада кўрсатилади.


21. Шартнома бекор қилинган тақдирда сотувчи сотилган давлат активларини давлат мулкига қайтариш, шунингдек харидорга шартномага мувофиқ қайтарилиши керак бўлган, у киритган маблағларни қайтариш чора-тадбирларини кўради.


22. Харидор томонидан сотиб олиш тўловлари шартномада белгиланган муддатда, лекин уларни киритишнинг оралиқ муддатлари бузилган ҳолда тўлиқ ҳажмда тўланган тақдирда, харидорнинг тегишли мурожаати асосида ушбу бузилиш учун ҳисоблаб ёзилган пеня суммаси сотувчи томонидан, шартномада назарда тутилган қабул қилинган инвестиция мажбуриятларига қўшимча сифатида, уларни бажариш муддатини узайтирмасдан ўтказилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 6-сон, 51-модда.