Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 09.08.2002 й. 287-сон "Тошкент шаҳар ҳокимлигининг муниципал мулк объектларини сотиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

09.08.2002 й.

N 287



ТОШКЕНТ ШАҲАР ҲОКИМЛИГИНИНГ

МУНИЦИПАЛ МУЛК ОБЪЕКТЛАРИНИ

СОТИШ ТЎҒРИСИДА


Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш, шунингдек Тошкент шаҳрининг ижтимоий дастурлари ва муҳандислик инфратузилмасини маблағ билан таъминлаш учун қўшимча манбаларни жалб этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш дастурига 1 ва 2-иловаларга* мувофиқ муниципал мулк объектларини қўшимча равишда киритиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси мазкур объектларни белгиланган тартибда Тошкент шаҳар ҳокимлиги маблағлари ҳисобига қайта баҳоласин.


3. Белгилансинки, иловаларда кўрсатилган объектларни сотишдан тушган маблағлар Тошкент шаҳар ҳокимлигининг махсус мақсадли ҳисоб рақамида жамланади ва тўлиқ миқдорда Вазирлар Маҳкамасининг қурилиш, қурилиш материаллари саноати, уй-жой-коммунал хўжалиги ва транспорт комплекси билан келишган ҳолда муниципал уй-жой қуришга, авария ҳолатидаги касалхоналар ва мактабларни мукаммал таъмирлаш ва реконструкция қилишга, муҳандислик коммуникацияларини ривожлантиришга, буғ қозонхоналари агрегатлари ва иссиқлик тармоқларини мукаммал таъмирлашга, шунингдек 2001-2002 йиллар инвестиция дастурларига киритилган объектлар бўйича кредиторлик қарзини қайтаришга йўналтирилади.


4. Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ҳафта муддатда муниципал мулкни сотишдан тушган маблағлар тушумини Тошкент шаҳар ҳокимлигининг махсус мақсадли ҳисоб рақамида ҳисобга олиш ва уларни Тошкент шаҳрининг ижтимоий дастурлари ва муҳандислик инфратузилмасини маблағ билан таъминлашга сарфлаш тартибини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Давлат мулки қўмитаси билан келишсин.


5. Муниципал мулк объектларини сотишдан олинган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши учун масъулият Тошкент шаҳар ҳокими Р.М. Шоабдураҳмонов зиммасига юклансин.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари К.Н. Тўлаганов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                           Ў. Султонов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.