Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Давлатнинг акциядорлик жамиятларидаги ишончли вакиллари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.07.2000 й. 257-сон қарорига 3-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2000 йил 5 июлдаги

257-сон қарорига

3-ИЛОВА



Давлатнинг акциядорлик жамиятларидаги

ишончли вакиллари тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1.1. Ушбу Низом давлатнинг ишончли вакилининг асосий вазифалари. ҳуқуқлари ва мажбуриятларини, унинг ҳисобот топшириш ҳамда ҳақ олиш тартиби ва муддатларини белгилайди.

1.2. Давлатнинг ишончли вакиллари давлат улуши 25 фоиздан ошадиган акциядорлик жамиятларида тайинланадилар.

1.3. Давлатнинг ишончли вакили Акциядорларнинг умумий йиғилишида ва Акциядорлик жамиятининг кузатувчи кенгашида давлатнинг ваколатли ишончли вакили ҳисобланади, давлат номидан акциядор ҳуқуқларини амалга оширади.

1.4. Давлатнинг ишончли вакили лавозимига кўра Акциядорлик жамияти кузатувчи кенгашининг аъзоси (раиси) ҳисобланади. Акциядорлар умумий йиғилишида сайланмайди (қайта сайланмайди). Давлатнинг ишончли вакили лавозимига кўра Акциядорлар умумий йиғилиши Ҳайъати таркибига киради.



II. ДАВЛАТНИНГ ИШОНЧЛИ ВАКИЛИНИ ТАЙИНЛАШ


2.1. Республика иқтисодиёти таркибида етакчи мавқега эга бўлган, рўйхати Ҳуқумат қарори билан белгиланадиган, давлатнинг акциядорлик жамиятларидаги ишончли вакиллари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ҳузуридаги Комиссия томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси тақдимномасига биноан тайинланадилар.

Устав фондидаги давлат мулки улуши 25 фоиздан ортиқ бўлган бошқа акциядорлик жамиятларида давлатнинг ишончли вакиллари Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси Ҳайъати томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Комплекслари тақдимномасига биноан тайинланадилар.

2.2. Давлатнинг ишончли вакиллари номзодлари бўйича таклифлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли Комплекслари томонидан тайёрланади.

Бунда давлатнинг ишончли вакиллари номзодлари муайян иқтисодий билимлар даражасига, иқтисодиётнинг тегишли тармоқларида раҳбарлик иши амалиётига эга бўлган жисмоний шахслар орасидан танлаб олинади.

2.3. Агар тавсия этилган номзодлар белгиланган мезонларга жавоб бермаса, Давлат мулки қўмитаси бу тўғрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Комплекслари Котибиятларига уларнинг янги номзодлар киритиши учун хабар қилади.

Ўн кун муддатда бошқа номзодлар тавсия этилмаган тақдирда Давлат мулки қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ҳузуридаги Комиссия ёки Давлат мулки қўмитаси Ҳайъати томонидан тегишли равишда давлатнинг ишончли вакилларини тасдиқлаш учун номзодларни мустақил равишда танлаш ҳуқуқига эгадир.

2.4. Давлатнинг ишончли вакиллари, қоидага кўра, тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ҳузуридаги Комиссия ёки Давлат мулки қўмитаси Ҳайъати қарори билан, муддатли узайтириш имконияти билан, 5 йилгача муддатга тайинланадилар.



III. ДАВЛАТНИНГ ИШОНЧЛИ ВАКИЛИ ВАЗИФАЛАРИ


3.1. Давлатнинг ишончли вакили вазифаларига қуйидагилар киради:

акциядор сифатида давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, акциядорлик жамиятларидаги давлат мулкининг сақланишини ва улардан оқилона фойдаланилишини таъминлаш;

корхонада иқтисодий ислоҳотлар ўтказилишига кўмаклашиш, унинг молия-хўжалик фаолиятини яхшилаш, менежмент ва маркетинг тизимини такомиллаштириш, шунингдек хусусийлаштиришдан кейин қўллаб-қувватлаш;

ишлаб чиқаришни реновация қилиш ва корхона ишлаб чиқарадиган маҳсулотларни янгилаш, рақобатга бардошли маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини таъминлаш мақсадида, замонавий технологик асбоб-ускуналар ва технологиялар асосида ишлаб чиқаришни реконструкция қилиш ва техника билан қайта жиҳозлаш бўйича тадбирларни бажариш мониторингини амалга ошириш;

корхонанинг бюджетдан қарздор бўлиб қолишининг юз беришига ва иқтисодий аҳволининг ёмонлашувига йўл қўймаслик бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни назорат қилиш;

акциядорлик жамияти томонидан акциядорлар ҳуқуқларига ва меҳнат тўғрисидаги қонунларга риоя қилиниши устидан назоратни ташкил этиш;

акциялар давлат пакети бўйича дивидендлардан акциядорлик жамиятини реконструкция қилиш ва техника билан қайта жиҳозлашда мақсадли фойдаланилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Давлат мулки қўмитаси томонидан белгиланадиган бошқа вазифалар.



IV. ДАВЛАТНИНГ ИШОНЧЛИ ВАКИЛИ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


4.1. Давлатнинг ишоичли вакили қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўзининг Жамият кузатувчи Кенгаши аъзоси (ёки унинг раиси) ҳамда Акциядорлар умумий йиғилиши қатнашчиси сифатидаги барча ваколатларидан акциялар давлат пакети миқдорига мувофиқ жамият Устави ва амалдаги қонунлар билан белгиланган тартибда фойдаланиш;

Акциядорлар умумий йиғилишини чақириш тўғрисида Кузатувчи кенгашга талабнома киритиш ва Кузатувчи Кенгаш мазкур талабномани рад этган тақдирда Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақиришни амалга ошириш;

Акциядорлар умумий йиғилишида ва Жамият кузатувчи кенгашида қарорлар қабул қилишда овоз бериш;

акциядорлик жамияти фаолияти тўғрисида молия-иқтисодий ва бошқа ахборотларни, шу жумладан корхонанинг тижорат сири бўлган ахборотларни олиш.

4.2. Давлатнинг ишончли вакили акциядорлик жамияти бошқаруви ижро этувчи органлари томонидан амалга ошириладиган жорий ишлаб чиқариш фаолиятига аралашмайди, уларнинг хатти-ҳаракатлари қонунларнинг бузилишига олиб келиши ва давлатга зарар етказиши мумкин бўлган ҳоллар бундан мустасно.

4.3. Давлатнинг ишончли вакили қуйидагиларга мажбур:

акцияларнинг давлат пакети билан бериладиган ваколатларга мувофиқ, ушбу Низомнинг 3.1-бандида кўрсатилган ўз вазифалари бажарилишини таъминлаш;

Акциядорлар умумий йиғилишининг ва Кузатувчи Кенгаш йиғилишининг барчасида ҳамда Вазирлар Маҳкамаси Комплекси билан келишилган корхонани ривожлантириш стратегиясига мувофиқ якуний қарорлар қабул қилиш чоғидаги овоз беришда бевосита қатнашиш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасини ўз фаолияти натижалари ва акциядорлик жамиятининг молия-хўжалик аҳволи тўғрисида хабардор қилиш;

давлатнинг ишончли вакилига ўзига юкланган ваколатларни амалга ошириш чоғида маълум бўлиб қолган маълумотларни учинчи шахсларга ошкор қилмаслик ва улардан давлат манфаатларига зид мақсадларда фойдаланмаслик.

4.4. Давлатнинг ишончли вакили тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ҳузуридаги Комиссия ёки Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки кумитаси билан келишиб олинмасдан бошқа акциядорларнинг акциядорлик жамияти бошқарув органларидаги вакили бўлиши мумкин эмас.



V. ДАВЛАТНИНГ ИШОНЧЛИ ВАКИЛИ ФАОЛИЯТИГА ҲАҚ ТЎЛАШ


5.1. Давлатнинг ишончли вакили фаолиятига ҳақ тулаш Жамият кузатувчи Кенгаши аъзоси (раиси) сифатида, амалдаги қонунлар ва жамият Устави билан белгиланган тартибда акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилади.

5.2. Давлатнинг ишончли вакили ўз функцияларини бажарганлик учун:

ҳар ойда бериладиган ҳақ;

миқдори акциядорлик жамиятининг ҳисобот давридаги фаолияти якунларига боғлиқ бўладиган қўшимча ҳақ (мукофот) олиши мумкин.

5.3. Акциядорлик жамияти маблағлари давлатнинг ишончли вакили фаолиятига ҳақ тулаш манбаи ҳисобланади.



VI. ДАВЛАТНИНГ ИШОНЧЛИ ВАКИЛЛАРИ

ФАОЛИЯТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


6.1. Давлатнинг ишончли вакиллари фаолиятини назорат қилиш Давлат мулки кумитаси ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли Комплекслари томонидан:

тасдиқланган шакллар бўйича улар томонидан тақдим этиладиган ҳар чорақдаги ҳисоботларни таҳлил қилиш ва уларни корхоналарнинг молия-иқтисодий кўрсаткичлари тўғрисидаги статистика маълумотлари билан қиёслаш асосида;

уларнинг фаолиятини бевосита корхоналарда ўрганиб чиқиш йўли билан;

даврий аттестациялар ва улар билан суҳбатлар ўтказган ҳолда амалга оширилади.

6.2. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси Вазирлар Маҳкамаси Комплекслари билан биргаликда икки йилда камида бир марта давлатнинг ишончли вакилларини аттестациядан ўтказади.



VII. ДАВЛАТНИНГ ИШОНЧЛИ ВАКИЛЛАРИНИ

АЛМАШТИРИШ ТАРТИБИ


7.1. Давлатнинг ишончли вакиллари фаолиятини таҳлил қилиш ва Давлат мулки қўмитаси томонидан ўтказиладиган аттестация натижаларига кўра, ўз вазифалари ва қабул қилинган мажбуриятлари бажарилишини таъминламаётган давлатнинг ишончли вакиллари мазкур тартибга мувофиқ алмаштирилади.

7.2. Давлатнинг ишончли вакилини озод қилиш тўғрисидаги қарор тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ҳузуридаги Комиссия ва Давлат мулки қўмитаси Ҳайъати томонидан:

аттестация натижалари;

қўйилган вазифалар ва қабул қилинган мажбуриятларнинг давлатнинг ишончли вакили томонидан бажарилмаганлиги;

давлат ишончли вакилининг ўз мажбуриятларини бундан буён бажара олмаслиги тўғрисидаги мурожаатлари асосида;

қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асосларда қабул қилинади.



VIII. ДАВЛАТ ИШОНЧЛИ ВАКИЛИНИНГ ҲИСОБОТИ ВА МАСЪУЛИЯТ


8.1. Давлатнинг ишончли вакили ҳар чорақда (ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25 кунидан кечиктирмай) Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасига ўз фаолияти натижалари тўғрисида ҳисоб беради. Ҳисобот қоғозда ва магнит манбаларида тақдим этилади.

8.2. Давлатнинг ишончли вакили ўз мажбуриятларининг ўз вақтида, тўлиқ ва зарур даражада бажарилиши учун қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда жавоб беради.