Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари шаклларини тўлдириш Қоидалари (АВ томонидан 23.10.2012 й. 2397-сон билан рўйхатга олинган адлия вазирининг 23.10.2012 й. 234-мҳ-сон буйруғига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2012 йил 23 октябрда 2397-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

адлия вазирининг

2012 йил 23 октябрдаги

234-мҳ-сон буйруғига

1-ИЛОВА


Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари

шаклларини тўлдириш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини (бундан буён матнда далолатнома ёзувлари деб юритилади) тўлдириш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Далолатнома ёзувлари бир нусхада тузилади.

2. Далолатнома ёзувларини қайд этиш "ФҲДЁнинг ягона электрон архиви" ахборот тизими (бундан буён матнда ахборот тизими деб юритилади) орқали амалга оширилади.

Далолатнома ёзувлари давлат тилида компьютер воситасида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида тўлдирилади.


3. Далолатнома ёзувларининг барча қаторлари қисқартиришларсиз (умумий қабул қилинган қисқартмалардан ташқари), тўлиқ ва хатосиз тўлдирилиши керак.


4. Далолатнома ёзувининг рақами, уни қайд этиш вақти (кун, ой, йил), шунингдек фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органининг (бундан буён матнда ФҲДЁ органи деб юритилади) номи ахборот тизимида автоматик равишда тўлдирилади.


5. Далолатнома ёзувларининг "Tug'ilgan joyi", "Doimiy yashash joyi", "Vafot etgan joyi" қаторларидаги "davlat", "viloyat, shahar", "tuman, shahar" номлари ахборот тизимида танлаш орқали киритилади.

Масалан: "davlat" қаторига O'zbekiston Respublikasi, Rossiya Federatsiyasi, Buyuk Britaniya, Turkiya.


6. Далолатнома ёзувларидаги "Tugilgan sanasi" қатори фуқаролик паспорти ёки идентификация ID-картаси ёхуд ҳарбий гувоҳнома (бундан буён матнда шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар деб юритилади) асосида тўлдирилади (кун, ой ва йил рақам билан ёзилади).


7. Далолатнома ёзувларининг "Millati" қатори шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар асосида тўлдирилади.

Чет эл фуқароларига нисбатан далолатнома ёзувлари қайд этилаётганда, миллатидан ташқари мазкур шахснинг қайси давлат фуқароси эканлиги ҳам кўрсатилади. Бунда, унинг миллати ҳақида маълумот бўлмаган тақдирда фуқаролиги тўғрисидаги маълумот ёзилади.


8. Далолатнома ёзувларининг "Fuqaroligi" қаторига шахснинг қайси давлат фуқаролигига мансублиги кўрсатилади. Шахснинг фуқаролиги бўлмаган тақдирда, мазкур қаторга "fuqaroligi yo'q" деб ёзиб қўйилади.


9. Далолатнома ёзувларидаги "Berilgan guvohnoma seriyasi" қаторига берилган гербли гувоҳноманинг серияси ва рақами ёзилади.


10. Далолатнома ёзувига ўзгартириш, тузатиш ёки қўшимчалар киритилганда, шунингдек гувоҳномалар такрорий берилганда, бу ҳақидаги ёзувлар далолатнома ёзувларидаги "Belgilar uchun" қаторига қайд этилади.

Далолатнома ёзувига ўзгартириш, тузатиш ёки қўшимчалар киритилганда, мазкур ўзгартириш (тузатиш ёки қўшимчалар) далолатнома ёзувининг қайси қаторларига ва қандай асосларга кўра киритилганлиги тўғрисида изоҳ ёзилиб, ушбу ўзгартириш (тузатиш ёки қўшимчалар) қайд этилган вақт (кун, ой, йил), шунингдек берилган гувоҳноманинг серияси ва рақами кўрсатилади.

Гувоҳномалар такрорий берилганда, такрорий берилган гувоҳноманинг берилган вақти (кун, ой ва йил), серияси ва рақами кўрсатилади.

Далолатнома ёзувларидаги "Belgilar uchun" қаторига мазкур банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган ёзувлар киритилгандан сўнг, ушбу ёзувлар ахборот тизимида автоматик равишда сақланади.

Бунда, ўзгартириш киритилаётган далолатнома ёзувининг қоғозга чоп этилган (тўлдирилган) нусхасига ҳам тегишли ёзувлар киритилади ҳамда ФҲДЁ органи ходими исмининг бош ҳарфи ва фамилияси ёзилиб, ушбу ходим томонидан имзоланади, шунингдек гербли муҳр билан тасдиқланади.


11. Далолатнома ёзуви тўлдирилгандан сўнг автоматик равишда ахборот тизимида сақланади, шунингдек унинг нусхаси қоғозга чоп этилиб ФҲДЁ органи мудири ва инспектори томонидан имзоланади ва гербли муҳр билан тасдиқланади.



2-БОБ. ТУҒИЛГАНЛИК ҲАҚИДАГИ ДАЛОЛАТНОМА

ЁЗУВИНИ ТЎЛДИРИШ


12. 1 - 3-қаторларга туғилган боланинг фамилияси, исми, отасининг исми ёзилади.


13. "4. JShShIR" қаторига жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами киритилади.


14. "5. Jinsi" қаторига боланинг жинси тўғрисидаги маълумот ахборот тизимида "erkak", "ayol" ёхуд "nomalum" деган сўзлардан бирини танлаш орқали киритилади.


15. "6. Tug'ilgan sanasi, vaqti, vazni va bo'yi" қаторига боланинг туғилган куни, ойи, йили, соати ва дақиқаси рақам билан ёзилади, вазни ва бўйи тиббиёт маълумотномаси асосида тўлдирилади.


16. "8. Nechta bola tug'ildi" қаторига туғилган боланинг (болаларнинг) сони рақам билан ёзилади. Агар биттадан ортиқ бола туғилган бўлса, мазкур қаторга тирик туғилган болаларнинг сони ёзилади.


17. 9-қаторга боланинг ўлик ёки тирик туғилганлиги тўғрисидаги маълумотлар ахборот тизимида "tirik" ёки "olik" деган сўзлардан бирини танлаш орқали киритилади.

Биттадан ортиқ бола туғилган бўлиб, улардан бири ўлик туғилган, қолгани тирик туғилган бўлса, у ҳолда ҳар бир болага алоҳида далолатнома ёзуви қайд этилади.


18. "10. Onaning nechanchi bolasi" қаторига онанинг илгари туғилган болаларининг (шунингдек, вафот этган болаларининг) сони қўшилган ҳолда ҳисобланиб, далолатнома ёзуви қайд этилаётган бола онанинг нечанчи боласи эканлиги рақам билан ёзилади. Бунда, ўлик туғилган болалар сони ҳисобга киритилмайди.

Икки ёки ундан ортиқ болалар туғилганда, далолатнома ёзувлари тартиб билан рўйхатга олинади.


19. "11. Tibbiy ma'lumotnoma" қаторига тиббий маълумотноманинг сони, берилган вақти (кун, ой ва йил) рақам билан ёзилади.

Тиббий маълумотномани берган тиббиёт муассасасининг номи тўлиқ ёзилади.


Масалан: N 15; 10.03.2022-y., Toshkent shahar, Mirzo Ulug'bek tuman 6-sonli akusherlik kompleksi (majmuasi).


20. 12 - 19-қаторларга боланинг ота-онаси ҳақидаги маълумотлар уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар, шунингдек никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ёки маълумотнома (қонуний никоҳда турган ота-оналар учун) асосида тўлдирилади.

Бунда, қонуний никоҳда турган ота-оналар томонидан никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ёки маълумотнома тақдим этилмаганда, далолатнома ёзувининг ушбу қаторлари ота-онанинг аввалги болаларининг туғилганлик тўғрисидаги далолатнома ёзувлари асосида тўлдирилади.


21. Бола ёлғиз (никоҳда бўлмаган) онадан туғилганда, боланинг отаси ҳақидаги маълумотлар онанинг кўрсатмасига асосан тўлдирилади.

Туғилганлик ҳақида далолатнома ёзувини қайд этишда ёлғиз она шахсан иштирок этолмаган тақдирда (боланинг отаси ҳам иштирок этмаса), боланинг отаси ҳақидаги ёзув онанинг нотариал ёки тиббий муассаса томонидан тасдиқланган аризаси бўйича амалга оширилади.


22. "19. Otasi haqida ma'lumotni yozish uchun asos" қаторининг:

"a) nikoh qachon va qayerda qayd etilgan" бандида ота-онанинг никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси ёки маълумотномасига асосан никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги далолатнома ёзувининг рақами, қайд этилган куни, ойи ва йили рақам билан ҳамда ФҲДЁ органининг номи тўлиқ ёзилади.

Никоҳ бошқа давлатда қайд этилган бўлса, ушбу бандда ниҳоҳ қайд этилган давлат, шунингдек уни қайд этган органнинг номи ҳам ёзилади;

"b) otalikni belgilash to'g'risida ariza" бандида аризанинг рўйхатга олинган (кирим) рақами ва вақти (кун, ой, йил) рақам билан тўлдирилади;

"d) onaning arizasi" бандида ёлғиз она аризасининг рўйхатга олинган (кирим) рақами ва вақти (кун, ой, йил) рақам билан тўлдирилади.


23. "20. Ariza bilan murojaat qilgan shaxsning F.I.O., imzosi (aloqadorligi)" қаторига туғилганликни қайд эттириш учун мурожаат қилган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми мурожаат қилган шахснинг сўзига асосан қисқартиришларсиз, тўлиқ ёзилади ҳамда далолатнома ёзувининг қоғозда чоп этилган нусхаси ариза муаллифи томонидан имзоланади.


Масалан: Rahmonov Aziz Rustamovich (bobosi), имзо.



3-БОБ. НИКОҲ ТУЗИЛГАНЛИГИ ҲАҚИДАГИ

ДАЛОЛАТНОМА ЁЗУВИНИ ТЎЛДИРИШ


24. 1 - 3-қаторларда никоҳланувчиларнинг никоҳгача ва никоҳдан кейинги фамилияси, исми, отасининг исми уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари асосида қисқартиришларсиз кўрсатилади.


25. "Nikohdan keyingi familiyasi" қатори никоҳланувчиларнинг ўз хоҳишларига кўра никоҳга кириш ҳақидаги аризалари асосида тўлдирилади.


26. "5. Yoshi" қатори никоҳланувчиларнинг туғилган вақтидан (кун, ой, йил) келиб чиқиб, ахборот тизими орқали автоматик равишда тўлдирилади.


27. "10. Oilaviy ahvoli" қаторига никоҳланувчиларнинг оилавий аҳволи ҳақидаги маълумотлар ахборот тизимида "nikohda bo'lmagan", "tul" ёхуд "ajrashgan" деган сўзлардан бирини танлаш орқали киритилади.


28. "11. Umumiy farzandlar soni" қаторига никоҳланувчиларнинг умумий фарзандлари бўлса, уларнинг сони ёзилади.

Никоҳланувчиларнинг умумий фарзандлари бўлмаса, ушбу қаторга "yo'q" деб ёзилади.


29. "12. Doimiy yashash joyi" қатори никоҳланувчи шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари асосида тўлдирилади.


30. "13. Taqdim etilgan hujjatlar" қаторига никоҳланувчи шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларининг серияси ва рақами ёзилади.


31. 14-қатор билан никоҳланувчилар таништирилади.


32. "15. Nikohga kiruvchilarning nikohgacha familiyasi va imzosi" қаторига никоҳланувчиларнинг никоҳгача бўлган фамилиялари ёзилади ҳамда далолатнома ёзувининг қоғозга чоп этилган нусхаси никоҳланувчилар томонидан имзоланади.


33. "16. Guvohlarning familiyasi va imzosi" қаторига, никоҳ никоҳланувчиларнинг хоҳишига кўра гувоҳлар иштирокида қайд этилганда, гувоҳларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми ёзилади ҳамда далолатнома ёзувининг қоғозга чоп этилган нусхаси никоҳланувчилар томонидан имзоланади.


34. "18. Belgilar uchun" қаторида қуйидагилардан бири кўрсатилади:

илгари никоҳда бўлган шахснинг аввалги никоҳи бекор қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

никоҳдан ажралганлик ҳақидаги гувоҳнома;

суднинг никоҳдан ажратиш ҳақидаги ҳал қилув қарори;

суднинг никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори;

эр (хотин)нинг ўлими ҳақидаги гувоҳнома ёки ўлим ҳолати ФҲДЁ органида қайд қилинганлиги ҳақида тиббиёт муассасалари томонидан берилган QR-код (матрик штрихли код) қўйилган маълумотнома.

Шунингдек, мазкур қаторда никоҳдан ажралганлик ва ўлим ҳақидаги гувоҳномалар қайд этилган ёки ўлим ҳолати ФҲДЁ органида қайд қилинганлиги ҳақида тиббиёт муассасалари томонидан берилган QR-код (матрик штрихли код) қўйилган маълумотнома берилган сана, далолатнома ёзувининг рақами ва қайси ФҲДЁ органида рўйхатга олинганлиги, суднинг қонуний кучга кирган қарори, унинг санаси ҳамда қайси суд томонидан чиқарилганлиги кўрсатилади.


4-БОБ. НИКОҲДАН АЖРАЛГАНЛИК ҲАҚИДАГИ

ДАЛОЛАТНОМА ЁЗУВИНИ ТЎЛДИРИШ


35. 1 - 3-қаторларга никоҳдан ажралиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилган шахсларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари асосида қисқартиришларсиз ёзилади.


36. "Nikohdan ajralgandan keyingi familiyasi" қатори эр ёки хотиннинг никоҳдан ажралиш ҳақидаги аризасида кўрсатилган никоҳгача бўлган фамилиясига қайтиш тўғрисидаги хоҳишига асосан тўлдирилади.

Суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорига асосан никоҳдан ажралишни қайд этиш ҳақида эр ёки хотиндан бири ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилган вақтда ФҲДЁ органига келмаган эр ёки хотиннинг "Nikohdan ajralgandan keyingi familiyasi" қатори тўлдирилмайди.


37. "5. Yoshi" қатори никоҳдан ажралаётганларнинг туғилган вақтидан (кун, ой, йил) келиб чиқиб, ахборот тизими орқали автоматик равишда тўлдирилади.


38. "10. Nechanchi nikohi" қаторига никоҳдан ажралаётган шахсларнинг нечанчи никоҳи эканлиги ҳақидаги маълумотлар ахборот тизимида "birinchi", "ikkinchi", "uchinchi va undan ortiq" деган сўзларидан бирини танлаш орқали киритилади.


39. "11. Ajratilayotgan nikoh" қаторига никоҳ тузилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзувининг рақами ва қайд этилган вақти (кун, ой, йил) рақам билан ёзилади. Бунда, никоҳ қаерда ва қайси ФҲДЁ органида қайд этилганлиги тўлиқ ёзилади.


40. "12. Dalolatnoma yozuvi uchun asos" қаторининг:

"a)" бандида эр-хотиннинг биргаликда берган аризаси, унинг берилган вақти (кун, ой, йил) ва кирим рақами ёзилади;

"b)" бандида никоҳдан ажратиш тўғрисида ҳал қилув қарорини чиқарган суднинг тўлиқ номи, ҳал қилув қарори чиқарилган вақт (кун, ой, йил) ёзилади;

"d)" бандида фуқарони бедарак йўқолган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарган суднинг тўлиқ номи, ҳал қилув қарори чиқарилган вақт (кун, ой, йил) ҳамда фуқаронинг фамилияси, исми ва отасининг исми ёзилади;

"e)" бандида фуқарони озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарган суднинг тўлиқ номи, ҳукм чиққан вақт (кун, ой, йил) ҳамда фуқаронинг фамилияси, исми ва отасининг исми ёзилади.


41. "13. 18 yoshga to'lmagan umumiy bolalari soni" қатори рақамларда тўлдирилади. Агар никоҳдан ажралаётган шахсларнинг 18 ёшга тўлмаган болалари бўлмаса, мазкур қаторга "yoq" деб ёзилади.


42. "14. Undirilgan davlat boji summasi va to'langanligi to'g'risida belgi" қаторида тўланган давлат божининг суммаси кўрсатилади.


43. "15. Shaxsini tasdiqlovchi hujjatlar" қатори никоҳдан ажралаётган шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари асосида тўлдирилади.


44. "16. Ajraluvchilar imzosi" қатори далолатнома ёзувининг қоғозга чоп этилган нусхасида ажралувчилар томонидан имзоланади.



5-БОБ. ЎЛИМ ҲАҚИДАГИ ДАЛОЛАТНОМА

ЁЗУВИНИ ТЎЛДИРИШ


45. 1 - 3-қаторларга марҳумнинг фамилияси, исми, отасининг исми қисқартиришларсиз ёзилади.


46. "4. Jinsi" қаторига марҳумнинг жинси тўғрисидаги маълумот ахборот тизимида "erkak", "ayol" ёхуд "nomalum" деган сўзлардан бирини танлаш орқали киритилади.


47. "5. Millati" қатори марҳумнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати асосида тўлдирилади.

Агар марҳумнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати мавжуд бўлмаса ёки ушбу ҳужжатда марҳумнинг миллати тўғрисида маълумотлар бўлмаса, мазкур қаторга " - " белгиси қўйилади.


48. "7. Vafot etgan vaqti" қаторида ўлим ҳақидаги тиббий маълумотнома асосида марҳумнинг вафот этган санаси (кун, ой ва йил рақам билан) кўрсатилади.


49. "8. Vafot etgan joyi" қаторига марҳум вафот этган жойнинг номи тўлиқ ёзилади.


50. "9. O'limning sababi" қатори ўлим ҳақидаги тиббий маълумотнома асосида тўлдирилади.


51. "10. Tugilgan sanasi" қатори марҳумнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати ва (ёки) ўлим ҳақидаги тиббий маълумотнома асосида тўлдирилади.


52. "11. Shaxsini tasdiqlovchi ma'lumotlar" қатори вафот этган шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати асосида тўлдирилади.

Шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган ҳолларда, ёзувлар ўлим ҳақидаги тиббий маълумотнома асосида ёзилади.

16 ёшга тўлмасдан вафот этганларга нисбатан ўлимни қайд этиш уларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси асосида амалга оширилади.

Бунда, ушбу қаторга туғилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг серияси, рақами, шунингдек туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувининг рақами, қачон ва қайси ФҲДЁ органи томонидан берилганлиги ёзилади, агар гувоҳнома ФҲДЁ органига тақдим этилмаган бўлса, ушбу қаторга "Taqdim etilmadi" деб ёзилади ва "16. Belgilar uchun" қаторида тақдим этилмаганлик сабаби кўрсатилади.

"Yoshi" қатори марҳумнинг туғилган вақтидан (кун, ой, йил) келиб чиқиб, ахборот тизими орқали автоматик равишда тўлдирилади.

Агар вафот этган шахснинг туғилган куни, ойи ва йили номаълум бўлса ёки шахси аниқланмаганларнинг ўлимини қайд этишда тиббий муассасанинг хулосасида ёши ва туғилган жойи ҳақида маълумотлар бўлмаса "10. Tug'ilgan sanasi" қаторига "nomalum" деб ёзилади.

"Bir yoshgacha vafot etgan bola", "Nechanchi bola", "Onaning yoshi" қаторлари бир ёшгача вафот этган болаларга нисбатан далолатнома ёзуви қайд этилаётганда тўлдирилади.

Бунда, "Bir yoshgacha vafot etgan bola" қаторига тирик туғилиб, бир ёшга қадар вафот этган болаларнинг ўлимига қадар неча ой, кун яшаганлиги тўғрисидаги маълумотлар, "Onaning yoshi" қаторига онанинг ёши тўғрисидаги маълумотлар ахборот тизими орқали автоматик равишда тўлдирилади.

"Nechanchi bola" қаторида вафот этган бола онанинг нечанчи боласи эканлиги (бунда онанинг илгари туғилган болалари, шунингдек вафот этган болалари ҳам ҳисобланади, ўлик туғилган болалари ҳисобланмайди) рақам билан кўрсатилади.


53. "12. O'limni tasdiqlovchi hujjatlar" қаторига ўлим ҳақидаги тиббий маълумотнома ёки суднинг шахсни вафот этган деб топиш тўғрисидаги қарори ҳақидаги маълумотлар қуйидагича киритилади:

"a)" бандига ўлим ҳақида тиббий маълумотнома рақами, берилган вақти (кун, ой ва йил), ким томонидан (тиббиёт муассасасининг номи, шифокорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми) берилганлиги тўлиқ ёзилади.


Масалан: N 315, 10.02.2022-y., Toshkent shahar, Mirzo Ulug'bek tumani 9-sonli oilaviy poliklinika, shifokor Olimova Salima Tursunovna.


"b)" бандида шахсни вафот этган деб топиш тўғрисида қарор чиқарган суднинг номи ҳамда қарор чиқарилган сана кўрсатилади.


Масалан, Toshkent shahar fuqarolik ishlari bo'yicha Mirzo Ulug'bek tumanlararo sudi, 13.03.2021-y.


54. "13. Ariza bilan murojaat qilgan shaxsning F.I.O., manzili yoki olim haqida ariza bergan muassasaning nomi va manzili" қаторига далолатнома ёзувини қайд этиш учун мурожаат қилган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми (муассасанинг номи), шунингдек вафот этган шахсга қариндошлиги (алоқадорлиги) тўлиқ ёзилади.


55. "15. Qabristonga topshirish uchun ma'lumotnomalarni olganlik to'g'risida belgi" қатори далолатнома ёзувининг қоғозга чоп этилган нусхасида ўлим ҳақидаги гувоҳнома ва қабристонга топшириш учун маълумотномани олган шахс томонидан имзоланади.


56. "16. Belgilar uchun" қаторига вафот этган шахснинг шахси аниқланмаганда, шунингдек туғилиб вафот этган ёки бир ёшгача вафот этган болаларга нисбатан далолатнома ёзуви қайд этилганда тегишли изоҳ ёзиб қўйилади ("murdaning shaxsi aniqlanmagan", "tug'ilganlik haqidagi guvohnoma topshirilmadi", "o'lim haqidagi guvohnoma berilmagan").



6-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


57. Далолатнома ёзувлари тўлдирилгандан сўнг қоғозга чоп этилади ҳамда мурожаат қилган шахс томонидан ўқиб чиқилиб, имзоланади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 43-сон, 501-модда