Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ота-онасининг қаровисиз қолган ва тўлиқ давлат таъминотида бўлган болалар учун Болалар шаҳарчасининг Намунавий устави (АВ томонидан 15.12.2014 й. 2635-сон билан рўйхатга олинган халқ таълими вазирининг 20.11.2014 й. 325-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2014 йил 15 декабрда 2635-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

халқ таълими вазирининг

2014 йил 20 ноябрдаги

325-сон буйруғига

ИЛОВА



Ота-онасининг қаровисиз қолган ва тўлиқ

давлат таъминотида бўлган болалар

учун Болалар шаҳарчасининг

НАМУНАВИЙ УСТАВИ


Мазкур Намунавий устав Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 22 майдаги 104-сон "Ота-онасининг қаровисиз қолган ва тўлиқ давлат таъминотида бўлган болалар учун Болалар шаҳарчалари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорига мувофиқ, ота-онасининг қаровисиз қолган ва тўлиқ давлат таъминотида бўлган болалар учун Болалар шаҳарчасининг (бундан буён матнда Болалар шаҳарчаси деб юритилади) уставида кўрсатиладиган асосий қоидаларни белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Болалар шаҳарчаси тарбия муассасаси ҳисобланади, унинг доирасида ота-онасининг қаровисиз қолган ва тўлиқ давлат таъминотида бўлган болалар кичик гуруҳлар шаклида оиладагига яқинлаштирилган шароитларда тарбияланади.

Болалар шаҳарчаси ота-онасининг қаровисиз қолган ва тўлиқ давлат таъминотида бўлган болалар учун тарбия муассасаларининг янада мукаммаллашган тури сифатида, шу жумладан, "Меҳрибонлик" болалар уйларини Болалар шаҳарчасига босқичма-босқич айлантириш шартларида ташкил этилади.


2. Болалар шаҳарчаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ва бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек ўз уставига амал қилади.


3. Болалар шаҳарчаси юридик шахс ҳисобланади ва ўқув-тарбия муассасаси шаклида ташкил этилади.


4. Болалар шаҳарчаси устав асосида фаолият кўрсатади. Болалар шаҳарчасининг устави мазкур Намунавий устав асосида ишлаб чиқилади. Унда Болалар шаҳарчасининг номи, почта манзили, фаолиятини бошқариш тартиби, у ўз фаолиятини амалга оширадиган ҳудуд, муассислар тўғрисидаги маълумотлар (жисмоний шахслар учун - фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, яшаш жойи, юридик шахслар учун - номи, почта манзили, солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) ва давлат рўйхатидан ўтказилган санаси), шунингдек Болалар шаҳарчасини ташкил этиш тўғрисидаги ҳужжатнинг реквизитлари кўрсатилади.


5. Болалар шаҳарчасининг устави унинг муассиси томонидан тасдиқланади. Нодавлат Болалар шаҳарчаси устави уларнинг ҳудудий жойлашишига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси билан келишган ҳолда тасдиқланади.



2-БОБ. БОЛАЛАР ШАҲАРЧАСИНИНГ

МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


6. Болалар шаҳарчаси ота-онасининг қаровисиз қолган ва тўлиқ давлат таъминотида бўлган болаларнинг яшашга ва оилада тарбияланишга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, шунингдек ижтимоий мослашиш ва жамиятга интеграциялаш учун уларни маънавий-ахлоқий, меҳнат тарбияси ва таълим олишини ҳар томонлама таъминлаш мақсадида ташкил этилади.


7. Қуйидагилар Болалар шаҳарчасининг асосий вазифалари ҳисобланади:

тарбияланувчиларнинг ақлий, эмоционал ва жисмоний ривожланишига кўмаклашувчи оилавий муҳитни яратиш;

тарбияланувчиларнинг ҳаётини муҳофаза қилишни ва соғлиғини мустаҳкамлашни таъминлаш, шунингдек профилактика тадбирларини амалга ошириш;

тарбияланувчиларни ижтимоий муҳофаза қилишни, психологик ва тиббий-педагогик реабилитация қилишни ва уларни жамиятга мослаштиришни таъминлаш;

болаларни миллий анъаналар ва умуминсоний қадриятлар асосида тарбиялаш;

тарбияланувчиларда меҳнат кўникмаларини шакллантириш, уларга касб танлаши учун шарт-шароитлар яратиш.



3-БОБ. БОЛАЛАР ШАҲАРЧАЛАРИДА ТАРБИЯ

ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


8. Болалар шаҳарчасида тарбия жараёни оилавий типга кўра ташкил этилади. Болалар шаҳарчасига тарбиялаш учун берилган болалар тарбиячи бошчилигида гуруҳларга бўлинади, гуруҳлар оилалар деб аталади. Ҳар қайси оилада турли ёшдаги 6 нафардан 8 нафаргача болалар тарбияланади.


9. Болалар шаҳарчасининг ҳар қайси оиласи алоҳида уйларга ёки алоҳида турар жойларга (квартираларга) жойлаштирилади.


10. Болалар шаҳарчасида камида 12 та оила ташкил этилади. Тарбияланувчи болаларнинг умумий сони 140 нафардан ошмаслиги керак.


11. Тарбиячилар болаларни тарбиялаш усулларини белгилашда васийлик ва ҳомийлик органининг тавсияномаларига амал қиладилар.


12. Тарбиячи тарбияланувчининг таълим муассасасини ва ўқитиш шаклини танлашда болаларнинг хоҳишларини ҳисобга олиши ва болаларнинг умумий ўрта таълим олиши учун шарт-шароитлар яратиши шарт.


13. Тарбиячилар ўз ваколатларини амалга оширишда болаларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатига, уларнинг ахлоқий ривожланишига зарар етказишга ҳақли эмас. Тарбиялаш усуллари болаларнинг қадр-қимматини таҳқирловчи менсимаслик, шафқатсизлик, қўполлик муносабатларидан ҳоли бўлиши керак.


14. Болалар шаҳарчаси ходимлари тарбияланувчиларнинг ака-укалари ва опа-сингилларини, бошқа қариндошларини қидириб топишга ҳамда уларнинг муносабатларини қўллаб-қувватлашга кўмаклашишлари шарт, тарбияланувчиларнинг манфаатларига зид бўлган ҳолатлар бундан мустасно.

Низоли ҳолларда тарбияланувчи билан унинг ота-оналари, қариндошлари ўртасидаги муносабатлар тартиби васийлик ва ҳомийлик органи томонидан белгиланади.


15. Болалар шаҳарчасида тарбияланувчиларнинг ўқиши, меҳнат қилиши ва дам олишини тўғри ташкил этиш мақсадида Болалар шаҳарчасининг кун тартиби, унинг асосида ҳар бир оиланинг кун тартиби ишлаб чиқилади. Кун тартиби ҳафта кунлари бўйича, тарбияланувчиларнинг вақтини тўлиқ (кеча-кундуз) қамраб олган ҳолда тузилади.

Кун тартибини ишлаб чиқишда тегишли оиладаги тарбияланувчиларнинг ёши, жисмоний ва ақлий ривожланиш даражаси ҳамда бошқа ўзига хос хусусиятлари инобатга олинади.


16. Болалар шаҳарчасида тарбияланувчилар учун қўшимча таълим (тўгараклар, студиялар, спорт секциялари ва ҳоказолар) ташкил этилади.


17. Болалар шаҳарчаси маъмурияти тарбияланувчиларнинг ота-оналари билан учрашувига ва уларнинг ота-оналик ҳуқуқлари тикланган тақдирда улар билан бирлашишига ҳамда боланинг манфаатларига зид бўлмаган бошқа ҳолларда қаршилик кўрсатмаслиги керак.



4-БОБ. ТАРБИЯЛАНУВЧИЛАРНИ БОЛАЛАР

ШАҲАРЧАСИГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ


18. Ота-онасининг қаровисиз қолган ва тўлиқ давлат таъминотида бўлган болаларни Болалар шаҳарчаси оиласига бериш қонун ҳужжатларида ва Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 22 майдаги 104-сон қарори билан тасдиқланган Ота-онасининг қаровисиз қолган ва тўлиқ давлат таъминотида бўлган болалар учун Болалар шаҳарчалари тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.


19. Болалар шаҳарчасига тарбиялаш учун бериладиган болаларнинг ёши, қоида тариқасида, 3 ёшдан бошлаб уларнинг умумтаълим муассасасини тугатиш ёшигача бўлади.


20. Тарбияланувчиларни оилага қабул қилиш ва танлаш Болалар шаҳарчаси маъмурияти вакиллари томонидан халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими йўлланмаси асосида Болалар шаҳарчасининг тарбиячилари, психологи ва ижтимоий ходимининг бевосита иштирокида амалга оширилади.


21. Болаларни оилага беришда Болалар шаҳарчаси маъмурияти, биринчи навбатда болаларнинг манфаатларига амал қилади, уларнинг этник жиҳатдан келиб чиқишини, муайян динга ва маданиятга мансублигини ҳисобга олади, она тилида муомала қилиши учун шарт-шароитлар яратади, тарбиялаш ва таълим беришда изчилликни таъминлайди.


22. Ака-укалар ва опа-сингиллар битта оилага берилади, тиббий ёхуд бошқа сабабларга кўра улар биргаликда тарбияланиши мумкин бўлмаган ҳолатлар бундан мустасно.


23. Болалар шаҳарчасига бериладиган ҳар бир бола учун васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;

соғлиғи тўғрисидаги тиббий маълумотнома ва амбулатория картаси;

маълумоти тўғрисидаги ҳужжат (мактаб ёшидаги болалар учун);

ота-онаси тўғрисидаги ҳужжатлар (ўлим тўғрисидаги гувоҳнома, суднинг ҳукми ёки қарори нусхаси, касаллиги, ота-онасининг қидирилаётганлиги тўғрисидаги маълумотнома ва ота-онасининг йўқлигини ёки улар ўз болаларини тарбиялай олмаслигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатлар);

ака-ука ва опа-сингилларининг мавжудлиги ҳамда уларнинг турган жойи тўғрисидаги маълумотнома;

болага тегишли мол-мулкнинг рўйхати ва мол-мулкнинг сақланиши учун жавоб берадиган шахслар тўғрисидаги маълумотлар;

илгари эгаллаб турилган турар жойни вояга етмаганларга бириктириш тўғрисидаги ҳужжатлар;

суднинг алимент ундириш тўғрисидаги қарори нусхаси, шунингдек нафақа, пенсия ва бошқа ижтимоий тўловлар олиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжатлар;

боланинг номига очилган банк ҳисоб рақами мавжудлиги тўғрисидаги ҳужжат.


24. Тарбиялаш учун Болалар шаҳарчасига берилиши мумкин бўлган болалар сони ва уларни бериш навбати Болалар шаҳарчаси маъмурияти, психологи ва тарбиячилари билан биргаликда белгиланади.


25. Тарбиячилар тарбияланувчиларни танлаш мақсадида, давлат Болалар шаҳарчаси маъмуриятининг ёзма рухсатномаси бўйича "Меҳрибонлик" уйлари тарбияланувчиларини дам олиш, байрам ва таътил кунлари таклиф қилишлари мумкин.


26. Тарбияланувчи бошқа муассасага ўтказилганда, фарзандликка олинганда, оилага тарбияга (патронатга) берилганда ёки унга васий (ҳомий) тайинланганда мазкур Намунавий уставнинг 23-бандида кўрсатилган ҳужжатлар, шунингдек тарбияланувчи Болалар шаҳарчасида яшаганлиги тўғрисидаги маълумотнома ҳамда 16 ёшга тўлган болаларнинг паспорти тегишлича болани қабул қилган муассаса ёки қонуний вакилга берилади.

Тарбияланувчи Болалар шаҳарчасида бўлиш муддати тугаши муносабати билан ушбу муассасадан чиқарилганда мазкур бандда назарда тутилган ҳужжатлар унинг ўзига берилади.


27. Тарбияланувчиларни Болалар шаҳарчасига қабул қилиш ва уларни муассасадан чиқаришда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилинишини таъминлаш Болалар шаҳарчаси директори зиммасига юклатилади.



5-БОБ. ТАРБИЯЛАНУВЧИЛАРНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


28. Тарбияланувчилар Ўзбекистон Республикасининг "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 22 майдаги 104-сон қарори билан тасдиқланган Ота-онасининг қаровисиз қолган ва тўлиқ давлат таъминотида бўлган болалар учун Болалар шаҳарчалари тўғрисидаги низом ва бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек Болалар шаҳарчаси уставига мувофиқ ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга.


29. Тарбияланувчининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари Болалар шаҳарчаси маъмурияти, васийлик ва ҳомийлик органи, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа органлар томонидан ҳимоя қилинади.


30. Тарбияланувчи Болалар шаҳарчаси маъмурияти, шунингдек тарбиячи томонидан суиистеъмоллар содир этилишидан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.


31. Тарбияланувчи Болалар шаҳарчасида бўлган бутун даврда мерос ёки ҳадя тартибида, шунингдек бошқа қонуний асосларга кўра ота-оналар, қариндошлар ёки бошқа шахслардан унга ўтган мол-мулкка, турар жойга мулк ҳуқуқини сақлаб қолади. Турар жой тарбияланувчи Болалар уйида бўлган бутун давр мобайнида унда сақланиб қолади.


32. Тарбияланувчи унга берилиши керак бўлган алиментлар, ижтимоий нафақалар, пенсияга бўлган ҳуқуқни (боқувчисини йўқотганда, ногирон бўлиб қолганда) ҳамда ота-онасининг қаровисиз қолган болалар учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ижтимоий имтиёзлар ва кафолатларга ҳуқуқни ўзида сақлаб қолади.

Болалар уйидаги тарбияланувчининг таъминоти учун ота-онадан ундириладиган маблағлар, унга тайинланган нафақа ва бошқа тўловлар тарбияланувчининг номига очилган банк ҳисоб рақамларига ўтказилиши керак.


33. Тарбияланувчи ўзига тегишли бўлган уй-жой ижарага берилишидан олинган даромадларга, ижодий, касбий, меҳнат фаолиятидан ва бошқа фаолиятдан олинган даромадларга ҳуқуқни сақлаб қолади. Битимлардан олинган даромадлар маъмурият томонидан фақат тарбияланувчининг манфаатларини кўзлаб ҳамда васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги билан сарфланиши мумкин.


34. Тарбияланувчи оилага қайтганда (фарзандликка олинганда) ёки Болалар шаҳарчасидан тарбиялаб чиқарилгандан кейин тарбияланувчининг мол-мулки ва ҳужжатлари нотариал тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича ота-онасига ёки тарбияланувчининг ўзига берилади.


35. Тарбияланувчиларга тиббий хизмат кўрсатиш Болалар шаҳарчаси врачи, шунингдек Болалар шаҳарчаси жойлашган жойдаги даволаш-профилактика муассасаларининг тиббиёт ходимлари томонидан таъминланади.

Болалар шаҳарчаси маъмурияти тиббиёт ходими учун алоҳида хона ва тиббий асбоб-ускуналар ажратади.


36. Тарбияланувчилар мактабгача тарбия ва умумтаълим муассасаларида умумий асосларда тарбияланади ва ўқитилади, бунда болалар давлат мактабгача тарбия муассасаларида бўлган вақт учун тўлов ундирилмайди.


37. Тарбияланувчилар ўз инсоний қадр-қимматлари ҳурмат қилинишини талаб қилиш ҳамда фикрларини эркин ифода этиш ҳуқуқига эга.


38. Тарбияланувчилар ўз ижодий қобилиятларини ривожлантириш, ўз қизиқишлари бўйича мустақил билим олиш, қўшимча машғулотларда (тўгараклар, студиялар, спорт секциялари ва ҳоказолар) ҳамда ижодий кўргазмалар, фан йўналишлари бўйича олимпиадалар ва бошқа танловларда иштирок этиш ҳуқуқига эга.


39. Ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлар мавжуд бўлган мактабгача ёшдаги тарбияланувчилар билан психологик-тиббий-педагогик комиссия томонидан болаларнинг ривожланишида аниқланган нуқсонларга мувофиқ мактабгача ёшдаги болаларни психофизик ривожланиш хусусиятларига эга бўлган тарбиялаш ва ўқитиш дастурлари бўйича таълим ташкил этилиши мумкин.


40. Болалар шаҳарчаси маъмурияти тарбияланувчиларнинг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига ўқишга кириши юзасидан жавоб беради ва унга зарур ёрдам кўрсатади.


41. Тарбияланувчиларга ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун йўлланма беришда қонун ҳужжатларига мувофиқ йўл ҳақи ва йўлдаги вақтда овқатланиш харажатлари тўланади.


42. Тарбияланувчилар Болалар шаҳарчаси маъмурияти билан келишган ҳолда улар ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасасини тамомлагунига қадар, мазкур муассасада ётоқхона мавжуд бўлмаган тақдирда, Болалар шаҳарчасида тўлиқ давлат таъминотида яшаши мумкин.

Маъмуриятнинг рухсати билан Болалар шаҳарчасида битирувчиларнинг яшаши учун битта тегишли уй ажратилади.


43. Болалар шаҳарчасининг ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасасида таълим олаётган собиқ тарбияланувчилари ўзлари таълим олаётган таълим муассасалари маъмурияти билан келишган ҳолда таътил даврида, дам олиш ва байрам кунларида, шунингдек касаллик даврида яшаганлик учун ҳақ тўламасдан Болалар шаҳарчасида туришлари мумкин. Вақтинча яшайдиган ўқувчилар ва талабалар Болалар шаҳарчаси учун белгиланган нормалар бўйича ҳақ тўлаш шарти билан овқат билан таъминланадилар.


44. Тарбияланувчилар Болалар шаҳарчасининг иш фаолиятини яхшилашга оид таклифлар бериш ҳуқуқига эга.


45. Қуйидагилар тарбияланувчиларнинг асосий мажбуриятлари ҳисобланади:

қонун ҳужжатлари, Болалар шаҳарчасининг устави ҳамда ички тартиб қоидалари талабларига риоя қилиш;

бошқа тарбияланувчилар билан муносабатларда одоб-ахлоқ нормаларига амал қилиш;

Болалар шаҳарчаси маъмурияти ва тарбиячисининг қонуний талабларини бажариш;

таълим муассасасига ўз вақтида бориш, дарс машғулотларини сабабсиз қолдирмаслик;

Болалар шаҳарчасининг мол-мулкини асраб-авайлаш.



6-БОБ. БОЛАЛАР ШАҲАРЧАСИНИ БОШҚАРИШ


46. Болалар шаҳарчасига бевосита раҳбарлик муассаса маъмуриятига бошчилик қиладиган ҳамда мазкур Низомга ва Болалар шаҳарчаси уставига мувофиқ фаолият кўрсатадиган директор томонидан амалга оширилади.

Болалар шаҳарчаси директори Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан келишган ҳолда Болалар шаҳарчаси муассиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

Болалар шаҳарчаси директорини лавозимига тайинлаш танлов асосида амалга оширилади.


47. Болалар шаҳарчаси директори:

Болалар шаҳарчаси номидан иш кўради, барча ташкилотларда унинг манфаатларини ифодалайди;

ўзига берилган ваколатлар доирасида Болалар шаҳарчаси мол-мулкини тасарруф этади;

ишончномалар беради;

ғазначилик бўлинмаларида ҳисоб рақамлари ва бошқа банк ҳисоб рақамлари очади;

кадрларни ишга қабул қилади ва жой-жойига қўяди, Болалар шаҳарчаси ходимларини рағбатлантиради, уларга интизомий жазолар беради ва улар билан меҳнат шартномалари (контрактлари)ни тўхтатади;

ўз ваколатлари доирасида буйруқлар чиқаради ва фармойишлар беради;

тарбияланувчиларнинг ҳаёти муҳофаза қилиниши ва соғлиғи мустаҳкамланиши, ўқув-тарбия жараёнининг ҳолати, молия-хўжалик фаолияти, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи, моддий-техник базанинг мустаҳкамланиши ва моддий бойликларнинг сақланиши учун жавоб беради.


48. Болалар шаҳарчаси директорининг икки нафар: тарбиявий ишлар ва маъмурий-хўжалик ишлари бўйича ўринбосарлари бўлади.

Давлат Болалар шаҳарчаси директорининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан келишган ҳолда директор томонидан лавозимга тайинланади.


49. Болалар шаҳарчаси директори ва унинг ўринбосарлари билан меҳнат шартномаси бир йил муддатга тузилади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Болалар шаҳарчаси директори ва унинг ўринбосарлари фаолиятига баҳо бериш мезонларини ишлаб чиқади, ушбу мезонлар асосида уларнинг фаолияти баҳоланади ва кейинги йил учун меҳнат шартномасини узайтириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилади.


50. Болалар шаҳарчаси маъмурияти ҳар йили Болалар шаҳарчаси жойлашган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органларига тарбияланувчиларнинг соғлиғи, уларни тарбиялаш ишлари тўғрисида, шунингдек тарбияланувчиларнинг мол-мулкини бошқариш бўйича ҳисобот тақдим этади.



7-БОБ. БОЛАЛАР ШАҲАРЧАСИ ХОДИМЛАРИ


51. Болалар шаҳарчаси директори жисмоний ва юридик шахслар билан муносабатларда, шунингдек судларда тарбияланувчиларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қиладиган қонуний вакил ҳисобланади.

Директор, агар васийлик ва ҳомийлик органи томонидан маъмурият ва болаларнинг манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик мавжудлиги аниқланса, болаларнинг манфаатларини ифодалашга ҳақли эмас. Улар ўртасида келишмовчиликлар бўлган тақдирда васийлик ва ҳомийлик органи бошқа вакилни тайинлаши шарт.


52. Тарбиячи Болалар шаҳарчаси оиласи бошлиғи ҳисобланади. Тарбиячиларни танлаш Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 22 майдаги 104-сон қарори билан тасдиқланган Ота-онасининг қаровисиз қолган ва тўлиқ давлат таъминотида бўлган болалар учун Болалар шаҳарчалари тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.


53. Тарбиячи қуйидагиларга мажбур:

болаларни тарбиялаш, уларнинг соғлиғи, жисмоний, психик, ахлоқий-маънавий камол топиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш;

оилада ахлоқий-маънавий ва уй муҳитини яратиш;

ўз мажбуриятларини тарбияланувчиларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларига зарар етказган ҳолда бажармаслик;

бола учун ўзига берилган ҳужжатларнинг сақланишини таъминлаш;

ҳар олти ойда тиббий диспансер кўригидан ўтиш;

ҳар икки йилда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказий институтида қўшимча ўқитишнинг икки ҳафталик курсидан ўтиш;

қонун ҳужжатларига ва меҳнат шартномасига мувофиқ бошқа мажбуриятларни бажариш.


54. Тарбиячи қонун ҳужжатларида ота-оналар (уларнинг ўрнини босадиган шахслар) учун белгиланган мажбуриятларни бажаради, алимент тўлаш мажбурияти бундан мустасно.


55. Тарбиячи билан меҳнат шартномаси белгиланган тартибда, шунингдек болалар ота-оналарига қайтарилган (фарзандликка олинган) тақдирда тўхтатилиши мумкин.


56. Тарбиячилар Болалар шаҳарчасида меҳнат шартномасининг бутун амал қилиш муддати мобайнида яшайдилар.


57. Болалар шаҳарчасидаги тарбияланувчилар манфаатларини янада тўлиқ таъминлаш учун тарбиячиларга Болалар шаҳарчаси ҳудудида яшайдиган тарбиячи ёрдамчилари ёрдам берадилар ҳамда улар бўлмаганда ва уларнинг таътили даврида уларнинг вазифасини бажариб турадилар.


58. Болалар шаҳарчаси ходимларининг сони Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 22 майдаги 104-сон қарори билан тасдиқланган Ота-онасининг қаровисиз қолган ва тўлиқ давлат таъминотида бўлган болалар учун Болалар шаҳарчалари тўғрисидаги низомга мувофиқ белгиланади.


59. Болалар шаҳарчаси ходимлари бир йил муддатга танлов асосида ишга қабул қилинади, ушбу муддат йиллик иш натижаларига кўра кейинги йилга узайтирилиши мумкин.


60. Педагоглар, ижтимоий ходимлар ва психологлар қонун ҳужжатларига мувофиқ тарбияланувчиларга руҳий ва ижтимоий педагогик ёрдам кўрсатадилар, улар Болалар шаҳарчаси тарбияланувчиларининг руҳий, шахсий ва ижтимоий ривожланишидаги нуқсонларни тузатиш ишларини ташкил қиладилар.


61. Болалар шаҳарчасининг тиббиёт ходимлари тарбияланувчиларнинг чуқурлаштирилган тиббий кўригини ташкил этиш, уларнинг ўз вақтида ихтисослаштирилган даволанишга йўналтирилиши, тарбияланувчиларнинг реабилитация тадбирларига киритилиши, Болалар шаҳарчасида санитария ва эпидемияга қарши режимларга риоя қилиниши, тарбияланувчиларнинг сифатли овқатланиши, уларнинг жисмоний ва ақлий юкламалари меъёрлари, санитария қоидалари ва меъёрларига мувофиқ Болалар шаҳарчаси ҳаёт фаолиятининг ташкил этилиши учун жавоб берадилар.



8-БОБ. БОЛАЛАР ШАҲАРЧАСИ ТАЪМИНОТИ

ВА УНИ МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ


62. Давлат Болалар шаҳарчалари таъминоти ва уларни моддий-техник таъминлаш давлат бюджети маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий хайрия маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

Давлат Болалар шаҳарчалари тарбияланувчилари тўлиқ давлат таъминотида бўлади.

Нодавлат Болалар шаҳарчалари тарбияланувчилари муассислар таъминотида бўлади. Бунда маблағ билан таъминлаш Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 22 майдаги 104-сон қарори билан тасдиқланган Ота-онасининг қаровисиз қолган ва тўлиқ давлат таъминотида бўлган болалар учун Болалар шаҳарчалари тўғрисидаги низомда давлат Болалар шаҳарчалари учун белгиланган миқдорлар ва нормативлардан кам бўлиши мумкин эмас.


63. Нодавлат Болалар шаҳарчаси уставида уни таъминлашнинг аниқ манбалари ҳамда Болалар шаҳарчаси маъмуриятининг муассис томонидан берилган мол-мулкни бошқариш борасидаги ҳуқуқлари кўрсатилиши зарур.


64. Болалар шаҳарчаси бинолари техника хавфсизлиги қоидаларига, шунингдек санитария қоидалари ва меъёрларига мувофиқ жиҳозланади ва фойдаланилади.


65. Болалар шаҳарчаси давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин ҳудудий молия органлари тақдим қилинган Болалар шаҳарчаси харажатлар сметасини ва унинг штатлар жадвалини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказади.

Болалар шаҳарчасининг харажатлар сметаси шаҳарчанинг ўз таъминоти сифатида акс эттириладиган харажатлар бўйича, жумладан барча ходимларнинг иш ҳақи, коммунал хизматлар учун харажатлар ва бошқа жорий харажатлар, бинолар ва иншоотлар сақланиши, уларни таъмирлаш, уларга хизмат кўрсатиш ва бошқалар учун харажатлар ҳамда харажатлар сметасида алоҳида ҳисоб-китобда ҳар бир алоҳида оилага ажратиладиган, бюджет таркибига кирадиган ва нақд пул шаклида тўланадиган харажатлар бўйича тасдиқланади.

Нодавлат Болалар шаҳарчалари тармоқлар, штатлар жадвали ва контингент бўйича молия органларига ҳисобот топширадилар.


66. Бинолар сақланиши учун харажатлар ва Болалар шаҳарчалари фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа жорий харажатлар билан биргаликда коммунал хизматлар бўйича харажатларни маблағ билан таъминлаш нақд пулсиз тўловлар орқали амалга оширилади.


67. Давлат Болалар шаҳарчаларидаги оилавий бюджет харажатларини қоплаш учун ҳар бир тарбиячига "Меҳрибонлик" уйлари тарбияланувчилари учун тасдиқланган нормативларга мувофиқ ҳисобланган тарбияланувчилар таъминотига ойлик пул маблағлари тўланади.

Ҳар бир алоҳида оила бюджетига қуйидагилар киради:

озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар, пойабзаллар, чойшаблар ва сочиқлар, кундалик хўжалик ва шахсий гигиена буюмлари, ўйинлар, ўйинчоқлар, китоблар, бошқа майда хўжалик буюмлари сотиб олиш ва транспорт харажатлари;

соғломлаштириш, таълим бериш ва маданий-оммавий тадбирлар.


68. Тарбиячилар томонидан оила бюджети маблағларидан тежаб қолинган пуллар оила байрамлари ва оиланинг бошқа мақсадлари учун ишлатилиши мумкин.


69. Давлат Болалар шаҳарчаларини молиялаштириш, шунингдек уларнинг моддий-техника базасини ривожлантиришга харажатлар ажратиш "Меҳрибонлик" уйлари учун белгиланган меъёрларга мувофиқ амалга оширилади.


70. Давлат Болалар шаҳарчаларидаги битта тарбияланувчининг озиқ-овқат, кийим-кечак, пойабзал ва юмшоқ мебель билан таъминлаш меъёри "Меҳрибонлик" уйлари учун тасдиқланган меъёрларга ўхшаш ҳолда белгиланади.


71. Болалар шаҳарчасида молиявий бошқариш тизими Болалар шаҳарчасининг ҳар бир оиласида молиявий жавобгарлик ва ҳисобот беришга йўналтирилган.


72. Давлат Болалар шаҳарчаларида қонунчиликда назарда тутилган тарбиячилар, маъмурий-хўжалик ва хизмат кўрсатувчи ходимлар иш ҳақи ва уларни моддий рағбатлантириш давлат бюджети ҳисобига "Меҳрибонлик" уйлари учун қўлланадиган тартибда амалга оширилади.

Болалар шаҳарчасининг барча раҳбар, педагог ва бошқа ходимларига етим болалар билан ишлашнинг махсус шароитлари учун иш ҳақи ставкасига 50 фоиз миқдорида қўшимча ҳақ белгиланади.

Тарбиячилар ва тарбиячининг ёрдамчиларига болалар билан кеча-кундуз, шу жумладан, тунги вақтда ишлаганлиги учун иш ҳақи ставкасига 100 фоиз миқдорида қўшимча ҳақ белгиланади.


73. Бюджетнинг ғазначилик ижросига ўтмаган минтақаларда давлат Болалар шаҳарчаси таъминоти учун ажратиладиган пул маблағлари ҳар ойда унинг банкдаги ҳисоб рақамига белгиланган муддатларда ва тартибда ўтказилади.


74. Бюджетнинг ғазначилик ижросига ўтган минтақаларда давлат Болалар шаҳарчаси харажатларини давлат бюджети маблағлари ҳисобига молия органларида, шунингдек ғазначилик бўлинмаларида белгиланган тартибда тасдиқланган ва рўйхатга олинган харажатлар сметалари асосида тўлаш учун ғазначилик ҳисоб рақами очилади.


75. Болалар шаҳарчасини моддий қўллаб-қувватлаш, тарбияланувчиларни мустақил ҳаёт ва меҳнатга тайёрлаш мақсадида Болалар шаҳарчаси маъмурияти васийлик ва ҳомийлик органлари билан келишган ҳолда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган тадбиркорлик ёки бошқа фаолиятни ташкил этиш ҳуқуқига эга.

Болалар шаҳарчаси маъмурияти бюджетдан ташқари маблағларни ўтказиш учун алоҳида банк ҳисоб рақамини очиш ҳуқуқига эга.


76. Болалар шаҳарчасига берилган болаларнинг таъминоти учун маблағлар қонун ҳужжатларида назарда тутилган барча меъёрлар ва имтиёзларни ҳисобга олган ҳолда тўлиқ ҳажмда тўланиши лозим. Айрим сабабларга кўра ўтган молия йилида тўланмаган пул маблағлари кейинги молия йилида тўланади.


77. Йил давомида фойдаланилмаган маблағлар олиб қўйилмайди, улар Бюджет ташкилотларини ривожлантириш жамғармасига ўтказилади ва кейинги йилда улардан ушбу мақсадлар ва болалар эҳтиёжи учун фойдаланилади.


78. Болалар шаҳарчасининг барча молиявий-хўжалик фаолияти бухгалтерия ҳисобини Болалар шаҳарчаси бухгалтери амалга оширади, у тегишли халқ таълими муассасаларини молиялаштириш бўлимларига ҳар ойда ва ҳар чоракда ҳисобот топширади.


79. Болалар шаҳарчаси бухгалтерия ҳисобини юритиш ва ҳисоботини тузиш бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


80. Барча тарбиячилар моддий жавобгар ҳисобланади. Тарбиячилар тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартнома асосида ўз оилаларига бириктирилган мол-мулкнинг сақланишини таъминлайди.


81. Тарбияланувчиларнинг овқатланишини ташкил этиш тарбиячи томонидан амалга оширилади.


82. Озиқ-овқат маҳсулотларини ҳафтасига камида бир марта (тез айнийдиган озиқ-овқат маҳсулотларини ҳафтасига камида икки марта) сотиб олиш тарбиячи томонидан амалга оширилади.

Тарбиячи тарбияланувчиларнинг уларнинг ёшига мувофиқ равишда балансланган овқатланишини таъминлайди.

Тарбиячи овқат пишириш учун зарур бўлган маҳсулотлардан сарфланган маҳсулотларни кейинчалик таомнома бўйича ҳисобдан чиқармасдан фойдаланади.

Оиладаги болаларнинг сифатли ва тўлақонли овқатланишининг ташкил этилганлиги болаларни доимий равишда тиббий кўрикдан ўтказиш, умумий ривожланиши, ўсиши, вазни, шунингдек врач ва Болалар шаҳарчаси маъмуриятининг танлаб назорат қилиш натижаларига кўра аниқланади.


83. Маҳсулотлар чакана савдо ташкилотларидан харид қилганда тўлов чеклари сақлаб қўйилади, озиқ-овқат бозоридан нақд пулга харид қилинган маҳсулотлар учун эса далолатнома тузилади.


84. Озиқ-овқат маҳсулотларини ва бошқа товарларни ҳисобдан чиқариш тарбиячилар томонидан тақдим этилган чеклар ва далолатномалар асосида, доимий ишлайдиган комиссия томонидан амалга оширилади.


85. Доимий ишлайдиган комиссия таркиби Болалар шаҳарчаси директори томонидан бир йилга белгиланади ва унинг буйруғи билан тасдиқланади.


86. Болалар шаҳарчасидан узоқ масофада жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларида ўқиётган тарбияланувчиларга, йирик харидлардан ташқари, Болалар шаҳарчасидаги тушлик пул қийматидан ошмайдиган миқдорда тушликка нақд пул берилади.


87. Тушлик учун нақд пуллар нормативлари суммаларни тарбияланувчиларнинг ёшига қараб тақсимлаган ҳолда тасдиқланади.


88. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 25 январдаги 33-сон "Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини аниқ йўналтирилган тарзда қўллаб-қувватлашнинг 2002-2003 йилларга мўлжалланган дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида етим болалар ва ота-онасининг қаровисиз қолган болалар учун назарда тутилган имтиёзлар Болалар шаҳарчасига тарбиялашга берилган болаларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.


89. Болалар шаҳарчаси врачи тарбиячига озиқ-овқат маҳсулотлари танлашда маслаҳат ёрдами беради ва овқатланишни ташкил этиш ва унинг сифатини танлаб назорат қилади. Болалар шаҳарчаси врачи бухгалтерия ва тарбиячиларнинг дори-дармонлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиш учун ишлатган маблағлари билан боғлиқ бўлган барча ҳисоб-китоб ёзишмаларини тўсқинликсиз олиш ҳуқуқига эга.


90. Болалар шаҳарчасининг молия-хўжалик фаолияти юзасидан назоратни молия органлари амалга оширадилар.


91. Болалар шаҳарчасининг моддий-техника базаси бинолар, иншоотлар, ер участкалари, коммуникациялар, инвентарлар, асбоб-ускуналар, транспорт воситалари ва бошқалардан иборат бўлади.


92. Болалар шаҳарчаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқ ва статистика органларига ҳисобот топширади.



9-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


93. Болалар шаҳарчаси мақоми охирги тарбияланувчи балоғат ёшига етгунга қадар ва ишга жойлашгунга қадар сақланиб қолади.


94. Болалар шаҳарчаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши мумкин.


95. Болалар шаҳарчасининг уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш уни тасдиқлаш тартибига мувофиқ амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 22 декабрь, 51-сон, 614-модда