Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 14.10.2011 й. 280-сон "Болаларни тарбиялашни такомиллаштиришга, соғлом ва баркамол авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

14.10.2011 й.

N 280



БОЛАЛАРНИ ТАРБИЯЛАШНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА, СОҒЛОМ ВА БАРКАМОЛ

АВЛОДНИ ШАКЛЛАНТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Болаларни тарбиялашни такомиллаштириш, соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган қўшимча чора-тадбирлар комплексини амалга оширишни давом эттириш, ушбу йўналишда давлат, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва маҳаллий ҳокимият органларининг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Болаларни тарбиялашни такомиллаштиришга, соғлом ва баркамол авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар режаси (кейинги ўринларда Қўшимча чора-тадбирлар режаси деб аталади) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин, режада қуйидагилар назарда тутилади:

болалар фаровонлигини таъминлаш бўйича норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, камол топаётган ёш авлоднинг манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни кенг ёритиш;

оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишни кучайтириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш;

болаларга таълим бериш, уларни тарбиялаш ва вояга етказиш сифатини ошириш;

оилада соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни шакллантириш, болаларни тарбиялаш учун муносиб шарт-шароитлар яратиш;

ижтимоий ночор болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш;

болалар ўртасида қонун бузилишларининг олдини олиш ва одил судлов соҳасида бола манфаатларини таъминлаш.


2. Қўшимча чора-тадбирлар режасининг бажарилишини ташкил этиш 2-иловага* мувофиқ Идоралараро комиссияга юклансин.


3. Қўшимча чора-тадбирлар режасини амалга ошириш бўйича Идоралараро комиссия (А.Н. Арипов):

республика органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар даражасида мазкур Қўшимча чора-тадбирлар режаси бўлимлари ва бандларининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишига доир ишларнинг мувофиқлаштирилишини ташкил этсин, Қўшимча чора-тадбирлар режасига киритилган тадбирларнинг амалга оширилиши юзасидан қатъий назорат ўрнатсин;

икки ҳафта муддатда манфаатдор вазирликлар, идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳудудий ва тармоқ ишлар режалари ишлаб чиқилиши ва қабул қилинишини таъминласин;

ҳар чорак якуни бўйича Қўшимча чора-тадбирлар режаси тадбирларининг бажарилиши тўғрисида тизимли таҳлилни амалга оширсин.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, тегишли вазирликлар ва идоралар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, ҳокимларнинг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари бошчилик қиладиган Қўшимча чора-тадбирлар режасини амалга ошириш бўйича ҳудудий гуруҳлар ҳамда вазирликлар ва идоралар раҳбарлари ўринбосарлари бошчилик қиладиган тармоқ гуруҳларини ташкил этсинлар, уларга Қўшимча чора-тадбирлар режасида назарда тутилган тадбирларнинг сўзсиз амалга оширилишини юкласинлар.

5. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, оммавий ахборот воситаларига Қўшимча чора-тадбирлар режаси тадбирларининг амалга оширилишини мунтазам равишда ёритиб боришни ташкил қилиш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг Қўшимча чора-тадбирлар режасида назарда тутилган тадбирларни амалга оширишдаги муайян ҳиссаси ва иштироки тўғрисида аҳолини хабардор қилиш тавсия этилсин.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                             Ш. Мирзиёев



*) 2-илова берилмайди.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 42-сон, 452-модда