Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 24.02.2006 й. 32-сон "Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

24.02.2006 й.

N 32



ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ҚОИДАЛАРИГА

ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР

КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА


Электр энергияси етказиб берувчилар ва истеъмолчилар муносабатларини тартибга солишнинг бозор механизмларини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 27 январдаги 32-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2005 й., 1-сон, 4-модда) билан тасдиқланган Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:

140-банднинг бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"электр энергиясининг тегишли миқдори учун олдиндан тўлов амалга оширилган тақдирда электр энергиясининг шартномавий миқдорини ўзгартириш. Бундай талабнома назарда тутилаётган ўзгартиришлардан (жорий ой тугашидан) 10 кундан кечикмай берилиши лозим";

141-банд қуйидаги мазмундаги ўнинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"истеъмолчининг белгиланган тартибда киритилган таклифларига мувофиқ беш кун муддатда ойлик шартномавий миқдорга ўзгартиришлар киритиш, электр энергиянинг ойлик шартномавий миқдорини кўпайтириш (камайтириш) имконияти бўлмаган тақдирда эса - бу тўғрисида истеъмолчига рад этишнинг сабабини кўрсатган ҳолда ёзма шаклда хабар қилиш";

142-банднинг саккизинчи хатбоши қуйидаги мазмундаги жумла билан тўлдирилсин:

"Электр энергиясини узиб қўйиш техноген ва авария оқибатларига олиб келиши мумкин бўлган ўта хавфли ва узлуксиз технологик жараёнли саноат корхоналарининг муддати ўтган қарздорлиги пайдо бўлган ҳолларда, тўламаганлик учун электр энергияси узатишни чеклаш энергия таъминотининг технологик ва авария брони миқдоригача, тўлиқ узиб қўйиш эса - фақат суд қарорига кўра амалга оширилиши мумкин".


2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ў.Т. Султонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                         Ш. Мирзиёев



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 8-сон, 55-модда.


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 2006 й., N 2, 15-модда.