Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон озиқ-овқат саноати давлат-акционерлик концерни ("Ўзозиқовқатсаноат")нинг Устави (ВМ 1993 йил 30 августдаги 435-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1993 йил 30 августдаги

435-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ўзбекистон озиқ-овқат саноати давлат-акционерлик

концерни ("Ўзозиқовқатсаноат")нинг

УСТАВИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон озиқ-овқат саноати давлат-акционерлик концерни ("Ўзозиқовқатсаноат"), кейинги ўринларда концерн деб юртилади, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги озиқ-овқат саноати (Ўзозиқовқатсаноат) концернини Ўзбекистон озиқ-овқат саноати давлат-акционерлик ("Ўзозиқовқатсаноат") концернига айлантириш тўғрисида" 1993 йил 5 майдаги Фармонига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 24 майдаги 245-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган.


2. Концерн ёғ-мой, қандолатчилик, чой, тамаки, пиво-алкоголсиз ичимликлар, озиқ-овқат концентратлари саноати корхоналарини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган уларга хизмат кўрсатувчи корхоналарни ва муассасаларни бирлаштирувчи ишлаб чиқариш-хўжалик комплекси ҳисобланади.

Концерн таркибига мулкчилик шаклидан қатъи назар озиқ-овқат саноатини ривожлантиришдан манфаатдор бўлган бошқа корхоналар ва ташкилотлар ҳам кириши мумкин.


3. Концерн Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисоб бериб туради ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Олий Кенгашнинг бошқа қарорларига, Президентнинг фармонларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, амалдаги қонун ҳужжатларининг бошқа актларига ҳамда ушбу Уставга амал қилади.


4. Концерн юридик шахс ҳисобланади, ўзининг алоҳида мол-мулкига, мустақил ҳамда йиғма балансларга, банк муассасаларида ҳисоб-китоб, валюта ва бошқа счётларга, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган ҳамда номи ёзилган юмалоқ муҳрга, штампларга, фирма бланкаларига эга бўлади.


5. Концерн Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Озиқ-овқат саноати концерни ("Ўзозиқовқатсаноат") нинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади, ўз мажбуриятлари бўйича амалдаги қонунчиликка мувофиқ ўзига тегишли мол-мулк билан жавоб беради. Ушбу мол-мулкдан тўлов ундириб олиниши мумкин. Концерн давлат ва унинг органларининг, шунингдек, концерн қатнашчиси бўлган корхоналарнинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, худди шу каби қатнашувчи корхоналар ҳам Концерннинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.


6. Концерн билан унинг таркибига кирувчи бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотлар ўртасидаги иқтисодий ҳамда ҳуқуқий муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари, бошқа норматив ҳужжатлари, ушбу Устав ва таъсис шартномаси билан белгиланади


7. Концерн жойлашган манзил: Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 7.



II. КОНЦЕРНИНГ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФАОЛИЯТ ЙЎНАЛИШИ


1. Концерннинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

тармоқнинг ишлаб чиқариш ҳамда илмий-техникавий ривожланиши соҳасида ягона сиёсат ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини таъминлаш, концерн таркибига кирувчи корхоналар ва ташкилотларнинг инвестиция ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятини мувофиқлаштириш, вазирликлар ва идоралар билан ўзаро муносабатлар масалалари ҳам шу жумлага киради;

давлат эҳтиёжлари учун топшириқларни бажариш, марказлаштирилган ҳолда ажратиладиган моддий-техника ресурсларини ҳамда сармоя маблағларни тақсимлаш;

тармоқни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг узоқ муддатли истиқболларини, мақсадли илмий-тадқиқот дастурларини ишлаб чиқиш, инвестиция соҳасида ягона стратегияни амалга ошириш;

озиқ-овқат саноати тармоқлари объектларини кенгайтириш, қайта қуриш ҳамда техник қайта жиҳозлашни таъминлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг меъёрий ва технологик регламентларини ишлаб чиқиш,

концерн таркибига кирувчи корхоналар ва ташкилотларга бозор муносабатларига ўтишда кўмаклашиш, уларни акционерлик ва бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларга айлантириш;

озиқ-овқат маҳсулотлари бозор конъюнктурасини ўрганиш, фирмали савдони ривожлантириш, хорижий мамлакатлар билан савдо-иқтисодий ҳамда илмий-техникавий алоқаларни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш;

корхоналар ва ташкилотларнинг молиявий-иқтисодий хўжалик ҳамда ижтимоий фаолияти масалаларини мувофиқлаштириш, Концерн Кенгашининг қарори билан марказлаштирилган суғурта, заҳира жамғармаларини ва бошқа жамғармаларни ташкил этиш.


2. Ўз олдида турган вазифаларни ҳал этиш учун Концерн:

таъминот, тижорат, кредит, минтақалараро, ташқи иқтисодий ва бошқа фаолиятларни, шунингдек, илмий-техникавий, ишлаб чиқариш ва ижтимоий ривожлантириш вазифаларини марказлаштиради;

давлат эҳтиёжлари учун маҳсулотлар ишлаб чиқариш топшириқларини жойлаштиришни ҳамда марказлаштирилган ҳолда ажратилган моддий-техника, пул ресурслари тақсимотини амалга оширади;

моддий-техника ресурсларини ҳамда тайёр маҳсулотни етказиб беришга доир шартномалар тузиш бўйича ишларни ташкил этади, экспорт-импорт операцияларини қимматли қоғозлар бозорида қатнашишни амалга ошириш бўйича ҳисоб-китобларни юритади;

Концерн учун белгиланган номенклатура бўйича озиқ-овқат маҳсулотларининг айрим турларини четга чиқаришга лицензиялар тақсимланишини амалга оширади, ҳамда уларни белгиланган тартибда беради;

ёғ-мой, қандолатчилик, чой, тамаки, пиво-алкоголсиз ичимликлар, пиширишга тайер қилиб қўйилган озиқ-овқат концентратлари саноатини ҳамда фаолиятнинг бошқа турларини ривожлантиришни мувофиқлаштиради, хўжаликни юритишнинг янги шаклларини ривожлантириш ишларини ташкил этади;

меъёрий-техникавий ҳужжатлар ва технологик регламентлар ишлаб чиқилишини, меҳнатни ташкил этишнинг илғор усуллари жорий этилишини, озиқ-овқат тармоғи, ижтимоий ва бошқа соҳалар объектлари лойиҳалаштирилиши, қайта қурилиши, техника билан қайта жиҳозланиши ва янгидан қурилиши ишларини ташкил этади;

бозор конъюнктурасини, моллар ва хизматлар нархини ва уларга нарх белгиланишини ўрганади, фирмали савдони ривожлантиради, маркетингни ташкил этади, талабни, тармоқнинг бозор имкониятларини ўрганади;

хорижий шериклар билан савдо-иқтисодий ҳамда илмий-техникавий алоқаларни янада ривожлантириш чора-тадбирларини амалга оширади, ишлаб чиқаришни оқилона ихтисослаштириш ва кооперациялаштиришни, ўзаро фойдали тўғридан-тўғри алоқалap ўрнатилиши, шунингдек, қўшма корхоналар барпо этилишини ва уларни ривожлантиришни ташкил этади;

озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда истеъмол қилиш ҳажмларини олдиндан белгилашни ташкил этади, концерн қатнашчиси бўлган корхоналарнинг бир меъёрда ишлашини, технологик жараёнларни такомиллаштиришни таъминлайди;

концерн қатнашчиси бўлган корхоналарнинг вақтинча бўш турган ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш, техникадан, моддий ресурслар заҳираларидан фойдаланиш юзасидан ҳамкорликни мувофиқлаштиради;

Концерннинг, унинг корхоналари ва ташкилотларининг минтақалараро фаолиятини тубдан яхшилашни таъминлайди, озиқ-овқат саноати корхоналарини тезкорлик билан технологик қайта жиҳозлаш чора-тадбирларини амалга оширади;

концерн қатнашчиси бўлган корхоналарга хўжалик юритишнинг бозор механизмини жорий қилишда кўмаклашади, мулкчилик ҳамда хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар ишлаб чиқарувчилар учун тенг иқтисодий шарт-шароитлар яратади;

республика озиқ-овқат саноатини ривожлантириш учун чет эл инвестицияларини жалб қилишга қаратилган ишларни олиб боради;

кадрлар резервини шакллантириш, корхоналарнинг раҳбар ходимлари ва мутахассисларининг малакасини ошириш ва уларни тайёрлаш бўйича кадрлар сиёсатини фаол амалга оширади;

концерн қатнашчиси бўлган корхоналарга қонунчиликка риоя қилишни ташкил этиш ва таъминлашда меҳнат интизомини мустаҳкамлашда, корхоналар мол-мулкни сақлашнинг ҳуқуқий ва бошқа хил воситаларини таъминлашда, ноишлаб чиқариш харажатларига қарши курашда, шунингдек, ҳуқуқий ишларда амалий ва услубий ёрдам кўрсатади.



III. КОНЦЕРННИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


Ўз олдида турган вазифаларни бажариш учун концерн:

ўзининг ишлаб чиқариш-хўжалик ҳамда ташкилий-бошқарув тузилмаларини мустақил шакллантириш, мулкни белгиланган тартибда ижарага бериш, корхоналар ва ташкилотлар ташкил этиш, қайта ташкил этиш, тугатиш;

меҳнат жамоаларининг фикрини ҳисобга олган ҳолда тармоқ давлат корхоналарини мулкчиликнинг бошқа шаклларига ўтказиш бўйича бунга ваколатли бўлган органларга таклифлар киритиш;

ўз номидан шартномалар, контрактлар ва битимлар тузиш,, юридик ва жисмоний шахслар билан Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган ҳуқуқий муносабатларга киришиш, судларда даъвогар, жавобгар бўлиш ҳамда суд жараёни қатнашчиси сифатида қатнашиш;

бутловчи буюмлар, материаллар, жиҳозлар, асбоб-ускуналар ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш, концерн қатнашчиси бўлган корхоналар манфаати йўлида материаллар ва хом ашёларни, шу жумладан қишлоқ хўжалиги хом ашёларини тайёрлаш; концерн қатнашчиси бўлган корхоналарга қурилиш, транспорт, технологик, тижорат, лойиҳа-конструкторлик, ташқи савдо, юридич, ахборот, маслаҳат ва бошқа хизматлар кўрсатиш учун хўжалик ҳисобида шўъба корхоналар ташкил этиш;

ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш, амалдаги қонун ҳужжатлари билан тақиқламаган ташқи савдо, кредит, вексель ва бошқа битимларни тузиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ўз филиалларини ҳамда ваколатхоналарини очиш, банкларда ўз счётларини очиш, белгиланган тартибда экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш;

халқаро ярмаркаларда ва кўргазмаларда қатнашиш, шунингдек, ихтисослаштирилган кўргазмалар, кимошди савдоларида, симпозиумларда қатнашиш ва уларни ташкил этиш, реклама адабиётини нашр этиш;

техника, асбоб-ускуна, технологиялар, патентлар, "ноу-хау" дастурлари сотиб олиш учун, шунингдек, мутахассисларни хорижий илмий, тижорат, реклама ва бошқа тадбирларда иштирок этиш учун хизмат сафарларига юбориш сарф-харажатларини тўлашда ўз ихтиёридаги рубл ҳамда валюта маблағларидан белгиланган тартибда фойдаланиш;

раис, унинг ўринбосарлари ҳамда Концерн аппарати ходимларига меҳнат ҳақи тўлаш шартлари билан (мансаб маошлари, мукофотлар кўрсаткичлари ҳамда шартлари билан) боғлиқ масалаларни мустақил ҳал этиш, шунингдек, Концерн аппарати ходимларини ижтимоий ҳимоялаш мақсадида уларга қўшимча ҳақ тўлаш ҳамда товон тўловларини белгилаш;

акциялар ҳамда бошқа қимматли қоғозларни чиқариш ва улар бўйича дивидендлар олиш;

ижтимоий ривожланиш, Концерн таркибига кирувчи корхоналар ҳамда таркибий бўлинмалар ходимларининг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

бозор шароитларини ҳисобга олган ҳолда Концерн корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларига меъёрий-техникавий ҳужжатларни мустақил равишда тасдиқлаш ҳуқуқига эга бўлади.



IV. КОНЦЕРННИ БОШҚАРИШ


1. Концернни бошқаришнинг юқори органи Кенгаш ҳисобланади. У бошқарувни ҳамда тафтиш комиссиясини сайлайди. Концерн раҳбарияти (раис ва унинг ўринбосарлари) Концерн Кенгаши томонидан сайланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


2. Концерн Кенгаши таркибига корхона ва ташкилотларнинг раҳбарлари, Концерн раиси, унинг ўринбосарлари, бошқарув аъзолари кирадилар. Кенгашга ва бошқарувга Концерн раиси бошчилик қилади.


3. Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 24 майдаги 245-сон қарорига мувофиқ концерн раиси мақомига, маиший, тиббий, транспорт хизмати кўрсатиш шароитларига кўра республика вазирига, раиснинг биринчи ўринбосари - вазирнинг биринчи ўринбосарига, раиснинг ўринбосарлари - вазирнинг ўринбосарларига тенглаштирилади.


4. Мақом ҳамда Кенгаш иши Концерн Кенгаши томонидан тасдиқланадиган Концерн Кенгаши тўғрисидаги Низом билан тартибга солинади. Концерн Кенгаши томонидан белгиланган тартибда қабул қилинган қарорлар концерн қатнашчиси бўлган корхоналар учун мажбурий ҳисобланади.


5. Концерн Кенгаши мажлислари йилига камида икки марта чақирилади. Кенгашнинг навбатдан ташқари мажлислари қатнашчиларнинг камида учдан бир қисмининг аризасига кўра концерн фаолияти жараёнида пайдо бўладиган зарур масалаларни ҳал этиш учун чақирилади.

Концерн қатнашчилари Кенгаш чиқарилиши тўғрисида у ўтказиладиган кундан камида икки ҳафта олдин хабардор қилиниши керак. Хабарда унинг кўриб чиқиши учун киритилаётган масалалар кўрсатилади.


6. Кенгашнинг ҳуқуқ доирасига қуйидагилар киради:

озиқ-овқат саноати давлат корхоналарини мулкчиликнинг бошқа шаклларига ўтказиш бўйича ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш;

Концерн Уставини қабул қилиш, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, бошқарув таркибини сайлаш;

Концерн таркибига янги қатнашувчиларни қабул қилиш ва ундан чиқариш;

Концерн қўшма фаолиятининг ва дастурларининг йиллик ва истиқбол режаларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

жамғармаларни тўлдириш ҳамда Концерн иштирокчилари ўртасида концерн даромадларини тақсимлаш;

Концерннинг бошқарув таркибини, тафтиш комиссиясини ҳамда юқори раҳбарларини сайлаш, уларга меҳнат ҳақлари тўлаш шартларини белгилаш;

йиллик хўжалик фаолияти якуни бўйича бошқарув таркибини тақдирлаш бўйича таклифларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш.


7. Концерн Кенгаши қарорлари Концерн бошқаруви ҳамда концерн қатнашчиси бўлган корхоналар бажариш мажбурий бўлган қарорлар билан расмийлаштирилади.


8. Концерн Кенгаши ижро қилувчи органни - концерннинг бошқарувини ташкил этади. У Концерннинг ишини ташкил этади, Кенгаш томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлайди.

Бошқарув концерн қатнашчиси бўлган корхоналар билан биргаликда илмий-ишлаб чиқариш, ташқи иқтисодий, инвестиция ва бошқа фаолият дастурларини ишлаб чиқади ва уларнинг бажарилишини ташкил этади; манфаатдор корхоналар билан биргаликда янги ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш, корхоналарни техник қайта жиҳозлаш ва қайта қуриш бўйича таклифлар тайёрлайди; Концерн Кенгашида кўрилиши лозим бўлган масалаларни тайёрлайди, раиснинг, унинг ўринбосарларининг, бошқарув аъзоларининг ҳамда концерн аппарати ходимларининг ахборотларини эшитади, тегишли қарорлар қабул қилади;

Бошқарув Концерн фаолиятининг Кенгаш ваколатига кирадиган масалаларидан бошқа барча масалаларини ҳал қилади.


9. Бошқарув қарорлари мажлис баёни билан расмийлаштирилади ҳамда Концерн раиси томонидан имзоланади. Бошқарув ўз ваколати доирасида қабул қилган қарорлар Концерн қатнашчилари бўлган корхоналар ва ташкилотлар томонидан бажарилиши мажбурийдир.


10. Концерн Кенгаши бошқарувга ушбу Устав билан Кенгаш ваколатига киритилган айрим масалаларни ҳал этиш ҳуқуқини бериши мумкин.


11. Кенгаш ҳамда концерн бошқаруви қарорларини ҳаётга татбиқ этиш учун Концерн раиси бошчилик қиладиган бошқарув аппарати ташкил этилади. Бошқарув аппарати шунингдек концерн бошқаруви органлари қарорлари лойиҳаларини тайёрлаш билан боғлиқ бўлган таҳлилий, мувофиқлаштирувчи ва режадаги ишларни олиб боради.


12. Концерн раиси:

Концерн таркибига кирувчи корхоналар ва ташкилотлар фаолиятига белгиланган тартибда раҳбарлик қилади, ишончномасиз Концерн номидан иш кўради, Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатлар ҳудудидаги барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фирмаларда унинг манфаатларини ифодалайди;

концерн ваколатига кирувчи масалалар бўйича қонунчилик ва бошқа норматив ҳужжатлар лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг кўриб чиқиши учун белгиланган тартибда киритади;

концерн қатнашчиси бўлган корхоналар раҳбарлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига ва бошқа норматив ҳужжатларига, шунингдек Кенгаш ҳамда концерн бошқаруви қарорларига зид бўлган ўз ваколатлари доирасида чиқарилган буйруқлар ва бошқа актларни бекор қилади;

қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда Концерннинг мол-мулкини бошқаради ва унга эгалик қилади, банкларда ҳисоб-китоб ва бошқа счётлар очади, ўз ваколатига киритилган барча масалалар бўйича мустақил равишда қарорлар қабул қилади, шу жумладан Кенгаш ва Концерн бошқаруви номидан ишончномалар беради, шартномалар, контрактлар, битимлар тузади;

Концернга берилган ҳуқуқлар доирасида давлатга мансуб акция пакетларига мувофиқ акционерлик корхоналари фаолиятига раҳбарлик қилади;

Концерннинг барча мансабдор шахслари ва ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради, кўрсатмалар беради, счётларни ҳамда тўлов топшириқларини, Концерн ҳисоботларини имзолайди, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисидаги юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан Концерн номидан эътирозлар ва даъво қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

қатнашувчи корхоналар ва ташкилотлар раҳбарларини тайинлайди ва уларни эгаллаб турган лавозимларидан озод қилади. Лавозимга тайинлаш чоғида раҳбар билан контракт тузади, ундаги шартлар Концерн Кенгаши билан келишиб олинади;

тафтиш комиссияси тақдим этадиган материаллар асосида ундириб олишга умид қолмаган қарзлар суммасини, маънавий ва физик жиҳатдан эскирган мулкларни, тўхтатилган ёки амалга оширилмаган ишлар бўйича харажатларни қонунчилик билан белгиланган тартибда Концерн балансидан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилади;

Концерн бошқаруви аппарати штат жадвалини, унинг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди, аппарат ходимларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан бўшатади, уларнинг мансаб маошларини ва уларга устама ҳақларни, шунингдек, аппарат ходимларини ижтимоий ҳимоялаш мақсадидаги турли кўринишдаги қўшимча ҳақларни ҳамда компенсация тўловларини белгилайди;

қатнашувчи корхоналар ва ташкилотларнинг молиявий-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилади, уларнинг натижаларини кўриб чиқади ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф қилиш юзасидан чора-тадбирлар кўради;

амалдаги қонунчилик билан белгиланган тартибда Концерн таркибига кирувчи корхоналар ва ташкилотларнинг раҳбарларига нисбатан рағбатлантириш ҳамда интизомий жазо чораларини қўллайди.



V. КОНЦЕРННИНГ МОЛ-МУЛКИ ВА МАБЛАҒЛАРИ


1. Концернга бириктирилган мол-мулк, шунингдек, унга бюджетдан ажратилган маблағлар тўлиқ хўжалик юритиш ҳуқуқи асосида унга тегишли бўлади.


2. Концерн ўзига бириктирилган мол-мулкдан, пул маблағларидан, даромадлардан, шунингдек, сотиб олинган ёки қонунчилик билан йўл қўйиладиган бошқа асослар бўйича олинган бошқа мол-мулкдан фойдаланиш, уларни тасарруф этиш ва уларга эгалик қилиш ҳуқуқини амалга оширади.


3. Концерн корхоналари ва ташкилотлари шартномавий нормативлар бўйича даромадлардан (фойдадан) бир қисмини марказлаштирилган жамғармаларни ҳамда заҳираларни ташкил этиш учун ўтказадилар.


4. Концерннинг мол-мулки асосий ва айланма маблағлардан, шунингдек, Концерн балансида ўз аксини топган бошқа мол-мулклардан ҳамда пул маблағларидан ташкил топади.

Концерннинг мол-мулки ва маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади:

илмий-техникавий, ишлаб чиқариш ва ижтимоий ривожлантиришнинг аниқ муаммолари ва мақсадли дастурларини маблағ билан таъминлаш учун концерн қатнашчиси бўлган ихтиёрий амалга ошириладиган мақсадли бадаллар;

бюджет маблағлари ёки бошқа марказлаштирган маблағлар;

банк кредитлари ва бошқа кредитлар;

Концернинг ўз ишлаб чиқариш-хўжалик ҳамда молиявий фаолиятидан олинадиган даромадлар;

қимматли қоғозлар (акциялар ва облигациялар) сотишдан олинадиган даромадлар;

сотиб олинган қимматли қоғозлар бўйича даромадлар, шу жумладан чет эл компанияларидан олинадиган даромадлардан, "Ўздавхазина" билан келишилган ҳолда Концерн қатнашчилари бўлган акционерлик жамиятлари томонидан давлатга тегишли акциялар пакети бўйича олинадиган дивидендлар;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Концерн қуйидаги жамғармаларни ташкил этади:

заҳира (суғурта) жамғармаси;

валюта жамғармаси;

концерннинг концерн қатнашчиси бўлган барча корхоналарнинг манфаатлари йўлида, шунингдек, молиявий қийинчиликларни бошидан кечираётган корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида инвестиция, илмий-тадқиқот ва бошқа дастурларни маблағ билан таъминлаш учун Концерн Кенгашининг қарори билан ташкил этиладиган ишлаб чиқаришни, фан ва техникани ривожлантиришнинг марказлаштирилган жамғармаси.


5. Концерннинг устав фонди концерн қатнашчиси бўлган корхоналарнинг ажратмаларидан шакллантирилади. Устав фондининг миқдори Концерн Кенгаши томонидан белгиланади, концерн қатнашчиси бўлган корхоналарнинг ажратмалари миқдори шартномавий асосда белгиланади.

Концерн Кенгашининг қарори билан устав фонди миқдори қатнашчиларнинг улушлари ҳамда кириш бадаллари миқдорларининг тегишли равишда ўзгаришига қараб қўпайиб ёки камайиб бориши мумкин.


6. Заҳира жамғармаси устав фондининг 25 фоизи миқдорида ташкил этилади, ушбу жамғармани шакллантириш фойдадан ҳар йили белгиланган миқдорга етгунга қадар Концерн Кенгаши томонидан белгиланадиган миқдорда ажратиш йўли Билан амалга оширилади.


7. Валюта, марказлаштирилган ва бошқа жамғармаларни ташкил этиш учун ажратиладиган ҳар йилги мақсадли ажратмаларнинг миқдорлари ҳамда улардан фойдаланиш тартиби, шунингдек, улардан фойдаланишдан олинган фойдани тақсимлаш тартиби Концерн Кенгаши томонидан белгиланади.


8. Мақсадли дастурларни маблағ билан таъминлаш учун ажратиладиган мақсадли бадаллар миқдорлари, улардан фойдаланиш ва фойдани тақсимлаш тартиби ана шу дастурлар қатнашчилари билан келишган ҳолда Концерн Кенгаши томонидан белгиланади. Зарур ҳолларда дастурларни амалга ошириш учун маблағлар фойда тегишли равишда тақсимланган ҳолда акционерлик асосида шакллантирилиши мумкин.


9. Концерн концерн қатнашчиси бўлган барча корхоналарнинг манфаатлари йўлида ўзига тааллуқли мол-мулкдан ҳамда маблағлардан фойдаланади, Ўзбекистон Республикасида ҳамда унинг ташқарисида белгиланган тартибда қайта қуриши, сотиб олиши, турли кўринишдаги кўчар ва кўчмас мол-мулкни ижарага олиши, қонунга хилоф бўлмаган бошқа ҳаракатларни амалга ошириши мумкин.



VI. КОНЦЕРННИНГ КОНЦЕРН ҚАТНАШЧИСИ

БЎЛГАН КОРХОНАЛАР БИЛАН ЎЗАРО

МУНОСАБАТЛАРИ


1. Ўзбекистон Республикаси озиқ-овқат саноатини ривожлантириш ишига ўз ҳиссасини қўшаётган, Уставни тан оладиган ва унинг талабларини бажарувчи ҳамда Концерннинг вазифаларига мувофиқ ишлаб чиқариш-хўжалик ва бошқа фаолиятни амалга ошириш мажбуриятларини ўз зиммасига олган бирлашмалар, корхоналар ташкилотлар мулкчилик шаклидан қатъи назар, шу жумладан чет эл корхоналари, Концерн қатнашчилари бўлишлари мумкин.


2. Концерн ўз таркибига кирувчи корхоналарнинг давлат мулкини ҳамда давлатга мансуб бўлган акциялар пакетларига мувофиқ акционерлик жамиятлари фаолиятини бошқаришни амалга оширади.


3. Концерн қатнашчиси бўлган корхоналар календарь йил тугашидан камида 6 ой олдин ёзма равишда Кенгашни огоҳлантирган, Концерн ва унинг таркибига кирувчи корхоналар олдидаги мажбуриятларни сақлаган ҳолда Концерн таркибидан чиқиш ҳуқуқига эгадирлар. Концерндан чиқиш тўғрисидаги қарор Концерн Кенгаши мажлиси баёни билан расмийлаштирилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилади.

Концерн қатнашчиси бўлган корхонанинг концерн таркибидан чиқиши тўғрисидаги масала концерн Кенгаши томонидан ҳал этилмаган ҳолда Концерн таркибидан чиқиш истагини билдирган концерн қатнашчиси бўлган корхона ушбу низоли масалани ҳал этиш учун тегишли хўжалик судига мурожаат қилишга ҳақлидир.


4. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда Концерн корхоналарни ёпиқ турдаги акционерлик жамиятларига айлантиришнинг мақсадга мувофиқлигидан келиб чиқади, бунда ушбу акционерлик жамиятларининг давлатга мансуб бўлган акцияларининг улуши камида 51 фоизни ташкил этиш керак. Концерн "Ўздавжамғарма" билан келишган ҳолда корхоналарни ривожлантириш учун давлатга мансуб акциялар бўйича дивидендларнинг бир қисмини уларга беришга ҳақлидир.


5. Концерн томонидан ишлаб чиқиладиган мақсадли дастурларни амалга оширишда концерн қатнашчиси бўлган корхоналарнинг биргаликдаги фаолияти ихтиёрийлик, манфаатдорлик, фойдани ўзаро манфаатли шартларда тақсимлаш асосига қурилади.



VII. ҲИСОБГА ОЛИШ, ҲИСОБОТ ВА НАЗОРАТ


1. Концерн ўз фаолияти натижаларининг оператив ва бухгалтерлик ҳисобини олиб боради, шунингдек қонунчилик билан белгиланган тартибда статистика ҳисоботини амалга оширади. Концерн молиявий-хўжалик фаолиятининг натижалари йиллик бухгалтерлик ҳисоботи асосида белгиланади. Концерн қатнашчиси бўлган корхоналар белгилаган тартибда ўзларининг молиявий-хўжалик фаолиятлари натижаси тўғрисида концернга ҳисобот тақдим этадилар.


2. Концерннинг, унинг таркибига кирувчи корхоналарнинг мол-мулкидан ҳамда маблағларидан фойдаланишни, унинг молиявий-хўжалик фаолиятини назорат қилишни тафтиш комиссияси амалга оширади.

Бошқарув ҳамда концерн таркибига кирувчи корхоналарнинг молиявий- хўжалик фаолияти концерн қатнашчиси бўлган корхоналарнинг талабига кўра бир йилда камида 1 марта тафтиш қилинади, навбатдан ташқари тафтишлар эса концерн қатнашчиси бўлган корхоналарнинг талаби бўйича ўтказилади.


3. Концерн қатнашчиси бўлган корхоналарнинг давлат ҳисоботини бузиб кўрсатган мансабдор шахслари қонунчилик билан белгиланган интизомий, моддий ёки жиноий жавобгарликка тортиладилар.



VIII. КОНЦЕРН ФАОЛИЯТИНИНГ ТЎХТАТИЛИШИ


1. Концерннинг фаолияти қуйидаги ҳолларда тўхтатилиши мумкин:

концерн Кенгашининг қарори билан;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ёхуд қонун билан белгиланган ҳолларда хўжалик судининг қарори билан.


2. Концерн фаолиятининг тўхтатилиши уни қайта ташкил этиш ёки тугатиш йўли билан амалга оширилиши мумкин.

Қайта ташкил этилган ҳолда Концерннинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва мол-мулки унинг ҳуқуқий вориси бўлган янгидан ташкил этилаётган ташкилотга ўтади.


3. Концернни тугатиш қонун билан белгиланган тартибда Концерн Кенгаши томонидан тайинланадиган тугатиш комиссияси ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган орган томонидан амалга оширилади.


4. Кредиторларнинг тугатилаётган концернга ўз даъволари ҳақидаги аризаларини бериш муддати Концерн Кенгаши томонидан белгиланади, аммо бу муддат бир ойдан кам бўлмаслиги керак. Тугатилаётган Концернга билдирилган даъволар амалдаги қонунчиликка мувофиқ ундирилиши мумкин бўлган унга қарашли мол-мулк ҳисобига қондирилади.


5. Концерн тугатилган тақдирда унинг мол-мулки банк, давлат бюджети, бошқа кредиторлар билан ҳамда бошқарув аъзолари ва аппарат ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича ҳисоб-китоблар қилингандан кейин қонунчилик билан белгиланган тартибда тақсимланади.


6. Концерн қайта ташкил этилган ёки тугатилган тақдирда ишдан бўшатилган ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари белгиланган тартибда кафолатланади.