Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 11.01.2001 й. 18-сон "Наманган "Карбонам" акциядорлик жамиятида нитроцеллюлоза учун целлюлоза ишлаб чиқаришини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

11.01.2001 й.

N 18



НАМАНГАН "КАРБОНАМ" АКЦИЯДОРЛИК

ЖАМИЯТИДА НИТРОЦЕЛЛЮЛОЗА УЧУН

ЦЕЛЛЮЛОЗА ИШЛАБ ЧИҚАРИШИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА



1998-2002 йилларда Ўзбекистон кимё саноати корхоналарини комплекс ривожлантириш дастурига мувофиқ маҳсулотларнинг экспортбоп турларини ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

- Наманган "Карбонам" акциядорлик жамияти томонидан "СНПЕ Инжиниринг Дефенс" компанияси (Франция) билан техник ҳужжатларни тайёрлаш, технология асбоб-ускуналари, материаллар етказиб бериш, шефмонтаж ишларини ҳамда йилига 15 минг тонна целлюлоза чиқарадиган ишлаб чиқаришни фойдаланишга топшириш бўйича техник раҳбарликни амалга ошириш юзасидан қиймати 22,39 млн АҚШ доллари (169,5 млн Франция франки) бўлган контракт тузилганлиги;

- ҳар йили "СНПЕ" гуруҳи Наманган "Карбонам" акциядорлик жамиятида "СНПЕ Инжиниринг Дефенс" технологияси бўйича ишлаб чиқариладиган 10 минг тонна целлюлоза харид қилиш юзасидан мажбурият олгани маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қуйидагилар:

- Наманган "Карбонам" акциядорлик жамияти - нитроцеллюлоза учун целлюлоза ишлаб чиқаришини ташкил қилиш лойиҳаси бўйича бош буюртмачи этиб;

- "Ўзкимёсаноатлойиҳа" институтининг Чирчиқ филиали - бош лойиҳачи этиб;

- "СНПЕ Инжиниринг Дефенс" компанияси томонидан лойиҳалаш, асбоб-ускуналар етказиб бериш, қуриш, монтаж қилиш ва ишлаб чиқаришни ишга туширишнинг 1-иловага* мувофиқ жадвали тасдиқлансин.


3. Белгилансинки, лойиҳанинг валюта қисми:

- контракт қийматининг "Кофас" жамиятининг суғурта мукофоти қийматига кўпайтирилган 19,03 млн АҚШ доллари (144,075 млн Франция франки) миқдоридаги 85 фоизи, кредит маблағларини Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан қайта молиялаш йўли билан, хорижий банк кредити ҳисобига;

- контракт қийматининг 3,36 млн АҚШ доллари (25,425 млн Франция франки) миқдоридаги 15 фоизи Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан қайта молияланадиган хорижий банк кредити ҳисобига маблағ билан таъминланади.

Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун жалб этиладиган хорижий кредитлар бўйича асосий қарз, фоизлар ва бошқа молиявий харажатлар 2-иловага мувофиқ Наманган "Карбонам" акциядорлик жамияти маблағлари ҳисобига тўланади.


4. Махфий.


5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки хорижий банк билан кредит битимлари тузсин ва Наманган "Карбонам" акциядорлик жамияти учун хорижий банк маблағларини қайта молиялашни таъминласин.


6. Молия вазирлиги ушбу лойиҳа доирасида жалб этиладиган кредитлар юзасидан Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки мажбуриятлари бўйича хорижий банкка ва Наманган "Карбонам" акциядорлик жамияти мажбуриятлари бўйича Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан кафолатлар беришга вакил қилинсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги кредит битимига иловада белгиланган шаклда хорижий банкка Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати кафолатлари юзасидан юридик хулосаларни белгиланган тартибда расмийлаштирсин.


8. Наманган "Карбонам" акциядорлик жамияти ва ташкил этилаётган ишлаб чиқариш қурилишида қатнашадиган пудрат ташкилотлари "СНПЕ Инжиниринг Дефенс" компанияси билан тузиладиган контрактга мувофиқ техник ҳужжатлар, хом ашё ва материалларни келтириш бўйича божхона божи ва қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод қилинсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги "Ўзкимёсаноат" уюшмаси буюртманомалари бўйича "СНПЕ Инжиниринг Дефонс" компанияси ва унинг хорижий субпудратчилари ходимларига, уларни консуллик йиғимлари тўлашдан озод қилган ҳолда, белгиланган тартибда кўп марталик келиш визалари берилишини таъминласин.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т. Султонов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                           И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.