Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 03.04.2007 й. 70-сон "2007-2011 йилларда пахта тозалаш саноати корхоналарини модернизация ва реконструкция қилиш дастури тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

03.04.2007 й.

N 70



2007-2011 ЙИЛЛАРДА ПАХТА

ТОЗАЛАШ САНОАТИ КОРХОНАЛАРИНИ

МОДЕРНИЗАЦИЯ ВА РЕКОНСТРУКЦИЯ

ҚИЛИШ ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА


Пахта тозалаш саноатини изчил ва барқарор ривожлантириш, тармоқ корхоналарида замонавий асбоб-ускуналарни жорий этиш, ишлаб чиқариш қувватларидан самарали ва оқилона фойдаланиш даражасини ошириш, жаҳон пахта бозорида рақобатга бардошли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. "Ўзпахтасаноат" уюшмаси, "Пахтасаноат" ҳудудий акциядорлик бирлашмалари, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг, шунингдек корхоналар акциядорларининг эскирган, жисмоний ва маънавий жиҳатдан ишдан чиққан асбоб-ускуналар билан жиҳозланган, ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси паст бўлган, шунингдек йирик шаҳарларда жойлашган 1-илова*га мувофиқ 30 та пахта тозалаш корхонасини 2007 йил 1 августгача тугатиш, бунда тайёрлов пунктларининг мавжуд тармоғини сақлаб қолиш ҳақидаги таклифига розилик берилсин.


2. "Ўзпахтасаноат" уюшмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилган 2007 - 2011 йилларда пахта тозалаш саноати корхоналарини модернизация ва реконструкция қилиш дастури (кейинги ўринларда Дастур деб юритилади) 2-иловага* мувофиқ маъқуллансин.

Дастурга киритилган лойиҳаларнинг амалга оширилишини таъминлаш учун шахсий жавобгарлик "Ўзпахтасаноат" уюшмаси, "Пахтасаноат" ҳудудий акциядорлик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари раҳбарлари зиммасига юклансин.

"Ўзпахтасаноат" уюшмаси ҳар ярим йиллик якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамасига Дастурнинг бажарилиши тўғрисида ахборот тақдим этсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, "Ўзпахтасаноат" уюшмаси, "Пахтасаноат" ҳудудий акциядорлик бирлашмалари, тижорат банкларининг 2007 - 2011 йилларда пахта тозалаш саноати корхоналарини модернизация ва реконструкция қилиш дастурини манбалар бўйича:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳисоб-китоб жамғармаси махсус субҳисоб рақамида жамланадиган, сотилган пахтани қайта ишлаш маҳсулотлари қийматининг бир фоизи миқдоридаги маблағлар ҳисобига, шунингдек "Пахтасаноат" ҳудудий акциядорлик бирлашмаларининг устав фондларидаги акцияларнинг давлат улуши бўйича дивидендлар ҳисобига молиялаштириш ҳақидаги таклифи қабул қилинсин. Маблағларни жамлаш ва улардан фойдаланиш тартиби схемага (3-илова*) мувофиқ белгиланади;

модернизация қилинадиган пахта тозалаш корхоналарининг соф фойда шаклидаги ўз маблағлари ва ҳисобланган амортизация ажратмаларининг жами суммаси;

тижорат банкларининг кредитлари ҳисобига молиялаштириш ҳақидаги таклифи қабул қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги "Ўзпахтасаноат" уюшмаси билан биргаликда Пахта тозалаш саноати корхоналарини модернизация ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш учун мўлжалланган маблағларни Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳисоб-китоб жамғармаси махсус субҳисоб рақамида жамлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.


4. Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳисоб-китоб жамғармаси махсус субҳисоб рақамида жамланадиган маблағлардан корхоналарнинг ўз маблағларидан фойдаланиш ҳисобга олинган ҳолда, модернизация қилинаётган корхоналарга асбоб-ускуналар етказиб берилиши учун аванс тўлаш ва фақат буюртмачи томонидан тақдим этилган қабул қилиш далолатномалари асосида амалда бажарилган иш ҳажми учун ҳисоб-китоб қилиш учун босқичма-босқич молиялаштириладиган тартиб белгилансин.

Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳисоб-китоб жамғармаси махсус субҳисоб рақамидан модернизация ва реконструкция қилиш учун пахта тозалаш саноати корхоналарига йўналтириладиган маблағлар солиқ солиш объекти ҳисобланмайди ҳамда солиқлар ва солиқ бўлмаган мажбурий тўловлар ҳисобланадиган базага киритилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси Жамғарманинг махсус субҳисоб рақамидан пахта тозалаш саноати корхоналарини модернизация ва реконструкция қилишга йўналтириладиган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши устидан қатъий назорат ўрнатсин.


5. Қуйидагилар:

"Ўзенгилсаноатлойиҳа" институти - пахта тозалаш саноати корхоналарини модернизация ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳаларнинг бош лойиҳаловчиси;

"Ўзпахтасаноат" уюшмаси ва "Пахтасаноат" ҳудудий акциядорлик бирлашмалари лойиҳаларнинг бош буюртмачилари;

"Ўзпахтасаноат" уюшмасининг "Пахта тозалаш ИИЧБ" илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси - пахта тозалаш саноати корхоналарини модернизация ва реконструкция қилиш устидан техник назоратни амалга оширувчи ташкилот этиб белгилансин.

Пахта тозалаш саноати корхоналарини модернизация ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишда қатнашувчи пудрат ташкилотларининг белгиланган тартибда танлов (тендер) асосида аниқланиши маълумот учун қабул қилинсин.


6. Белгилаб қўйилсинки, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, пахта тозалаш саноати корхоналарини модернизация ва реконструкция қилиш бўйича барча лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигида экспертизадан ўтказилиши керак.

Лойиҳаларни экспертизадан ўтказишда ишлаб чиқаришнинг техник даражасини оширишга, биринчи навбатда, корхоналарнинг техник пахта чигити тежалишини, сифатли, рақобатга бардошли пахта маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини таъминлайдиган замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланишига алоҳида эътибор қаратилсин.


7. Республикада ишлаб чиқарилмайдиган, пахта тозалаш саноати корхоналари учун четдан келтириладиган 4-иловага* мувофиқ технологик, ёрдамчи ва транспорт асбоб-ускуналари, шунингдек эҳтиёт қисмлар ва сарфлаш материаллари 2007 - 2011 йиллар даврида божхона тўловлари тўлашдан (божхонада расмийлаштириш учун йиғимлар бундан мустасно) озод қилинсин.


8. "Ўзпахтасаноат" уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда:

1-иловага мувофиқ тугатилаётган корхоналарнинг асосий фондлари ва бошқа мол-мулкини комплекс хатловдан ўтказсин ва баҳоласин ҳамда хатлов якунларига кўра уларнинг балансида бўлган бинолар, иншоотлар ва асбоб-ускуналарни танлов савдоларида сотиш бўйича таклифлар тайёрласин;

2006 йил ҳосили пахта хом ашёсини қайта ишлаш тугаллангандан кейин пахта тозалаш корхоналарининг ва "Пахтасаноат" ҳудудий акциядорлик бирлашмаларининг устав фондларини ва акциялари пакетларини белгиланган тартибда таркибий ўзгартирсин, бунда тугатилаётган корхоналар тайёрлов пунктларининг яқин жойдаги пахта заводлари балансига берилишини назарда тутсин.


9. "Ўзпахтасаноат" уюшмаси 2007 йил 1 июлгача Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда пахта етиштирувчи фермер хўжаликлари, тайёрлов пунктлари ва пахта заводларини жойлаштиришнинг янги тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.


10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, "Ўзпахтасаноат" уюшмаси паст рентабелли пахта тозалаш корхоналарини тугатиш натижасида бўшаб қоладиган ходимларни келгусида ишга жойлаштириш бўйича бир ой муддатда таклифлар тайёрласинлар.


11. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳар йили инвестиция дастурини шакллантиришда унга Дастурда белгиланган лойиҳаларни амалга оширишни киритишни назарда тутсинлар.


12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 14-сон, 143-модда.