Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16.12.2014 й. ПҚ-2272-сон "Навоийазот" АЖ негизида поливинилхлорид (ПВХ), каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш комплекси қурилиши" инвестицион лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

16.12.2014 й.

N ПҚ-2272



"НАВОИЙАЗОТ" АЖ НЕГИЗИДА

ПОЛИВИНИЛХЛОРИД (ПВХ), КАУСТИК

СОДА ВА МЕТАНОЛ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ

КОМПЛЕКСИ ҚУРИЛИШИ" ИНВЕСТИЦИОН

ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Замонавий юқори самарали технологияларни жорий этиш асосида ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош янги юқори технологияли кимёвий маҳсулот турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, шунингдек экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида:


1. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:

"Навоийазот" АЖ негизида поливинилхлорид (ПВХ), каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш комплекси қурилиши" инвестицион лойиҳасининг дастлабки техник-иқтисодий асослари белгиланган тартибда тасдиқланган;

тўғридан-тўғри музокаралар натижасида "Ўзкимёсаноат" ДАКка қарашли "Навоийазот" АЖ томонидан "China САМС Engineering Со." (ХХР) компанияси билан бир йилда 100 минг тонна поливинилхлорид, 75 минг тонна каустик сода ва 300 минг тонна метанол ишлаб чиқарадиган 439,8 млн. АҚШ доллари миқдорига тенг суммадаги комплексни "тайёр ҳолда топшириш" шарти билан қуриш тўғрисида шартнома тузилган.


2. Қуйидагилар "China САМС Engineering Со." компанияси билан шартномани молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

"Ўзкимёсаноат" ДАКка қарашли "Навоийазот" АЖга шартнома қийматининг 15 фоизи миқдоридаги аванс тўловларини тўлаш учун "Асака" ДАТБ томонидан қайта молиялаштириладиган, 10 йил муддатга, шу жумладан 3 йил имтиёзли давр билан, йиллик 2,25 фоиз ставкали, қайта молиялаштирадиган банкнинг йиллик 0,25 фоизли маржасини ҳам ҳисобга олганда инвестиция даврида қўшилган фоизларини капиталлаштирган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 65,97 млн. АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағлари;

шартнома қийматининг 85 фоиз тўловларини тўлаш учун қайта молиялаштирувчи банкнинг йиллик 0,25 фоизли маржасини ҳам ҳисобга олган ҳолда "Асака" ДАТБ томонидан қайта молиялаштириладиган 373,83 млн. АҚШ доллари миқдоридаги узоқ муддатли имтиёзли хорижий кредитлар маблағлари.

"Асака" ДАТБ Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ва "Ўзкимёсаноат" ДАК билан бирга бир ой муддатда хорижий банклар ва бошқа молия институтлари билан мазкур лойиҳани биргаликда молиялаштириш учун узоқ муддатли имтиёзли кредитларни жалб этишни ўрганиб чиқсин.


3. Белгилаб қўйилсинки;

"Ўзкимёсаноат" ДАК қарз ва кредит маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш ҳамда лойиҳани ўз вақтида амалга оширишга масъул ижрочи орган ҳисобланади;

"Ўзкимёсаноат" ДАКка қарашли "Навоийазот" АЖ лойиҳа доирасида жалб этилаётган кредитлар бўйича қарз олувчи ҳисобланади, у асосий қарзни тўлайди ҳамда ўзининг маблағлари ҳисобидан фоизлар, комиссиялар ва кредитларга хизмат кўрсатиш бўйича бошқа харажатларни қоплайди.

"Ўзкимёсаноат" ДАК, "Асака" ДАТБ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси лойиҳани амалга ошириш учун "Ўзкимёсаноат" ДАКка қарашли "Навоийазот" АЖга ажратиладиган қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш устидан қаттиқ назорат ўрнатишни таъминласин.


4. Ўзбекистон Республикаси молия вазири "Навоийазот" АЖ негизида поливинилхлорид (ПВХ), каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш комплекси қурилиши" лойиҳасини амалга ошириш доирасида хорижий банкларнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг жалб этилаётган валюта кредитлари юзасидан "Ўзкимёсаноат" ДАКка қарашли "Навоийазот" АЖ мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг кафолатини беришга вакил этиб тайинлансин.


5. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси "Навоийазот" АЖ билан "China САМС Engineering Со." компанияси ўртасида музокаралар якунларига кўра шакллантирилган қиймат асосида имзоланган шартнома бўйича хулосалар беришни таъминласин, бунда ортиб жўнатишдан олдинги инспекция ва нарх-наво экспертизаси механизмини қўллаган ҳолда лойиҳанинг амалга ошириб борилишига қараб ускуналар ва материалларни деталлаштириш ва спецификациясини экспертизадан ўтказиш шарт.

6. "Навоийазот" АЖ негизида поливинилхлорид (ПВХ), каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш комплекси қурилиши" лойиҳасини амалга ошириш доирасида "Ўзкимёсаноат" ДАКка қарашли "Навоийазот" АЖга:

"China САМС Engineering Со." компанияси билан биргаликда 2016 йилнинг 1 январига қадар қурилиш ишларини лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бир вақтда олиб боришга;

лойиҳа ечимларининг объектлардан фойдаланиш ишончлилиги ва хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини аниқлаш, шунингдек кузатиб бориш ва техник назорат қилиш учун конкурс танловлари асосида мустақил халқаро маслаҳатчиларни жалб этишга;

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда "Асака" ДАТБ билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасида экспертизадан ўтган импорт шартномалари, шунингдек маҳаллий пудратчи ва таъминотчи ташкилотлар билан тузилган шартномалар бўйича лойиҳанинг техник-иқтисодий асоси тасдиқлангунга қадар молиялаштиришни очишга рухсат берилсин.

7. "Ўзкимёсаноат" ДАК "Навоийазот" АЖ негизида поливинилхлорид (ПВХ), каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш комплекси қурилиши" лойиҳасининг техник-иқтисодий асосини ваколатли экспертиза органлари билан келишиб олинишини ва 2015 йилнинг 1 июлига қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласин.


8. Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитаси белгиланган тартибда ушбу лойиҳа бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларининг давлат экспертизаси амалга оширилишини таъминлаб, қурилиш ишларининг бажарилиш сифати устидан давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.


9. "Навоийазот" АЖ негизида поливинилхлорид (ПВХ), каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш комплекси қурилиши" лойиҳасини амалга ошириш доирасида:

"Навоийазот" АЖ, "China САМС Engineering Со." компанияси ва унинг ёрдамчи пудратчи ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар асосида олиб келадиган республикада ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар, машина ва механизмлар, бутловчи буюм ва узеллар, эҳтиёт қисмлар, хом ашё ва материаллар, технологик жиҳозлар, шунингдек ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва металл прокат учун 2020 йилнинг 1 апрелига қадар божхона тўловлари (божхона йиғимларидан ташқари) тўлашдан;

2018 йилнинг 1 апрелигача "Ўзкимёсаноат" ДАКка қарашли "Навоийазот" АЖ ва "China САМС Engineering Со." компанияси ҳамда унинг ёрдамчи пудратчи ташкилотлари ўзларининг доимий муассасалари орқали Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар асосида вақтинча олиб келадиган ускуналар, махсус техника, машина ва механизмлар учун даврий тўланадиган бож тўловларидан;

ёрдамчи пудратчи транспорт компаниялари - Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига кириш йиғимини тўлашдан ва Ўзбекистон Республикасининг умум фойдаланадиган автомобиль йўлларидан оғир юкли ва йирик габаритли транспорт воситаларининг юриши учун тўловлардан;

Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан бажариладиган иш (хизмат)лар, шунингдек маҳаллий таъминотчи ва ёрдамчи пудратчи ташкилотларнинг "China САМС Engineering Со." компаниясига амалда Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқилмасдан сотадиган товар (иш, хизмат)лар учун қўшилган қиймат солиғи тўлашдан;

"China САМС Engineering Со." компанияси ва унинг ёрдамчи пудратчи ташкилотлари, чет эл молия институтлари ва консалтинг компаниялари, шунингдек уларнинг доимий муассасалари - Ўзбекистон Республикасининг норезидент - юридик шахслари томонидан тўланиши лозим бўлган барча солиқлардан (шу жумладан, тўлов манбаидан ундириладиган фойда солиғини тўлашдан);

Ўзбекистон Республикасининг норезидент-жисмоний шахслари - лойиҳани амалга ошириш доирасида олинадиган жисмоний шахсларнинг даромад солиғини тўлашдан;

кўрсатилаётган хизматлар, олиб келинаётган товарлар, ускуналар, машина ва механизмлар, бутловчи буюм ва узеллар, эҳтиёт қисмлар, хом ашё, материаллар ва технологик жиҳозларни Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органларида лицензиялаш ва сертификатлаш учун йиғимлар, давлат божлари ва тўловлар тўлашдан;

республикада тегишли аккредитация қилинган синов лабораториялари мавжуд бўлмаган тақдирда, импорт қилинадиган ускуналар, асбоблар, хом ашё ва материаллар, истисно тариқасида, мажбурий сертификатлаш жараёнидан озод этилсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, "Ўзметкомбинат" АЖ, "Ўзқурилишматериаллари" АК ва "Ўзбекнефтгаз" МХК мазкур лойиҳани амалга ошириш доирасида "Ўзкимёсаноат" ДАК томонидан тақдим этиладиган талабномалар бўйича "China САМС Engineering Со." компаниясига тўғридан-тўғри шартномалар асосида, эркин алмаштириладиган валютага, тартибга солинадиган нархда - цемент, келишилган нархда - металл прокати, биржа котировкасининг ўртача меъёрдаги нархларидан - ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ажратилишини ва сотилишини таъминласин.


11. "Навоийазот" АЖ негизида поливинилхлорид (ПВХ), каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш комплекси қурилиши" лойиҳасини амалга ошириш учун иловага* мувофиқ таркибда Ишчи гуруҳ ташкил этилсин, унинг зиммасига лойиҳани, шунингдек ушбу қарор талабларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган барча масалалар комплексини ўз вақтида ва тезкорлик билан ҳал этиш учун вазирликлар ва идораларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаси юклатилсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги "Ўзкимёсаноат" ДАКнинг талабномаларига кўра, ушбу лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларга консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмаган ҳолда кўп марталик кириш визалари расмийлаштирилишини таъминласин.


13. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги "Ўзкимёсаноат" ДАКка қарашли "Навоийазот" АЖнинг талабномаларига кўра, ушбу лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларга давлат божи ундирилмаган ҳолда кўп марталик кириш визалари бериш ва муддатини узайтириш, шунингдек муваққат яшаш жойи бўйича вақтинчалик рўйхатга қўйиш ва муддатини узайтиришни белгиланган тартибда таъминласин.


14. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги "Ўзкимёсаноат" АЖга карашли "Навоийазот" АЖнинг талабномаларига кўра, ушбу лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи юқори малакали хорижий мутахассисларни Ўзбекистон Республикасига жалб қилишга рухсатномалар беришни (муддатини узайтиришни), шунингдек уларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига тасдиқнома беришни (муддатини узайтиришни) таъминласин.

15. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 И. Каримов



*) Илова рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 31 декабрь, 52 (I)-сон, 639-модда