Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон давлат стандартлаш, метрология ва сертификациялаш маркази ("Ўздавстандарт") тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 02.03.1992 й. 93-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1992 йил 2 мартдаги

93-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ўзбекистон давлат стандартлаш,

метрология ва сертификациялаш маркази

("Ўздавстандарт") тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон давлат стандартлаш, метрология ва сертификациялаш маркази ("Ўздавстандарт") давлат бошқарув органи бўлиб, стандартлаш, метрология ва сертификациялаш масалаларига ихтисослашган ҳамда давлат ва унинг қатнашчилари манфаатларини кўзлаб хўжалик ҳисоби, ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш ва ўзини ўзи бошқариш принциплари асосида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси бюджетидан ажратиладиган маблағ ҳисобига биргаликда фаолият кўрсатадиган ташкилотларни бирлаштиради.


2. "Ўздавстандарт" Ўзбекистон Республикасида стандартлаш, метрология ва сертификациялашга раҳбарлик қилади, унинг аҳволи ва ривожланиши учун жавоб беради, Ўзбекистон Республикаси Давлат стандартлаш тизимининг Асосий принципларига мувофиқ бу соҳада ягона техника сиёсатини шакллантиради ва белгилайди.

"Ўздавстандарт" собиқ СССР Давлат стандартининг Ўзбекистон Республикасидаги ҳуқуқий ворисидир. Унинг зиммасига Ўзбекистон Республикасининг стандартлаш, метрология ва сертификациялаш масалалари бўйича миллий органи функциясини бажариш юклатилган.


3. "Ўздавстандарт"га марказ таркибига кирувчи, мустақил балансга эга бўлган, "Ўздавстандарт" тузилган пайтда қарор топган хўжалик фаолиятининг ҳамма турларини сақлаб қолган, юридик шахс ҳуқуқига эга бўлган ташкилотлар бўйсунади.


4. "Ўздавстандарт" таркибига кирувчи ташкилотлар ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасида корхоналар ҳақида"ги Қонунига, мазкур Низомга ҳамда "Ўздавстандарт" томонидан тасдиқланган корхоналар ва ташкилотларнинг Низомларига мувофиқ амалга оширадилар.


5. "Ўздавстандарт" юридик шахс бўлиб, банк муассасаларида сўм ва чет эл валютасида ўзининг махсус счётини очади. Маблағларнинг тушум ва харажатлар ҳисоби сўм ва чет эл валютасида алоҳида олиб борилади. "Ўздавстандарт" корхоналар эгаси, ижара ҳамда қонунда назарда тутилган бошқа асосларда алоҳида мулкка, мустақил балансга эга бўлади, ўз номидан мулкий ҳуқуққа эга бўлиши, суд ёки ҳакамлик судида даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин. "Ўздавстандарт" ўзига тегишли бўлган, қонунчилик бўйича жазоланиши мумкин бўлган мулк юзасидан ўз мажбуриятлари бўйича жавоб беради.

Давлат ва унинг органлари "Ўздавстандарт" мажбуриятлари бўйича ва "Ўздавстандарт" давлат ва унинг органлари мажбуриятлари бўйича жавоб бермайдилар.


6. "Ўздавстандарт" ўз штампи, фирма бланкаси ва бошқа реквизитларга, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирланган ҳамда ўз номи ўзбек ва рус тилларида ёзилган муҳрга эга бўлади.

"Ўздавстандарт" Тошкент шаҳрида жойлашган.

"Ўздавстандарт" белгиланган тартибда Республиканинг бошқа шаҳарларида ва унинг ташқарисида ўз корхоналари ва ташкилотларини, филиаллари ва бўлимларини, кичик корхоналарини таъсис этиши мумкин.



II. "ЎЗДАВСТАНДАРТ"НИНГ МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


7. "Ўздавстандарт"нинг асосий мақсади маҳсулотнинг рақобатдорлигини ошириш муаммосини ҳал этишда республика халқ хўжалигига кўмаклашиш республика хусусиятларини ва манфаатларини ҳисобга олган ҳолда қуйидаги вазифаларни ҳал этиш йўли билан ўлчовларнинг ягоналигини таъминлашдан иборатдир:

республика стандартлаш, метрология ва сертификациялаш тизимларининг амал қилишини, уларнинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги стандартлари, халқаро, минтақа ва чет мамлакатлар стандартлари билан уйғунлашувини таъминлаш ва такомиллаштириш;

стандартларда ва техникавий шартларда маҳсулот сифатига, аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсизликни, атроф муҳитни муҳофаза этишни таъминлашга қаратилган жараёнлар ва хизматларга, маҳсулотнинг мослиги ва ўзаро алмашувчанлигига мажбурий талаблар қўйиш;

идоравий бўйсунишидан ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, давлат, кооператив, ижара, акционерлик, қўшма ҳамда бошқа корхоналар ва ташкилотларда сифатни давлат томонидан баҳолаш, назорат қилиш, бундан мақсад одамларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсиз бўлиши, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, маҳсулотнинг мослиги ва бир-бирининг ўрнини тўлдириши билан боғлиқ бўлган стандартлар ва техникавий шартларнинг мажбурий талабларига тааллуқли давлат ва истеъмолчиларнинг талабларини ҳимоя қилиш, шунингдек, экспортга чиқариладиган маҳсулот сифатини давлат томонидан назорат қилишдир;

маҳсулотни, биринчи навбатда мажбурий сертификация қилинадиган озиқ-овқат товарлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ҳамда экспортга чиқариладиган маҳсулотни синаш ва сертификациялаш ишларини ташкил этиш;

республика стандартларини ва уларга ўзгартишларни тасдиқлаш, давлат рўйхатига олиш, корхона маҳсулоти (хизматлар)га техникавий шартларни, стандартларни ва уларга ўзгартишларни давлат рўйхатига олиш;

республика халқ хўжалигини меъёрий-техникавий ҳужжатлар билан таъминлаш;

ўлчовларнинг ягоналиги ва ишончлилигини, физик катталиклар бирлиги эталонларини тегишли даражада сақлаш за ривожлантиришни таъминлаш;

давлат метрология назорати;

моддалар ва материалларнинг стандарт намуналарини аттестациядан ўтказиш ишларини ташкил этиш;

ўлчовларнинг намунавий воситаларини ишлаб чиқариш ва юқори даражада аниқ ўлчов техникасини тузатиш;

"Ўздавстандарт" стандартлаш ва метрология марказларини, шунингдек, идоравий метрология хизматларини, синаш марказларини, ўлчов, аналитик, калибрлаш лабораторияларини аккредитациялаш;

стандартлаш, метрология, сертификациялаш соҳасидаги тадқиқотлар;

стандартлаш, метрология, маҳсулотни синаш ва сертификациялашнинг асосий йўналишларини, истиқболли режаларини ва ривожлантиришнинг узоқ муддатли истиқболларини ишлаб чиқиш;

стандартлаш, метрология ва сертификациялаш соҳасида Ҳонунчилик актларини ишлаб чиқиш бўйича таклифлар киритиш;

стандартлаш, метрология, маҳсулот сифатини бошқариш, синаш ва сертификациялаш соҳасидаги ютуқларнинг илмий-техникавий тарғиботи;

маҳсулотни давлат йўли билан назорат қилиш ва сертификациялаш натижаларини таҳлил этиш ҳамда шу асосда маҳсулотнинг сифатини ва рақобатдорлигини ошириш ва сифатни таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

"Ўздавстандарт" ташкилотларининг ишлаб чиқариш базасини ривожлантиришнинг, кенгайтириш, қайта қуриш ва техника билан қайта қуроллантириш ва капитал қурилишнинг умумий вазифаларини ҳал этиш учун инвестиция соҳасидаги ягона стратегияни рўёбга чиқариш;

стандартлаш, метрология ва сертификациялаш соҳасида чет эл фирмалари билан ташқи иқтисодий алоқаларнинг ва илмий-техникавий ҳамкорликнинг янги шаклларини ривожлантириш;

стандартлаш, метрология, сифатни бошқариш, маҳсулотни синаш ва сертификациялаш соҳасида илмий ва муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш;

стандартлар ва давлат метрология назорати (давлат назоратининг автоматлаштирилган бошқарув тизими) устидан давлат назоратининг автоматлаштирилган тизимини яратиш;

вазирликлар, идоралар, уюшмалар, концернлар, корхоналар, ташкилотлар, кооперативларнинг стандартлаш, метрология, маҳсулотни синаш ва сертификациялаш соҳасидаги фаолиятига методик раҳбарлик қилиш ва уни мувофиқлаштириш;

параллелизмга ва текширишларнинг бир-бирини такрорлашига йўл қўймаслик мақсадида стандартлар ва давлат метрология назорати устидан давлат назоратини амалга ошираётганда қонунчиликка риоя қилиш масалалари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари билан биргаликда ҳаракат қилиш.

Ўзбекистон давлат стандаpтлаш, метpология ва сеpтификациялаш маpказининг pухсати билан текшиpиш учун аниқ топшиpиқни кўpсатган ҳолда "Ўздавстандаpт" ташкилотлаpи томонидан савдо ва хизматлаp кўpсатиш коpхоналаpида, улаp қайси идоpага бўйсунишлаpи ва мулкчилик шакллаpидан қатъи назаp, текшиpишлаp ўтказиш.


III. "ЎЗДАВСТАНДАРТ"НИНГ ФАОЛИЯТИ


8. "Ўздавстандарт" ўзининг ишлаб чиқариш-хўжалик, молиявий фаолиятини ва ривожланиш истиқболини белгилашни "Ўздавстандарт" ташкилотлари томонидан мустақил равишда ишлаб чиқиладиган йиллик ва узоқ муддатли иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш режалари, давлат буюртмалари ҳамда "Ўздавстандарт" томонидан ишлаб чиқиладиган биргаликдаги фаолият дастурлари асосида амалга оширади.


9. "Ўздавстандарт" ўз фаолиятида бевосита вазирликлар, идоралар, концернлар, уюшмалар, Ўзбекистон Республикаси давлат бошқарувининг бошқа органлари билан биргаликда ўзаро алоқадорликда иш олиб боради.

"Ўздавстандарт" фаолиятига Вазирлар Маҳкамаси раҳбарлик қилади.


10. "Ўздавстандарт" раҳбарияти ўз тасарруфидаги ташкилотларнинг ҳуқуқларини Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларига мувофиқ ҳолда ҳимоя қилишни таъминлайди, давлат ҳокимияти ва бошқарувининг марказий, маҳаллий органларида уларнинг манфаатларини ҳимоя қилади, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик актларига зид бўлмаган бошқа функцияларни бажаради.


11. "Ўздавстандарт" ўз номидан шартномалар тузиши, банк кредитидан фойдаланиши, хорижий банкларнинг тижорат кредитларини жалб этиши, қонунда рухсат этилган ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириши мумкин. Шунингдек, у ўз ҳуқуқлари доирасида ҳам республикада, ҳам унинг ташқарисида ватанимиздаги ва хорижий бирлашмалар, корхоналар, фирмалар билан, шунингдек, алоҳида фуқаролар билан ҳар қандай битимлар (ташқи савдо, кредит, вексель битишувлари) ва бошқа юридик актлар тузиши, қимматдор қоғозлар бозорида қатнашиши, Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда қўшма корхоналар, шу жумладан, мамлакатимиздаги ва чет эллардаги хорижий фирмалар, кичик корхоналар (фирмалар, марказлар) барпо этиши, бошқа корхоналар (ташкилотлар) билан муносабатларда ўз тасарруфидаги ташкилотларнинг манфаатларини ҳимоя қилиши мумкин.



IV. "ЎЗДАВСТАНДАРТ"НИНГ ҲУҚУҚ ВА БУРЧЛАРИ


12. "Ўздавстандарт"га қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

тегишли вазирликлар, идоралар, уюшмалар, концернлар, корхоналар, ташкилотлар, илмий-техника жамиятлари, матлубот жамиятлари билан келишган ҳолда мутахассисларни стандартлаш, метрология маҳсулотни синаш ва сертификациялашга жалб этиш;

республика вазирликлари, идоралари, уюшмалари, концернлари, корхоналари, ташкилотлари, илмий-техника жамиятлари, матлубот жамиятларидан "Ўздавстандарт" зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган материалларни олиш;

вазирликлар, идоралар, уюшмалар, концернларнинг масъул ходимларидан, корхоналар ва ташкилотларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган хорижий шериклар билан биргаликда очилган қўшма корхоналар ва ташкилотлар раҳбарларининг стандартлаш, метрология, маҳсулотни синаш ва сертификациялаш масалалари бўйича ахборотларини тинглаб бориш;

республика халқ хўжалиги учун муҳим аҳамиятга эга бўлган стандартлаш бўйича техника қўмиталари, стандартлаш, метрология, маҳсулотни синаш ва сертификациялаш муаммоларини кўриб чиқувчи муваққат илмий-техника комиссияларини тузиш;

стандартлар, техникавий шартлар ва метрология қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги Низом ишлаб чиқилгунга қадар корхоналарга ва ташкилотларга нисбатан стандартларни, техникавий шартларни ва метрология қоидаларини бузганлик учун собиқ СССРнинг бошқарув органлари томонидан тасдиқланган санкцияларни қўлланиш юзасидан амалдаги ҳуқуқий нормаларга мувофиқ, давлат назорати натижалари бўйича ҳуқуқий чоралар ва иқтисодий санкцияларни қўлланиш;

маҳсулотнинг техникавий даражасини ва сифатини таъминламайдиган ҳамда истеъмолчиларнинг талабларига ва амалдаги қонунчиликка зид бўлган меъёрий-техника ҳужжатларининг амал қилиш муддатини бекор қилиш, чеклаш ёки қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги қарорларни бажариш юзасидан мажбурий қарорлар қабул қилиш.



V. "ЎЗДАВСТАНДАРТ"НИНГ МУЛКИ ВА МАБЛАҒЛАРИ


13. "Ўздавстандарт" заҳира (суғурта) фондини тузади. Унинг маблағларидан "Ўздавстандарт" Кенгашининг қарорига мувофиқ ўз тасарруфидаги ташкилотларга фоиз олинмайдиган ёки имтиёзли кредит шаклида молиявий ёрдам кўрсатиш учун фойдаланилади.


14. "Ўздавстандарт" мулкини қуйидаги манбалардан ҳосил бўлган маблағлар ташкил этади:

тасарруфидаги ташкилотларнинг илмий-техника, ишлаб чиқариш ва ижтимоий ривожлантиришнинг муаммолари ва дастурларини маблағ билан таъминлаш учун мақсадли бадаллари;

тасарруфидаги ташкилотларнинг заҳира (суғурта) фондини ташкил қилиш учун мақсадли бадаллари. Фонднинг фойдаланилмаган қолдиқлари келгуси йилга ўтказилади ва олиб қўйилмайди;

валюта фонди;

банк кредитлари;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ажратиладиган бюджет маблағлари;

ўзининг молия-хўжалик фаолиятидан тушадиган даромадлар;

қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар.


15. Ташкилотларнинг мақсадли бадаллари ва тўловларининг миқдори, улардан фойдаланиш тартиби "Ўздавстандарт" Кенгаши томонидан белгиланади.


16. "Ўздавстандарт" ўзига қарашли мулк ва воситалардан ўз тасарруфидаги ташкилотлар манфаатлари учун фойдаланади, ҳам республикада, ҳам ундан ташқарида ҳар қандай ҳаракатдаги ва кўчмас мулкни қуриши ва таъмирлаши, сотиб олиши, ажратиб олиши, ижарага олиши ва топшириши, қонунга зид келмайдиган бошқа ишларни амалга ошириши мумкин.


17. "Ўздавстандарт"нинг мулки мустақил балансда акс этади.


18. Тасарруфдаги ташкилотларнинг молия-хўжалик фаолияти икки йилда камида бир марта тафтиш қилинади.



VI. "ЎЗДАВСТАНДАРТ"НИ БОШҚАРИШ


19. "Ўздавстандарт"га Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва озод этиладиган бош директор бошчилик қилади.

Бош директор ўринбосарлари, Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда, "Ўздавстандарт"нинг бош директори томонидан лавозимга тайинланадилар ва озод этиладилар.

Бош директор ва унинг ўринбосарлари зиммасига айни бир вақтда лавозими бўйича Ўзбекистон Республикасининг стандартлар ва ўлчов воситаларини назорат қилиш бўйича бош давлат инспектори ва унинг ўринбосарлари вазифаси ҳам юклатилади.

"Ўздавстандарт"нинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва шаҳарлардаги стандартлаш, метрология ва сертификациялаш минтақа марказларининг директорлари ўз лавозимига кўра айни бир вақтда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, шаҳар стандартлар ва ўлчов воситаларини назорат қилиш бўйича бош давлат инспекторлари, уларнинг ўринбосарлари эса Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ва шаҳар стандартлар ва ўлчов воситаларини назорат қилиш бўйича бош давлат инспекторининг ўринбосарлари ҳисобланадилар.

Стандартлар ва ўлчов воситаларини давлат йўли билан назорат қилиб бориш топширилган "Ўздавстандарт"нинг бўлим бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари, бош мутахассислари, мансабдор шахслари ўз лавозимига кўра айни бир вақтда стандартлар за ўлчов воситаларини назорат қилиш бўйича давлат инспекторлари ҳисобланадилар.

Стандартлар ва ўлчов воситаларини давлат йўли билан назорат қилувчи мансабдор шахслар давлат назоратчиси ёки "Ўздавстандарт" томонидан белгиланган тартибда давлат текширувчиси сифатида аттестациядан ўтказилиши керак.


20. Бош дирекциянинг бурчи қуйидагилардан иборатдир:

"Ўздавстандарт" вазифаларига мувофиқ ишлаб чиқариш-хўжалик ва бошқа фаолиятга раҳбарлик қилиш;

тасарруфдаги ташкилотлар билан биргаликда иқтисодий ва ижтимоий ривожланишнинг, фан-техника тараққиётининг, кадрлар сиёсатининг жорий ва истиқболли режаларини ишлаб чиқиш ва белгилаш;

Вазирлар Маҳкамасига ва давлат бошқарувининг тегишли органларига "Ўздавстандарт"нинг фаолияти ҳақида белгиланган тартибда ҳисоботлар ва ахборот тақдим этиш;

манфаатдор ташкилотларни жалб этган ҳолда, республика вазирликлари, идоралари, уюшмалари, концернлари, корхоналари, ташкилотлари ва фуқароларининг "Ўздавстандарт" фаолияти ҳамда стандартлар ва метрология қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича шикоятлар ва даъволарини кўриб чиқиш.


21. Тасарруфдаги корхоналар ва ташкилотларнинг раҳбарлари бош директор томонидан шартнома асосида лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


22. "Ўздавстандарт"нинг бош директори ҳузурида маслаҳат органи - Кенгаш тузилади. Унинг вазифаси маҳсулотни стандартлаш, метрология, синаш ва сертификациялашни ривожлантиришнинг энг муҳим муаммоларини кўриб чиқиш ва улар юзасидан қарорлар қабул қилишдир.

Кенгаш қарори оддий, кўпчилик овоз бериш йўли билан қабул қилинади ва қарорлар билан расмийлаштирилади.

Кенгаш иши "Ўздавстандарт" раҳбарияти томонидан тасдиқланган Кенгаш ҳақидаги Низом асосида амалга оширилади.



VII. ҲИСОБОТ ВА НАЗОРАТ


23. "Ўздавстандарт" ўз тасарруфидаги ташкилотлардан "Ўздавстандарт" функцияларини амалга ошириш учун зарур бўлган фаолият ҳақида оператив маълумотлар ва даврий ҳисоботлар олади. Тасарруфдаги ташкилотлар белгиланган статистик ва бухгалтерия ҳисоботини тақдим этадилар.


24. "Ўздавстандарт" белгиланган тартибда оператив бухгалтерия ва статистик ҳисоб олиб боради, Вазирлар Маҳкамасига ва тегишли органларга ишлаб чиқариш-хўжалик фаолиятининг барча турлари бўйича тасдиқланган форма бўйича ва белгиланган муддатларда ҳисобот тузади ва топширади, ҳисоботлар ва балансларнинг ишончлилигини таъминлайди.

"Ўздавстандарт" амалдаги қонунчиликка қаттиқ риоя этилишини таъминлайди.



VIII. "ЎЗДАВСТАНДАРТ"НИ ҚАЙТА

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ


25. "Ўздавстандарт"ни қайта ташкил этиш ва тугатиш, белгиланган тартибда, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан амалга оширилади.