Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 02.06.2010 й. 105-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2010 йил 2 июндаги

105-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Монополиядан

чиқариш ва рақобатни ривожлантириш

давлат қўмитаси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси монополияга қарши сиёсатни, рақобатни ривожлантиришни, табиий монополиялар фаолиятини тартибга солишни, иқтисодий ночор корхоналарни таркибий ўзгартиришни, истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини, шунингдек реклама фаолиятини назорат қилишни амалга оширувчи давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.


2. Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.


3. Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси тизимига Қорақалпоғистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш ҳудудий бошқармалари (кейинги ўринларда ҳудудий органлар деб аталади), Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Монополияга қарши сиёсатни такомиллаштириш маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) киради.


4. Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ўз фаолиятини давлат ва хўжалик бошқаруви бошқа органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


5. Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий органларини сақлаш, уларнинг моддий-техника таъминоти, кадрлари малакасини ошириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш:

давлат бюджети маблағлари;

бюджетдан ташқари жамғарма маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


6. Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, унинг ҳудудий органлари юридик шахслар ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, Ғазначилик бўлинмаларида ҳисоб рақамларига эга бўлади.



II. МОНОПОЛИЯДАН ЧИҚАРИШ ВА РАҚОБАТНИ

РИВОЖЛАНТИРИШ ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари ҳисобланади:

монополияга қарши самарали сиёсатни амалга ошириш, рақобат тўғрисида ва табиий монополиялар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш;

республикада рақобат муҳитини ривожлантириш учун ҳуқуқий майдонни янада такомиллаштириш, товар ёки молия бозорларида, биринчи навбатда, ички истеъмол бозорида ва реклама соҳасида ноҳалол рақобатнинг олдини олиш, давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик, жамоат тузилмалари билан узвий мувофиқлаштирган ҳолда истеъмолчиларнинг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш;

иқтисодий ночор корхоналарнинг молиявий-иқтисодий аҳволини ва рақобатбардошлилигини чуқур таҳлил қилиш, хўжалик юритувчи субъектларни таркибий ўзгартириш ва уларнинг банкротлиги бўйича функцияларни амалга ошириш, таркибий ўзгартириш, санация ва банкротлик масалаларини кўриб чиқишда давлат манфаатларини ифодалаш.


8. Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) монополиядан чиқариш ва монополияга қарши, шу жумладан, табиий монополиялар тармоқларини тартибга солиш ҳамда рақобат муҳитини ривожлантириш соҳасида:


товар ёки молия бозорида устунлик мавқеини эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳамда табиий монополиялар субъектларининг давлат реестрларини шакллантиради ва юритади;

хўжалик юритувчи субъектларни, шу жумладан табиий монополиялар субъектларини ташкил этиш, таркибий ўзгартириш ва тугатишда, шунингдек хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялар (улушлар)ни сотиб олишда рақобат, табиий монополиялар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини назорат қилади;

товар ёки молия бозорини ўрганадилар ва хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг у ердаги устунлик мавқеи мавжудлигини аниқлайди, рақобатга қарши хатти-ҳаракатларнинг ва нархлар асоссиз ўсишининг олдини олади;

табиий монополияларнинг маҳсулотлари ва хизматларига нархлар ва тарифларни таҳлил қилади, табиий монополиялар субъектларининг маҳсулотлари ва улар кўрсатадиган хизматлар нархларининг асоссиз равишда ошириб юборилиши ва сифати пасайтирилишидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади;

тартибга солиб бориладиган нархлар (тарифлар)га ва товарлар (ишлар, хизматлар) нархларига риоя этилишини назорат қилади;

товар ва молия бозорларида устунлик мавқеини эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда табиий монополиялар субъектлари фаолиятини давлат томонидан самарали тартибга солиш ва назорат қилишни таъминлашга, рақобат муҳитини ривожлантиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳамда методологик базани ишлаб чиқади ва такомиллаштиради;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш республика, тармоқ ва минтақавий дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қатнашади;

монополияга қарши сиёсатни янада такомиллаштириш, рақобатни ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади, уларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига юборади;

ўз ваколатлари доирасида хўжалик юритувчи субъектларни ноҳалол рақобатчилардан ҳамда давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳамда рақобат, банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузаётган мансабдор шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан ҳимоя қилади;

ўз ваколатлари доирасида давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда монополист корхоналар томонидан хўжалик юритувчи субъектларнинг товар ёки молия бозорларига киришини таъминлаш мақсадида қабул қилинган қонунчилик ва бошқа ҳужжатларнинг бажарилишини назорат қилади;

маҳсулотларнинг монопол турларини биржа савдоларига қўйиш тўғрисида белгиланган тартибда қарорлар қабул қилади;

марказлаштирилган манбалар ва Ҳукумат кафолати остидаги кредитлар ҳисобига товарлар (ишлар, хизматлар)ни харид қилиш ва қурилиш ишларини бажаришга танлов савдолари ўтказишда қатнашади;

шу жумладан танлов (тендер) ва биржа савдолари ўтказилишида рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назорат қилади;

рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган хўжалик юритувчи субъектлар, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари реестрини юритади ва эълон қилади;

ўз ваколатлари доирасида рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича тушунтиришлар беради.

б) истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида:

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат қилади;

белгиланган тартибда истеъмол товарларига нархлар ва хизматларга тарифлар мониторингини юритади, бозорда сифатсиз истеъмол товарлари ва хизматлар пайдо бўлишининг олдини олиш чора-тадбирларини кўради;

жамоат тузилмалари билан биргаликда истеъмолчилар ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоя қилинишини, шунингдек аҳолининг истеъмол маданиятини ошириш бўйича маърифий ишларни амалга оширади;

реклама соҳасида ноҳалол рақобатга йўл қўймаслик мақсадида реклама бозорини тартибга солиш ва ҳаққоний бўлмаган рекламага йўл қўймаслик чора-тадбирларини кўради;

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида норматив-ҳуқуқий ва методологик базани такомиллаштиради;

юридик ва жисмоний шахсларнинг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама масалалари бўйича мурожаатларини белгиланган тартибда кўриб чиқади;

истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича расмий тушунтиришлар беради;

бошқа вазирликлар ва идоралар билан биргаликда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ва реклама соҳасида ноҳалол рақобатнинг олдини олишга йўналтирилган тадбирлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини мувофиқлаштиради.

в) иқтисодий ночор корхоналар банкротлиги, уларни таркибий ўзгартириш ва суд бошқарувчилари фаолиятини назорат қилиш борасида давлат томонидан тартибга солишни амалга ошириш соҳасида:

тўловга қодир бўлмаган, зарар кўриб ишлаётган ва иқтисодий ночор корхоналарни аниқлаш мақсадида, маълумотлар базасини яратиш асосида, устав фондида давлат улуши бўлган корхоналарнинг молиявий аҳволи мониторингини олиб боради ва таҳлил қилади;

банкрот корхоналарда тугатиш тартиботларининг бажарилиши юзасидан назоратни ташкил қилади, шунингдек судгача бўлган санация, суд санацияси ва устав фондида давлат улуши бўлган корхоналарнинг ташқи бошқаруви режаларини келишиб олади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси билан биргаликда тўловга қодир бўлмаган, банкротлик белгилари бўлган, устав фондида давлат улуши мавжуд корхоналарни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришда қатнашади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари таклифлари асосида устав фондида давлат улуши бўлган иқтисодий ночор корхоналарнинг банкротлиги, уларни таркибий ўзгартириш ва ихчамлаштириш тартиботларини бошлаш тўғрисида қарор қабул қилади;

мулкчиликнинг барча шаклларидаги иқтисодий ночор корхоналар банкротлиги ёки судгача санация қилиш тартиботларини амалга оширишда кредиторлар манфаатларини ва акциядорлар (пайчилар)нинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлайди;

устав фондида давлат улуши бўлган ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси олдида пул мажбуриятлари бўйича қарзи бўлган корхоналарни судгача санация қилиш тўғрисида белгиланган тартибда қарор қабул қилади;

таркибий ўзгартирилиши керак бўлган иқтисодий ночор, зарар кўриб ишлаётган ва паст рентабелли корхоналарнинг, шунингдек уларга нисбатан банкротлик тартиботлари қўлланган корхоналарнинг қурилиши тугалланмаган объектларини ҳамда асосий фондларини консервация қилиш ва сотиш масалаларини кўриб чиқади ва бу ҳақдаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

суд бошқарувчиларини тайёрлаш тизимини ташкил этади, уларни аттестациядан ўтказади ва суд бошқарувчиларининг ягона реестрини юритади;

суд бошқарувчилари аттестатининг амал қилишини тўхтатиш, вақтинчалик тўхтатиб туриш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

давлат томонидан қўллаб-қувватланаётган корхоналарнинг судгача бўлган санациясини узайтириш ва муддатидан олдин тўхтатиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

зарар кўриб ишлаётган, тўловга қодир бўлмаган ва иқтисодий ночор корхоналарни таркибий ўзгартириш, ихчамлаштириш, молиявий соғломлаштириш ва судгача бўлган санацияни ўтказиш даврида қонун ҳужжатларида белгиланган шаклларда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг зарар кўриб ишлаётган ҳамда иқтисодий ночор корхоналарни таркибий ўзгартириш, ихчамлаштириш ва молиявий соғломлаштириш дастурларининг амалга оширилиши тўғрисидаги ҳисоботларини эшитади;

ташқи бошқарувчиларнинг, шунингдек давлат томонидан қўллаб-қувватланган ёхуд мулкида давлат улуши бўлган санация қилинаётган корхоналар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитади.


9. Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита, шунингдек ҳудудий орган ҳамда Марказ орқали ҳал қилади.



III. МОНОПОЛИЯДАН ЧИҚАРИШ ВА РАҚОБАТНИ

РИВОЖЛАНТИРИШ ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


10. Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан, хўжалик юритувчи субъектлардан, шу жумладан, тижорат банкларидан товар ва молия бозорлари монополлашуви даражасини таҳлил қилиш учун зарур бўлган ахборотларни, шунингдек корхоналарнинг иқтисодий ночорлиги тўғрисидаги маълумотларни сўраш ва белгиланган тартибда бепул олиш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси билан биргаликда табиий монополиялар субъектлари ва монополист корхоналар фаолиятини тақдим этилган ҳисоб-китобларнинг, декларация қилинаётган нархлар шакллантирилишининг асосланганлиги юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текшириш;

лицензиялашни жорий этиш ёки бекор қилиш, божхона тарифларини ўзгартириш, квоталарни жорий этиш ёки бекор қилиш тўғрисидаги, шунингдек солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича имтиёзлар бериш ёхуд уларни бекор қилиш, имтиёзли кредитлар ва давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг бошқа турлари тўғрисидаги таклифларни тегишли давлат органларига киритиш;

ўз ваколатлари доирасида рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қўлланилиши масалалари бўйича тушунтиришлар бериш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рақобат, табиий монополиялар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, реклама ва банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишини аниқлаш, улар бўйича иш қўзғаш ва кўриб чиқиш;

рақобат, табиий монополиялар, банкротлик, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ва (ёки) уларнинг оқибатларини тугатиш, дастлабки ҳолатни қайта тиклаш ҳақидаги бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмаларни ижро этиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хўжалик субъектларига, давлат бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, шунингдек уларнинг мансабдор шахсларига бериш, шунингдек берилган кўрсатмалар бажарилишини назорат қилиш;

рақобат, табиий монополиялар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун хўжалик юритувчи субъектлар, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, уларнинг мансабдор шахсларини ва бошқа жисмоний шахсларни тегишли жавобгарликка тортиш;

монопол корхоналарга, банкротлик белгиларига эга бўлган корхоналарга уларни ихчамлаштириш ва таркибий ўзгартириш тўғрисида кўрсатмалар бериш, шунингдек, зарурат бўлганда, суд қарорига кўра бундай кўрсатмаларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мажбурий бажарилишини амалга ошириш;

рақобат, табиий монополиялар, банкротлик, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қўлланилиши ва бузилиши билан боғлиқ ишлар юзасидан судга даъво ва ариза билан мурожаат қилиш, шунингдек бундай ишларни судда кўриб чиқишда қатнашиш;

маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни ўзига берилган ваколатлар доирасида белгиланган тартибда кўриб чиқиш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда хўжалик юритувчи субъектларга ва уларнинг мансабдор шахсларига, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мансабдор шахсларига жарималар солиш;

рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши, шу жумладан хўжалик юритувчи субъектлардан рақобатга қарши хатти-ҳаракатлар натижасида асоссиз олинган даромад (фойда)ни олиб қўйиш ва (ёки) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда истеъмолчиларга қайтариш тўғрисидаги иш бўйича ва жарима солиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

агар маблағларни ундириш тўғрисидаги қарорнинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда бажарилиши хўжалик юритувчи субъектни банкротликка олиб келиши мумкин бўлса, хўжалик юритувчи субъектга унинг аризасига кўра, ҳайъат қарори асосида суммани бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва уларнинг бирлашмалари томонидан рақобат, табиий монополиялар, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текшириш ва унинг мониторингини олиб бориш;

рақобат, табиий монополиялар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, реклама ва банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши билан боғлиқ жиноятлар белгилари бўйича жиноий иш қўзғаш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун материалларни тегишли органларга юбориш;

истеъмолчиларнинг уларнинг истеъмол ҳуқуқлари камситилиши тўғрисидаги аризалари ва шикоятлари бўйича Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш республика кенгаши билан келишган ҳолда ушбу ҳуқуқларни бузган корхоналар ва ташкилотларни текшириш (уларнинг молия-хўжалик фаолиятидан ташқари);

зарар кўриб ишлаётган ва иқтисодий ночор корхоналарни таркибий ўзгартириш, ихчамлаштириш ва молиявий соғломлаштириш дастурларини шакллантиришда қатнашиш, шунингдек уларнинг амалга оширилиши мониторингини олиб бориш;

давлат томонидан қўллаб-қувватланган тақдирда устав фондида давлат улуши бўлган корхоналар томонидан суддан олдинги санация чора-тадбирлари амалга оширилишини ва банкротлик тартиботларининг боришини назорат қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига таркибий ўзгартириш ва санация амалга оширилаётган ижтимоий инфратузилма объектларини, шунингдек корхоналарнинг умумий фойдаланиладиган ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва уларнинг функционал тегишлилигига кўра тегишли хўжалик бирлашмалари балансига бериш тўғрисида таклифлар киритиш;

устав фондида давлат улуши бўлган ва (ёки) пул мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикаси олдида қарзи бўлган корхоналарнинг банкротлиги тўғрисида иш қўзғаш ҳақида хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиш;

банкротлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш даврида ташқи бошқарувни жорий этиш, ташқи бошқарув муддатини узайтириш ёки қисқартириш, шунингдек ташқи бошқарувчини ўз ваколатларини бажаришдан озод қилиш тўғрисида хўжалик судига илтимоснома киритиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ суд бошқарувчилари фаолиятини назорат қилиш, суд бошқарувчиси фаолиятида қонун ҳужжатлари мунтазам равишда ёки бир марта қўпол равишда бузилганлиги аниқланган тақдирда уни ўз вазифасини бажаришдан озод қилиш тўғрисида хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиш ва суд бошқарувчиларига берилган аттестатларнинг амал қилишини белгиланган тартибда тўхтатиб туриш ва тўхтатиш;

устав фондида давлат улуши бўлган ва хўжалик суди томонидан банкрот деб эълон қилинган корхоналарни тугатиш ишларида қатнашиш;

бюджетдан ташқари жамғарма маблағларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасарруф этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун бажарилиши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ваколатлари доирасида ва белгиланган тартибда тасдиқлаш;

зарур ҳолларда, давлат ва хўжалик бошқаруви бошқа органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда қўшма қарорлар, буйруқлар ва бошқа ҳужжатлар чиқариш, шунингдек хулосалар олиш учун бошқа органлар мутахассисларини жалб этиш.

Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

11. Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан мансабдор шахсларга ва фуқароларга рақобат, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, реклама тўғрисидаги, шунингдек банкротлик тўғрисидаги ишларга оид қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун жарималар солиш Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қатъий мувофиқ равишда амалга оширилади.

12. Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига жарима санкцияларини қўллаш бўйича берилган ҳуқуқлар ва ваколатлар фақат Қўмитанинг марказий аппаратида ҳамда ҳудудий органларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этиладиган махсус комиссиялар қарорлари асосида амалга оширилади.


13. Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси табиий монополиялар субъектлари ҳамда монополист корхоналар маҳсулотлари ва хизматларига нарх белгилаш масалаларини таҳлил қилиш ва ўрганиш бўйича ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Нарх белгилаш йиғма бошқармаси билан мувофиқлаштириб боради.


14. Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибга қатъий мувофиқ равишда самарали бажарилиши учун жавоб беради.



IV. МОНОПОЛИЯДАН ЧИҚАРИШ ВА РАҚОБАТНИ

РИВОЖЛАНТИРИШ ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


15. Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тасдиқланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган раис бошчилик қилади.

Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган икки нафар ўринбосари, шу жумладан, бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.


16. Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси:

Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ҳамда Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

зарурат бўлганда, Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг марказий аппарати тузилмасига белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритади, ходимларнинг умумий белгиланган сони доирасида марказий аппарат ва ҳудудий органлар штат жадвалини, шунингдек Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг марказий аппарати ва идоравий мансуб органлар харажатлари сметасини тасдиқлайди;

Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси марказий аппарати ходимларини ва унинг ҳудудий органлари раҳбарларини, шунингдек Марказ директорини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни белгиланган тартибда тасдиқлайди;

ҳудудий органларнинг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари бузилган ҳолда қабул қилинган қарорлари (ёзма кўрсатмалари)ни бекор қилади.

Раис қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.


17. Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасида раис (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари (лавозимига кўра), шунингдек Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинмалар раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъат аъзоларининг сони ва шахсий таркиби Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат қуйидагилар билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади:

Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятининг монополияга қарши тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш, рақобат муҳитини изчил ривожлантириш, табиий монополиялар субъектлари устидан назоратни кучайтириш ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан нархларнинг асоссиз оширилишига йўл қўймаслик, банкротлик соҳасида давлат томонидан тартибга солиш, иқтисодий ночор корхоналарни таркибий қайта ўзгартириш ҳамда суд бошқарувчилари фаолиятини самарали назорат қилишни таъминлаш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бўйича ушбу Низомда белгиланган асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ижро интизомини мустаҳкамлаш, уларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш юзасидан Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбарлари ва ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш.

Ҳайъат Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ваколатига тегишли бўлган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

Ҳайъат мажлисларига Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ваколатига кирадиган масалалар бўйича бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.

Ҳайъат унинг мажлисида таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқиладиган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Ҳайъат қарорлари Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси қарорлари ва раиснинг буйруқлари билан амалга оширилади. Раис ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар келиб чиққан тақдирда раис юзага келган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикрини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига маълум қилишлари мумкин.

Ҳайъат фаолияти тартиби унинг ҳайъат тасдиқлайдиган регламентида белгиланади.


18. Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари эксперт кенгашлари ва бошқа маслаҳат органлари ташкил этишга ҳақлидир, улар тўғрисидаги низомлар тегишли равишда Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ва ҳудудий орган раҳбари томонидан тасдиқланади.


19. Ҳудудий органлар ўз фаолиятини Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси томонидан тасдиқланадиган ўзлари тўғрисидаги низомларга асосан амалга оширади.


20. Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш ҳудудий органлари раҳбарлари тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан келишган ҳолда, Ҳайъат қарори асосида, белгиланган тартибда Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

Ҳудудий органлар раҳбарларининг ўринбосарлари ва бош бухгалтерлари Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси билан келишган ҳолда ҳудудий орган раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.


21. Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси марказий аппарати ҳамда унинг ҳудудий органлари ходимларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 12 апрелдаги 147-сон қарорига 3 ва 9-иловаларда назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш шарт-шароитлари татбиқ этилади.


22. Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасида белгиланган тартибда бюджетдан ташқари фонд ташкил этилади, унинг маблағлари Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашга, уларни моддий рағбатлантиришга, кадрлар малакасини ошириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашга ҳамда моддий-техника таъминотига йўналтирилади.


23. Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 23-сон, 182-модда.