Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастурида назарда тутилган капитал қурилишни маблағ билан таъминлаш ва кредитлаш Тартиби (ЎзР ВМ 13.09.1999 й. 420-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1999 йил 13 сентябрдаги

420-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастурида

назарда тутилган капитал қурилишни

маблағ билан таъминлаш ва кредитлаш

ТАРТИБИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Тартиб "Инвестиция фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастурида назарда тутилган капитал қурилишни маблағ билан таъминлаш ва кредитлаш жараёнини тартибга солади.


2. Тасдиқланган давлат инвестиция дастурига мувофиқ маблағ билан таъминланадиган ва кредитланадиган объектларнинг аниқ рўйхати (бундан кейин қурилишларнинг аниқ рўйхати деб аталади) шакллантирилади.


3. Инвестиция дастурида назарда тутилган капитал қўйилмалар доирасида инвестиция лойиҳаларини маблағ билан таъминлаш ва кредитлаш буюртмачилар (инвесторлар, инвесторлар томонидан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ваколати берилган бошқа жисмоний ва юридик шахслар - кейинги ўринларда "буюртмачи" деб аталади) томонидан тасдиқланган ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги белгилаган тартибда келишилган қурилишларнинг аниқ рўйхатига мувофиқ амалга оширилади.


II. МАРКАЗЛАШТИРИЛГАН КАПИТАЛ ҚЎЙИЛМАЛАР

ҲИСОБИГА МАБЛАҒ БИЛАН ТАЪМИНЛАНАДИГАН

ҚУРИЛИШЛАРНИНГ АНИҚ РЎЙХАТЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ


4. Инвестиция дастурида назарда тутилган Марказлаштирилган капитал қўйилмалар лимитлари доирасида қурилишларнинг аниқ рўйхатини шакллантириш буюртмачи томонидан амалга оширилади.


5. Буюртмачи инвестиция дастури тасдиқлангандан кейин бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига қурилишларнинг аниқ рўйхатларини келишиш учун тақдим этади.

6. Қурилишларнинг аниқ рўйхатларига биринчи навбатда кейинги йилга ўтувчи объектлар, шу жумладан бажарилган ишлар учун исботланган кредиторлик қарзлар мавжуд бўлган объектлар киритилади.


7. Аниқ рўйхатларга янгидан бошланадиган объектларни киритишга, агар кейинги йилга ўтувчи қурилишлар ва объектлар, шу жумладан шунга ўхшаш қувватлар яратиладиган қурилишлар ва объектлар, капитал қўйилмаларнинг зарур ҳажмлари билан таъминланган тақдирдагина йўл қўйилади.


8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Молия вазирлиги иштирокида буюртмачилар томонидан тақдим этилган янгидан бошланадиган қурилишлар бўйича аниқ рўйхатларни уларга розилик бериш юзасидан қарор қабул қилиш учун кўриб чиқади.

9. Кейинги йилга ўтувчи объектлар бўйича қурилишнинг боришини ва объектларнинг тайёрлик даражасини ҳисобга олган ҳолда Иқтисодиёт вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан келишган ҳолда капитал қўйилмалар ҳажмларига аниқликлар киритилиши мумкин.

10. Белгиланган тартибда тасдиқланган техник-иқтисодий асослаш, лойиҳа-смета ҳужжатлари ва маблағ билан таъминлаш манбалари билан таъминланмаган қурилишларнинг аниқ рўйхатларини тасдиқлашга йўл қўйилмайди.


11. Қурилиш материаллари ва конструкциялар, бутловчи буюмлар, фойдаланиш даврида хом ашё ва материаллар ҳамда бажарилган пудрат ишлари учун эркин муомаладаги валюта харажатлари билан амалга ошириладиган қурилишларнинг аниқ рўйхатлари Пул-кредит сиёсати бўйича республика комиссияси билан келишиб олиниши керак.


12. Янгидан бошланадиган қурилишлар учун ишларни бажарувчиларни ва моддий-техника ресурслари етказиб берувчиларни танлаш буюртмачилар томонидан, қоидага кўра, тендер асосида амалга оширилади.


13. Марказлаштирилган капитал қўйилмалар ажратиладиган буюртмачи улардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши учун жавоб беради.



III. ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ МАБЛАҒЛАРИ ҲИСОБИГА

МАБЛАҒ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ВА КРЕДИТЛАШ


14. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан бюджет маблағлари ажратиш буюртмачи томонидан тасдиқланган иш ҳажмларини бажариш, асбоб-ускуналар, бутловчи материаллар, буюмлар ва конструкциялар етказиб бериш ҳамда маблағ билан таъминлаш жадвалига мувофиқ Иқтисодиёт вазирлиги билан келишилган қурилишларнинг аниқ рўйхатларига биноан амалга оширилади.

Бюджет маблағларига бўлган эҳтиёжни аниқлашда қуйидаги харажатлар ҳисобга олинади:

ўтган йилда бажарилган ишлар ҳажми учун кредиторлик қарзларни тўлаш;

қурилишларнинг аниқ рўйхатларига киритилган объектларда бажариладиган ишлар бўйича жорий йилнинг ҳисобот ойидаги кредиторлик қарзларни тўлаш;

ҳисобот ойи капитал қўйилмалари ҳажмларини ўзлаштириш асосида аниқланган жорий ойда капитал қўйилмаларни кутилаётган ўзлаштиришнинг 40 фоизигача миқдорда аванс тўлаш.

Бунда аванс миқдори харид қилинадиган асбоб-ускуналар, буюртмачи томонидан материаллар етказиб бериш, пудрат ташкилотларга аванс тўлаш, шунингдек ҳар бир аниқ ҳолатда Ҳукуматнинг қарорига кўра республика объектлари қурилишини жадаллаштириш мақсадида республика ташқарисидан маҳсулотлар сотиб олиш учун конвертация қилиш маблағлари миқдорини ҳисобга олган ҳолда аниқлаштирилиши мумкин (тегишли ҳисоб-китоблар билан исботланган тақдирда).


15. Белгиланган тартибда тасдиқланган техник-иқтисодий асослаш, лойиҳа-смета ҳужжатлари, бошқа зарур ҳужжатлар ва маблағ билан таъминлаш манбалари билан таъминланмаган қурилишларнинг аниқ рўйхатлари бўйича маблағ билан таъминлаш бошланишига йўл қўйилмайди.


16. Капитал қўйилмаларни маблағ билан таъминлаш учун буюртмачилар ҳар ойда Молия вазирлигига тўловлар схемаси билан биргаликда маблағ билан таъминлаш ҳисоб-китобини ҳамда марказлаштирилган капитал қўйилмаларни маблағ билан таъминлашга йўналтириладиган ажратилган бюджет маблағларидан фойдаланилиши тўғрисида ҳисоботнинг белгиланган шакли бўйича ахборот ҳам тақдим этадилар.


17. Капитал қўйилмаларни маблағ билан таъминлаш давлат бюджета харажатлари иқтисодий таснифномасига мувофиқ харажат жадвали билан расмийлаштирилади.

Харажат жадвали асосида буюртмачилар маблағ билан таъминловчи банкларга молия органлари томонидан бюджет маблағлари билан қопланган маблағ билан таъминлаш лимитларини етказадилар.


18. Давлат бюджета ҳисобидан маблағ билан таъминлашни расмийлаштириш учун буюртмачилар маблағ билан таъминловчи банкларга:

лойиҳанинг белгиланган тартибда тасдиқланган техник-иқтисодий асосланишини (лойиҳа-смета ҳужжатларини);

Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги билан келишилган янгидан бошланаётган қурилишларнинг йиллар бўйича бўлинган аниқ рўйхатларини, кейинги йилга ўтувчи қурилишларнинг аниқлаштирилган аниқ рўйхатларини;

қурилишнинг барча даври учун бажарилган ишлар учун ҳисоб-китоб шакллари кўрсатилган пудрат шартномалари (контрактлар)ни;

қурилишнинг йиғма смета ҳисоб-китобларини;

лойиҳа ҳужжатлари бўйича "Давархитектқурилиш" қўмитасининг давлат идорадан ташқари экспертизаси ва давлат экология экспертизасининг хулосаларини тақдим этадилар.

Бажарувчилари тендер асосида аниқланадиган объектлар бўйича лойиҳанинг белгиланган тартибда тасдиқланган техник-иқтисодий асосланиши, аниқ рўйхат ва пудрат шартномаси (контракт) тақдим этилади.


19. Буюртмачилар давлат бюджета маблағлари ҳисобига маблағ билан таъминлаш лимитларини қурувчи корхоналарга етказадилар ҳамда уларга ҳар ойда бир йилга тасдиқланган лимитлар доирасида амалда бажарилган ишлар ҳажми учун ажратилган маблағларни ўтказадилар.


20. Сметаларда назарда тутилган асбоб-ускуналарни сотиб олишга контрактлар (шартномалар) бўйича, шунингдек буюртмачи томонидан материаллар етказиб бериш юзасидан импорт операцияларга ҳақ тўлаш улар белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилгандан кейин амалга оширилади.


21. Бюджет маблағларини ўтказиш юзасидан буюртмачиларнинг топшириғини бажаришда банк шифрлар ва суммалар бўйича кўрсаткичларнинг харажат жадвалига мувофиқлигини текширади, лойиҳа-смета ва қурилиш-монтаж ишларига, асосий фондларни сотиб олишга харажатларга ҳақ тўлашнинг йиғма ҳисобини юритади.


22. Қурилаётган объектларни кафолатли ва ўз вақтида маблағ билан таъминлаш мақсадида, бюджетдан маблағ билан таъминланадиган объектлар бўйича маблағлар вақтинча бўлмаган тақдирда, маблағ билан таъминловчи банклар Молия вазирлиги билан келишган ҳолда ва унинг белгиланган тартибда берилган кафолати остида қарз олувчига қисқа муддатли кредитлар бериши мумкин.

Маблағ билан таъминловчи банкка киска муддатли кредитни кредитдан фойдаланилганлиги учун Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган ставка билан бериш тавсия этилади.

Кредит объект бўйича жорий йилга ажратилган маблағ билан таъминлашнинг умумий лимита ҳисобига, кредит бўйича фоизлар эса - қарз олувчининг ўз маблағлари ҳисобига қайтарилади.


23. Буюртмачиларга марказлаштирилган капитал қўйилмаларнинг тасдиқланган лимитларида назарда тутилган қайтариб бериш асосидаги давлат бюджета маблағлари Ўзбекистон Республикасининг гаров ҳақидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган тегишли ҳужжатларни расмийлаштирган ҳолда бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналар, қурилиши тугалланмаган объектлар, моддий бойликлар ва бошқа мол-мулкни гаровга қўйиш шартномаси асосида ваколатли банк томонидан берилади.

Фоизлар миқдори ва уларни ҳисоблаб қўшиш муддатлари, шунингдек, қайтариш асосидаги бюджет маблағлари бўйича асосий қарз ва фоизларни қайтариш тартиби Молия вазирлиги билан буюртмачига маблағларни қайта молиялайдиган ваколатли банк ўртасидаги шартнома билан тартибга солинади.


24. Қоидага кўра, кейинчалик қарз олувчига қайта молиялаган ҳолда бюджет маблағлари ажратиш юзасидан Молия вазирлиги тижорат банки билан тузадиган шартномада қарзни қайтариш жадвалига мувофиқ навбатдаги тўлов суммасини банкнинг вакиллик ҳисобварағидан сўзсиз ўтказиб олиш механизми назарда тутилади.

Қарз олувчининг қарзни қайтариш учун маблағи ва қарзни қайтариш истиқболи мавжуд бўлмаган тақдирда Молия вазирлиги белгиланган тартибда банкротлик тўғрисидаги жараён ташаббускори бўлади.


25. Ҳисоб-китоб операцияларини амалга ошириш ва капитал қўйилмаларни маблағ билан таъминлаш жараёнида маблағ билан таъминловчи банклар марказлаштирилган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини, қурилиш муддатларига, ажратилган маблағларни қайтариш муддатларига риоя қилинишини ва улардан фойдаланганлик учун ҳақ тўланишини назорат қиладилар, бажарилган ишлар ҳажмини назорат тартибида ўлчайдилар. Назорат банклар томонидан маблағ билан таъминловчи томон билан тузилган шартнома асосида банкка воситачилик ҳақи тўланган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Қонун бузилишлар, қўшиб ёзишлар ёки ишлар ҳажмларини бошқача тарзда ошириш ҳоллари аниқланган тақдирда маблағлар белгиланган тартибда олиб қўйилади.

Тижорат банклари томонидан олинган давлат бюджети маблағлари қатъий равишда мақсадли фойдаланилиши керак ва улар депозит счётларга ўтказилиши, банклараро кредитлар бериш учун фойдаланилиши ва бошқа киска муддатли тусдаги операцияларга жалб қилиниши мумкин эмас.

Қурилишнинг давом этиш муддатлари бузилган, маблағлардан мақсадсиз фойдаланилган, капитал қўйилмаларни ўзлаштириш тўғрисидаги ҳисобот маълумотлари ошириб кўрсатилган тақдирда тижорат банклари буюртмачиларга нисбатан, айрим ҳолларда эса пудратчиларга нисбатан ҳам мавжуд қонун ҳужжатлари билан белгиланган кредит билан таъсир кўрсатиш чораларини қўллайдилар.



IV. БОШҚА МАНБАЛАР ҲИСОБИГА

МАБЛАҒ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ВА КРЕДИТЛАШ


26. Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларининг узоқ муддатли кредитлари (шу жумладан, хорижий инвестициялар ва Ҳукумат кафолати остида бериладиган кредитлар) ҳисобига маблағ билан таъминлаш (қайта молиялаш) томонларнинг келишувига кўра кредитлашнинг амадаги қоидалари ва нормаларига мувофиқ амалга оширилади.

Тижорат банклари (ваколатли банклар) кредитлари ҳисобига маблағ билан таъминланадиган қурилишларнинг аниқ рўйхатлари Иқтисодиёт вазирлиги билан келишишдан олдин ушбу банклар билан келишиб олиниши шарт.

Банкларнинг буюртмачилар билан ўзаро муносабатлари кредит шартномалари асосида қурилади. Кредитлаш муддатлилик, ҳақ тўлаш, қайтариш, таъминланиш ва мақсадди фойдаланиш шартларида амалга оширилади.

Ссуда ҳисобварағи бўйича барча операциялар банклар томонидан смета бўйича харажатлар моддаларига риоя қилинган ҳолда объектнинг смета қиймати доирасида шартнома шартларига мувофиқ амалга оширилади.


27. Кредит объектларнинг буюртмачиларига ва пудрат қурилиш ташкилотларига аниқ вазиятдан келиб чиқиб берилади.

Бунда, буюртмачилар кредитни қайтариш таъминланиши учун мол-мулк гарови, учинчи шахсларнинг кафиллиги, банк кафолати, тўланмаган кредит хавфи суғуртаси билан бир қаторда Молия вазирлигининг белгиланган тартибда берилган кафолатини тақдим этишлари мумкин.


28. Маблағ билан таъминлашнинг марказлаштирилган ресурслар билан таъминланиши кечиккан тақдирда тижорат банклари уларнинг ўрнини ўз маблағлари ёки жалб қилинган маблағлар билан вақтинча алмаштириш йўлларини қидириб топишлари мумкин.


29. Буюртмачининг ўз маблағлари ҳисобига маблағ билан таъминлаш тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ ва пудрат шартномаси асосида амалга оширилади.


30. Аралаш инвестициялаш объектлари қурилишини маблағ билан таъминлаш ва кредитлаш объектлар қурилишининг барча даври мобайнида бюджет маблағларини, бошқа марказлаштирилган капитал қўйилмаларни ва ўз маблағларини харажат қилиш нисбатига риоя қилган ҳолда мазкур Тартибга мувофиқ амалга оширилади.



V. КАПИТАЛ ҚУРИЛИШДАГИ ҲИСОБ-КИТОБЛАР


31. Маблағ билан таъминлаш бўйича операцияларни амалга оширувчи банклар буюртмачи томонидан тақдим этилган ҳужжатларни текшириб чиқадилар ва улар қўйиладиган талабларга мувофиқ бўлганда қурилишни маблағ билан таъминлаш ҳисобварақларини очадилар. Қурилишни ҳисоб-китоб ҳисобварақларидан маблағ билан таъминлашга йўл қўйилмайди.


32. Банклар буюртмачилар, пудрат ташкилотлари ва қурилишнинг бошқа қатнашчилари ўртасида бажарилган ишлар, етказиб берилган моддий-техника ресурслари ва кўрсатилган хизматлар учун ҳисоб-китобларни, шунингдек, бошқа ҳисоб-китобларни амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширадилар.

Қурилишнинг барча даврига тузилган контракт (пудрат шартномаси) буюртмачи ва пудрат ташкилоти ўзаро муносабатларини тартибга солувчи асосий ҳужжат ҳисобланади. Буюртмачи билан пудрат ташкилоти ўртасидаги ҳисоб-китоблар контракт (пудрат шартномаси)да назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Тўлов ҳужжатларини ва уларга илова қилинган ёйилмаларни текшириш, шунингдек тўлов банк томонидан 3 кун ичида амалга оширилади. Асосланмаган тўлов ҳужжатлари тақдим этилган ва уларга тузатиш киритиш зарурияти пайдо бўлган тақдирда тўлов барча тузатишлар киритилгандан кейин ва банкка тузатилган ҳужжатлар тақдим этилгач амалга оширилади.

Инвестиция жараёнининг бошқа қатнашчилари томонидан тузилган шартнома (контракт)лар улар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар учун асосий ҳужжат ҳисобланади.


33. Буюртмачилар пудрат ташкилотларининг бажарган ишлари ва бошқа харажатлари учун уларнинг ҳисобварақларига тўғридан-тўғри ҳақ тўлайдилар.

Тўлов шакли қонун ҳужжатларига мувофиқ контрактлар (пудрат шартномалари)да белгиланади.

Бутловчи ташкилотлар ёки маҳсулот етказиб берувчи ташкилотлар билан йиғма конструкциялар, буюмлар ва материаллар учун ҳисоб-китоблар шартнома (контракт)да назарда тутилган тартибда амалга оширилади.