Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастурини шакллантириш Тартиби (ЎзР ВМ 13.09.1999 й. 420-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1999 йил 13 сентябрдаги

420-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси инвестиция

дастурини шакллантириш

ТАРТИБИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Тартиб Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастурини шакллантириш қоидалари ва тартиботини тартибга солади.

Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастури (кейинги ўринларда - Дастур деб аталади) республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогнозларининг таркибий қисми ҳисобланади ва давлат инвестиция сиёсатининг устувор йўналишларини акс зттиради.

2. Ўзбекистон иқтисодиётини барқарор ва тадрижий ривожлантиришга ва иқтисодиётга зарур таркибий ўзгартиришларни, табиий, минерал-хом ашё, молиявий, моддий ва меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминловчи инвестициялар қўйиш асосида унинг жаҳон иқтисодий тизимига кенг интеграциялашувига эришиш Дастурнинг асосий мақсади ҳисобланади.

3. Дастур қуйидагиларни ўз ичига олади:

маблағ билан таъминлаш манбалари бўйича капитал қўйилмалар прогнози;

устувор инвестиция таклифларининг йиғма рўйхати (кейинги ўринларда -Йиғма рўйхат деб аталади);

Инвестиция лойиҳаларининг аниқ дастури (кейинги ўринларда - Аниқ дастур деб аталади).



II. ДАСТУРНИНГ МУВОЗАНАТЛАНГАНЛИГИНИ

ТАЪМИНЛАШ


4. Дастур:

табиий, минерал-хом ашё, молиявий, моддий ва меҳнат ресурсларидан фойдаланишнинг самарадорлигини оширишни;

давлат бюджета ҳамда республиканинг ички ва ташқи қарзлари ҳажмларини ўзаро боғлашни;

маблағ билан таъминлашнинг тасдиқланган манбалари билан объектларни ишга тушириш ва кредитларни узишни, шунингдек, қурилиш индустрияси ва қурилиш материаллари саноати қувватларини мувозанатлашни;

янги корхоналарни иқтисодий ва экологик жиҳатдан асосланган ҳолда жойлаштиришни ҳамда минтақаларни Комплекс ривожлантиришни, табиий бойликлардан, ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш инфратузилмаларидан, меҳнат ресурсларидан янада самаралироқ фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда ишлаб турган корхоналарда қўшимча қувватлар ташкил этишни таъминлашга қаратилган капитал қўйилмалар прогнозини ифодалайди.



III. ДАСТУРНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

ТАРТИБИ ВА МУДДАТЛАРИ


5. Дастурни ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқаришга оид барча ишларни Ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар департаменти мувофиқлаштиради.

6. Дастурни шакллантириш давлат мақсадли дастурлари, иқтисодиётнинг устувор йўналишларини ва алоҳида минтақаларни ривожлантириш бўйича директив қарорлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар ва идоралар, уюшмалар, корпорациялар, компаниялар, мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналар ва ташкилотлар, шу жумладан, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг таклифлари асосида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан Молия вазирлиги ва Марказий банк билан биргаликда амалга оширилади ва олдинги йил декабрь ойининг биринчи ўн кунлигидан кечикмай Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

7 Дастурни ишлаб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳар йили инвестиция таклифларини тайёрлашга оид методик кўрсатмаларни ва уларни тақдим этиш муддатларини манфаатдор вазирликлар ҳамда идораларга, уюшмалар, корпорациялар ва компанияларга, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига, корхоналар ва ташкилотларга етказади.

8. Ишлаб чиқилган Дастур Вазирлар Маҳкамасининг Иш тартибига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.



IV. КАПИТАЛ ҚЎЙИЛМАЛАР ПРОГНОЗИ


9. Капитал қўйилмалар прогнози Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан Молия вазирлиги, Марказий банк, вазирликлар ва идоралар билан биргаликда жорий йил ва прогнозлаштирилаётган йиллар учун ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш қурилишлари бўйича ишлаб чиқилади.

10. Прогноз капитал қўйилмаларнинг қуйидаги манбаларини ҳисобга олиши керак:

а) марказлаштирилган қўйилмалар, улар қуйидагиларни ўз ичига олади:

давлат бюджети ва давлат бюджетдан ташқари фондлар маблағлари;

ташқи қарзлар лимитларидан келиб чиқиб Ҳукумат кафолати остида бериладиган чет эл инвестициялари ва кредитлари;

б) марказлаштирилмаган капитал қўйилмалар, улар қуйидагиларни ўз ичига олади:

корхоналар маблағлари, шу жумладан, қўшма корхоналар, хорижий корхоналар ва хусусий корхоналарнинг маблағлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари маблағлари;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари маблағлари;

банкларнинг, шу жумладан, хорижий банкларнинг тижорат кредитлари;

аҳоли маблағлари.

11. Марказлаштирилган капитал қўйилмалар лимитлари қуйидагилар ҳисобига белгиланади:

Давлат бюджета на давлат бюджетдан ташқари фондлар маблағлари -белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини шакллантириш чоғида ва йиғма, бюджет таркибида тасдиқланади;

Ҳукумат кафолати остида жалб қилинадиган хорижий инвестициялар ва кредитлар - алоҳида устувор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарорларига мувофиқ.

12. Марказлаштирилган капитал қўйилмалар фақат қуйидагиларга ажратилади:

республика иқтисодиётини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича инвестиция лойиҳаларини, давлат мақсадли дастурларини ва давлатлараро битимларни амалга оширишга;

эгасининг номи кўрсатилган уй-жой облигациялари бўйича уй-жой қурилишига;

янги ерларни ўзлаштириш ва суғориладиган ерларни тиклашга, сув хўжалиги қурилиши ва кичик гидроэнергетикани ривожлантиришга;

аҳоли яшайдиган жойларнинг, биринчи навбатда, якка тартибда қўрилган уй-жой мавзеларининг муҳандислик инфратузилмасини ривожлантиришга;

маориф, соғлиқни сақлаш, маданият ва ижтимоий инфратузилманинг бошқа тармоқлари объектлари қурилишига;

давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, давлат илмий муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга;

умумдавлат табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга оширишга ва табиий офатлардан ҳимоя қилиш иншоотлари қурилишига.



V. УСТУВОР ИНВЕСТИЦИЯ

ТАКЛИФЛАРИНИНГ ЙИҒМА РЎЙХАТИ


13. Устувор инвестиция таклифларининг йиғма рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар ва идоралар, уюшмалар, корпорациялар, компаниялар, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар ва ташкилотларнинг таклифларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги ва Хорижий сармоялар бўйича агентлик билан биргаликда тузилади.

14. Қуйидагилар (экология нормалари ва талабларига мувофиқ келиши улар учун мажбурий шартдир) инвестиция таклифларини Дастурга киритиш учун танлаб олишнинг асосий мезони ҳисобланади:

а) ишлаб чиқариш объектлари бўйича:

маҳаллий хом ашё ва минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш кўламини кенгайтириш, уларни рақобатбардош тайёр маҳсулот даражасигача етказиш;

экспорт салоҳиятини ривожлантиришга мўлжалланган рентабелли, юқори технологияли ва ресурсларни тежовчи ишлаб чиқаришларни ташкил этиш;

коммуникациялар, суғориш, ишлаб чиқариш инфратузилмасининг замонавий тизимларини ривожлантириш;

истеъмол бозорини энг зарур товарлар ва хизматлар билан тўлдириш;

б) ноишлаб чиқариш объектлари бўйича:

аҳолининг ижтимоий инфратузилма хизматларига бўлган биринчи навбатдаги эҳтиёжларини қондириш;

ноишлаб чиқариш хизматлари сифатини ва улар билан аҳолини қамраб олиш даражасини ошириш.

Бунда ишлаб чиқариш лойиҳалари бўйича Дастурга киритиш учун:

технология жиҳатидан ўзаро боғланган ёки тармоқлараро аҳамиятга эга бўлган;

тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокида амалга ошириладиган;

қишлоқ жойларда ва ишчи кучи ортиқча бўлган минтақаларда жойлаштириладиган кичик ва ўрта бизнес;

республиканинг экспорт салоҳиятини ривожлантиришни таъминлайдиган таклифлар устувор ҳуқуққа эга бўлади.

15. Йиғма рўйхат мамлакатимиз инвесторларини ва хорижий инвесторларни жалб қилиш учун аниқ устувор йўналишларнинг қисқача баёни ҳисобланади, у оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади ва тегишли каналлар, халқаро ахборотномалар, молия институтлари, INTERNET тармоғи орқали потенциал инвесторларга етказилади.

Йиғма рўйхатга киритилган инвестиция таклифлари:

кейинчалик Инвестиция лойиҳаларининг аниқ дастурига киритиш учун улар инвестиция лойиҳаси жараёнига келгунга қадар шакллантиришнинг барча босқичларида улар устидан доимий мониторинг амалга оширилиши ва инжиниринг жиҳатидан комплекс кузатиб борилиши керак;

Ҳукумат кафолати остидаги хорижий кредит линияларидан фойдаланишнинг устувор ҳуқуқига эга бўлади.

16. Йиғма рўйхатга киритилган инвестиция таклифининг ташаббускори уни амалга оширишда қатнашишдан манфаатдор бўлган хорижий шериклар (потенциал инвесторлар) билан олдиндан эришилган келишув якунлари бўйича "Ўзинвестлойиҳа" компанияси ёки бошқа инжиниринг ташкилоти билан биргаликда ёки мустақил равишда лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланишини ишлаб чиқади, лойиҳа экспертиза қилинади, белгиланган тартибда тасдиқланади.

17. Ҳукумат кафолати остида бериладиган хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобига мўлжалланаётган инвестиция таклифларини амалга ошириш учун потенциал инвесторларни (бош пудратчиларни) жалб қилиш, қоидага кўра, тендер асосида амалга оширилади.



VI. ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАЛАРИНИНГ АНИҚ ДАСТУРИ


18. Инвестиция лойиҳаларининг аниқ дастури (кейинги ўринларда - Аниқ дастур деб аталади) ҳар йили ишлаб чиқилади ва маблағ билан таъминлашнинг асосий манбалари бўйича буюртмачилар ва хорижий шериклар кўрсатилган ҳолда устувор инвестиция лойиҳалари, энг аввало, келгуси йилга ўтувчи инвестиция лойиҳалари рўйхатини, жорий йил учун капитал қўйилмаларни ўзлаштириш прогнозини ифодалайди.

19. Инвестиция лойиҳаларининг аниқ дастури Дастур таркибида тасдиқланади ва унга йил давомида қўшимча инвестиция лойиҳалари киритилишига йўл қўйилмайди, хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳалар бундан мустасно.

20. Аниқ дастурга киритиш учун қуйидагилар мажбурий шартлар ҳисобланади:

белгиланган тартибда тасдиқланган техник-иқтисодий асосланишнинг мавжудлиги;

маблағ билан таъминлаш манбаларининг ва кредитлар шартномада белгиланган муддатларда узилишининг исботланганлиги.

21. Тасдиқланган Аниқ дастурга мувофиқ буюртмачилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан келишилган ҳолда Қурилишларнинг аниқ рўйхати тасдиқланади.


VII. ДАСТУРНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН

ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ


22. Инвестиция дастурига киритилган инвестиция лойиҳаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари маблағ билан таъминлашда кўмаклашиш, солиқ имтиёзлари ва бошқа имтиёзлар бериш, давлат мониторингини ташкил этиш йўли билан амалга оширилади.

23. Маблағ билан таъминлашда кўмаклашиш устувор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шу жумладан, хорижий кредитлар бўйича мажбурий аванс тўловлари ва бошқа тўловларни тўлаш учун қайтариш ёки қайтармаслик асосида бюджет маблағлари ажратиш, шунингдек, хорижий кредитлар учун Ҳукумат кафолатлари бериш йўли билан амалга оширилади.

Амалга оширилиши учун марказлаштирилган капитал қўйилмалар ҳисобига давлат томонидан қўллаб-қувватлаш зарур бўлган устувор инвестиция лойиҳалари Ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар департаментининг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, бошқа вазирликлар ва идоралар билан биргаликда тайёрлаган таклифлари асосида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланади.

Кўриб чиқилаётган йил учун марказлаштирилган молиявий ресурсларнинг прогноз лимитлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги томонидан олдинги йилнинг сентябрь ойидан кечикмай эълон қилинади.

24. Солиқ имтиёзларига ва бошқа имтиёзларга солиқлардан вақтинча озод қилиш, имтиёзли солиқ солиш ва жадаллаштирилган амортизация тартибини белгилаш, божхона имтиёзлари бериш ва бошқалар киради. Ҳар бир лойиҳа ёки умуман дастур бўйича имтиёзлар рўйхати амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.



VIII. ДАСТУРНИНГ АМАЛГА

ОШИРИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


25. Давлат мониторинга Дастурга киритилган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши устидан давлат назоратининг асосий механизми ҳисобланади.

26. Қуйидагилар Дастурга киритилган инвестиция лойиҳалари устидан Давлат мониторингини амалга оширишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

инвестиция лойиҳаларининг ва, биринчи навбатда, марказлаштирилган инвестициялар ҳисобига рўёбга чиқарилаётган инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши, шу жумладан, лойиҳаларнинг белгиланган тартибда тасдиқланган техник-иқтисодий асослашларининг асосий кўрсаткичларига риоя қилинишига оид қисми устидан назоратни таъминлаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, инвестиция жараёни бошқа қатнашчиларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, Дастурда назарда тутилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ масалаларнинг ўз вақтида ҳал қилиниши учун уларнинг жавобгарлигини ошириш;

инвестиция лойиҳаларини тасдиқланган ҳажмлар ва муддатларга қатъий мувофиқ маблағ билан узлуксиз таъминлаш;

хорижий шериклар олдида қабул қилинган мажбуриятларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш;

лойиҳаларни амалга оширишда пайдо бўладиган муаммоли масалаларни кузатиб бориш ва уларнинг тезкорлик билан бартараф этилишини таъминлаш;

инвестиция иқлимини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш.

27. Давлат мониторинги инвестиция лойиҳалари Дастурга киритилган манфаатдор вазирликлар ва идоралар, уюшмалар, корпорациялар, компаниялар, корхоналар ва ташкилотлар, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари томонидан тақдим этиладиган ахборотлар асосида Ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар департаментининг томонидан ташкил этилади.

28. Ахборот тақдим этиш, шунингдек, Давлат мониторингини амалга ошириш тартиби ва муддатлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

29. Инвестиция дастурига киритилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун жавобгарлик лойиҳаларнинг буюртмачилари зиммасига юкланади.