Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни, халқаро бирлашмаларни ва ташкилотларни, шунингдек, уларнинг таркибий бўлинмаларини ташкил этиш ва фаолияти тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 02.03.1995 й. 76-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1995 йил 2 мартдаги

76-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида хорижий инвестициялар

иштирокидаги корхоналарни, халқаро бирлашмаларни

ва ташкилотларни, шунингдек, уларнинг таркибий

бўлинмаларини ташкил этиш ва фаолияти

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. ТАШКИЛ ЭТИШ, ФАОЛИЯТИ ВА

ТУГАТИШНИНГ УМУМИЙ ТАРТИБИ


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари асосида ишлаб чиқилган, у Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни, халқаро бирлашмаларни ва ташкилотларни (бундан кейин корхоналар деб аталади), шунингдек, уларнинг шўъба корхоналарини, филиалларини ва бошқа бўлинмаларини ташкил этиш, тугатиш ҳамда тадбиркорлик ва бошқа бўлинмаларини ташкил этиш, тугатиш ҳамда тадбиркорлик ва бошқа хил фаолиятни амалга ошириши тартибини белгилайди.


2. Корхоналар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра юридик шахслар ҳисобланади. Улар ўз номидан шартномалар тузишлари, мулки ва шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўлишлари ҳамда мажбуриятлар олишлари, судда, хўжалик ва ҳакамлик судида даъвогар ва жавобгар бўлишлари мумкин. Корхона мустақил балансга эга бўлади ва валюта харажатларини тўлиқ ўзини ўзи қоплаш ҳамда ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш асосида ишлайди.


3. Корхоналар Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан тақиқланмаган ва ўз уставларида назарда тутилган мақсадларга жавоб берувчи фаолиятнинг ҳар қандай турларини амалга оширишлари мумкин.

Корхоналар рўйхати Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан белгиланадиган алоҳида фаолият турлари билан фақат махсус рухсатнома асосида шуғулланишлари мумкин.


4. Корхоналар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид бўлмаган ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклда ташкил этилиши мумкин.


5. Корхоналар Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида, тадбиркорлик ва бошқа хил фаолиятни амалга оширишлари мумкин. Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан уларнинг фаолияти тақиқланадиган алоҳида ҳудудлар бундан мустасно.


6. Корхоналар муассис (муассислар) томонидан тасдиқланган таъсис ҳужжатлари асосида фаолият кўрсатади.

Корхоналарнинг таъсис ҳужжатларида корхонанинг номи ва жойлашган ўрни, корхонанинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, фаолиятининг тури, мақсади ва муддати, қатнашчилари (муассислари, таркиби, устав фондининг миқдори ва уни вужудга келтириш тартиби, даромадлар (фойда)ни, дивидендларни тақсимлаш ва зарарларни қоплаш тартиби, қатнашчиларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, бошқарув органлари, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби, қонунчиликка зид бўлмаган бошқа хил шарт-шароитлар белгилаб қўйилади.


7. Корхонанинг фаолият кўрсатиш муддати корхонанинг таъсис ҳужжатларида белгилаб қўйилади.


8. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташкил этиладиган корхоналар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтгандан сўнг юридик шахс ҳуқуқини оладилар. Корхоналар ташкил этилганлиги тўғрисидаги хабарлар матбуотда эълон қилинади.


9. Корхонанинг устав фонди унинг муассислари улушлари ҳисобига ташкил топади. У корхонанинг тадбиркорлик ва бошқа хил фаолиятидан олинган фойда ҳисобига, зарур ҳолларда эса унинг муассисларининг қўшимча улушлари ҳисобига ҳам тўлдирилиши мумкин.


10. Улуш сифатида корхонанинг устав фондига муассислар томонидан қўшилган мулкнинг қиймати Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ баҳоланади, интеллектуал мулкнинг қиймати эса - мустақил эксперт комиссияси томонидан, қонунчилик билан белгиланган тартибда баҳоланади. Корхонанинг хорижий сармоя иштирокидаги устав фонди миқдори 10 минг АҚШ долларидан кам бўлиши мумкин эмас. Улушнинг қиймати Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг корхонани ташкил этиш ҳақидаги шартнома тасдиқланган кундаги курси бўйича сўмларда қайта ҳисобланади. Агар корхонанинг ўзбекистонлик муассиси мулкчиликнинг давлат шаклидаги корхона ёки устав фондида давлат мулки улуши бўлган корхона бўлса, улар томонидан корхонанинг устав фондига бериладиган мулкни бериш ва баҳолаш масалалари Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ёки унинг ҳудудий органлари билан келишиб олинган бўлиши керак.


11. Корхона муассислари томонидан устав фондидаги уларнинг улуши ҳисобига Ўзбекистон Республикасига келтириладиган асбоб-ускуналар, материаллар ва бошқа мулклар божхона божи тўлашдан озод қилинади ва улардан импорт солиғи олинмайди.


12. Корхона мулки ва таваккалчиликларини суғурта қилиш унинг хоҳишига кўра амалга оширилади.


13. Корхоналар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига биноан ўз мулкига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишни ўз фаолиятининг мақсади ва мулкнинг нимага мўлжалланганига қараб амалга оширадилар. Уларнинг мулки маъмурий тартибда реквизиция ва мусодара қилинмайди. Давлат корхонанинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кафолатлайди. Корхона мулкини давлат томонидан олиб қўйишга йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар, шунингдек, табиий офат, авария, эпидемия, эпизоотия ҳоллари бундан мустасно.

Бу ҳақдаги қарор Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинади. Бундай ҳолларда мулк учун кўрилган зарарга тенг миқдорда компенсация тўланади.


14. Корхонага тегишли саноат мулкига эгалик қилиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ, шу жумладан, патентлар шаклида муҳофаза қилинади. Саноат мулкига эгалик қилиш ҳуқуқини бошқа юридик шахсларга ва фуқароларга бериш, шунингдек, ушбу ҳуқуқлардан тижоратда фойдаланиш ва уларни чет элларда ҳимоя қилиш тартиби корхона устави билан белгиланади.


15. Корхоналар ўз мажбуриятлари бўйича ўзларига тегишли бўлган барча мулк ва активлар билан жавоб берадилар.

Ўзбекистон Республикаси уларнинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, корхоналар эса Ўзбекистон Республикаси мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.


16. Корхоналарнинг Ўзбекистон Республикаси корхоналари, бирлашмалари ва ташкилотлари, бошқа юридик ва жисмоний шахслар, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар билан ўз фаолиятлари билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича низолари Ўзбекистон Республикаси судларида, хўжалик судларида, шунингдек, томонларнинг келишувига кўра ҳакамлар ва хориждаги холислар судида кўриб чиқилади.


17. Корхона бошқарув органларининг таркиби, ваколати, улар томонидан қарорлар қабул қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ корхоналарнинг таъсис ҳужжатлари билан белгиланади.


18. Корхоналар ўз хўжалик фаолияти дастурини мустақил равишда ишлаб чиқадилар ва тасдиқлайдилар.


19. Корхоналарга ўз хўжалик фаолияти учун зарур бўлган экспорт ва импорт операцияларини мустақил равишда юритиш ҳуқуқи берилган.

Корхоналар ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни лицензиясиз экспорт қилиш ва ўзининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун маҳсулотларни импорт қилишга ҳақлидирлар. Ташқи иқтисодий алоқалар қатнашчиси гувоҳномасини олиш учун корхона зарур ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигига топширади. Тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати ариза берилган вақтдан бошлаб етти иш кунидан ошиб кетмаслиги керак.


20.Корхонанинг чет эл валютасидаги барча харажатлари ўзларининг валюта тушумлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан рухсат этилган валюталар олишнинг бошқа манбалари ҳисобига таъминланиши керак.


21. Корхоналар ўз фаолиятини амалга ошириш учун сўмлар ва чет эл валютасидаги кредитлардан фойдаланишлари мумкин.


22. Корхоналарда уларнинг фаолияти ва жамоани ижтимоий ривожлантириш учун зарур бўлган захира фонди ва бошқа фондлар ташкил этилади.

Фондларнинг рўйхати, уларни вужудга келтириш ва фойдаланиш тартиби корхона уставида белгиланади.


23. Корхоналар солиқлар ва бошқа тўловларни Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ тўлайдилар.


24. Корхоналарнинг солиқлар ва Ўзбекистон Республикаси бюджетига бошқа мажбурий тўловлар тўлангандан сўнг қоладиган фойдаси, ундан корхона фондларини ташкил этишга ва тўлдиришга йўлланадиган суммаларни чегирган ҳолда, корхона муассислари ўртасида, таъсис ҳужжатларига мувофиқ тақсимланади.


25. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ хорижий инвесторларга корхона фаолиятидан олинган фойдани тақсимлаш натижасида уларга тегишли бўлган хорижий валютадаги суммани чет элга ўтказиш кафолатланади.


26. Корхоналар асосий фондларни тўлиқ тиклаш учун амортизация ажратмаларини Ўзбекистон Республикаси корхоналари учун белгиланган нормалар бўйича ва тартибда ажратадилар.


27. Корхоналар оператив, бухгалтерия ва статистика ҳисоби ҳамда ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ юритадилар.


28. Хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарнинг Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига риоя қилишлари устидан назоратни солиқ ва махсус назорат функцияларига эга бўлган давлат бошқа органлари ўз ваколатлари доирасида амалга оширадилар.


29. Корхона ходимлари асосан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳисобига бутланади. Корхона маъмурияти корхонада ташкил этиладиган касаба уюшмаси ташкилотлари билан жамоа шартномалари тузишга мажбурдир. Бу шартномаларнинг мазмуни, шу жумладан, жамоани ижтимоий ривожлантириш тўғрисидаги қоидалар Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва корхона таъсис ҳужжатлари билан белгиланади.


30. Ходимларни ёллаш ва бўшатиш, меҳнатга ҳақ тўлаш, шунингдек, моддий рағбатлантириш шакллари ва миқдорларини корхона мустақил равишда ҳал қилади.



II. ХОРИЖИЙ КОРХОНАЛАРНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ,

УЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ ВА ТУГАТИЛИШИ ТАРТИБИ


31. Хорижий инвестициялар устав фондининг 100 фоизини ташкил қиладиган корхона ёки ташкилот Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хорижий корхона ҳисобланади.


32. Хорижий корхона бир ёки бир неча хорижий инвесторлар томонидан ташкил этилиши мумкин.


33. Хорижий корхона ташкил этиш тўғрисидаги таклиф хорижий инвестор (ёки унинг ваколати вакили) томонидан техник иқтисодий асослашлар ва таъсис ҳужжатлари лойиҳалари билан бирга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига (бундан кейин давлат органи деб аталади) киритилади, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий корхоналарни ташкил этиш тўғрисидаги қарор унинг розилиги билан қабул қилинади.


34. Хорижий инвестор Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб турган корхонани тўлиқ мулк қилиб сотиб олиш учун у корхона эгаси билан келишилган тегишли шартнома матнини, корхона мулкини ва фойдаланиш ҳуқуқини сотиб олишда эса мулк эгаси билан келишилган олди-сотди ёки шартномаси матнини ҳам тақдим этади.


35. Корхона унинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда ва тартибда, шунингдек, хўжалик суди қарорига биноан тугатилиши мумкин. Тугатиш тўғрисидаги хабар матбуотда эълон қилинади. Давлат рўйхатидан ўтказилганлик, қалбаки ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда, рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан бекор қилиниши мумкин.



III. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУДУДИДА

ХАЛҚАРО БИРЛАШМАЛАР ВА ТАШКИЛОТЛАРНИ,

ҚЎШМА КОРХОНАЛАРНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ,

ФАОЛИЯТИ ВА ТУГАТИЛИШИ ТАРТИБИ


36. Бирлашмага, агар унинг фаолияти уставига кўра Ўзбекистон Республикаси ва бир ёки кўпроқ хорижий давлатлар ҳудудларига тегишли бўлса, халқаро бирлашма (ташкилот) деб тан олинади.


37. Мулкида ўзбекистонлик ва хорижий юридик шахслар ва фуқаролар иштирок этадиган корхона Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги қўшма корхона ҳисобланади.


38. Халқаро бирлашмалар қўшма корхона учун белгиланган тартибда ташкил этилади, ўз фаолиятини амалга оширади ва тугатилади.


39. Қўшма корхона:

Янги юридик шахсни ташкил қилиш;

хорижий юридик шахслар ва фуқаролар томонидан Ўзбекистон Республикасида ишлаб турган корхонадаги улушни сотиб олиш;

Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари ва фуқаролари томонидан хорижий корхоналардаги улушни сотиб олиш йўли билан ташкил этилади.


40. Қўшма корхонани ташкил этиш тўғрисидаги қарор бевосита ўзбекистонлик ва хорижий иштирокчилар томонидан қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўшма корхона ташкил қилиш ёки 20 млн АҚШ долларига тенг суммадан кўп асосий фондларга эга бўлган Ўзбекистондаги корхонанинг акциялари ёки пайларини хорижий инвесторга сотиш йўли билан Ўзбекистондаги мавжуд корхонани қўшма корхонага айлантириш тўғрисидаги қарорни ўзбекистонлик қатнашчи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг розилиги билан қабул қилади.


41. Бир ёки бир неча ўзбекистонлик юридик шахс ва фуқаро ҳамда бир ёки бир неча хорижий юридик шахс ва фуқаро қўшма корхона қанашчилари бўлишлари мумкин.


42. Ўзбекистонлик ва хорижий қатнашчиларнинг устав фондига улушлари улар ўртасидаги келишувга кўра аниқланади.


43. Улушларни, пайларни бир-бирига бериш, шунингдек, уларни учинчи шахсларга бериш масалаларни қўшма корхона қатнашчилари амалдаги қонунчиликка мувофиқ ҳал қиладилар.

Ўзбекистонлик қатнашчилар хорижий қатнашчилар улушлари ёки акцияларини олишда устунлик ҳуқуқига эга бўладилар.

Қўшма корхона қайта ташкил этилганда унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳуқуқий ворисларга ўтади.


44. Қатнашчи қўшма корхона тугатилганда ёки ундан чиққанида ўз улушини, бошқа қатнашчилар ва учинчи шахслар олдидаги мажбуриятларини бажарганидан сўнг, тугатиш ёки чиқиш вақтидаги қолдиқ қиймати бўйича пул ёки товар шаклида олиш ҳуқуқига эга бўлади.



IV. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУДУДИДАН

ТАШҚАРИДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЮРИДИК

ШАХСЛАРИ ИШТИРОКИДА ХАЛҚАРО БИРЛАШМАЛАР

ВА ТАШКИЛОТЛАРНИ, ҚЎШМА КОРХОНАЛАРНИ

ТАШКИЛ ҚИЛИШ, УЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИНИ

ТУГАТИШ ТАРТИБИ


45. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари томонидан халқаро бирлашмалар ва ташкилотлар, шунингдек, қўшма корхоналарни (бундан кейин хорижий қўшма корхона деб аталади.) ташкил қилиш Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги розилиги билан, улар ташкил этилаётган ва фаолият кўрсатадиган давлатлар қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Бундай корхонанинг Ўзбекистон томонидан муассиси мулкчиликнинг давлат шаклидаги корхона бўлса, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги корхонага мулкни бериш ва баҳолаш масалалари Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ёки унинг ҳудудий органлари билан келишиб олинган бўлиши керак.



V. ХАЛҚАРО БИРЛАШМАЛАР ВА ТАШКИЛОТЛАР,

ҚЎШМА КОРХОНАЛАРНИНГ ШЎЪБА КОРХОНАЛАРИ,

ФИЛИАЛЛАРИ ВА БОШҚА БЎЛИНМАЛАРИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ, УЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ

ВА ТУГАТИЛИШ ТАРТИБИ


46. Халқаро ташкилот, қўшма корхоналар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам, агар бундай ҳуқуқ уларга таъсис ҳужжатлари билан берилган бўлса, шўъба корхоналар, филиаллар ва бошқа бўлинмаларни ташкил этишлари мумкин.


47. Бошқа корхона томонидан ўз мулкининг бир қисмини тўлиқ фойдаланиш учун бериш йўли билан юридик шахс сифатида ташкил этилган корхона шўъба корхона тарзида тан олинади.

Муассис шўъба корхона уставини тасдиқлайди, унинг раҳбарини тайинлайди ва шўъба корхонага нисбатан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган мулкка эгалик қилишнинг бошқа ҳуқуқларини амалга оширади.


48. Халқаро ташкилот, қўшма корхонанинг доимий жойлашган ўрнидан бошқа ерда жойлашган, улар функцияларининг барчасини ёки бир қисмини амалга оширувчи алоҳида бўлинма филиал ҳисобланади.


49. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида халқаро ташкилотларнинг шўъба корхоналари, филиаллари ва бошқа бўлинмаларини ташкил қилиш, тугатиш ва фаолияти қўшма корхонага татбиқан мазкур Низом билан белгиланган тартибда ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро ва ҳукуматлараро шартномаларида белгиланган истиснолар билан, шунингдек, бош корхона юқори органи тасдиқланган Низом (устав) га мувофиқ амалга оширилади.


50. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ташкил этилган ва ишлаб турган халқаро бирлашмалар ва ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юридик шахс ҳуқуқига эга бўлган шўъба корхоналар ва филиалларни ташкил этишлари мумкин.

Бундай шўъба корхоналар ҳамда филиалларни ташкил қилиш, тугатиш ва уларнинг фаолияти қўшма корхонага татбиқан мазкур Низом ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро ва ҳукуматлараро шартномаларида белгиланган истиснолар билан, шунингдек, бош корхона юқори органи тасдиқланган Низом (устав) га мувофиқ амалга оширилади.


51. Шўъба корхоналар халқаро бирлашмалар ва ташкилотлар, қўшма корхоналар мажбуриятлари бўйича жавоб бермайдилар, халқаро бирлашмалар ва ташкилотлар, қўшма корхоналар ҳам шўъба корхоналарнинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайдилар.



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1995 й., 3-сон, 8-модда