Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.09.2014 й. ПҚ-2237-сон "Ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқишга хорижий инвестицияларни жалб этиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

19.09.2014 й.

N ПҚ-2237


АХБОРОТ ТИЗИМЛАРИ ВА ДАСТУРИЙ

МАҲСУЛОТЛАРНИ ИШЛАБ ЧИҚИШГА

ХОРИЖИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИ

ЖАЛБ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Юқори технологияли тармоқларни жадал ривожлантириш, иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларига ахборот-коммуникация технологиялари ва дастурий маҳсулотларни кенг жорий этиш учун шарт-шароитларни яратиш, "Электрон ҳукумат" тизимининг маълумотлар базаси ва ахборот тизимлари комплексларини яратиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш учун хорижий инвестицияларни жалб этиш мақсадида:


1. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:

Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси билан "LG CNS Со., Ltd" (Корея Республикаси) компанияси ўртасида 2014 йил 17 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикасида "Электрон ҳукумат" тизими ва иқтисодиётнинг реал сектори учун ахборот тизимлари ҳамда дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш бўйича "LG CNS Uzbekistan" қўшма корхонасини ташкил этиш юзасидан ўзаро англашув тўғрисидаги Меморандум имзоланган;

масъулияти чекланган жамият шаклида барпо этилаётган қўшма корхонанинг устав жамғармасида ўзбекистонлик муассислар ("UNICON.UZ" илмий-техникавий маркетинг тадқиқотлари маркази давлат унитар корхонаси ва "Ўзбектелеком" акциядорлик компаниясининг) улуши 49 фоизни, "LG CNS Со., Ltd" (Корея Республикаси) компаниясининг улуши эса 51 фоизни ташкил этади;

"LG CNS Uzbekistan" қўшма корхонаси ўз фаолиятини 2014 йилнинг охиригача бошлайди ҳамда 2015 йил мобайнида Корея Республикасидан мутахассисларни ва мамлакатимизнинг етакчи дастурий таъминот ишлаб чиқувчиларини жалб этган ҳолда 15 та лойиҳани амалга оширади;

таъсис ҳужжатларига кўра "LG CNS Uzbekistan" қўшма корхонаси Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Қирқ қиз кўчаси, 10-уй манзилида жойлаштирилади.


2. Қуйидагилар "LG CNS Uzbekistan" қўшма корхонаси фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқишни, аппарат-дастурий комплексларни ўрнатиш ва татбиқ этишни, шунингдек "Электрон ҳукумат" тизими доирасида ва иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарида лойиҳа ҳамда техник ҳужжатлар ишлаб чиқилишини таъминлаш бўйича тизимли интегратор фаолиятини амалга ошириш;

халқаро стандартларга мос келадиган талабларга мувофиқ "Электрон ҳукумат" тизимига ва иқтисодиётнинг реал секторига ахборот тизимлари комплексларини ҳамда дастурий маҳсулотларни жорий этиш лойиҳаларини амалга ошириш доирасида кадрларни тайёрлаш ва малакасини оширишнинг самарали тизимини ташкил қилиш;

халқаро стандартларга мувофиқ ва "LG CNS Со., Ltd" компаниясининг тажрибаси асосида дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва лойиҳаларни тизимли интеграциялаш соҳасида экспорт салоҳиятини кенгайтириш.


3. Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси икки ой муддатда "LG CNS Uzbekistan" қўшма корхонасининг устави ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини, шунингдек қўшма корхонанинг 2 млн. АҚШ доллари миқдорида устав капиталига эга бўлган ҳолда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мамлакатимизнинг дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларини рағбатлантиришни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2013 йил 20 сентябрдаги ПҚ-2042-сонли қарорининг 4-бандида назарда тутилган бож ва солиқ имтиёзлари "LG CNS Uzbekistan" қўшма корхонаси учун 2022 йилнинг 1 январига қадар амал қилсин.


5. Белгилаб қўйилсинки, "LG CNS Uzbekistan" қўшма корхонасига ишга жалб этилган хорижий жисмоний шахслар:

тузилган шартномалар доирасида иш ҳақини чет элда очилган ҳисобварақларига хорижий валютани ўтказган ҳолда олиш ҳуқуқига эгадирлар.

6. Қуйидаги ҳуқуқ берилсин:

"LG CNS Uzbekistan" қўшма корхонасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2013 йил 27 июндаги ПҚ-1989-сонли қарорини амалга ошириш доирасида "Электрон ҳукумат" тизимининг маълумотлар базаси ва ахборот тизимлари комплексларини жорий этишда тўғридан-тўғри шартномалар асосида қатнашиш;

иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарига - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 3 апрелдаги ПҚ-2158-сонли қарори билан тасдиқланган 2014-2015 йилларда реал иқтисодиёт тармоқларида ахборот-коммуникация тизимларини ҳамда дастурий маҳсулотларни жорий этиш бўйича устувор лойиҳалар рўйхатига киритилган лойиҳаларнинг ижрочиларига "LG CNS Uzbekistan" қўшма корхонаси билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш асосида, нарх-наволар бўйича таклифлар таққосланишини ҳисобга олиб, нархларнинг оширилишига йўл қўймаган ҳолда шартномалар тузиш.

8. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, "LG CNS Uzbekistan" қўшма корхонаси ушбу қарорнинг 6-бандида кўрсатилган лойиҳаларнинг қўшма корхона томонидан амалга оширилиши чоғида мамлакат дастурий маҳсулот ишлаб чиқувчиларини тизимли асосда жалб этиб борсинлар, бунда 5 йил мобайнида дастурий маҳсулотларни маҳаллийлаштириш даражасини камида 60 фоизга етказсинлар.

9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги "LG CNS Uzbekistan" қўшма корхонасининг буюртманомаларига биноан ушбу қарорни амалга ошириш доирасида жалб этилаётган хорижий мутахассисларга, шунингдек уларнинг оила аъзоларига консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмаган ҳолда кириш визаларини белгиланган тартибда расмийлаштиришни таъминласин.


10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги "LG CNS Uzbekistan" қўшма корхонасининг буюртманомаларига биноан ушбу қарорни амалга ошириш доирасида жалб этилаётган хорижий мутахассисларга, шунингдек уларнинг оила аъзоларига давлат божлари тўлашдан озод қилган ҳолда белгиланган тартибда кўп марталик визалар берилишини ва уларнинг муддати узайтирилишини, шунингдек уларнинг яшаш жойи бўйича вақтинчалик рўйхатдан ўтказилишини ва унинг муддати узайтирилишини таъминласин.


11. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари қилиш вазирлиги "LG CNS Uzbekistan" қўшма корхонасининг буюртманомаларига биноан қўшма корхонани ташкил этишда ва унинг фаолиятида иштирок этувчи юқори малакали хорижий мутахассисларни Ўзбекистон Республикасига жалб этишга белгиланган тартибда рухсатномалар беришни (узайтиришни), шунингдек хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига тасдиқнома беришни (узайтиришни) таъминласин.

12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 29 сентябрь, 39-сон, 489-модда