Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасига ишлаб чиқариш-техника мақсадидаги маҳсулотларни, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва халқ истеъмоли моллари етказиб беришни квоталаш ва лицензиялаш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.04.1992 й. 220-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1992 йил 30 апрелдаги

220-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ўзбекистон Республикасига ишлаб

чиқариш-техника мақсадидаги маҳсулотларни,

шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва

халқ истеъмоли моллари етказиб беришни

квоталаш ва лицензиялаш тўғрисида

НИЗОМ


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси шартномалар ва савдо бўйича давлат-акционерлик уюшмаси (“Ўзшартномасавдо”)ни ташкил этиш тўғрисида” 1992 йил 28 февралдаги Фармонига ва Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси шартномалар ва савдо бўйича давлат-акционерлик уюшмаси (“Ўзшартномасавдо”) фаолиятини ташкил этиш ҳақида” 1992 йил 9 мартдаги 115-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.


2. Ҳукуматлараро шартномаларга киритилган номенклатура бўйича маҳсулотларни, шунингдек, республиканинг ички ва республикалараро эҳтиёжларни таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш учун квоталарни “Ўзшартномасавдо” ишлаб чиқади, бунда давлат эҳтиёжлари ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш учун маҳсулот етказиб беришнинг тасдиқланган ҳажмлари ҳисобга олинади.

“Ўзшартномасавдо” бу квоталарни республика бошқарув органларига, вазирликлар, идоралар, концернлар, уюшмаларга ҳамда квоталанган маҳсулотларни республикадан четга чиқаришга лицензиялар бериш учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан вакил қилинган бошқа органларга етказади.

Вазирликлар, идоралар, концернлар, уюшмалар ва бошқа органлар квоталарни тақсимлайдилар ва уларни ўзларига қарашли ташкилотлар ва корхоналарга, шунингдек, истеъмолчиларни маҳсулот етказиб берувчиларга биркитиб қўйиш учун таъминот-сотиш ташкилотларига етказадилар.


3. Квоталанган ҳамда четга чиқарилиши Ўзбекистон Ҳукумати томонидан чеклаб қўйилган маҳсулотлар бўйича Ўзбекистон Республикасидан четга чиқариладиган маҳсулотларга лицензиялар “Ўзшартномасавдо” ёки унинг топшириғига мувофиқ унга қарашли ташкилотлар томонидан, шунингдек, бунинг учун ваколат берилган республика бошқарув органлари томонидан, “Ўзшартномасавдо” билан келишилган номенклатура бўйича берилади.


4. Маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасидан четга чиқариш учун лицензиялар Илова қилинаётган форма бўйича берилади (1-форма), улар қатъий ҳисобда туради ва уч нусхада расмийлаштирилади. Лицензиянинг асл нусхаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги товар-моддий бойликларни четга чиқаришни назорат қилувчи Давлат инспекциясига*** юборилади, бир нусхаси маҳсулот етказиб берувчи корхонага берилади ва охиргиси лицензия берган органда сақланади.


5. Маҳсулотларни республикадан четга чиқариш учун таъминот-сотиш ёки савдо ташкилотларининг истеъмолчиларни мол етказиб берувчиларга биркитиб қўйиш тўғрисидаги хабарнома лицензия бўлиб ҳисобланиши мумкин. Бундай ҳолда хабарнома иккита биринчи нусхада “лицензия” штампи билан ёзиб берилади, улардан бири четга чиқаришни назорат қилувчи Давлат инспекциясига, иккинчиси эса етказиб берувчига юборилади. Лицензиялар ва хабарномаларнинг нусхалари, шу жумладан, фото нусхаси, юридик кучга эга бўлмайди ва маҳсулотларни четга чиқариш учун ҳужжат бўлиб ҳисобланмайди.


6. Маҳсулотни четга чиқаришни назорат қилувчи Давлат инспекцияси берилган лицензияларнинг фойдаланилганлиги тўғрисида йилнинг ҳар чорагида “Ўзшартномасавдо”ни хабардор қилиб туради.


7. Мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, манфаатдор корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқароларнинг илтимосномалари маҳсулотларни республика ҳудудидан четга чиқариш учун лицензия беришга асос бўлиб ҳисобланади.


8. Лицензиялар бериш тўғрисидаги масалалар илтимоснома тушган вақтдан бошлаб 7 кун ичида ҳал этилади. Ҳар бир лицензияни бериш учун 150 сўм миқдорида пул тўлаш белгиланади, ушбу сумма лицензияни берган ташкилотнинг бюджетига ўтказилади. Бу тўловдан ўз маҳсулотларини давлат эҳтиёжлари ва республикалараро шартномалар бўйича етказиб берадиган корхона ва ташкилотлар озод қилинадилар.

Лицензия учун пул тўлаш Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 4 январдаги 9-сон қарори билан белгиланган республикадан четга чиқариладиган маҳсулот учун солиқдан, Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 14 апрелдаги 188-сон қарори билан белгиланган республикадан четга чиқариладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун бож тўлашдан озод қилмайди.


9. Асосли сабаб билан лицензия бермаслик тўғрисидаги қарор аризачига ёзма шаклда юборилади.

Аризачи лицензия бермаслик ёки унинг амал қилинишини тўхтатиш ҳақидаги қарор юзасидан Республика ҳакамлик судларига шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.

Лицензия бериладиган энг қисқа муддат - йилнинг 1 чораги, энг узоқ муддат - 1 йилдир.


10. Лицензия (таъминот-сотиш ташкилотининг биркитиб қўйиш тўғрисидаги хабарномаси), агар у асл нусхада бўлса, лицензия бериш ҳуқуқига эга бўлган органнинг мансабдор шахси, ваколатли раҳбари томонидан имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган бўлса ҳақиқий ҳисобланади.


11. Мазкур Низом билан белгиланган лицензиялаш тартиби республика ҳудудида жойлашган барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, уюшмалар, кооперативлар, хусусий корхоналар учун мажбурий ҳисобланади.


12. Маҳсулотларни четга чиқаришга лицензиялар олган аризачилар уларни бошқа шахсларга бериш учун ҳуқуққа эга эмаслар.


13. Квоталанган маҳсулотларни республика ҳудудидан ташқарида лицензиясиз ёки лицензия ёхуд таъминот-сотиш ташкилотларининг биркитиб қўйиш тўғрисидаги хабарномаси бўйича хажмлардан ошириб сотиш ҳоллари аниқланганда маҳсулотни четга чиқаришни назорат қилувчи Давлат инспекцияси органлари ва назорат қилиш вазифасини бажарувчи бошқа органлар тартибнинг бузилишига йўл қўйган корхоналардан тегишли солиқ инспекцияларига корхона жойлашган ердаги маҳаллий бюджетга барча тушумларни ўтказиш ва кўрсатилган тушумлар миқдорида жарима ундириш тўғрисида қарор берадилар (2-форма). Агар бу маҳсулотлар лицензиялардагидан ёки таъминот-сотиш ташкилоти хабарномасидагидан ортиқча ҳажмларда четга чиқарилган ва уларга ваколатли бўлмаган бошқарув органи томонидан лицензиялар берилган бўлса, у ҳолда тушумлар миқдоридаги жарима республика бюджетига ўтказилади.


14. Республикадан четга лицензиясиз маҳсулот чиқариш учун транспорт воситалари бериш фактлари аниқланганда, мулкчилик шаклидан қатъи назар, шу транспортни берган корхоналардан транспорт хизматлари учун тўловлар қиймати республика бюджетига ундирилади. Бунинг учун маҳсулотни четга чиқаришни назорат қилувчи Давлат инспекцияси органлари тегишли солиқ инспекцияларига ушбу маблағларни республика бюджетига ундириб олиш учун илова қилинаётган форма (3-форма) бўйича қарор берадилар.


15. Республикадан четга маҳсулот чиқаришнинг белгиланган тартиби бузилган ҳолларда фуқаролар ва мансабдор шахслар Ўзбекистон Республикаси маъмурий ҳуқуқ бузишлар тўғрисидаги Кодекскнинг 166-2-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 179-2-моддасига мувофиқ жавоб берадилар.


16. Ўзбекистон Республикаси ичида маҳсулотларни ташиш ҳеч қандай тўсиқсиз ва лицензиясиз амалга оширилади ҳамда маҳсулотларни четга чиқаришни назорат қилувчи Давлат инспекцияси органлари томонидан ушлаб қолинмайди.


17. Вазирлар Маҳкмасининг Комиссияси томонидан берилган лицензиялар билан маҳсулотларни четга чиқаришга рухсат бериш тўғрисидаги илтимоснома Вазирлар Маҳкамасининг тегишли бўлими томонидан кўриб чиқилади ва хулосалар маҳсулот етказиб берувчи корхонани назорат қилувчи тармоқ бўлимига такдим этилади.