Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 09.07.1997 й. ПФ-1816-сон "Айланма маблағларнинг сақланиши ва ўз вақтида тўлдирилиши учун жавобгарликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

09.07.1997 й.

N ПФ-1816



АЙЛАНМА МАБЛАҒЛАРНИНГ САҚЛАНИШИ ВА ЎЗ

ВАҚТИДА ТЎЛДИРИЛИШИ УЧУН ЖАВОБГАРЛИКНИ

ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Солиқ ва молия органлари томонидан ўтказилаётган текширишлар шуни кўрсатмоқдаки, республиканинг баъзи вазирликлари, идоралари, корхоналарида молиявий аҳвол қониқарсизлигича қолаяпти, ўз айланма маблағларини сақлашга масъулиятсизларча муносабатда бўлиш, талайгина маблағларни дебиторлик қарзига жалб этиш, тайёр маҳсулотнинг нормативдан ортиқча қолдиқларида ишлатмай қўйиш фактлари мавжуд.

Ўз айланма маблағларини сақлаш ва тўлдиришга масъулиятсизларча муносабат ҳўжалик юритувчи субъектлар ўртасида кооперация асосидаги алоқаларнинг бузилишига, тўланмаган қарзларнинг кўпайишига, бюджет тўловлари бўйича мажбуриятларнинг бажарилмаслигига олиб келмоқда ва умуман ижтимоий кескинликни келтириб чиқариши мумкин.

Айланма маблағларнинг сақланишини ва ўз вақтида тўлдирилишини таъминлаш учун вазирликлар, идоралар, корпорациялар, концернлар, уюшмалар, корхоналар ва ташкилотлар раҳбарларининг жавобгарлигини ошириш, шунингдек тўлов интизомини мустаҳкамлаш мақсадида:


1. Белгилаб қўйилсинки, айланма маблағларнинг сақланиши, мақсадли фойдаланилиши ва ўз вақтида тўлдирилиши учун вазирликлар, идоралар, концернлар, корпорациялар, уюшмалар, холдинг компаниялари ҳамда бошқа корхоналарнинг ихтиёрий бирлашмаларида - раҳбар ва унинг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари, хўжалик юритувчи субъектлар даражасида эса - корхона (ташкилот) директори, унинг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари ва бош бухгалтери шахсан жавобгар бўладилар.


2. Назорат қилувчи органлар, мулкчилик шаклларидан қатъий назар корхона ва ташкилотларда айланма маблағлардан мақсадли фойдаланилмаганлиги ва тугатиб йўқ қилинганлиги фактларини аниқлаган ҳолларда шуларга оид ҳужжатлар уларнинг банкротлиги ва 1-бандда кўрсатилган шахсларни амалдаги қонунларда ўрнатилган тартибда жавобгарликка тортиш бўйича ишларни қўзғатиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун тегишли органларга киритилиши белгилаб қўйилсин.


3. Истиқболсиз ва тўловга қурбсиз корхоналар ҳамда ташкилотларни аниқлаш, улар бўйича зарур чораларни кўриш борасида Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги корхоналарнинг иқтисодий ночорлиги ишлари бўйича қўмитанинг иши етарли эмаслиги қайд этиб ўтилсин.


4. Республика халқ хўжалигида ҳисоб-китобларни такомиллаштириш бўйича ҳамда корхоналар банкротлиги ва санациялаш масалалари бўйича ҳукумат комиссиялари (Ў.Т. Султонов) Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Прокуратураси билан бирга бир ой муддатда:

тармоқлар ва ҳудудлар бўйича дебиторлик-кредиторлик қарзлари ҳосил бўлиш сабабларини пухта таҳлил этиб, ўз ваколати доирасида ҳисоб-китоб ва тўлов интизомини мустаҳкамлаш ҳамда айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилсин;

ҳисоб-китоблар ҳолатини нормаллаштириш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб, бунда қарздорликнинг кўпайиши - айланма маблағларни тугатиб йўқ қилиш, улардан мақсадли фойдаланмаслик, тайёр маҳсулотнинг нормативдан ортиқча заҳираларига ва тугалланмаган қурилишга актив айланма маблағни жалб этиш сабабларини бартараф қилишга алоҳида эьтиборни қаратсин;

банкротлик билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш ва улар юзасидан қарорлар қабул қилишни тезлаштириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқсин. Иқтисодий ночор корхоналар ва банкрот корхоналар бўйича ишларнинг аҳволи матбуот ва телевидение орқали кенг ёритилсин.


5 Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Марказий банки вазирликлар, идоралар, концернлар, корпорациялар, уюшмалар, холдинг компаниялари ва алоҳида корхоналар билан бирга 1997 йилнинг 1-ярми якунлари бўйича республика иқтисодиёти тармоқларида айланма маблағларнинг ҳолатини кўриб чиқсинлар, айланма маблағларнинг сақланиши ва мақсадли фойдаланилиши устидан, уларни тўлдириш манбалари устидан қаттиқ назоратни таъминлаш чора-тадбирлари дастурини ишлаб чиқиб тақдим этсинлар.


6. Вазирликлар, идоралар, концернлар, корпорациялар, уюшмалар холдинг компаниялари ва алоҳида корхоналар бир ой муддатда айланма маблағларнинг сақланиши ва ўз вақтида тўлдирилиши устидан қаттиқ назорат ўрнатиш борасидаги чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиб, тасдиқласинлар, бунинг учун ўзларининг реал манбаларини аниқлаб олсинлар.


7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда ҳўжалик-молия фаолияти билан боғлиқ амалдаги норматив ҳужжатларга белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритиб, уларда айланма маблағларнинг сақланиши ва ўз вақтида тўлдирилиши учун хўжалик юритувчи субъектларнинг жавобгарлигини ошириш чораларини, ҳатто жиноий жавобгарлик чораларини кўзда тутсин. Амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар талаб этилган ҳолларда ўз таклифларини Олий Мажлисга киритсин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                         И. Каримов