Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 22.11.1994 й. 562-сон "Болаларни вакциналар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

22.11.1994 й.

N 562



БОЛАЛАРНИ ВАКЦИНАЛАР БИЛАН

ТАЪМИНЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА



Болаларни вакциналар билан таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, 1995 йилдан бошлаб, республиканинг бюджет истиқболларида ва валюта режасида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Халқаро болалар фонди (ЮНИСЕФ) ўртасида тузилган Битимга мувофиқ Ўзбекистоннинг ҳисса қўшиб қатнашиши ҳажмларида болаларни иммунизациялаш учун харажатларни назарда тутсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпаниясини, Бош божхона бошқармасини ва "Ўзташқитранс"ни вакцинанинг келиб тушиш муддатлари тўғрисида ўз вақтида хабардор қилсин;

вакциналарни совутиш талабларига риоя қилган ҳолда, уларнинг самарали тақсимланишини, фойдаланилишини, шунингдек етказиб берилишини ва сақланишини таъминласин;

вакцинадан қандай фойдаланилаётгани ва у билан қанча бола эмланганлиги тўғрисида ҳар ойда Вазирлар Маҳкамасига ва ЮНИСЕФнинг Ўзбекистон Республикасидаги Ваколатхонасига ахборот бериб турсин.


3. "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси:

вакцинани ортиш-тушириш ишлари тўхтовсиз амалга оширилишини ва унинг аэропортда бутун сақлаш даврида совутиш камераларига жойлаштирилишини таъминласин;

юкнинг инсонпарварлик хусусиятини ҳисобга олиб, вакцинанинг ички ҳаво йўлларида авиакомпания самолётлари билан бепул ташилишига рухсат этсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Бош божхона бошқармаси:

инсонпарварлик вакциналарини божхонада текшириш ва уларни республикага ўтказиш масалаларини тезкорлик билан ҳал қилсин;

юқорида кўрсатилган юкларни ва кузатиб келувчи шахсларни божхона пошлиналари, йиғимлар ва бошқа солиқ бўлмаган тўловлардан озод қилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги инсонпарварлик вакциналарини етказиб берувчи ташкилотларнинг виза олишларига ёрдам кўрсатсинлар ва уларни консуллик ва виза йиғимларидан озод қилсинлар.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ижтимоий масалалар ва маданият бўлимига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                И. Каримов