Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Тиббиёт техникаси бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 06.11.2003 й. 490-сон қарорига 4-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 6 ноябрдаги

490-сон қарорига

4-ИЛОВА



Тиббиёт техникаси бўйича

мувофиқлаштирувчи кенгаш тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1.1. Мазкур Низом Тиббиёт техникаси бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш фаолиятини тартибга солади.


1.2. Мувофиқлаштирувчи кенгаш тиббиёт техникаси ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқариш, улар билан соғлиқни сақлаш муассасаларини, аҳолини таъминлаш ва техник сервис бўйича юқори мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади.


1.3. Тиббиёт техникаси бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари ва бошқа қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.



II. МУВОФИҚЛАШТИРУВЧИ

КЕНГАШНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


2.1. Қуйидагилар Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

соғлиқни сақлаш муассасалари ва аҳолининг замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари ва тиббиёт буюмларига бўлган эҳтиёжини аниқлаш;

даволаш муассасаларини замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари ва технологиялари ҳамда тиббиёт буюмлари билан техник жиҳозлаш дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

илғор тиббиёт асбоб-ускуналари ва техникаси, тиббиёт буюмлари ишлаб чиқариш ва улар билан соғлиқни сақлаш муассасалари ва аҳолини таъминлашни мувофиқлаштириш;

даволаш-профилактика муассасаларининг тиббиёт аппаратураси ва касалхона асбоб-ускуналарини монтаж қилиш, ишга тушириш-созлаш, техник сервис кўрсатиш ишлари ташкил этилишини таъминлаш;

илғор тиббиёт асбоб-ускуналари билан техник жиҳозлаш учун мамлакатимиз инвестицияларини ва хорижий инвестицияларни, ҳомийлик маблағлари ва грантларни жалб этиш ишларини ташкил этиш;

тиббиёт техникаси, тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш, улар билан даволаш-профилактика муассасалари, ихтисослаштирилган тиббий марказларни таъминлашни яхшилаш, шунингдек тиббиёт техникасига техник ва сервис хизмати кўрсатиш даражасини ошириш юзасидан Ҳукуматга таклифлар киритиш.



III. МУВОФИҚЛАШТИРУВЧИ

КЕНГАШНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ


3.1. Ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ Мувофиқлаштирувчи кенгаш:

мавжуд тиббиёт асбоб-ускуналарининг жорий таъминоти, уларни таъмирлаш, профилактика ишлари, улардан самарали фойдаланишнинг, даволаш муассасаларининг замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш бўйича техник-иқтисодий асослаш ишланмаларининг йиллик дастурини тасдиқлайди;

Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг кўриб чиқиши учун киритиладиган масалаларни ўрганиб чиқиш ва тайёрлаш, Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг ваколатига кирувчи бошқа масалаларни ҳал этиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигининг етакчи мутахассисларидан, Вазирлик таркибига кирувчи ташкилотларнинг масъул ходимларидан бўлган экспертлар таркибини тасдиқлайди;

Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг иш тартиби ва регламентини белгилайди.


3.2. Мувофиқлаштирувчи кенгаш қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

масалалар сифатли ва мустақил тайёрланишини таъминлаш талабларидан келиб чиқиб экспертлар таркибига хорижий мутахассисларни жалб этиш;

соғлиқни сақлаш хизматини ривожлантиришнинг тасдиқланган дастурига мувофиқ даволаш муассасаларини жиҳозлаш учун импорт бўйича тиббиёт асбоб-ускуналари харид қилишнинг техник-иқтисодий асосланишини тасдиқлашга доир таклифларни ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

ўз ваколатлари доирасида барча соғлиқни сақлаш органлари ва муассасалари, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар қабул қилиш.



IV. МУВОФИҚЛАШТИРУВЧИ

КЕНГАШ ИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


4.1. Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


4.2. Мувофиқлаштирувчи кенгашга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири бошчилик қилади ва унинг раиси ҳисобланади.


4.3. Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг раиси Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг фаолиятига раҳбарлик қилади ва унга юкланган вазифалар бажарилиши учун жавоб беради.


4.4. Мувофиқлаштирувчи кенгаш раиси бўлмаганда унинг функцияларини ўринбосар бажаради.


4.5. Мувофиқлаштирувчи кенгаш фаолияти қарорлар қабул қилишда тенг ҳуқуқлилик ва коллегиаллик принципларига асосланади.

Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми қатнашган тақдирда Мувофиқлаштирувчи кенгаш мажлиси ҳуқуқий ваколатли ҳисобланади.

Мувофиқлаштирувчи кенгаш мажлислари ўз ваколатига кирувчи масалалар тайёрланиши давомида, бироқ йил чорагида камида бир марта ўтказилади.


4.6. Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг қарорлари мажлисда иштирок этган Кенгаш аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.