Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 10.05.1997 й. 238-сон "Табиий офатлар оқибатларини тугатиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

10.05.1997 й.

N 238


ТАБИИЙ ОФАТЛАР ОҚИБАТЛАРИНИ

ТУГАТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Ноқулай об-ҳаво шароитлари ва шу йил 1-3 майда республика ҳудудида жала бўлганлиги туфайли Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Сирдарё, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларининг айрим хўжаликларида қишлоқ хўжалиги экинлари зарар кўрди, турар жойлар ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган объектлар шикастланди.

Табиий офатлар оқибатларини тугатиш ва шикастланган турар жойларни тиклашда қишлоқ аҳолисига ёрдам бериш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан:

ижтимоий ва маданий-маиший объектларни тиклаш учун Қашқадарё вилояти ҳокимлигига 12 миллион сўм, Самарқанд вилояти ҳокимлигига - 8 миллион сўм, Сирдарё, Жиззах ва Тошкент вилоятлари ҳокимликларига 10 миллион сўмдан ажратилсин;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига хўжаликлараро ва хўжаликлардаги ички ариқ-зовур ва суғориш новлари тармоқларини тиклаш учун вилоятлар бўйича иловага мувофиқ 84 миллион сўм ажратилсин.


2. "Ўзагросуғурта" ва "Кафолат" давлат-акциядорлик компаниялари икки ҳафта муддатда фуқароларнинг табиий офатдан зарар кўрган хўжаликлари рўйхатини ва кўрилган зарар миқдорини аниқласинлар, шу йил 1 июнгача уларга қонунчиликда белгиланган тартибда суғурта тўловлари тўласинлар.


3. "Ўзкимёсаноат" уюшмаси шу йил май ойида Бухоро, Жиззах, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятлари хўжаликларига 4 минг тоннадан азотли (100 фоиз фойдали моддалар ҳисобида) ва 1,5 минг тоннадан фосфорли ўғитларни, Навоий вилояти хўжаликларига 2 минг тонна азотли ва 1 минг тонна фосфорли ўғитларни уларга 1997 йил учун тасдиқланган лимитлар ҳисобидан олдиндан жўнатсинлар.


4. "Ўздавнефтмаҳсулот" бирлашмаси (Тожиев) қишлоқ хўжалигига 1997 йил учун тасдиқланган лимитларга қўшимча равишда табиий офатлар оқибатларини тугатиш учун 13 минг тонна дизель ёнилғиси ва 5 минг тонна автомобиль бензини ажратсин.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги "Ўздавнефтмаҳсулот" бирлашмасига вилоятлар бўйича ёнилғи-мойлаш материалларининг тақсимотини тақдим этсин.


5. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, "Ўзмевасабзавотузумсаноат" уюшмаси, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази ажратилаётган минерал ўғитлар ва ёнилғи-мойлаш материаллари учун ҳисоб-китобларнинг 1997 йилги ҳосил дони ва пахта хом ашёси учун аванс тариқасида бериладиган маблағлар ва тўловлар ҳисобидан амалга оширилишини таъминласинлар.


6. "Ўздавпахтасаноатсотиш" давлат-акциядорлик уюшмаси (Зикриёев) пахтани қайта экиш учун хўжаликларнинг буюртманомалари бўйича чигитнинг тезпишар навлари зарур миқдорда етказиб берилишини таъминласин.

Хўжаликларга сабзавот ва озуқа экинларини табиий офат таъсири натижасида нобуд бўлган бошоқли дон экинлари экилган майдонларга экиш тавсия қилинсин. Нобуд бўлган экин майдонлари туман ташкилотлари вакиллари ва "Ўзагросуғурта" суғурта компаниси муассасалари ходимлари иштирокида тегишли далолатномалар билан расмийлаштирилсин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг биринчи ўринбосари И. Жўрабеков зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                           И. Каримов






Вазирлар Маҳкамасининг

1997 йил 10 майдаги

238-сон қарорига

ИЛОВА



Ариқ-зовур ва суғориш новлари шохобчаларини

тиклаш учун Вазирлар Маҳкамасининг захира

жамғармасидан ажратилган маблағлар

ҲАЖМИ


млн. сўм

Вилоятлар


Сумма


Бухоро


10.0

Жиззах


13.0

Қашқадарё


15.0

Навоий


5.0

Сирдарё


13.0

Самарқанд


10.0

Сурхондарё


5.0

Тошкент


13.0

Жами


84.0