Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахсларни очиқ танлов асосида электрон тарзда танлаб олиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 25.05.2011 й. 149-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2011 йил 25 майдаги

149-сон қарорига

2-ИЛОВА



Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун

ушланган транспорт воситаларини сақлаш

хизматларини кўрсатувчи юридик шахсларни

очиқ танлов асосида электрон тарзда танлаб

олиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини (кейинги ўринларда - транспорт воситалари) сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахсларни очиқ танлов асосида (кейинги ўринларда - танлов) электрон тарзда танлаб олиш тартибини белгилайди.


2. Транспорт воситаларини сақлаш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш фаолиятини амалга оширишда қонунчилик ҳужжатлари талабларига тўлиқ риоя этилишини таъминлашга қодир бўлган юридик шахсларни аниқлаш танлов ўтказишнинг мақсади ҳисобланади.

Танлов Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир ҳудуди (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) бўйича алоҳида ўтказилади.

Ҳар бир ҳудудда танлов асосида ҳудуднинг маъмурий-ҳудудий бўлинишининг жойлашишидан келиб чиққан ҳолда, транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатувчи бир неча юридик шахслар аниқланиши мумкин.


3. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:


аффилланганлик хусусиятига эга алоқалар - тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи юридик ёки жисмоний шахсларнинг бир-бирлари фаолиятига таъсир кўрсатиши;


ваколатли вакил - танловда қатнашиш учун талабгор - ташкилот раҳбари ёки у томонидан ишончнома асосида вакил қилинган жисмоний шахс;


ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари;


танлов таклифлари - танлов қатнашчисининг транспорт воситаларини сақлаш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш фаолиятини амалга оширишда қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлари;


танлов предмети - транспорт воситаларини сақлаш бўйича хизматлар кўрсатишга бўлган ҳуқуқ;


талабгор - таклиф этилган шартларда танловда қатнашиш ниятини маълум қилган юридик шахс;


танлов қатнашчиси - танловда қатнашишга қўйилган талабгор;


танлов ғолиби - танлов якунларига кўра таклифи энг мақбул деб топилган қатнашчи.


4. Танлов Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг (кейинги ўринларда - ЙҲХХ) Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими (кейинги ўринларда - ахборот тизими) орқали ўтказилади.

ЙҲХХ ва унинг тегишли ҳудудий бўлинмалари танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича масъул ҳисобланади.


5. Танловни ўтказиш қуйидаги тамойилларга асосланади:

транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатиш соҳасида рақобат муҳитини яратиш;

қонунийлик, очиқлик, шаффофлик ва баҳолашнинг холислиги;

хизмат кўрсатувчиларнинг танлов ҳужжатларида қайд этилган ягона талаблар асосида рақобатлашиши;

соғлом рақобат учун шарт-шароитларнинг тенглиги;

танловларни фақат ахборот тизими орқали электрон тарзда ўтказиш;

танловда белгиланган талабларга энг тўлиқ жавоб берадиган хизмат кўрсатувчини ғолиб деб топиш.


6. Танлов очиқ ҳисобланади ва унда Ўзбекистон Республикасида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ҳар қандай юридик шахс қатнашиши мумкин.

Банкрот деб эълон қилинган ёки тугатиш босқичида бўлган ёхуд мол-мулки хатланган талабгорлар танловда иштирок этишга қўйилмайди.


7. Ваколатли органнинг танловни ташкил этиш ва ўтказиш доирасидаги асосий ваколатлари қуйидагилар ҳисобланади:

тегишлилиги бўйича ҳудуднинг маъмурий-ҳудудий бўлинишининг жойлашишидан келиб чиққан ҳолда транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатувчилар сонини аниқлаш бўйича қарорлар қабул қилиш;

ўтказиладиган танлов тўғрисидаги эълонларни ахборот тизимига ҳамда оммавий ахборот воситаларига жойлаштириш;

танлов ғолибининг танлов таклифларида кўрсатилган маълумотларининг ҳақиқийлигини ўрганиш;

танлов ғолибига транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатиш ҳуқуқини тасдиқловчи QR-код (матрик штрихли код) қўйилган электрон гувоҳномалар бериш;

танлов ғолиби билан шартнома тузиш;

транспорт воситаларини сақлаш хизматлари кўрсатилишини назорат қилиш;

шартнома шартларига амал қилинмаслик ҳолатлари юзасидан далолатномаларни расмийлаштириш ва белгиланган тартибда шартномани бекор қилиш чораларини кўриш.


8. Ҳудуд транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатувчисиз қолган ҳолатда навбатдаги танлов натижалари эълон қилингунга қадар ушланган транспорт воситалари ЙҲХХ бўлинмаларига тегишли жойларда вақтинча сақланади.


9. Ҳудуд қуйидаги ҳолларда транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатувчисиз қолган деб ҳисобланади:

тузилган шартнома муддатидан аввал бекор қилинса;

танловда талабгорлардан бирорта ҳам таклиф келиб тушмаса.



2-БОБ. ТАНЛОВНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


10. Транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатиш юзасидан танлов ташкил этиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш жараёни ушбу Низомга иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.


11. Ваколатли орган танловга қўйиладиган ҳудудлар рўйхатини тайёрлайди, танлов предметини ва вақтини танлов ўтказилишидан камида ўттиз кун олдин ахборот тизимига киритади ва бу ҳақда оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилади.


12. Танловда қатнашиш учун таклифлар танлов қатнашчилари томонидан ахборот тизими орқали тақдим этилади ва бу маълумотлар танлов қатнашчилари ҳақидаги маълумотлар бўлиб, улар очиқ ҳисобланади.


13. Танлов қатнашчилари томонидан танлов таклифларини тақдим этиш муддати танлов эълон қилинган кундан бошланиб, ўн беш иш кунини ташкил этади ва ахборот тизимида кўрсатилади.

Танлов таклифлари белгиланган муддат якунлангандан кейин қабул қилинмайди.


14. Танлов қатнашчиси танлов таклифларини бериш муддати тугагунига қадар берилган танлов таклифини қайтариб олишга ёки унга ўзгартиришлар киритишга ҳақли.


15. Танлов қатнашчилари танлов бўйича белгиланган талабларни ахборот тизими орқали электрон тарзда юклаб олишлари мумкин.


16. Ахборот тизимида танлов ўтказилгунга қадар танлов қатнашчилари томонидан юборилган таклифларни кўриш имконияти бўлмаслиги лозим.


17. Транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар тўғрисидаги маълумотлар очиқ маълумот ҳисобланади.



3-БОБ. ТАНЛОВ БЎЙИЧА ТАКЛИФЛАР МАЗМУНИ


18. Танлов таклифларида қуйидаги талаблар ва маълумотлар бўлиши керак:

битта транспорт воситасининг тўхташ жойи учун тавсия этилаётган майдон;

хизматлар кўрсатиш вақтида транспорт воситаларини сақлаш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича тадбирлар;

хизматлар кўрсатиш қиймати;

транспорт воситасининг сақлаш жойига ўз вақтида етказиб берилишини таъминлаш учун махсус техника воситаларининг (эвакуаторлар, тиркаш тросларининг) мавжудлиги;

тўхташ жойининг шакли (ёпиқ бинода, очиқ ҳолда);

транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатиш фаолиятига қўйиладиган талабларга риоя этиш учун талабгорда имкониятлар мавжудлиги тўғрисида далолат берувчи бошқа қўшимча маълумотлар.


19. Танлов қатнашчилари танлов бўйича таклифларнинг барча бандларига доир ҳаққоний, тўлиқ ва батафсил ахборотларни юборишлари шарт.



4-БОБ. ТАНЛОВ ТАКЛИФЛАРИНИ БАҲОЛАШ

ВА ҒОЛИБНИ АНИҚЛАШ


20. Танлов қатнашчилари томонидан танлов бўйича келиб тушган таклифлар ахборот тизими орқали баҳоланади.


21. Танлов таклифларини баҳолаш ва ғолибни аниқлаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

а) битта транспорт воситасининг тўхташ жойи учун тавсия этилаётган майдон учун - ҳисобланган даражадагидан (25 кв метр) ортиқ бўлган ҳар бир пункт учун ортиб борувчи коэффициент қўлланган ҳолда, беш балли тизим бўйича;

б) сақлаш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича тадбирлар учун - ўн балли тизим бўйича. Баҳолаш қуйидаги тарзда амалга оширилади:

бинолар билан тўхтаб туришга қўйилган транспорт воситаси оралиғидаги норматив бўйича ёнғин хавфсизлиги масофасини (6 м) таъминлаганлик учун - 5 балл. Ёнғинга қарши нормативдан ортиқ масофа (6 метрдан ортиқ) таъминланган тақдирда, ёнғинга қарши масофанинг оширилган ҳар бир метри учун ортиб борувчи коэффициент қўлланади;

тўхташ жойидан ёнғин гидрантигача 150 метр масофада ташқи ёнғинга қарши сув таъминоти тизими таъминлаганлиги учун - 5 балл. Тўхташ жойидан ёнғин гидрантигача бўлган масофа камайтирилган тақдирда масофанинг ҳар бир метри учун ортиб борувчи коэффициент қўлланади;

в) транспорт воситаларини олиб келиш ва сақлаш хизматларини кўрсатиш қиймати учун - Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланадиган чекланган миқдор даражасига нисбатан камайтирилган ҳар бир пункт учун ортиб борувчи коэффициент қўлланган ҳолда, ўн балли тизим бўйича;

г) махсус техника воситаларининг (эвакуаторлар, тиркаш тросларининг) мавжудлиги учун - табақалаштирилган баллар бўйича (ҳар бир эвакуатор учун - 5 баллдан ва ҳар бир тиркаш троси учун - 3 баллдан);

д) ёпиқ бинодаги тўхташ жойи учун - 15 балл, очиқ жойдаги тўхташ жойи учун - 5 балл.

Қатнашчи танлов таклифларининг якуний баҳоси юқорида санаб ўтилган кўрсаткичлар бўйича балларни қўшиш йўли билан аниқланади.

Таклифлари энг юқори баллар сонини олган қатнашчи танлов ғолиби деб эътироф этилади.

Баҳолаш натижаларига кўра бир нечта қатнашчи тенг баллар олган бўлса, у ҳолда ғолиб тенг баллар олган қатнашчиларнинг танлов таклифларидаги қуйидаги мезонлардан келиб чиқиб аниқланади:

белгиланган талаблардан қўшимча жиҳозлар ва транспорт воситаларини сақлаш учун шароитлар (транспорт воситаларини қуёш, ёмғир-қордан сақлаш учун шароит яратилган ҳолатига қараб) яратилганлигига қараб;

ушланган транспорт воситаларини сақлаш жойларида махсус транспорт воситаларининг (эвакуаторнинг) ишлаб чиқарилган йилига қараб;

ушланган транспорт воситаларини сақлаш жойларининг сиғимига қараб;

катта габаритли транспорт воситаларини сақлаш учун имкониятнинг мавжудлигига қараб таклифлар қайта кўриб чиқилиб, ғолиб аниқланади.


22. Танлов якунлари, хусусан, қатнашчилардан келиб тушган таклифлар мазмуни, ҳисобланган баллар, қатнашчилар тўғрисидаги маълумотлар, таклифларда кўрсатилган маълумотларнинг ҳақиқийлигини ўрганиш натижалари ахборот тизимида сақланади.


23. Агар танлов давомида фақат бир нафар қатнашчидан таклиф келиб тушса, унинг танлов таклифлари қўйилаётган талабларга мувофиқ бўлганда мазкур қатнашчи ғолиб деб ҳисобланади.

Агар қатнашчининг таклифлари қўйилаётган талабларга мувофиқ бўлмаса, ахборот тизими томонидан рад этилади ва такрорий танлов ташкил этилади.


24. Танлов натижалари бўйича маълумотлар ваколатли органнинг расмий веб-сайтига танлов ўтказилиб, баҳолангандан кейин дарҳол жойлаштирилади.



5-БОБ. ТАНЛОВ ҒОЛИБИНИНГ ТАКЛИФЛАРИДА

КЎРСАТИЛГАН МАЪЛУМОТЛАРНИНГ

ҲАҚИҚИЙЛИГИНИ ЎРГАНИШ


25. Танлов ғолибининг таклифлари ваколатли орган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг масъул ходимлари томонидан транспорт воситаларини сақлаш учун ташкил этилган жойга чиққан ҳолда ўрганилади.

Зарурат бўлганда, таклифлардаги маълумотларнинг ҳақиқийлигини ўрганиш жараёнига бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари жалб этилади.


26. Таклифлардаги маълумотларнинг ҳақиқийлигини ўрганиш вақти ва манзили олдиндан келишилади ҳамда танлов ғолиби аниқлангандан кейин беш кун ичида амалга оширилади.

Таклифлардаги маълумотларнинг ҳақиқийлигини ўрганиш жараёнини очиқ ва шаффоф ташкил этиш мақсадида ушбу хизматларни кўрсатувчилар кузатувчи сифатида иштирок этишлари мумкин.


27. Ваколатли органнинг масъул ходими маълумотларнинг ҳақиқийлигини ўрганишдан олдин танловнинг барча иштирокчилари билан аффилланганлик хусусиятига эга алоқалари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотни ахборот тизимига киритиши керак.

Иштирокчи ва унинг аффилланган шахси танлов бўйича айни битта лотда иштирок этиш ҳуқуқига эга эмас.


28. Танлов иштирокчилари билан аффилланганлик хусусиятга эга алоқалари бўлган ваколатли органнинг масъул ходимлари келтирилган маълумотларнинг ҳақиқийлигини ўрганишда иштирок этмаслиги лозим.

Унинг ўрнига бошқа ходим келтирилган маълумотларнинг ҳақиқийлигини ўрганиш учун тайинланади. Масъул ходим томонидан аффилланганлик тўғрисида киритилган маълумотлар ахборот тизимида ёпиқ сақланади.


29. Ваколатли орган танлов ғолибининг ахборот тизими орқали юборган таклифлардаги маълумотларнинг ҳақиқийлигига шубҳа юзага келса, уларни тасдиқловчи ҳужжатларни сўраб олишга ҳақли.


30. Ўрганиш натижалари ва тегишли фототасвирлар ваколатли орган томонидан ахборот тизимига юкланади. Юкланган маълумотлар шартноманинг амал қилиш муддати якунланишига қадар сақланади.


31. Ваколатли орган томонидан ўтказилган ўрганиш натижалари юзасидан танлов қатнашчиларига тушунтиришлар берилади.



6-БОБ. ТАНЛОВ ҒОЛИБИ БИЛАН ҲУЖЖАТЛАРНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА БЕКОР ҚИЛИШ


32. Ваколатли орган билан танлов ғолиби ўртасидаги ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгиловчи шартнома оммавий оферта шаклида ахборот тизимига танлов эълон қилинган пайтда жойлаштирилади.

Танлов ғолиби аниқлангандан сўнг беш кун ичида жойлаштирилган шартномани акцептлайди (таклифни қабул қилади).


33. Қуйидаги ҳолларда танлов қатнашчисининг ғолиблиги бекор қилинади:

таклиф қилинган маълумотлар ваколатли органга (олдиндан келишилган вақт ва манзилга) уларнинг ҳақиқатда мавжудлигини ўрганиш учун тақдим қилинмаса;

ахборот тизимига жойлаштирилган шартнома белгиланган муддатда сабабсиз акцептланмаса;

таклифлардаги маълумотларнинг ҳақиқийлиги тасдиқланмаганлиги оқибатида тўпланган баллар кейинги қатнашчи тўплаган баллардан камайиб кетса.

Танлов қатнашчисининг ғолиблиги бекор қилинган тақдирда, энг кўп баллар миқдори бўйича кейинги қатнашчи танлов ғолиби деб эътироф этилади. Кейинги қатнашчининг танлов таклифларидаги маълумотларнинг ҳақиқийлиги белгиланган тартибда ўрганилади.


34. Қуйидагилар транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатиш ҳуқуқини бекор қилиш учун асослар ҳисобланади:

юридик шахснинг транспорт воситаларини сақлаш бўйича фаолиятни амалга ошириш имкони йўқлиги тўғрисида комиссияга юборган ёзма билдиришномаси;

транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатиш юзасидан шартноманинг унда кўрсатилган асослар бўйича бекор қилиниши ёки амал қилиш муддатининг тугаши;

юридик шахснинг банкрот деб эълон қилиниши ёки уни тугатиш амалиётининг бошланиши.


35. Таклиф юборган ягона қатнашчининг ёки барча қатнашчиларнинг танлов ғолиблиги бекор қилинган тақдирда, мазкур ҳудуд бўйича дарҳол қайта танлов эълон қилинади.


36. Электрон ахборот тизимидаги танлов якунлари асосида танлов ғолиби билан шартномалар тузиш ҳамда уларнинг талаб ва шартларига риоя этилиши устидан назорат қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


37. Танлов ғолиби билан ваколатли орган ўртасида 10 йил муддатга транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатиш юзасидан шартнома тузилади.


38. Шартноманинг амал қилиш муддати тугашидан камида олтмиш кун аввал ҳудуд бўйича қайта эълон берилади.


39. Транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатувчи томонидан шартнома талаб ва шартларига риоя қилмаслик ҳолати аниқланса, ваколатли органнинг масъул ходимлари томонидан далолатнома расмийлаштирилади.


40. Танлов ғолиби таклиф этган таъриф даражаси бўйича камида икки йил транспорт воситаларини сақлаш бўйича хизматларни кўрсатиш мажбуриятини олади.


41. Шартнома шартларига қўшимча ёки ўзгартиришлар томонларнинг қўшимча келишувига асосан киритилади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


42. Танлов иштирокчилари танлов натижаларидан норози бўлган ҳолларда, белгиланган тартибда судга ёки юқори турувчи органларга мурожаат қилишга ҳақли.


43. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун

ушланган транспорт воситаларини сақлаш

хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар учун

танлов ташкил этиш ва ҳужжатларни

расмийлаштириш жараёни

СХЕМАСИ

         

           

Босқичлар


      

Субъектлар



       

Тадбирлар

       


        

Муддатлар

     









1-босқич

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинмалари



Танловга қўйиладиган ҳудудлар рўйхатини шакллантиради, лот талаблари, танлов предметини ахборот тизимига киритади ва бу ҳақда оммавий ахборот воситалари орқали эълон беради.



Танлов ўтказилишидан камида 30 кун олдин









2-босқич

Ариза берувчи


          

1. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали рўйхатдан ўтади.


2. Электрон шаклдаги сўровномани тўлдиради (зарур ҳужжатларнинг электрон шаклини илова қилган ҳолда) ҳамда ўз электрон рақамли имзоси билан тасдиқлайди.



Танлов эълон қилингандан сўнг 15 кун ичида









3-босқич

     

Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими

     


Сўровномани тегишли Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига жўнатилади.


Автоматик равишда









4-босқич

Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими


      

1. Танлов қатнашчилари томонидан танлов бўйича келиб тушган таклифлар ахборот тизими орқали баҳоланади.


2. Танлов бўйича таклифларни баҳолаш ҳар бир қатнашчи бўйича аниқланади. Энг кўп балл тўплаган қатнашчи танлов ғолиби деб эътироф этилади.

      


15 кун ичида









5-босқич

Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими


Танлов натижалари бўйича маълумотлар танлов ўтказилган куниёқ ваколатли органнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.


Дарҳол



6-босқич

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги


      

Танлов ғолиби билан транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатиш  юзасидан шартнома тузади.

      


10 йил муддатга








      

Шартноманинг амал қилиш муддати тугашидан камида олтмиш кун олдин ҳудуд бўйича қайта эълон беради.

      


60 кун олдин



 

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 20-21-сон, 207-модда.