Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг 29.07.2013 й. 27н-сон "Ҳаво транспортида йўловчи ва багаж ташиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Буйруғи (АВ томонидан 21.08.2013 й. 2238-1-сон билан рўйхатга олинган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

21.08.2013 й.

N 2238-1




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПАРВОЗЛАР ХАВФСИЗЛИГИНИ НАЗОРАТ

ҚИЛИШ ДАВЛАТ ИНСПЕКЦИЯСИ

БОШЛИҒИНИНГ

29.07.2013 й.

N 27н


БУЙРУҒИ



Ҳаво транспортида йўловчи ва багаж ташиш

қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар

киритиш тўғрисида



Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 6-сон, 247-модда) мувофиқ БУЮРАМАН:


1. Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг 2011 йил 11 апрелдаги 45-сон буйруғи (рўйхат рақами 2238, 2011 йил 29 июнь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 26-сон, 275-модда) билан тасдиқланган Ҳаво транспортида йўловчи ва багаж ташиш қоидаларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Бошлиқ                                                                                             Т. Ўлжаев






Буйруққа

ИЛОВА



Ҳаво транспортида йўловчи ва багаж

ташиш қоидаларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. 1-банднинг йигирма биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"ташувчи - эксплуатант сертификатига эга бўлган ҳаво кемасининг эксплуатанти;".


2. 2 - 4-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"2. Мазкур Қоидалар эълон қилинган парвозлар жадвали ва чартер шартномалари асосида ички ва халқаро ҳаво йўналишларида йўловчи ва багаж ташишда қўлланилади.

3. Мазкур Қоидалар авиация ишларини бажарувчи эксплуатантларга нисбатан татбиқ этилмайди.

4. Ташувчилар ҳаво транспортида йўловчи ва багаж ташишнинг ўз фаолиятлари хусусиятига мос келадиган ва мазкур Қоидаларга зид бўлмаган қўшимча қоидаларини белгилаши мумкин.".


3. 5-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


4. 7-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"7. Ҳаво транспортида йўловчи ва багаж ташиш шартномалари, жумладан чартер шартномалари асосида ташилади.

Ҳаво транспортида ташиш шартномасига биноан ташувчи йўловчи ва унинг багажини чиптада кўрсатилган парвозни амалга ошираётган ҳаво кемасидан жой бериб, белгиланган манзилга элтиб қўйиш мажбуриятини, йўловчи багажини топширган бўлса - багажини белгиланган манзилга етказиб, уни йўловчига ёки йўловчи тайинлаган шахсга топшириш мажбуриятини олади. Йўловчи белгиланган тариф бўйича парвоз учун, ташувчи белгилаган меъёрдан ортиқ багаж бўлган тақдирда эса - бундай багаж учун ҳам ҳақ тўлаш мажбуриятини олади. Чартер шартномаси шартлари мазкур шартноманинг ўзида белгиланиши лозим.".


5. 14-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"14. Ташувчи ҳаво транспортида йўловчи ва багаж ташиш шартномасини ташиш йўналишининг исталган манзилида қуйидаги ҳолларда бекор қилиши мумкин:

йўловчи томонидан парвоз бошланадиган, тугайдиган ва транзит мамлакатнинг қонун ҳужжатларида белгиланган божхона, чегара, санитария-карантин талаблари ва ҳаво транспортида ташишга тааллуқли бошқа талаблар бузилса;

агар йўловчи соғлиғининг ҳолати ҳаво транспортида ташишнинг алоҳида шарт-шароитларини талаб қилса ёхуд йўловчининг ўз хавфсизлигига ёки бошқа шахсларнинг хавфсизлигига таҳдид солса, бу ҳол тиббий ҳужжатлар билан тасдиқланса, худди шунингдек тартибсизлик келтириб чиқарса ва бошқа йўловчиларга ташиш шартномасининг шартларида назарда тутилган хизматларни кўрсатиши учун ташувчига имконият бермаса;

ҳаво кемаси ичидаги юриш-туриш қоидалари йўловчи томонидан парвоз хавфсизлигига таҳдид туғдирадиган ёхуд ҳаво кемаси ичидаги шахсларнинг ҳаётига ёки соғлиғига ва мол-мулкига таҳдид туғдирадиган тарзда бузилса;

ҳаво транспортида ташишларнинг белгиланган қоидалари талабларини бажариш йўловчи томонидан рад этилса.".


6. 29-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"29. Ташувчи парвозларнинг йўналишлари ва жадвалларини, йўловчиларни ҳамда юкларни ташиш тарифларини, аэропортларда ва ҳаво кемасининг ичида хизмат кўрсатиш шартларини эълон қилиши ҳамда аҳолининг (мижозларнинг) эътиборига етказиши шарт.".


7. 49-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"49. Йўловчи ҳаво транспортида ташиш шартномаси амал қилиб турган исталган вақтда - йўловчи учун жой банд қилиб қўйилган ҳаво кемаси парвоз қилгунича ёки парвоз қилганидан кейин йўналиш манзилларидан бирида ҳаво транспортида ташиш шартномасини бекор қилиш ва ташиш учун тўланган сумманинг ҳаммасини ёки бир қисмини ташувчининг тарифларини қўллаш қоидаларида белгиланган тартибда олиш ҳуқуқига эга.

Чиптанинг эгаси вафот этган ёки соғлиғи оғирлашган ҳолатларда йўловчи, унинг вакили ёки тегишли ҳуқуққа эга бўлган шахслар чиптанинг пулини қайтариб олиш ҳуқуқига эга.".


8. Қуйидаги мазмундаги 104-1 - 104-8-бандлар билан тўлдирилсин:

"104-1. Учиб келган рейс йўловчиларига багаж топширилганидан кейин талаб қилиб олинмаган багаж уни олиб келган ташувчи ҳисобидан сақлаш ва бундай багажнинг эгасини қидириш ҳамда уни эгасига етказиб беришни ташкил этиш учун аэропортнинг тегишли хизматига топширилади.

Ташувчилар томонидан олиб келиниб, талаб қилиб олинмаган багаж аэропортда кўпи билан 3 ой сақланади ва аэропортнинг тегишли хизмати томонидан йўқ қилинади.

Чет эллик ташувчилар томонидан олиб келиниб, талаб қилиб олинмаган багаж аэропортда кўпи билан 7 кун сақланади ва уни олиб келган ташувчининг рейси билан қайтариб юборилади.

104-2. Талаб қилиб олинмаган багаждаги тез бузиладиган нарсаларда бузилиш белгилари аниқланган тақдирда, улар йўқ қилиниши лозим. Бунда аэропортнинг багаж қидирув хизмати ходимлари томонидан божхона хизмати вакили иштирокида талаб қилиб олинмаган багаж очилиб, ундан бузилган нарсалар далолатнома асосида олиб ташланиши мумкин. Бузилган нарсалар олиб ташлангандан сўнг, багажда қолган нарсалар рўйхати тузилиб, ёпилади ҳамда муҳрланади. Далолатномада багажнинг дастлабки ҳолати (вазни, ҳажми) ва ўлчаш натижалари акс эттирилиши шарт. Багажда қолган нарсалар рўйхати далолатномага илова қилинади.

104-3. Сақлаш муддати тамом бўлгач, аэропорт директори томонидан талаб қилиб олинмаган багажларни йўқ қилиш бўйича комиссия (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) тузилади. Комиссия ишида аэропорт божхона хизмати ва ички ишлар органлари вакиллари иштирок этади. Бунда талаб қилиб олинмаган ва йўқ қилиниши лозим бўлган багажларнинг рўйхати аэропортнинг багаж қидирув хизмати томонидан тузилади ва Комиссияга тақдим этилади. Ушбу рўйхатга Талаб қилиб олинмаган багажни рўйхатга олиш журнали, талаб қилиб олинмаган багажнинг эгасини қидириб топиш учун берилган эълон нусхалари, багажни сақлашга қабул қилиш бўйича далолатнома нусхаси илова қилинади.

104-4. Тақдим этилган ҳужжатлар Комиссия томонидан кўриб чиқилгач, Комиссия аъзолари багажни очади ва ундаги предметларни хусусиятларига кўра ажратиб, йўқ қилиш учун қопларга жойлайди. Бунда Комиссия аъзолари бир марталик қўлқоплар ва маска-респираторлар билан таъминланиши шарт. Ёқиб юбориш орқали йўқ қилиб бўлмайдиган предметлар, жумладан қимматбаҳо металлар, қимматбаҳо, яримқимматбаҳо тошлар, табиий марваридлар ва бошқа шунга ўхшаш предметлар эса, алоҳида рақамланган ва муҳрланган идишларга жойлаштирилади.

104-5. Комиссия қарори далолатнома билан расмийлаштирилади ва мазкур далолатнома Комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланади ҳамда аэропорт директорининг имзоси билан тасдиқланади. Мазкур далолатномада йўқ қилиш учун ажратилган багажлар сони, багажларнинг ичидаги предметлар рўйхати ҳамда ёқиб юбориш орқали йўқ қилиб бўлмайдиган предметлар жойланган идишларнинг тартиб рақамлари кўрсатилиши керак.

104-6. Комиссиянинг багажни йўқ қилиш ҳақидаги қарори багаждаги предметларни йўқ қилиш учун асос ҳисобланади. Ёқиш орқали йўқ қилиб бўлмайдиган предметлар механик бузиш орқали, фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келтирилгандан сўнг, йўқ қилинади.

104-7. Қимматбаҳо металлар, қимматбаҳо, яримқимматбаҳо тошлар ҳамда табиий марваридлар ва бошқа шунга ўхшаш предметлар йўқ қилинмайди. Бундай предметлар бўйича Комиссия аъзолари томонидан икки нусхада уларнинг вазни ва алоҳида белгилари кўрсатилган рўйхат тузилади. Мазкур рўйхат Комиссия аъзолари ва Комиссия ишида иштирок этган аэропортнинг божхона хизмати ва ички ишлар органлари вакиллари томонидан имзоланади. Аэропорт директори томонидан рўйхат расмийлаштирилгач, уч иш куни ичида унда назарда тутилган предметларни тасарруф қилиш бўйича тегишли қарор қабул қилиш учун фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризаси билан мурожаат қилиши шарт.

104-8. Багажларни йўқ қилиш бўйича тегишли ҳужжатлар, шунингдек уларнинг йўқ қилинганлигини тасдиқловчи видео- ва фотоматериаллар тегишли аэропортда сақланади.".


9. 116-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"116. Ҳаво транспортида ташишда ташувчининг жавобгарлиги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, фуқаролик қонун ҳужжатлари ва Ҳаво кодекси билан тартибга солинади.".


10. Қуйидаги мазмундаги 116-1-банд билан тўлдирилсин:

"116-1. Ҳаво транспортида ташиш йўловчилар ва багаж аэропортда, ҳаво кемаси ичида ёки бошқа учиш-қўниш жойида бўлишидан қатъи назар, ташувчининг жавобгарлиги остида бўлган вақт мобайнидаги даврни қамраб олади.".


11. 118-банд қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин:

"Етказилган зарар ёки зарарнинг кўпайиши жабрланувчининг қўпол эҳтиётсизлиги натижаси эканлигини ташувчи исботлаб берган бошқа ҳолларда фуқаролик қонун ҳужжатларининг умумий нормаларига мувофиқ зарар учун тўланадиган товоннинг миқдори камайтирилиши ёки зарарни қоплашдан халос этилиши мумкин.

Ташувчи йўловчининг ўлими ёки соғлиғи шикастланганлиги учун етказилган зарарнинг ўрни Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ҳамда фуқаролик қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорларда қопланишини таъминлаши шарт.".


12. 126-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"қиймати эълон қилинмаган ҳолда ташиш учун қабул қилинган багажнинг, шунингдек йўловчи ёнидаги буюмларнинг йўқолганлиги, камомади ёхуд уларга етказилган зарар учун - Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ҳамда фуқаролик қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорларда жавобгар бўлади.".


13. Қуйидаги мазмундаги VIII-1-боб билан тўлдирилсин:


"VIII-1 боб. Ташувчининг хатти-ҳаракати оқибатида йўловчи

ташиш шартномаси бажарилишининг кечикиши


130-1. Расмийлаштирилган чипта ва олдиндан банд қилинган жойга эга бўлган йўловчига ташувчи томонидан ҳаво кемасидан жой бериш рад этилган бўлса ва бу йўловчининг белгиланган вақтдан ортиқ учиш пунктида ушланиб қолишига сабаб бўлса, йўловчига етказилган зарар ташувчи томонидан компенсация тўлови ёки бепул қўшимча хизматлар кўрсатиш орқали қопланади.

Компенсация тўловини тўлаш тартиби ва миқдори ташувчи томонидан фуқаролик қонун ҳужжатлари талабларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган қоидалар, Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво кодекси, мазкур Қоидалар, шунингдек жўнаб кетиш ёки транзит мамлакатнинг қонун ҳужжатлари ва халқаро тижорат иттифоқларининг талаблари асосида белгиланади.

130-2. Парвоз ташувчи томонидан белгиланган аниқ вақтдан кечикса, ташувчи йўловчига етказилган зарарни қоплаши шарт. Зарар миқдори парвоз купони нархидан келиб чиққан ҳолда ташувчи томонидан белгиланади.

130-3. Йўловчига етказилган зарар учун ташувчи томонидан қуйидаги бепул қўшимча хизматлар кўрсатилади:

бир маротаба телефон орқали гаплашиш ёки телеграмма юбориш ёки бошқа алоқа хизматларидан фойдаланишни таъминлаш;

парвозгача кутиш даврида ёки транспортнинг бошқа тури орқали ташишгача бўлган вақтда озиқ-овқат ва ичимлик суви билан таъминлаш;

ташувчи қоидаларида белгиланган муддат кутиш вақтидан кўра кўпроқ бўлса, меҳмонхона билан таъминлаш;

кутиш вақтида транспорт орқали аэропортдан вақтинчалик яшаш жойигача элтиб қўйиш ва қайтишни таъминлаш;

чиптада назарда тутилган туташ рейсларга кечикиш билан боғлиқ харажатларни тўлаш.

130-4. Қуйидаги ҳолларда йўловчига компенсация тўловлари тўланмайди:

йўловчи бошқа рейсда учишдан бош тортса ва чипта учун тўланган пулнинг мажбурият бажарилмаган қисми доирасида жойида тўлаб беришни талаб қилса;

йўловчи ташувчининг чипта олиш ва рўйхатдан ўтишга келиш муддатлари билан боғлиқ талабларига риоя қилмаса;

йўловчи мазкур Қоидаларнинг 14-бандига асосан парвоздан четлатилганда;

йўловчи рўйхатдан ўтиб, учиб кетиш жойига келмаса;

рейсда йўловчига уни чиптасида кўрсатилган классдан юқорироқ классда қўшимча ҳақ олмасдан ташиш таклиф этилса;

ташув бепул амалга оширилаётган бўлса.".


14. 131-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


15. 132-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"132. Йўловчи ёки багажни ташиш юзасидан ташувчига нисбатан даъво қўзғатишдан олдин унинг олдига талаб қўйилиши шарт, авиация ҳалокати натижасида йўловчининг ўлими ёки соғлиғига зарар етиши билан боғлиқ ҳоллар бундан мустасно.

Ташиш битта ташувчи томонидан бажарилган тақдирда талаблар даъвогарнинг хоҳишига кўра парвоз бошланган ёки тугаган манзилда билдирилади. Ташиш бир нечта ташувчи томонидан бажарилган тақдирда, багаж ташиш қоидаси бузилганлигига доир талаблар даъвогарнинг хоҳишига кўра биринчи ёхуд охирги ташувчига, йўловчининг ўлими юз берган ёки соғлиғига зарар етказилган тақдирда эса - ташишни йўналишнинг зарар юзага келган участкасида бажарган ташувчига билдирилади.".


16. Мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Миллий хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси ва "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 26 август, 34-сон, 462-модда