Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Китоб савдоси ташкилотлари ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 11.01.2010 й. 2061-сон билан рўйхатга олинган Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 10.12.2009 й. 76-Б-сонли буйруғи билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2010 йил 11 январда 2061-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2009 йил 10 декабрдаги

76-Б-сонли буйруғига

ИЛОВА



Китоб савдоси ташкилотлари ходимлари

учун меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) мувофиқ китоб савдоси ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар китоб савдоси ташкилотларига (китоб базалари, коллекторлари ва дўконлари) (бундан кейинги ўринларда ташкилотлар деб юритилади) тааллуқлидир.


2. Мазкур Қоидалар ташкилот биноларини ва иншоотларини лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда, жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашда ҳисобга олиниши лозим.


3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.


4. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларга риоя этилиши устидан давлат назорати бунга махсус ваколат берилган давлат идоралари томонидан, жамоатчилик назорати эса меҳнат жамоалари ва касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан сайланадиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.



II. ХАВФСИЗЛИК БЎЙИЧА УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш


5. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил қилиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


6. Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил қилиш тўғрисидаги намунавий низомга мувофиқ ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ички назоратнинг асосий турлари қуйидагилар ҳисобланади:

ишларга раҳбарлик қилувчи ва бошқа мансабдор шахсларнинг тезкор назорати;

маъмурий-жамоатчилик назорати (уч босқичли назорат);

бош мутахассислар хизмати томонидан амалга ошириладиган назорат.

Қуйидагилар назорат қилиниши лозим:

иш жойларининг аҳволи;

меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши;

меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш вазифаларини амалга оширишга доир ишларни бажариш;

меҳнатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларининг бажарилиши;

меҳнатни муҳофаза қилишга ажратилган маблағларнинг тўғри сарфланиши.


7. Ташкилотларда қуйидаги асосий ҳужжатлар ишлаб чиқилади (тасдиқланади) ва юритилади:

меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини яхшилаш, санитария-соғломлаштириш чора-тадбирлари бўйича бўлимни ўз ичига олган жамоавий шартнома;

тасдиқланган меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш ўринларини аттестация қилиш услубига мувофиқ иш ўринларини аттестация қилиш карталари;

меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг чораклик иш режалари;

ишчиларни ўқитиш, йўл-йўриқ бериш ва билимларини синовдан ўтказиш дастурлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича маъмурий-жамоатчилик назоратини юритиш журнали (уч босқичли назорат);

ишчи ва хизматчилар билан ёнғинга қарши йўл-йўриқ бериш ва ёнғин-техникавий минимум машғулотларини ўтказиш дастури;

ҳар бир касб ва иш турлари бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномалари.


8. Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, 5-сон, 223-модда) 14-моддасига мувофиқ ходимлар сони 50 нафар ва ундан ошадиган ташкилотларда махсус тайёргарликка эга шахслар орасида меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари тузилади (лавозим жорий этилади), 50 ва ундан ортиқ транспорт воситаларига эга бўлган ташкилотларда эса бундан ташқари йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади). Ходимлар сони ва транспорт воситалари миқдори камроқ ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифаларини бажариш раҳбарлардан бирининг зиммасига юклатилади.


9. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра ташкилотнинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва унинг раҳбарига бўйсунади ҳамда ташкилотнинг фаолияти тугатилган тақдирда бекор қилинади.


10. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг мутахассислари лавозим йўриқномасига биноан уларнинг мажбуриятлари жумласига киритилмаган бошқа ишларни бажаришга жалб қилиниши мумкин эмас.


11. Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сонли қарори билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.



2-§. Ходимларга йўл-йўриқ бериш, ўқитиш ва уларнинг

билимларини синовдан ўтказиш ишларини ташкил этиш


12. Ташкилотларнинг барча ходимлари, шу жумладан, раҳбарлари ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, йўл-йўриқлар олишлари ҳамда билимлари синовдан ўтказилиши керак.


13. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш ҳақидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.



3-§. Касбий танлов


14. Ташкилотларда касбига кўра танлов ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


15. Ташкилот мутахассислари тегишли маълумотга ва иш тажрибасига эга бўлиши лозим.


16. Хавфли ишларга тегишли касбий маълумотга эга бўлмаган шахсларни қабул қилиш ман этилади.


17. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 июлдаги 290-сон қарори билан тасдиқланган Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланилиши тақиқланган оғир ишларнинг ҳамда зарарли ёки хавфли меҳнат шароитларидаги ишларнинг рўйхатига мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар оғир ишларга ҳамда зарарли ва хавфли меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.


4-§. Жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш


19. Ташкилотларда ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жамоа ва якка тартибдаги ҳимоя воситалари қўлланилиши лозим.


20. Жамоавий ҳимоя қилиш воситалари жумласига қуйидагилар киради:

хоналар ва иш жойларининг ҳаво муҳитини нормаллаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш, ҳаво ҳароратини, намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);

хоналар ва иш жойларининг ёруғлигини нормаллаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғлик ўринлари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);

шовқин, тебранма, электр токи уриши, статик ток ва ускуналар юзасининг юқори даражадаги ҳароратдан ҳимоя қилиш воситалари;

механик ва кимёвий омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.


21. Якка тартибдаги ҳимоя воситалари Нашриёт, матбаа ва китоб савдоси ходимлари учун махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситаларини бепул беришнинг намунавий меъёрларига (рўйхат рақами 1926, 2009 йил 18 март) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 12-сон, 139-модда) мувофиқ таъминлаши шарт.



5-§. Ходимларнинг соғлиғини назорат қилиш


22. Ташкилот раҳбарияти (ёки иш берувчи) касаба уюшмаси қўмитаси ва ваколатли соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг кўрикка келишини таъминлаши лозим.


23. Ташкилотларда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2000 йил 6 июндаги 300-сонли "Ходимларни ишга қабул қилишда дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруғи (рўйхат рақами 937, 2000 йил 23 июнь) асосида амалга оширилиши лозим.


24. Тиббий кўрикдан ўтишдан ёки тиббий комиссияларнинг текширувлар натижасида берган тавсияларини бажаришдан бўйин товлаган ходимларни маъмурият ишга қўймасликка ҳақлидир.


25. Тиббий кўриклар ташкилотнинг тиббий-санитария қисмлари ва поликлиникалари, улар мавжуд бўлмаган ҳолда даволаш-профилактика муассасаси томонидан ўтказилиши лозим. Тиббий кўриклар даволаш-соғломлаштириш тадбирлари белгиланган текшириш далолатномаси билан якунланиши лозим.


26. Ташкилот маъмурияти (ёки иш берувчи) ва касаба уюшмаси қўмитаси тиббий кўрик далолатномаси билан танишиб чиқиши, иш берувчи эса далолатномада кўзда тутилган барча тадбирлар ва кўрсатмаларни бажариши лозим.


27. Даврий тиббий кўриклар ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва уларнинг натижаларига кўра тавсиялар бажарилиши учун жавобгарлик ташкилотнинг маъмурияти зиммасига юкланади.


28. Ходимларни соғлиғи туфайли уларга рухсат этилмаган ишларда ишлатиш тақиқланади.



6-§. Шамоллатиш ва иситиш тизимига қўйиладиган талаблар


29. Шамоллатиш ва иситиш ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, шамоллатиш ва кондиционерлаш" талабига мувофиқ бўлиши лозим.


30. Бино ва иншоотларнинг ҳаводаги зарарли моддалар миқдори СанҚваМ 0046-95 "Гигиеник нормативлар. Иш ҳудуди ҳавосида зарарли моддаларнинг рухсат этилган энг кўп миқдорлари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


31. Ўтиш жойларида жойлашган иситиш жиҳозлари (қувурлар, регистрлар ва шунга ўхшашлар), рухсат этилган ўтиш йўлкаларининг энини камайтирмаслиги керак.


32. Иш жойларида ҳаво ҳарорати йилнинг совуқ даврида енгил жисмоний ишларда 21° С, ўрта оғир ишларда 17° С ва оғир ишларда 16° С дан паст бўлмаслиги керак.


33. Ходимларнинг исиниши учун хоналарда ҳаво ҳарорати 22° С дан кам бўлмаслиги керак.


34. Биноларда жойлашган ишчи майдонларидан ходимларнинг исиниш хоналаригача бўлган масофа 75 м, ташкилот майдонидаги ишчи жойларидан 150 м дан кўп бўлмаслиги керак.



7-§. Сув таъминоти ва канализация

тизимига қўйиладиган талаблар


35. Сув билан таъминлаш ва канализация тизими ҚМҚ 2.04.01-98 "Биноларнинг ички сув қувури ва канализацияси" талабларига мос келиши керак.


36. Тозаланган сувда зарарли моддалар таркиби санитар нормаларга асосан чегараланган концентрациядан ошиб кетмаслик керак.


37. Иш жойидан сув ичиш қурилмасигача бўлган масофа 75 м дан ошмаслиги керак.


38. Ичимлик сувининг ҳарорати 8° С дан 20° С гача бўлиши керак.


39. Ташкилот ҳудудидаги ҳожатхоналар иссиқ ва канализацияланган бўлиши лозим.


40. Ташкилот ҳудудида қўл-бетни ювадиган водопровод суви ва чиғаноқ ўрнатилган бўлиши керак.



8-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар


41. Ташкилот ҳудуди ва ёрдамчи бинолар ва хоналарда табиий ва сунъий ёритишлар ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш" талабларига мувофиқ бўлиши керак.


42. Ёритиш ускуналарини ўрнатишда қандилларнинг турлари, лампаларнинг қуввати ва уларнинг жойлашиши тасдиқланган лойиҳага мос бўлиши керак.


43. Омборхоналар ва юк тушириш-ортиш майдонларидаги технологик ускуналар умумийга қўшимча равишда кўчма ёритиш мосламалари билан таъминланган бўлиши керак.


44. Авария ёритиш тармоқларига электр энергия истеъмолчиларини улаш тақиқланади. Авария ёритишларининг созлиги камида чоракда бир марта текширилиши лозим.


45. Ёруғ тушувчи ойналарни йилда икки мартадан кам бўлмаган ҳолда тозалаш лозим.


46. Ёруғлик тушадиган дераза ва эшикларнинг бегона предметлар (ускуна, тайёр маҳсулот ва бошқалар) билан тўсиб қўйилишига рухсат этилмайди.


47. Тунги вақтда ташкилот хоналарида "Табиий ва сунъий ёритиш" ҚМҚ 2.01.05-98 талабларига мувофиқ фойдаланиш керак.



9-§. Китобларни сақлаш, савдо қилиш бинолари, иншоотлари,

маиший ва қўшимча хоналарга қўйиладиган талаблар


48. Бино ва иншоотларнинг умумий техник ҳолатини кўрикдан ўтказишни ташкилот раҳбари томонидан тузилган махсус комиссия амалга оширади.


49. Китоб базаларида ҚМҚ 2.09.12-98 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший хоналари" қоидалари талаблари ва мазкур Қоидаларга мувофиқ санитария-маиший ва қўшимча хоналар бўлиши лозим.


50. Китоб базаларидаги маиший хоналар иш жойларига яқин жойлаштирилиши зарур.


51. Кийим сақланадиган гардероблар, ҳожатхоналар, китоб базаларида ювиниш ва чўмилиш хоналари эркаклар ва аёллар учун алоҳида бўлиши лозим.


52. Ювиниш хоналарида электр қуритгичлар, кўзгу, кийим илгичлар, суюқ совун учун идишлар ва қаттиқ совун солгичлар бўлиши лозим.


53. Овқатланиш пунктлари умумий овқатланиш ташкилотлари учун белгиланган санитария қоидалари талабларига жавоб бериши лозим.


54. Қават оралиғидаги зинапоялар, майдончалар ва чиқиш қисми зинапоялари, супанинг баландлик фарқи 0,75 м дан ортиқ бўлса баландлиги 1 м дан кам бўлмаслиги, 5 м - 1,2 м дан ортиқ бўлса мустаҳкам тўсиқлари бўлиши керак.


55. Иш жойлари, ўтиш жойлари, эвакуация йўллари, кириш-чиқиш жойлари, дераза ва эшик ўринлари, йўлаклар, зинапоялар ва зинапоя қаватлари тирбанд бўлиши мумкин эмас. Ўт ўчириш ва электр қуввати воситаларидан фойдаланишда бемалол ўтиш таъминланиши керак.


56. Китоб савдо хоналари "Жамоатчилик бинолари ва иншоотлари" ҚМҚ 2.08.02-96 талабларига тўғри келиши керак.


57. Дўкон пештахталари 1,5 м гача чуқурликда намойиш майдончалари бўлиши керак. Пештахта ойналари терлаш ва музлашдан ҳимояланган бўлиши, зарур вақтда бевосита қуёш нурларидан ҳимоя мосламалари кўзда тутилган бўлиши керак.



10-§. Омборхоналарга қўйиладиган талаблар


58. Барча омборхоналар учун ташкилот раҳбарияти томонидан китобларни хавфсиз сақлаш қўлланмаси ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши керак.


59. Қиш пайтида омборхона жойлашган майдон қор, музлардан тозаланган ва қум, кул ёки шлак сепилган бўлиши керак.


60. Тахламлар ва стеллажлар орасидаги йўлкаларнинг эни 1 м дан кам бўлмаслиги керак. Омборхонада транспорт воситасидан фойдаланилганда йўлкаларга қўшимча ўтиш йўлларининг эни 3 м дан кам бўлмаслиги кўрсатилиши керак. Тахламлар қатори ва транспорт воситаси ўлчамлари оралиғи эни 1,5 м дан кам бўлмаслиги керак.


61. Омборхоналарни умумий ёритиш ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш" талабларига жавоб бериши лозим.


62. Маҳсулот қабул қилинадиган омборхона эшикларининг эни 1,3 м дан ва баландлиги 2,3 м дан кам бўлмаслиги керак.



11-§. Электр хавфсизлигига талаблар


63. Истеъмолчиларнинг янгидан қуриладиган ва таъмирланадиган барча электр қурилмалари Электр қурилмалар тузилиши қоидаларига (бундан кейин - ЭҚТҚ) мос равишда бажарилиши керак.


64. Ташкилотларда электр қурилмаларидан фойдаланиш Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари (рўйхат рақами 1383, 2004 йил 9 июль) ва Электр ускуналарини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидалари талабларига (рўйхат рақами 1614, 2006 йил 18 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


65. Ишлаб турган электр қурилмаларига хизмат кўрсатиш ва улардан фойдаланиш, уларда электр токини тезкор узиш, таъмир, монтаж ёки созлаш ишлари ҳамда синовларни ташкил этиш ва бажариш махсус тайёрланган, тиббий кўрикдан ўтган электротехник ходимлар томонидан амалга оширилади.


66. Мазкур Қоидаларнинг энергохизмат ходимлари томонидан бажарилиши учун масъул ходимни ташкилот раҳбарияти ўрнатилган тартибда тасдиқлаган лавозим йўриқномалари ва низомларни белгилайди.


67. Ҳар бир ташкилот раҳбарияти буйруғи билан энергохизмат муҳандис-техник ходимлари таркибидан электр хўжалик умумий ҳолати ва мазкур Қоидалар талабларининг бажарилишига жавоб берадиган масъул шахс тайинланиши керак.

Электр хўжалик учун жавобгар шахс (меҳнат таътили, касаллик, хизмат сафари туфайли) узоқ вақт бўлмаганида, унинг вазифасини ижро этиш раҳбар буйруғи билан раҳбарнинг ўринбосарига ёки энергохизмат бўйича билими текширувдан ўтган бошқа шахсга юклатилади.


68. Металл конструкцияларидан тайёрланган китоб савдоси дўконларида ерга уланган ҳимоя симлар бўлиши лозим.

Мазкур Қоидаларнинг талабларига мувофиқ бўладиган энергохизмат ходимлари бўлмаган ҳолларда электр қурилмаларидан фойдаланиш тақиқланади.



12-§. Ёнғин хавфсизлиги талаблари


69. Бино, маиший-хўжалик хоналари, омборхоналар, шунингдек муҳандислик иншоотлари, электр хўжалигида ёнғин хавфсизлиги бўйича жавобгарлик ташкилот раҳбари буйруғига биноан тегишли хизматлар раҳбарлари ёки бошқа мансабдор шахслар зиммасига юклатилади.


70. Ташкилот бинолари, маиший-хўжалик хоналари, муҳандислик иншоотлари учун ёнғин хавфсизлиги қоидалари, меъёрий ҳужжатлар талаблари асосида ёнғиннинг олдини олиш бўйича йўл-йўриқлар ишлаб чиқилиши зарур.


71. Йўл-йўриқларда қуйидаги масалалар:

бино, иншоот, ҳудудни ҳамда бинони тарк этиш йўлларини сақлаш тартиби;

ёнғин хавфи мавжуд бўлган ишлар (пайвандлаш, электр жиҳозларидан фойдаланиш, таъмирлаш ва ҳ.к.)ни бажаришда ёнғин хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тадбирлар;

портлаш, тез алангаланиш, ёниш хавфи бўлган материалларни сақлаш ҳамда ташиш тартиби;

чекиш жойлари, очиқ оловдан фойдаланиш ва олов билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тартиби;

ёнувчи маҳсулотлар ва материалларни сақлаш, йиғиш, муассаса биносидан олиб чиқиш тартиби;

портлаш ёки ёнғинга олиб келиши мумкин бўлган назорат-ўлчов асбоблари (манометр, термометр ва бошқалар)нинг чегаравий қийматлари;

ёнғин вақтида ишчи ва хизматчиларнинг вазифалари ва ҳаракати ёритилиши керак.


72. Бинолар, маиший-хўжалик хоналари, йўлаклар, омборхоналар, бирламчи ўт ўчириш воситалари ҳамда ёнғиндан хабар бериш техник воситалари билан тўлиқ жиҳозланган бўлиши лозим.


73. Архив, омборхона, ҳаво алмаштириш ускуналари ўрнатилган хоналар, хўжалик ва ёнғин насослари хоналари эшиклари ёнғинга чидамли қилиб ишланган бўлиши керак.


74. Ёнғин насослари двигателлари ҳамда ёнғиндан хабар бериш автоматика тизими мосламаларига электр токи трансформатор подстанцияларидан алоҳида тортилган сим орқали келтирилиши лозим.


75. Ташкилотларнинг ёнғин насослари двигателлари ҳамда ёнғинни ўчириш тизими мосламаларининг ёқилиши автоматлашган тарзда ҳаво алмаштириш ва совутиш тизимларининг ўчирилиши билан боғлиқ равишда амалга оширилиши зарур.


76. Ташкилот биноларининг ҳар бир қаватида ёнғин содир бўлганида, ходимларни кўчириш чизмаси ўрнатилиши шарт. Чизмада хоналар, йўлаклар, бирламчи ёнғинни ўчириш воситалари, телефон жойлашуви, ходимларнинг фавқулодда ҳолатда захира чиқиш йўлларидан ҳаракат қилиш йўналишлари кўрсатилади.


77. Захира чиқиш йўлларида, қаватларда, зинапоя ва ўтиш жойларида навбатчи ёритиш чироқлари ўрнатилиши лозим. Захира чиқиш эшиклари ташқари томонга очилиши керак.


78. Бинонинг ҳар бир қаватидан эвакуация чиқиш жойлари сони иккитадан кам бўлмаслиги шарт.


79. Ташкилот ҳудудида пайвандлаш ёки ёнғин чиқадиган бир марталик бошқа ишлар бўйича ёнғин хавфсизлиги чораларини таъминлаш, ушбу ишлар олиб бориладиган иш жойи раҳбарининг зиммасига юклатилиши лозим.


80. Пайвандлаш ва олов билан олиб бориладиган ишларни бажариш учун бир марталик рухсатнома жорий иш кунига берилади. Ишлар бир неча кун давом эттириладиган бўлса, иш жойи маъмурият томонидан қайта текширувдан ўтказилгандан сўнг, ушбу рухсатнома муддати узайтирилади.


81. Бино қаватларида ўрнатилган ўт ўчиргичлар бир турда бўлиши, уларда асосий кўрсаткичлар ҳамда фойдаланиш қоидалари битилган ёрлиқ бўлиши керак.

Бинолардаги ўт ўчиргичлар доимо соз ҳолда бўлиши, кўринарли ва иложи борича хонадан чиқиш эшигига яқин жойга ўрнатилган бўлиши, олишга қулай бўлиши, уларга бориш йўллари тўсилмаслиги зарур.

Ҳар 10 кунда биноларда ўрнатилган ўт ўчиргичлар қўйилган тамғалар, манометрлар кўрсаткичлари рухсат этилган чегаравий қийматдан тушиб кетмаганлиги кўздан кечирилиши зарур.


82. Ўт ўчиргич баллонларнинг юқори босимга чидамлилиги ҳар 5 йилда текширувдан ўтказилиши лозим. Агар ўт ўчиргичларни қайта текширувдан ўтказиш муддати баллон сиртига ўйиб ёзилган муддатдан ўтиб кетса ёки унга қўйилган тамға (пломба) бузилган бўлса, ўт ўчиргичлар алмаштирилиши зарур.


83. Кўпикли ўт ўчиргичларнинг кимёвий таркиби ҳар йили камида бир маротаба текширилиши лозим.


84. Кўпикли ўт ўчиргичлар қишки мавсумда (ҳаво ҳарорати 10° С даражадан паст бўлганда) иситилган хоналарга олиб кирилиши зарур. Ўт ўчиргич олинган жойга ўт ўчиргич қўйилган хонанинг тартиб рақами осиб қўйилиши шарт.



III. МЕҲНАТ МУҲОФАЗАСИ БЎЙИЧА ҚОИДАЛАРНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


85. Ташкилотларни (цехларни) лойиҳалаштиришда, қуришда (монтаж қилишда) мазкур Қоидаларга амал қилиш учун жавобгарлик тегишли ишларни бажарувчи ташкилотлар зиммасига юклатилади.


86. Мансабдор шахслар ва ходимлар мазкур Қоидаларга риоя қилмаганликлари учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.



IV. ЯКУНИЙ ҚОИДА


87. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, "Саноатконтехназорат" давлат инспекцияси ва "Ўздавэнергоназорат" давлат инспекцияси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 1-2-сон, 10-модда.