Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 24.01.2013 й. 17-сон "Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Қуролли Кучлари Бош штаби, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Мудофаа саноати агентлиги ва олий таълим муассасалари ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмаларининг фуқаро ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

24.01.2013 й.

N 17



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МУДОФАА

ВАЗИРЛИГИ, ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ БОШ ШТАБИ, МУДОФАА

ВАЗИРЛИГИ ҲУЗУРИДАГИ МУДОФАА САНОАТИ АГЕНТЛИГИ

ВА ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ ҲАРБИЙ ТАЙЁРГАРЛИК

ЎҚУВ БЎЛИНМАЛАРИНИНГ ФУҚАРО ХОДИМЛАРИ МЕҲНАТИГА

ҲАҚ ТЎЛАШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги бошқарув органлари, ҳарбий қисмлари, муассасалари, корхоналари ва ташкилотларининг, шунингдек Қуролли Кучлар Бош штабининг Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Мудофаа саноати агентлиги ва олий ҳарбий таълим муассасалари ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмаларининг фуқаро ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Мудофаа саноати агентлиги ва унинг идоравий мансуб ташкилотлари, шунингдек, олий ҳарбий таълим муассасалари ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмаларининг бошқарув органлари, ҳарбий қисмлари, муассасалари, корхоналари ва ташкилотлари фуқаро ходимларининг (тиббиёт ва фармацевтика ходимлари, шунингдек Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва Зафаробод шаҳар типидаги посёлкасининг бюджет соҳаси ходимларидан ташқари) иш стажи учун фоизли устама лавозим маошининг қуйидаги миқдорларида белгилансин:

2 йилдан 5 йилгача стажи бўлганда - 10 фоизи;

5 йилдан 10 йилгача стажи бўлганда - 15 фоизи;

10 йилдан 15 йилгача стажи бўлганда - 20 фоизи;

15 йилдан 20 йилгача стажи бўлганда - 25 фоизи;

20 йилдан ортиқ стажи бўлганда - 30 фоизи.


2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд органлари ва нотариал идоралар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг тариф сеткасини жорий этиш тўғрисида" 1996 йил 12 апрелдаги 147-сон қарорига 3-илованинг номи қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:


"Молия вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси,

Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни

ривожлантириш давлат қўмитаси, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар

ва савдо вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ҳамда Қуролли Кучлар Бирлашган

штаби (фуқаро ходимлари бўйича), Давлат солиқ қўмитаси марказий аппарати

раҳбар ходимлари ва мутахассисларининг Ягона тариф сеткаси бўйича

меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари ва тариф коэффициентлари".


3. Белгилаб қўйилсинки, ушбу қарорни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар:

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги бўйича - ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида;

Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Мудофаа саноати агентлиги ва унинг идоравий мансуб ташкилотлари, шунингдек, олий ҳарбий таълим муассасалари ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмалари бўйича - ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари, бюджетдан ташқари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар доирасида амалга оширилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўз идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                               Ш. Мирзиёев



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 28 январь, 4-сон, 48-модда