Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.06.2007 й. ПҚ-655-сон "Иссиқлик таъминоти корхоналари ходимларининг меҳнатини моддий рағбатлантириш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

19.06.2007 й.

N ПҚ-655



ИССИҚЛИК ТАЪМИНОТИ КОРХОНАЛАРИ

ХОДИМЛАРИНИНГ МЕҲНАТИНИ МОДДИЙ

РАҒБАТЛАНТИРИШ МЕХАНИЗМИНИ ЯНАДА

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Иссиқлик таъминоти ва сув таъминоти корхоналари ходимларини якуний иш натижалари учун рағбатлантириш ва масъулиятини ошириш механизмини тубдан такомиллаштириш, улар фаолиятини истеъмолчиларни иссиқлик ва сув билан узлуксиз ҳамда сифатли таъминлаш даражасига бевосита боғлиқ ҳолда баҳолаш ва меҳнатига ҳақ тўлаш, шунингдек иссиқлик таъминоти ва сув таъминотида исрофгарчиликни камайтириш бўйича самарали чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида:


1. 2007 йилнинг 1 июлидан бошлаб иссиқлик таъминоти корхоналари ходимларини моддий рағбатлантиришнинг уларнинг бажарилаётган иш самарадорлиги ва сифатини ошириш учун моддий манфаатдорлиги ва масъулиятини кучайтиришга қаратилган ҳамда қуйидагиларни назарда тутувчи янги тизими жорий этилсин:

иссиқлик таъминоти корхоналари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг ходимлар малакаси ва улар кўрсатаётган хизматлар сифатига бевосита боғлиқ ҳолда иш ҳақи миқдорини белгилашни таъминлайдиган тариф тизимини такомиллаштириш;

иссиқлик таъминоти корхоналари ҳар бир ходимининг шахсий ҳиссаси даражасига боғлиқ ҳолда муайян иш натижалари учун ҳар ойлик мукофотларини белгилаш йўли билан меҳнатни табақалаштирилган тарзда моддий рағбатлантириш;

иссиқлик таъминоти корхоналари ходимларини корхонада исрофгарчиликни камайтириш ва унинг фаолият самарадорлигини ошириш йўлида ташаббус кўрсатгани ҳамда ижодий муносабати учун рағбатлантириш.

2. Қуйидагилар тасдиқлансин:

иссиқлик таъминоти корхоналари бошқарув ходимлари, муҳандис-техник ходимлари ва хизматчилари учун меҳнатга ҳақ тўлаш тариф сеткалари 1-иловага мувофиқ;

иссиқлик таъминоти корхоналари ишчилари учун меҳнатга ҳақ тўлаш тариф сеткалари 2-иловага мувофиқ.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги иссиқлик таъминоти корхоналари билан биргаликда лавозимларни тариф сеткаси разрядларига мослаштириш ва тариф ставкалари миқдорини тасдиқланган тариф сеткаларига мувофиқ белгилашни таъминласин.

3. Белгилансинки, иссиқлик таъминоти корхоналари ходимларини моддий рағбатлантириш миқдорлари қуйидаги шартларга сўзсиз риоя этилган ҳолда белгиланади:

истеъмолчиларни давлат томонидан белгиланган талаблар ва меъёрларга қатъий мувофиқ равишда иссиқлик билан таъминлаш бўйича ишларни сифатли ҳамда ўз вақтида бажариш;

истеъмолчиларнинг асосли шикоятлари йўқлиги;

энергетика ва бошқа моддий ресурсларни тежаш, исрофгарчиликни қисқартириш.


4. Иссиқлик таъминоти корхоналари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Ўзбекистон Республикаси "Ўзкоммунхизмат" агентлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг иссиқлик таъминоти ҳудудий корхоналарида иссиқлик таъминоти корхоналари ходимларини рағбатлантириш жамғармаларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Қуйидагилар жамғармаларнинг даромадларини шакллантириш манбалари сифатида белгилансин:

энергетика ресурсларини ва меҳнат ҳақи фондини тежашдан тушган маблағлар;

тузилган битимлар шартларига мувофиқ истеъмолчилар томонидан иссиқлик таъминоти корхоналарига тўланадиган жарима санкциялари;

аҳоли ва ўзга истеъмолчиларга бошқа хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромадлар.


6. Ўзбекистон Республикаси "Ўзкоммунхизмат" агентлиги Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:

2007 йилнинг 10 июлига қадар иссиқлик таъминоти ва сув таъминоти корхоналарида тегишли жамғармалар ва моддий рағбатлантириш чора-тадбирларини жорий этиш бўйича корхона раҳбарлари бошчилигида махсус комиссиялар ташкил этилишини таъминласин;

жорий йилнинг июнь-июль ойларида иссиқлик таъминоти ва сув таъминоти корхоналари ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармаларини шакллантириш тартиби ва механизмларини жорий этиш тўғрисида жойларда семинарлар ўтказилишини ташкил қилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                              И. Каримов






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2007 йил 19 июндаги

ПҚ-655-сон қарорига

1-ИЛОВА


Иссиқлик таъминоти корхоналарининг бошқарув

ходимлари, муҳандис-техник ходимлари

ва хизматчилари учун меҳнат ҳақи

ТАРИФ КОЭФФИЦИЕНТЛАРИ

Меҳнат ҳақи разрядлари


Тариф коэффициентлари


1


1,209

2


1,378

3


1,612

4


1,902

5


2,264

6


2,581

7


2,891

8


3,220

9


3,540

       





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2007 йил 19 июндаги

ПҚ-655-сон қарорига

2-ИЛОВА


Иссиқлик таъминоти корхоналарининг

ишчилари учун меҳнат ҳақи тариф

КОЭФФИЦИЕНТЛАРИ

Меҳнат ҳақи разрядлари


Тариф коэффициентлари


1


1,000

2


1,100

3


1,226

4


1,369

5


1,526

6


1,679

         


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 25-26-сон, 260-модда.