Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

2007 йилда етиштирилган пахта хом ашёсини охиригача тўлиқ йиғиб-териб олишни қўшимча рағбатлантириш тўғрисида Вақтинчалик низом (АВ томонидан 25.09.2007 й. 1720-сон билан рўйхатга олинган Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг 13.09.2007 й. 170-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2007 йил 25 сентябрда 1720-сон

билан рўйхатга олинган

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг

2007 йил 13 сентябрдаги

170-сон буйруғи билан

ТАСДИҚЛАНГАН



2007 йилда етиштирилган пахта хом ашёсини

охиригача тўлиқ йиғиб-териб олишни

қўшимча рағбатлантириш тўғрисида

ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ


Мазкур Низом 2007 йил пахта йиғим-теримидан кейинги қолган пахтани йиғиб-териб олиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. 2007 йил пахта йиғим-теримидан кейин пахта далаларида қолган пахтани нобуд қилмаслик мақсадида, "Ўзпахтасаноат" уюшмаси корхоналари (кейинги ўринларда пахта тозалаш корхонаси деб юритилади) билан тузилган шартнома шартларини тўлиқ бажарган қишлоқ хўжалиги корхоналарининг (кейинги ўринларда фермер хўжалиги деб юритилади) пахта даласида қолган пахта қолдиғи (кейинги ўринларда пахта деб юритилади) "Ёғ-мой ва озиқ-овқат саноати" уюшмасининг ёғ-мой корхоналари (кейинги ўринларда ёғ-мой корхоналари деб юритилади) томонидан фермер хўжаликлари билан ихтиёрий тузилган шартномаларга мувофиқ териб олинади.



II. ПАХТАНИ ТЕРИБ

ОЛИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


2. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ҳудудий туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимлари пахта тозалаш корхоналари билан шартнома шартларини тўлиқ бажарган фермер хўжаликлари ҳақида маълумотни тегишли ҳудуддаги ёғ-мой корхоналарига етказиб беради.


3. Ёғ-мой корхоналари вилоят ҳокимларининг рухсати билан фермер хўжаликлари ва пахта тозалаш корхоналари ўртасида тузилган шартнома шартларини тўлиқ бажарган фермер хўжаликлари билан "2007 йил пахта йиғим-теримидан кейинги қолган пахтани йиғиб-териб олиш тўғрисида" бир ҳафта муддатда ихтиёрий шартнома тузиши мумкин.


4. Ёғ-мой корхоналари ва туман фермер хўжаликлари уюшмаси пахтани териб олиш ишларини ташкил қилади ва терилган пахтани пахта тозалаш корхоналарига етказиб беради.


5. Ёғ-мой корхоналари фермер хўжаликлари билан "2007 йил пахта йиғим-теримидан кейинги қолган пахтани йиғиб-териб олиш тўғрисида" тузилган ихтиёрий шартномага асосан фермер хўжаликларига терилган 2 (икки) килограмм пахта учун 1 (бир) килограмм шрот қайтариш ҳақида кунлик ҳисоб-китоб олиб борадилар.


6. Ёғ-мой ва пахта тозалаш корхоналари йиғиб олинган пахтани қабул қилишдан қайта ишлашгача бўлган даврда олинган маҳсулотларни алоҳида ҳисобда олиб боради.



III. ПАХТАНИ ҚАЙТА ИШЛАШ


7. Пахта тозалаш корхоналари териб олинган пахтани қабул қилиб олишда пахта тозалаш корхоналари, ёғ-мой корхоналари, фермер хўжаликлари ва "Сифат" Маркази вакиллари билан биргаликда солиштирув-далолатномаси тузадилар.


8. Солиштирув-далолатномасига асосан қабул қилинган пахта пахта тозалаш корхоналари томонидан белгиланган тартибда алоҳида жойларда сақланиши таъминланади ва уни тез кунларда қайта ишлаш ишлари амалга оширилади.


9. Пахта тозалаш корхоналари ишлаб чиқарилган техник чигитни тегишли ёғ-мой корхонасига топширади ва бунда ишлаб чиқарилган пахта толаси ва момиғи пахта тозалаш корхоналари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сотилади.


10. Топширилган техник чигит ёғ-мой корхоналари томонидан қайта ишланади.


11. Техник чигитни қайта ишлаш жараёнида олинган ёғ ва шелуха маҳсулотлари қайта ишлашда кетган харажатларни қоплаш мақсадида ёғ-мой корхоналари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сотилади.


12. Пахта тозалаш ва ёғ-мой корхоналарида пахта чигитини ишлаб чиқариш, сақлаш ҳамда қайта ишлашдаги харажатини дастлабки ҳисобга олишни ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 18 сентябрдаги 199-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 йил, 37-38-сон, 381-модда) асосан амалга оширилади.



IV. ПАХТАНИ ЙИҒИШ БЎЙИЧА

ХАРАЖАТЛАРНИ ҚОПЛАШ ВА

ЎЗАРО ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ


13. Ёғ-мой корхоналари пахтани териб олиш билан боғлиқ бўлган, хусусан, пахтани териш, уни пахта тозалаш корхоналарига етказиш ва ёғ-мой маҳсулотларини ишлаб чиқариш харажатлари ёғ-мой корхоналари ҳисобидан қопланади.


14. Пахта тозалаш корхоналарининг пахтани қайта ишлаш жараёнида сарфлаган харажатлари қайта ишланган маҳсулотни (пахта толаси ва момиғи) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сотилишидан олган маблағи ҳисобидан қопланади.


15. Пахта тозалаш корхоналари маҳсулотларни (пахта толаси ва момиғи) сотишдан олинган маблағ, маҳсулот ишлаб чиқаришга сарфланган харажат миқдоридан ортиғини тегишинча ёғ-мой корхоналарига қайтаради.



V. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


16. Корхоналарда қайта ишланаётган ва ишлаб чиқарилаётган пахта чигити, пахта ёғи, пахта толаси ва момиғининг сифат кўрсаткичлари давлат стандартлари ва техник шартлар талабларига мос бўлиши лозим. Бунда 5-навли пахтадан чиқадиган техник чигитнинг ёғдорлиги ҳамда қайта ишлашдан истеъмол ёғи чиқиш миқдори белгиланган нормалар асосида амалга оширилади.


17. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, "Ёғ-мой ва озиқ-овқат саноати" уюшмаси, "Ўзпахтасаноат" уюшмаси, "Сифат" маркази ва Деҳқон ва фермер хўжаликлари уюшмаси билан келишилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 39-сон, 406-модда.