Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 03.04.1998 й. 144-сон "Республика пиллачилик соҳасини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

03.04.1998 й.

N 144



РЕСПУБЛИКА ПИЛЛАЧИЛИК СОҲАСИНИ

БОШҚАРИШНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


[Кўчирма]



Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Республикада пиллачилик соҳасини бошқариш тизимини такомиллаштириш тўғрисида" 1998 йил 30 мартдаги ПФ-1982-сон Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар асосий вазифалар этиб белгилансин:

а) "Пилла-холдинг" холдинг компанияси бўйича:

пиллачилик корхоналари ва ташкилотларининг тут ипак қуртининг маҳсулдор турларини ҳамда дурагайларини яратиш ва жорий этиш, сифатли ипак қурт уруғи етиштириш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

сифатли пилла етиштирилишини ва тайёрланишини, рақобатбардошли пилла хом ашёси ва ипак калава олиш учун уларни дастлабки қайта ишлашни ташкил этиш;

қишлоқ хўжалиги корхоналарини ва деҳқон хўжаликларини тут қаторлари ва майдонларини сақлаб қолганлик ва кенгайтирганлик учун рағбатлантириш;

қуруқ пиллани, пилла хом ашёси ва ипак калавани товар маҳсулот сифатида шартнома асосида истеъмолчиларга "Шойи" акциядорлик компаниясининг шойи тўқиш фабрикаларига ҳамда экспортга сотишда корхоналарга кўмаклашиш;

пиллакашлик ва ипак калава ишлаб чиқаришларининг илғор технологияларини жорий этиш соҳасида ягона техника ва инвестиция сиёсатини ўтказиш;

б) "Шойи" акциядорлик компанияси бўйича:

шойи тўқиш корхоналарининг юқори сифатли соф ва аралаш шойи газламалар ишлаб чиқариш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

шойи тўқишнинг замонавий технологияларини жорий этиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турларини янгилаш ва кенгайтириш бўйича корхоналарга кўмаклашиш;

шойи тўқиш ишлаб чиқариши тайёр маҳсулотини сотиш бозорларини кенгайтириш, экспорт қилиш ҳажмларини кўпайтириш бўйича маркетинг тадқиқотлари ўтказиш;

корхоналар акцияларини, шу жумладан хорижий инвесторларга эркин сотиш, хорижий сармоялар иштирокидаги қўшма корхоналар ташкил этиш йўли билан шойи тўқиш тармоғида инвестициялар ўсишини таъминлаш.


2. Қуйидагилар:

"Пилла-холдинг" холдинг компанияси таркибига кирувчи корхоналар ва ташкилотлар рўйхати, холдинг компаниянинг бошқарув аппарати тузилмаси, унинг ҳудудий акциядорлик бирлашмалари намунавий тузилмаси 1, 2, 3-иловаларга* мувофиқ;

"Шойи" акциядорлик компанияси таркибига кирувчи корхоналар ва ташкилотлар рўйхати ва унинг бошқарув аппарати тузилмаси 4 ва 5-иловаларга мувофиқ;

"Ўзбек ипаги" уюшмасининг ташкилий тузилмаси ва бошқарув аппарати тузилмаси 6 ва 7-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.


3. "Ўзбек ипаги" уюшмаси раҳбарлари, "Пилла-холдинг" холдинг компанияси раиси ва "Шойи" акциядорлик компанияси раиси (улар лавозимига кўра "Ўзбек ипаги" уюшмаси раисининг ўринбосарлари ҳисобланадилар) муассисларнинг умумий йиғилишида сайланадилар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан лавозимга тасдиқланадилар.

Мақоми, маиший таъминоти, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитларига кўра уюшма раиси Ўзбекистон Республикаси вазирига, унинг биринчи ўринбосари - вазирнинг биринчи ўринбосарига, раис ўринбосарлари - вазир ўринбосарларига тенглаштирилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси бир ой муддатда:

"Ўзбек ипаги" уюшмаси, "Пилла-холдинг" холдинг компанияси ва "Шойи" акциядорлик компанияси билан биргаликда янгидан хусусийлаштириладиган ипакчилик корхоналари мол-мулкини баҳоласин ва илгари давлат тасарруфидан чиқарилган корхоналар мол-мулкини қайта баҳоласин;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 31 мартдаги ПФ-1740-сон ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Фонд бозорини янада ривожлантириш ҳамда давлат мулки негизида ташкил этилган акциядорлик жамиятларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1998 йил 4 мартдаги ПФ-1939-сон Фармонига мувофиқ ипакчилик соҳаси корхоналарини хусусийлаштириш, янги ташкил этилаётган акциядорлик жамиятлари акциялари тўрт пакетини тақсимлаш ҳамда мавжуд акциядорлик жамиятлари акцияларини қайта тақсимлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин. Бунда эркин сотишга мўлжалланган акцияларнинг муайян қисми қишлоқ хўжалиги корхоналарига ҳамда пилла етиштирувчи жисмоний шахсларга сотилишини назарда тутсин;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, "Ўзбек ипаги" уюшмаси, "Пилла-холдинг" ва "Шойи" компаниялари, Наманган, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда "Атлас" (Наманган шаҳри), "Марғилон ипаги" (Марғилон шаҳри) ва "Хоразм ипаги" (Урганч шаҳри) акциядорлик жамиятларида пиллакашлик, ипак калава ишлаб чиқаришлари ва шойи тўқиш фабрикаларини ажратсин ва уларни белгиланган тартибда мустақил акциядорлик жамиятлари сифатида рўйхатдан ўтказсин.


5. Белгилаб қўйилсинки:

"Ўзбек ипаги" уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, "Пилла-холдинг" холдинг компанияси ва "Шойи" акциядорлик компанияси томонидан таъсис этилади. Уюшма устав жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги тугатилаётган "Пилла" уюшмасининг мол-мулки ва "Шойи" акциядорлик компанияси, "Пилла-холдинг" холдинг компанияси ва уюшма бошқа қатнашчиларининг таъсис бадаллари ҳисобига шакллантирилади;

"Пилла-холдинг" холдинг компанияси ва "Шойи" акциядорлик компанияси очиқ турдаги акциядорлик жамияти шаклида таъсис этилади;

"Шойи" акциядорлик компаниясининг устав жамғармаси унга акциядорлик жамиятлари (шойи тўқиш корхоналари) акцияларининг давлат пакетларини траст бошқарувга бериш ҳамда компания бошқа қатнашчиларининг таъсис бадаллари ҳисобига шакллантирилади;

"Шойи" акциядорлик компанияси, "Пилла-холдинг" холдинг компанияси ҳамда "Пилла" ҳудудий акциядорлик бирлашмалари улар таркибига кирувчи давлат корхоналарини ва акциядорлик жамиятлари бўлган корхоналарни ушбу корхоналарнинг уларнинг ишончли бошқарувига берилган акциялари пакетларига мувофиқ бошқарадилар.

6. Белгилансинки:

"Пилла-холдинг" холдинг компанияси ва "Шойи" акциядорлик компанияси ўз акцияларини эркин, шу жумладан хорижий инвесторларга, компаниялар таркибига кирувчи акциядорлик жамиятлари акцияларининг сотилмаган ва компанияларга берилган улушлари ҳамда уюшган аъзоларнинг таъсис бадаллари миқдорида сотадилар;

Пилла-холдинг холдинг компанияси ва "Шойи" акциядорлик компанияси акцияларини сотишдан олинган маблағлар 1999 йил 1 январгача бўлган даврда компаниялар ихтиёрида қолдирилади ва компаниялар корхоналари ва ташкилотларини реновация қилиш ҳамда улар маҳсулотини янгилаш учун фойдаланилади;

компанияларнинг траст бошқарувига берилган, тегишли компаниялар таркибига кирувчи акциядорлик жамиятлари устав жамғармасининг 25 фоизи миқдоридаги акциялар давлат пакетлари дахлсиз ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорисиз хусусий мулк қилиб сотилмайди;

"Пилла-холдинг" холдинг компанияси ва "Пилла" ҳудудий акциядорлик бирлашмалари шўъба корхоналар бўйича йиғма баланслар тузадилар.

Айланма маблағларни тўлдириш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида "Пилла-холдинг" холдинг компанияси ва "Пилла" ҳудудий акциядорлик бирлашмалари шўъба корхоналарнинг бюджет ва бошқа кредиторлар олдидаги мажбуриятлардан бўш молиявий маблағларини шартнома асосида қайта тақсимлаш ҳуқуқига эгадирлар.

"Ўзбек ипаги" уюшмаси, "Пилла-холдинг" холдинг компанияси ва унинг ҳудудий акциядорлик бирлашмалари, "Шойи" акциядорлик компанияси хўжалик фаолиятини, шу жумладан уларнинг бошқарув аппаратлари харажатларини маблағ билан таъминлаш уларнинг ўз хўжалик фаолияти, хизматлар кўрсатиш, шунингдек амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа даромадлар ҳисобига амалга оширилади;

"Ўзбек ипаги" уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги тугатилаётган "Пилла" уюшмаси томонидан тузилган шартномалар ва мажбуриятлар бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади, "Пилла" ҳудудий акциядорлик бирлашмалари эса тугатилаётган Қорақалпоғистон Республика "Пилла" уюшмаси, Пиллачилар ширкатларининг ҳудудий мувофиқлаштирувчи кенгашлари ҳамда "Андижон ипаги", "Хон атлас" ва "Кумуш тола" акциядорлик компанияларининг ҳуқуқий вориси ҳисобланадилар, уларнинг шойи тўқиш корхоналарининг шартномалари ва мажбуриятлари бундан мустасно;


7. "Ўзбек ипаги" уюшмаси корхоналарини реконструкция қилиш ва ривожлантириш жамғармаси ташкил этилсин, унга:

тут ипак қурт уруғи етиштиришнинг юқори самарали технологияларини ўрганиш ва жорий этиш;

ипак уруғи қурти етиштириш, пилла хом ашёси, ипак калава ҳамда соф ва аралаш шойи газламалар ишлаб чиқариш корхоналарини реконструкция қилиш ва техника билан қайта жиҳозлаш;

ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва маҳсулотларни ички истеъмолчиларга ҳамда экспортга сотиш жараёнида ипакчилик барча қатнашчиларининг тенг иқтисодий манфаатдорлигини таъминловчи тармоқ инфратузилмасини яратиш тадбирларини маблағ билан таъминлаш юклансин.

Уюшма таркибига кирувчи акциядорлик жамиятлари акциялари давлат пакетларидан олинган дивидендлар, шунингдек амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа молиявий тушумлар "Ўзбек ипаги" уюшмаси корхоналарини реконструкция қилиш ва ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин.

"Ўзбек ипаги" уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, Молия вазирлиги билан биргаликда Жамғарма маблағларини жамлаш ва улардан мақсадли фойдаланиш тартибини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.


8. "Ўзбек ипаги" уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси билан биргаликда:

бир ой муддатда "Ўзбек ипаги" уюшмаси, "Пилла-холдинг" холдинг компанияси ва "Шойи" акциядорлик компанияси уставларини ишлаб чиқсин;

икки ой муддатда таъсис мажлисларини ўтказсин, уставларни тасдиқласин, кузатувчи кенгашлар ташкил этсин ва "Пилла-холдинг", "Шойи" компаниялари ҳамда янги ташкил этилаётган акциядорлик жамиятлари устав жамғармаларини шакллантирсин.


9. "Ўзбек ипаги" уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда корхоналарни, шу жумладан, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва қўшма корхоналар ташкил этиш ҳисобига, техника билан қайта жиҳозлаш, модернизация қилиш ва уларнинг экспорт имкониятларини кенгайтириш дастурини икки ой муддатда ишлаб чиқсинлар ва Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар.


10. "Ўзбек ипаги" уюшмаси Жиззах вилояти ҳокимлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда "Ниссё Иваи Корпорэйшн" компанияси (Япония) билан суперэлита, элита ва саноат ипак қурт уруғи етиштириш бўйича қўшма корхона ташкил этиш тўғрисида бир ой муддатда таклифлар тайёрласин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


11. Белгилансинки:

"Пилла-холдинг" холдинг компаниясининг ипак қурт уруғи етиштирувчи, пилла тайёрловчи ва уни дастлабки қайта ишловчи корхоналарига қишлоқ хўжалиги корхоналари мақоми татбиқ этилади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари, "Пилла" ҳудудий акциядорлик бирлашмалари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари раҳбарлари тутзорлар ва тут қаторларининг сақлаб қолиниши ва кенгайтирилиши учун жавоб берадилар.

14. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки, Давлат солиқ қўмитаси, тегишли тижорат банклари, ташкилотлар ва корхоналар "Ўзбек ипаги" уюшмаси билан биргаликда икки ой муддатда компания хўжалик юритувчи субъектларининг бюджетга тўловлар, кредитлар ва бошқа молиявий мажбуриятларга, шунингдек, улар бўйича пенялар ва фоизларга оид қарзларини белгиланган тартибда қайта расмийлаштирсинлар.


15. "Ўзбек ипаги" уюшмаси, "Пилла-холдинг" холдинг компанияси ва "Шойи" акциядорлик компанияси Тошкент шаҳар, Амир Темур кўчасидаги 62-уйга жойлаштирилсин, ушбу бино тасарруф этиш ҳуқуқисиз фойдаланиш учун "Ўзбек ипаги" уюшмаси балансига берилсин.


16. Мазкур қарорни бажариш билан боғлиқ бўлган ишларни мувофиқлаштириш учун 8-иловага мувофиқ таркибда ишчи комиссия тузилсин.


17. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 3 февралдаги 28-сон ва 1996 йил 26 июлдаги 268-сон қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


18. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари М. Усмонов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                     И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда келтирилган.