Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Дон етиштирувчи хўжаликларни сифатли бошоқли дон уруғлиги билан таъминлаш тўғрисида Низом (АВ томонидан 06.08.2010 й. 2130-сон билан рўйхатга олинган 11.05.2010 й. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги 7-сон, Молия вазирлигининг 42-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2010 йил 6 августда 2130-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги

ва Молия вазирлигининг

2010 йил 11 майдаги

7 ва 42-сон қарорига

ИЛОВА




Дон етиштирувчи хўжаликларни

сифатли бошоқли дон уруғлиги

билан таъминлаш тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Уруғчилик тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 й., 9-сон, 130-модда) ва "Селекция ютуқлари тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 156-модда) қонунларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 7 сентябр-даги ПҚ-1183-сон "2010 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинларини экиш, навларни жойлаштириш ва харид қилишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2009 й., 9-сон, 370-модда) мувофиқ дон етиштирувчи хўжаликларни сифатли бошоқли дон уруғлиги билан таъминлаш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом талаблари дон етиштирувчи хўжаликларни бошоқли дон уруғлигининг янги, истиқболли, юқори сифатли ва серҳосил навлари билан таъминлашга татбиқ этилади.


2. Дон етиштирувчи хўжаликларни бошоқли доннинг янги, истиқболли, юқори сифатли ва серҳосил навлари билан таъминлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда камида иккита дон етиштирувчи хўжаликларни суғориладиган ерларида 1 гектардан ҳамда битта дон етиштирувчи хўжаликнинг суғорилмайдиган (лалмикор) ерларида 5 гектардан кам бўлмаган ўлчамдаги майдонда ушбу хўжаликлар билан келишилган ҳолда кўргазмали майдончалар (кейинги ўринларда кўргазмали майдончалар деб юритилади) ташкил этилади.

Кўргазмали майдончаларни ташкил этишга Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази тизимидаги ғаллачиликка ихтисослашган илмий-тадқиқот институтлари ва уларнинг ҳудудий филиаллари ҳамда Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш давлат комиссияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари жавобгар ҳисобланадилар.


3. Кўргазмали майдончалар ташкил этиладиган дон етиштирувчи хўжаликлар, уларнинг жойлашган ҳудуди ва уларда экиладиган бошоқли дон экинлари навларининг рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда вилоятлар қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари томонидан белгиланади.


4. Кўргазмали майдончаларда маҳаллий ва хорижий илмий муассасалар томонидан яратилган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экишга тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестрига (кейинги ўринларда Давлат реестри деб юритилади) киритилган, истиқболли деб ҳисобланган ҳамда Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш давлат комиссиясида камида бир йил давомида синовдан ўтган буғдойнинг юмшоқ ва қаттиқ ҳамда арпанинг янги ва серҳосил навлари синов мақсадида экилади.



II. ДОН ЕТИШТИРУВЧИ ХЎЖАЛИКЛАРНИ

БОШОҚЛИ ДОН УРУҒЛИГИ БИЛАН

ТАЪМИНЛАШ


5. Кўргазмали майдончаларга экиладиган бошоқли дон экинлари навларининг уруғлиги "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси таркибига кирувчи дон маҳсулотлари корхоналари, Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш давлат комиссиясининг ҳудудий бўлинмалари, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази тизимидаги ғаллачиликка ихтисослашган илмий-тадқиқот институтлари ва уларнинг ҳудудий филиаллари томонидан бепул етказиб берилади.


6. Кўргазмали майдончаларда етиштирилган ҳосил йиғиб олингач, бошоқли дон экинлари навларининг барча қимматли хўжалик кўрсаткичлари акс эттирилган маълумотлар 15 июлгача туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимлари томонидан ҳудуддаги барча дон етиштирувчи хўжаликларга етказилади.


7. Кўргазмали майдончаларда етиштирилган ҳосил натижаларидан келиб чиқиб, дон етиштирувчи хўжаликларнинг раҳбарлари бошоқли дон экинлари навлари уруғлигини харид қилиш учун:

уруғлик захираси шаклланмаган янги бошоқли дон экинлари навлари уруғлиги учун - 2 йил олдин;

экиб келинаётган, лекин уруғлик захираси етишмайдиган бошоқли дон экинлари навлари уруғлиги учун - 1 йил олдин;

уруғлик захираси етарли бошоқли дон экинлари навлари уруғлиги учун - жорий йилда туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимларига йилнинг 20 июлигача буюртма беради.


8. Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда вилоятлар қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш давлат комиссияси билан биргаликда кўргазмали майдончалардаги бошоқли дон экинлари ҳосили йиғиштириб олингач, ҳар бир бошоқли дон экинлари нави уруғлигидан 6 кг дан намуналар олиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекциясининг марказий лабораториясига технологик сифат кўрсатгичларини таҳлил қилиш учун юборади. Бунда, бошоқли дон экинлари донининг сифатини аниқлашда ҳаққонийликни таъминлаш мақсадида бошоқли дон экинлари навларининг номлари Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш давлат комиссияси томонидан кодлаштирилади.


9. Кўргазмали майдончаларда етиштирилган бошоқли дон экинлари навларининг сифат кўрсаткичлари бўйича аниқланган маълумотлар Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази ҳамда Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш давлат комиссияси томонидан умумлаштирилади ва ҳар йили 1 августга қадар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига такдим қилинади.


10. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тақдим қилинган бошоқли дон экинлари навларининг сифат кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотларга асосланиб Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш давлат комиссияси, "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекцияси билан келишган ҳолда бошоқли доннинг янги, истиқболли ва серҳосил навларини харид қилиш борасида дон етиштирувчи хўжаликларни рағбатлантириш учун ҳар йили юмшоқ ва қаттиқ буғдойнинг янги, истиқболли, қимматбаҳо ва кучли навлари ҳамда арпанинг истиқболли ва пивобоп навларининг рўйхатини тасдиқлайди.


11. Дон етиштирувчи хўжаликларни рағбатлантириш Дон ва дуккакли дон экинлари илмий-тадқиқот институти ва унинг филиалларига уруғчилик ҳамда бошқа хўжаликлардан давлат ресурсига харид қилинадиган уруғлик дон учун нав устамаларидан 3 фоизгача ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 2382, 2012 йил 25 июль) мувофиқ амалга оширилади.


III. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


13. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.


14. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекцияси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 32-сон, 274-модда.