Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида иккинчи ва ундан кейинги таълимни олиш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 21.08.2008 й. 1844-сон билан рўйхатга олинган Таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан 13.08.2008 й. 15-сон баён билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2008 йил 21 августда 1844-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

таълим муассасаларига

қабул қилиш бўйича Давлат

комиссияси томонидан

2008 йил 13 августдаги

15-сон баён билан

ТАСДИҚЛАНГАН


Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида

иккинчи ва ундан кейинги таълимни олиш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида" (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 9-сон, 225-модда) ва "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 11-12-сон, 295-модда) қонунларига мувофиқ, барча олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларига тегишлидир.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 9-сон, 225-модда) мувофиқ, олий (ўрта махсус, касб-ҳунар) маълумотга эга бўлган шахслар мазкур Низомнинг 2-бандида белгиланган тартибда иккинчи ва ундан кейинги олий (ўрта махсус, касб-ҳунар) маълумотни олиш ҳуқуқига эга.

Иккинчи ва ундан кейинги олий (ўрта махсус, касб-ҳунар) маълумот бўйича ўқитиш тўлов-контракт (шартнома) асосида амалга оширилади.

Тўлов-контракт асосида ўқиш учун контракт (шартнома)ни тузиш тартиби ва шартлари "Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида ўқитишнинг тўлов-контракт шакли ва тушган маблағларни тақсимлаш тартиби тўғрисида"ги низом (1999 йил 6 август, рўйхат рақами 795) билан белгиланади.


2. Олий (ўрта махсус, касб-ҳунар) маълумотга эга бўлган шахслар қуйидаги иккинчи ва ундан кейинги олий (ўрта махсус, касб-ҳунар) маълумотни олишлари мумкин:

ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли мутахассис даражасига эга бўлган шахслар - ўрта махсус, касб-ҳунар таълим йўналишлари бўйича;

бакалавр ва дипломли мутахассис даражасига эга бўлган шахслар - бакалавриат таълим йўналишлари бўйича;

магистр даражасига эга бўлган шахслар - бакалавриат таълим йўналишлари ва турдош магистратура мутахассисликлари бўйича.

Иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот олиш мумкин бўлган турдош магистратура мутахассисликлари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланади.


3. Иккинчи ва ундан кейинги олий (ўрта махсус, касб-ҳунар) маълумот олиш бўйича кадрлар тайёрлаш ҳуқуқига эга таълим муассасалари рўйхати ҳамда олий таълим муассасаларида уларнинг бакалавриат ва магистратурасига қабул кўрсаткичлари реал иқтисодиёт тармоқлари ва соҳалари учун малакали кадрларга бўлган талаб-эҳтиёжга ҳамда таълим муассасасининг илмий-педагогик салоҳияти ва моддий-техник базасини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланади.

Иккинчи ва ундан кейинги олий (ўрта махсус, касб-ҳунар) маълумот олиш учун абитуриентлар қабулини таълим муассасаси қабул комиссияси амалга оширади. Иккинчи ва ундан кейинги олий таълим бўйича қабул кўрсаткичлари таълим муассасаси учун муайян таълим йўналишлари (мутахассисликлар) бўйича ўрнатилган қабул режасидан (мувофиқ равишда бакалавриат ва магистратура бўйича) ортиқ бўлиши мумкин эмас.


4. Иккинчи ва ундан кейинги олий (ўрта махсус, касб-ҳунар) маълумот олмоқчи бўлган шахслар таълим муассасасининг қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

таълим муассасаси ректори (директори) номига ариза;

олий (ўрта махсус, касб-ҳунар) маълумот тўғрисида давлат намунасидаги диплом (асл нусхаси) иловаси билан (хорижий давлатлар таълим муассасаларининг 1992 йил 1 январдан кейин берилган дипломлари ўрнатилган тартибда нострификациядан ўтказилган бўлиши лозим);

3.5 x 4.5 см ҳажмдаги 6 дона фотосурат;

N 086-У шакл бўйича тиббий маълумотнома;

паспорт ва ҳарбий хизматга алоқадорлиги ҳақидаги ҳужжат нусхаси.

Паспорт ҳамда ҳарбий хизматга алоқадорлиги ҳақидаги ҳужжат шахсан кўрсатилади.


5. Иккинчи ва ундан кейинги олий (ўрта махсус, касб-ҳунар) маълумот олиш учун ҳужжатлар 20 июлдан 20 августгача қабул қилинади.


6. Таълим муассасасининг қабул комиссияси кирувчиларнинг билим даражасини баҳолаш мақсадида шакли ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишиладиган синовлар ўтказиш ҳуқуқига эга.


7. Таълим муассасаси қуйидагиларни мустақил ҳал қилади:

ҳужжатлар қабул қилиш;

ҳужжатларни қабул қилишда ва уларнинг ҳақиқийлигини аниқлашда қабул комиссияси масъулиятини ошириш;

иккинчи ва ундан кейинги олий (ўрта махсус, касб-ҳунар) маълумот олиш бўйича кирувчининг биринчи маълумоти билан таққосланган ҳолда, ўқув режалари ва дастурларидаги фарқларни аниқлаш;

ўқув режалари ва дастурларидаги аниқланган фарқлар асосида таълим муассасасида ўқитиш курсини белгилаш (биринчи ёки иккинчи курсдан юқори бўлиши мумкин эмас);

кирувчининг тегишли курсда ўқиш учун ўқув режалари ва дастурларидаги аниқланган фарқларни топшириш тартиби ва муддатларини белгилаш.


8. Иккинчи ва ундан кейинги олий (ўрта махсус, касб-ҳунар) маълумот бўйича ўқишга кирувчиларни талабалар сафига қабул қилиш таълим муассасасининг қабул комиссияси қарорига асосан ўқиш учун контрактда белгиланган маблағ миқдори белгиланган тартибда ўтказилгандан сўнг, 15 сентябрдан кечиктирилмай таълим муассасасининг ректори (директори) буйруғи билан расмийлаштирилади.


9. Иккинчи олий маълумот олиш бўйича ўқув жараёни мазкур таълим муассасасида амалда кадрлар тайёрланаётган таълим йўналишлари (мутахассисликлари) ва таълим шакли бўйича, шунингдек талаба қабул қилинган курсга оид амалдаги норматив-услубий ҳужжатлар ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланган қоидалар асосида ташкил этилади.


10. Иккинчи ва ундан кейинги олий (ўрта махсус, касб-ҳунар) маълумот бўйича талабалар сафига қабул қилинган шахслар ўзлаштириши уларнинг билимини назорат қилишнинг рейтинг тизимига асосан баҳоланади.


11. Иккинчи ва ундан кейинги олий (ўрта махсус, касб-ҳунар) маълумотини олган шахсларга, давлат аттестацияси якунлари бўйича, давлат намунасидаги ҳужжат (диплом, илова билан) берилади.


12. Иккинчи ва ундан кейинги олий (ўрта махсус, касб-ҳунар) маълумотини олиш бўйича қабулни ташкил этиш ва амалга ошириш масъулияти таълим муассасасининг ректори (директори) зиммасига юклатилади.



II. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


13. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат тест маркази билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 34-сон, 341-модда.