Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Олий бизнес мактабининг Корпоратив бошқарув маркази тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 04.07.2003 й. 304-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 4 июлдаги

304-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

қошидаги Олий бизнес мактабининг Корпоратив

бошқарув маркази тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Олий бизнес мактабининг Корпоратив бошқарув ўқув маркази (кейинги ўринларда матнда "Марказ" деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон иқтисодиётида хусусий секторнинг улуши ва аҳамиятини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2003 йил 24 январдаги ПФ-3202-сон Фармонига мувофиқ ташкил этилган ҳамда хўжалик жамиятлари учун раҳбар кадрлар тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича Олий бизнес мактабининг таркибий таълим бўлинмаси ҳисобланади.

2. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Олий Мажлиснинг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий бизнес мактабининг уставига ва мазкур Низомга амал қилади.


II. МАРКАЗ ФАОЛИЯТИНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ


3. Марказ Олий бизнес мактабининг ўз фаолиятини юридик шахс ташкил этмасдан амалга оширувчи таркибий бўлинмаси ҳисобланади.


4. Марказнинг тўлиқ номи:

ўзбек тилида - "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий бизнес мактабининг Корпоратив бошқарув маркази";

рус тилида - Центр корпоративного управления Высшей школы бизнеса при Кабинете Министров Республики Узбекистан;

инглиз тилида - The Center for Corporate Management of the Нigher School of Bisiness the Cabinet of Ministers of the Republic of Uzbekistan.

5. Марказнинг манзили: Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Миробод кўчаси, 25-уй.


III. МАРКАЗНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ


6. Республикада амалга оширилаётган демократик қайта ўзгартиришлар ва иқтисодий ислоҳотлар вазифалари ва устуворликларини ҳисобга олган ҳолда илғор халқаро дастурлар асосида хўжалик жамиятлари корпоратив бошқаруви раҳбарлари ва мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Марказнинг асосий мақсади ҳисобланади.


7. Олдинга қўйилган мақсадларга эришиш учун Марказга қуйидаги вазифалар юкланган:

хўжалик жамиятларининг кузатув кенгашлари ва тафтиш комиссиялари аъзоларини корпоратив бошқарув принципларига, молиявий ва ишлаб чиқариш таҳлили усулларига, корхоналар ижро этувчи органлари фаолиятини назорат қилишга ўқитиш;

хўжалик жамиятлари бошқаруви ижро этувчи органлари аъзоларини менежмент ва маркетингнинг илғор усуллари, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи асослари, бошқарувнинг корпоратив шакллари бўйича тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

инвестиция активларини ишончли бошқарувчиларни ҳамда давлатнинг ишончли вакили ходимларини ўқитиш ва малакасини ошириш;

давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш, қимматли қоғозлар бозори, монополияга қарши ва тангликка қарши тартибга солиш соҳасида, давлатнинг бошқа иқтисодий тузилмаларида ишловчи мутахассисларнинг касб даражаси ва малакасини ошириш;

корхоналар молия-хўжалик фаолиятини бошқариш тизимини такомиллаштириш мақсадида илғор хорижий ва Ватанимиз тажрибасини умумлаштириш асосида тавсиялар, қўлланмалар ва ички корпоратив ҳужжатлар намуналарини ишлаб чиқиш;

Марказ ўқитувчилари ва тингловчиларининг корпоратив бошқарув соҳасида хорижий ўқув марказлари ва индустриал марказларда илғор жаҳон тажрибасини ўрганиш бўйича халқаро ташкилотлар ва институтлар билан ҳамкорлигини кенгайтириш;

Марказнинг ўқув жараёнига етакчи хорижий илмий ва ўқув юртлари профессорлари ва мутахассисларини жалб этиш, ўқув ва моддий-техника базани мустаҳкамлаш, кутубхона фондини барпо этиш учун халқаро ташкилотларнинг грантларини жалб этиш;

корпоратив бошқарув принципларини жорий этиш, ички корпоратив ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича хўжалик жамиятларига шартнома асосида маслаҳат хизматлари кўрсатиш, қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатларни тушунтириш бўйича мавзули семинарлар ва давра суҳбатларини, шу жумладан республика минтақаларида ташкил этиш ва ўтказиш;

корпоратив бошқарув назарияси ва амалиёти бўйича тадқиқотлар олиб бориш, ҳам йирик, ҳам ўрта ва кичик корхоналар, шу жумладан қишлоқ хўжалигидаги тадбиркорлик тузилмалари учун кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни такомиллаштириш учун ўқув, методик, маълумотнома ва ахборот материалларини ишлаб чиқиш;

Корпоратив бошқарув маркази тингловчилари ва бошқа манфаатдор шахсларнинг ўқув ва маслаҳат адабиётларининг электрон манбаларидан фойдаланишини таъминлаган ҳолда ўқув жараёнида замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш;

корпоратив бошқарув, кичик бизнесни, тадбиркорликни ривожлантириш соҳасида дарсликлар, ўқув қўлланмалари ва бошқа адабиётларни ишлаб чиқиш ва нашр этиш.


IV. ЎҚУВ ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


8. Марказда ўқув жараёни тингловчиларнинг қуйидаги тоифалари:

кузатув кенгашлар аъзолари;

хўжалик жамиятлари ижро этувчи органлари аъзолари;

тафтиш комиссиялари аъзолари;

инвестиция активларини ишончли бошқарувчилар ҳамда давлатнинг ишончли вакили ходимларини;

иқтисодий тартибга солиш давлат органлари мутахассислари;

хусусий корхоналарнинг акциядорлари ва мулкдорлари учун тасдиқланган ўқув режаларига мувофиқ ўқув курслари шаклида амалга оширилади.


9. Тингловчиларни Корпоратив бошқарув марказига қабул қилиш хўжалик юритувчи субъектларнинг буюртманомалари ҳамда давлат улушига эга бўлган корхоналар учун - Вазирлар Маҳкамаси ахборот-таҳлил департаментлари йўлланмалари бўйича амалга оширилади.

10. Комплекс тест синови, назорат ишлари якуний билимларни назорат қилиш шакли ҳисобланади.


11. Марказ тингловчиларни ўқув воситалари (ўқув адабиёти ва бошқа адабиётлар, аудиовизуал ва техник воситалар) билан таъминлайди.


12. Марказда ўқишни муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга тугатганлик тўғрисида белгиланган намунадаги сертификат берилади.


13. Марказнинг тингловчиларига ўқиш даврида асосий иш жойида ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади. Бошқа шаҳарлик тингловчиларга асосий иш жойида ўқиш даврида амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ суткалик харажатлар тўланади ҳамда ўқиш жойигача йўлкира берилади.



V. МАРКАЗНИНГ ПРОФЕССОР-ЎҚИТУВЧИЛАР ТАРКИБИ


14. Марказда ўқув жараёни юқори малакали профессорлар ва ўқитувчилар, амалиётчи мутахассислар, шу жумладан етакчи хорижий илмий ва ўқув юртлари, халқаро ташкилотларнинг профессорлари томонидан таъминланади.


15. Марказнинг доимий ишловчи профессор-ўқитувчилар таркиби ва ходимлари моддий-маиший шароитлар ва меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Олий бизнес мактаби профессор-ўқитувчилар таркиби ва ходимларига тенглаштирилади.


VI. МАРКАЗНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

ВА ЎҚИШ УЧУН ТЎЛОВ ШАКЛИ


16. Марказни молиялаштириш:

белгиланган вазифаларга ва Марказ фаолияти йўналишларига мувофиқ хўжалик юритувчи субъектлар ва ташкилорларга кўрсатиладиган ўқитиш, маслаҳат хизматлари ва бошқа хизматлардан тушадиган маблағлар;

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасининг Хусусийлаштириш, бозор тузилмаларини ташкил этиш ва ривожлантириш давлат дастурини амалга ошириш учун назарда тутилган маблағлари;

республика ва халқаро ташкилотларининг грантлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


17. Марказда тингловчиларни ўқитиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Тингловчилар белгиланган тартиб бузилганлиги ёки ўзлаштирмаганлиги учун тингловчилар сафидан чиқарилганда ўқиш учун тўланган пул қайтарилмайди.


18. Марказ Олий бизнес мактаби билан келишган ҳолда:

Марказ томонидан кўрсатиладиган хизматларга тарифлар, нархларни белгилайди;

ишлаб топилган ҳамда бошқа шахслар ва ташкилотлардан олинган маблағлардан ўқув ва моддий-техника базани ривожлантириш, меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва мазкур Низомда назарда тутилган бошқа вазифалар учун фойдаланади.



VII. МАРКАЗНИНГ ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ


19. Марказ фаолиятига жорий раҳбарликни Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси билан келишган ҳолда Олий бизнес мактаби директори томонидан тайинланадиган раҳбар амалга оширади, у айни вақтда Олий бизнес мактаби директорининг ўринбосари ҳисобланади.


20. Марказ раҳбари:

асосий мақсадлар ва юкланган вазифаларга биноан Марказ сиёсатини шакллантириш;

Марказ ходимлари ишини ташкил этиш ва раҳбарлик қилиш, ўз ваколатлари доирасида Марказ ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган фармойишлар чиқариш;

ўқув режалари ва дастурларини, Марказнинг даромадлари ва харажатлари сметалари бўйича таклифларни тасдиқлаш учун Олий бизнес мактаби директорига киритиш;

хўжалик фаолиятидан олинган маблағлар доирасида меҳнатга ҳақ тўлаш ва профессор-ўқитувчилар таркибини моддий рағбатлантириш бўйича Олий бизнес мактаби директорига таклифлар киритиш ҳуқуқига эга.


21. Марказ раҳбари:

тингловчиларни ўқитиш сифати таъминланиши;

Марказга юкланган шартнома мажбуриятлари бажарилиши;

фойдаланиш учун берилган мол-мулкдан самарали фойдаланилиши ва уларнинг сақланиши учун жавоб беради.



VIII. МАРКАЗНИ ҚАЙТА

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ


21. Марказни қайта ташкил этиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.