Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 06.07.1998 й. ПФ-2051-сон "Акциз маркаларини қалбакилаштириш ва ғайриқонуний айлантириш учун жавобгарликни ошириш тўғрисида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

06.07.1998 й.

N ПФ-2051



АКЦИЗ МАРКАЛАРИНИ ҚАЛБАКИЛАШТИРИШ

ВА ҒАЙРИҚОНУНИЙ АЙЛАНТИРИШ УЧУН

ЖАВОБГАРЛИКНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА


Қалбаки ва сифатсиз алкоголли ҳамда тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши ва сотилишига йўл қўймаслик, акциз маркаларини қалбакилаштириш ва ғайриқонуний айлантириш учун жавобгарлик чораларини кучайтириш мақсадида:


1. Белгилаб қўйилсинки, акциз маркаларини қалбакилаштирганлик учун, шунингдек қалбаки акциз маркаларини сотганлик учун қалбаки пулларни ёки қимматли қоғозларни тайёрлаш ва сотиш каби ҳоллар учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 176-моддасида белгиланган жиноий жавобгарлик чоралари қўлланилади.


2. Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси, Давлат солиқ қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги акциз маркаларини ишлаб чиқариш, сотиш ҳамда фойдаланиш борасида белгиланган тартибга риоя этилиши устидан қаттиқ назоратни таъминласинлар, айбдор шахсларни жавобгарликка, ҳатто жиноий жавобгарликка ҳам тортсинлар.


3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигн: бир ҳафта муддатда қонунчиликка ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Махкамасига тақдим этсин;

икки ҳафта муддатда тегишли вазирликлар ва идоралар билан бирга акциз маркаларни бошқа мақсадларда сотганлик учун, шунингдек уларни ноқонуний сотиб олганлик ва айлантирганлик учун аниқ жиноий жавобгарлик чоралари тўғрисида таклифлар киритсин.


4. "Ўзбекистон Республикаси худудида алкоголли маҳсулот ишлаб чиқариш ва унинг айланишига нисбатан давлат монополиясини кучайтириш ҳамда алкоголли ва тамаки маҳсулотлар сотишдан бюджетга тушумларни кўпайтириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 21 майдаги 221-сон қарори 2-бандининг биринчи хатбоши ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


5. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ў.Т. Султонов ва Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурори Б.М. Мустафоев зиммаларига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                    И. Каримов