Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Биринчи гуруҳга гречка, арпа перловка, нўхат ёрмаларини етказиб бериш, қабул қилиш, сақлаш ва бериб юбориш тартиби тўғрисидаги Йўриқнома (АВ томонидан 23.12.2014 й. 2639-сон билан рўйхатга олинган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат захираларини бошқариш қўмитасининг 25.11.2014 й. 23-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2014 йил 23 декабрда 2639-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Давлат захираларини бошқариш

қўмитасининг

2014 йил 25 ноябрдаги

23-сон қарорига

ИЛОВА



Биринчи гуруҳга гречка, арпа перловка,

нўхат ёрмаларини етказиб бериш, қабул қилиш,

сақлаш ва бериб юбориш тартиби тўғрисидаги

ЙЎРИҚНОМА


I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Йўриқнома биринчи гуруҳга гречка, арпа перловка, нўхат ёрмаларини (бундан буён матнда ёрма деб юритилади) етказиб бериш, қабул қилиш, сақлаш ва бериб юбориш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Йўриқнома талаблари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат захираларини бошқариш қўмитаси (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) тизимидаги ташкилотлар ва биринчи гуруҳ моддий бойликларини масъул сақловчи ташкилотлар учун мажбурийдир.


3. Давлат захирасига қўйиладиган ёрма хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича норматив ҳужжатларга мувофиқ келиши керак.


4. Давлат захирасига қўйиладиган ёрма ўз сифати бўйича узоқ вақт сақланиш учун яроқли бўлиши лозим. Айниган, сақланиш даврида қизиган, донларига зараркунандалар тушган ёрмани етказиб бериш ва сақлашга қўйиш тақиқланади.



II БОБ. ГРЕЧКА ЁРМАСИ


5. Гречка ёрмаси норматив ҳужжатга мувофиқ бўлган гречихадан тайёрланиши керак.


6. Гречка ёрмаси турлари ва навларининг тавсифи норматив ҳужжатга мувофиқ бўлиши лозим.


7. Гречка ёрмасини қабул қилиш норматив ҳужжат талабларига мувофиқ сифат кўрсаткичлари бўйича амалга оширилади.



III БОБ. АРПА ПЕРЛОВКА ЁРМАСИ


8. Арпа перловка ёрмасини ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган арпа норматив ҳужжат талабларига мос келиши керак.


9. Арпа перловка ёрмаси турларининг тавсифи норматив ҳужжатга мувофиқ бўлиши лозим.


10. Арпа перловка ёрмаси норматив ҳужжат талабларига мувофиқ сифат кўрсаткичлари бўйича қабул қилинади.



IV БОБ. НЎХАТ


11. Нўхат норматив ҳужжат талабларига мос келувчи озиқ-овқат нўхатидан тайёрланади.


12. Нўхат ишлов берилиш усулига қараб норматив ҳужжат бўйича турлар ва навларга бўлинади.


13. Давлат захирасига қўйиладиган нўхат норматив ҳужжат талабларига мувофиқ сифат кўрсаткичлари бўйича қабул қилинади.



V БОБ. ЁРМАНИ ҚАДОҚЛАШ, ЁРЛИҚЛАШ ВА ТАШИШ


14. Ёрмани қадоқлаш, ёрлиқлаш ва ташиш ишлари норматив ҳужжатга мувофиқ амалга оширилади.


15. Ёрмани қадоқлаш ишлари 2-тоифадан паст бўлмаган чидамли, тоза, қуруқ, зараркунандалар билан зарарланмаган, бегона ҳидлари бўлмаган қопларда амалга оширилади.


16. Янги қоплар норматив ҳужжат талабларига мос келиши лозим.


17. Ёрма солинган қопларни тикиш ишлари қопнинг бутун кенглиги бўйлаб қирғоқ қолдирган ҳолда машина усулида амалга оширилади.


18. Ўраш пайтида ёрма солинган ҳар бир қопга норматив ҳужжатларга мувофиқ мустаҳкам эластик материалдан тайёрланган 6 х 9 см ўлчамдаги ёрлиқ тикилиши керак.


19. Ёрлиққа қуйидагилар туширилиши лозим:

товар белгиси (агар бор бўлса);

ишлаб чиқарувчи/етказиб берувчи ташкилот номи, манзили;

маҳсулот номи, тури, нави;

соф оғирлиги (кг);

ишлаб чиқарилиш ёки қадоқлаш санаси;

сақланиш муддати (агар норматив ҳужжатда белгиланган бўлса, яроқлилик муддати);

сақлаш шароитлари ("қуруқ жойда сақлансин!" ёзуви);

норматив ҳужжатнинг номи;

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган маҳсулот учун "O`zbekistonda ishlab chiqarilgan" ёзуви.


20. Давлат захирасига қўйиладиган ёрмани ташиш норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ оширилади.


21. Ёрма юкларни автомобиль ва темир йўл транспортида ташиш қоидаларига мувофиқ барча транспорт турларида ташилади.


22. Ёрма солинган вагонлар етиб келганда темир йўл транспорти ташкилотининг вакили иштирокида қуйидагилар текширилади:

вагонларнинг техник созлиги;

пломбалар борлиги, улардаги босма тамғанинг аниқлиги;

вагон эшикларида бурагичларнинг борлиги ва уларнинг ҳолати;

юк номи ва яшиклар (пакетлар)даги пломбаларнинг юк ҳужжатларига мувофиқлиги.


23. Текширувда аниқланган вагонларнинг техник носозлиги, пломбаларнинг йўқлиги, босма тамғаларнинг ноаниқлиги каби камчиликлар тегишли далолатнома билан расмийлаштирилади.


24. Ташкилот ёрмани қабул қилиб олаётган пайтда қуйидаги камчиликлар аниқланганда, темир йўл ташкилотидан тижорат далолатномасини тузишни талаб этиши зарур:

камомад;

идишларда сезиларли шикастланишлар;

ёрлиқнинг норматив ҳужжат талабларига номувофиқлиги;

маҳсулот номининг транспорт ҳужжатларида кўрсатилган маълумотларга номувофиқлиги;

темир йўл транспортида юк ташиш қоидаларида ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 23 октябрдаги 232-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Темир йўл уставида кўзда тутилган бошқа ҳолатларда.


25. Ёрмани ифлосланган, олдин ташилган юклар (кўмир, оҳак, цемент, туз ва ҳ.к.), ҳид чиқарувчи ва заҳарли юкларнинг изи бўлган, қуримаган, доғ қолдирувчи ёки ҳиди сақланиб қолган бўёқли транспорт воситаларида ташиш ман этилади.


26. Бир турдаги ёрмани бир транспорт воситасида бир юк олувчига жўнатганда, маркировка камида тўртта юк жойига туширилиши лозим. Бунда норматив ҳужжатларга мувофиқ "Намликдан сақлансин!" огоҳлантирувчи белгиси бўлиши шарт.



VI БОБ. ЁРМАНИ ЕТКАЗИБ БЕРИШ ВА ҚАБУЛ ҚИЛИШ


27. Ёрманинг миқдори ва сифати бўйича қабул қилиш қонун ҳужжатлари ва мазкур Йўриқномага мувофиқ шартнома асосида амалга оширилади.


28. Ёрмани қабул қилиб олиш юк олувчининг омборида етказиб берувчи вакилининг иштирокида амалга оширилади.


29. Ёрма партиялар билан қабул қилинади. Бир партия ёрма - бу бир вақтнинг ўзида қабул қилиш, юклаб жўнатиш, сақлаш ва сифат тўғрисидаги тегишли ҳужжат билан расмийлаштирилган сифат назорати учун мўлжалланган бир турдаги ва навдаги ёрманинг муайян миқдоридир.


30. Ёрманинг ҳар бир партиясига қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

мувофиқлик сертификати ва санитария-эпидемиология хулосаси ёки уларнинг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхалари.


31. Омборга етказиб бериладиган ёрманинг сақлаш муддати ёрма ишлаб чиқарилган кундан бошлаб 3 ойдан ошмаслиги керак.


32. Ёрмани қабул қилиб олиш пайтида Қўмитага қарашли ташкилотлар ёки Қўмита билан шартнома асосида моддий бойликларнинг масъулиятли сақланишини амалга оширувчи ташкилотларнинг вакиллари қоплар, ўрамлар, ёрлиқлар ва маркировкаларнинг норматив ҳужжатлар талабларига мос келишини текширади.


33. Ёрманинг белгиланган талабларга мувофиқлигини текшириш учун норматив ҳужжат талабларига мувофиқ намуналар олинади. Намуналар сони партия ҳажмидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.


34. Ёрманинг сифати норматив ҳужжатларда келтирилган кўрсаткичлар бўйича қуйидаги кетма-кетликда аниқланади:

ранги, ҳиди, таъми;

намлиги;

сифатли дон, аралашмалар, таркибидаги айниган ва синган донлар, таркибидаги сарғайган ва қизил донлар ва бошқа кўрсаткичлар;

доннинг зараркунандалар билан зарарланганлиги;

кислоталиликни аниқлаш;

микробиологик кўрсаткичлар;

кимёвий кўрсаткичлар (таркибидаги мис, қўрғошин, симоб, кадмий ва рух моддаларининг миқдори).

Синовлар натижалари бутун партияга тегишли бўлади.


35. Ёрма идиши бузилгани (шикастлангани, намлангани, ифлослангани), маҳсулот номи, унинг миқдори ёки эгаллаган жойи транспорт ҳужжатларида кўрсатилган маълумотларга мос келмаслиги аниқланган тақдирда, тижорат далолатномаси тузилади. Етказиб берувчи вакили бўлмаган тақдирда, бу ишга мустақил экспертлар жалб этилади ва қабул қилиш далолатномаси расмийлаштирилади.


36. Ёрманинг сифати, ўрами, маркировкаси норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ келмаслиги аниқланган тақдирда етказиб берувчи ушбу маҳсулотни шартномага мувофиқ алмаштириб беришга мажбур.



VII БОБ. ОМБОРЛАРГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


37. Давлат захирасига қабул қилинган ёрмани сақлаш учун ажратилган омборлар норматив ҳужжатлар талабларига тўлиқ жавоб бериши керак.

Хусусан:

омборлар ҳудуди тўсилган бўлиши ва техника хавфсизлиги ҳамда санитария норма ва қоидаларига қатъий мос келиши зарур;

омборлар ер ости сувларини оқизиш учун тегишли сув оқадиган лотоклар ва кюветлар билан таъминланган бўлиши лозим;

транспорт воситалари ҳаракатланадиган жойлар, барча майдонлар асфальтланган бўлиши ҳамда сутканинг қоронғу пайтида ёритилиб туриши керак.


38. Техник ва санитария жиҳатидан омборлар:

қуруқ;

ер ости сувлари ўтишидан ҳимояланган, томи созланган;

бегона ҳидлар бўлмаган ва зараркунандалар билан зарарланмаган;

кучайтирилган шамоллатиш учун мўлжалланган кириш тирқишлари ёғингарчиликлар пайтида сув тушишидан ҳимояловчи герметик клапанларга эга бўлиши зарур.


39. Омборларнинг поли асфальт ёки бетон қопламага эга бўлиши ва баландлиги 10 - 15 см бўлган ёғоч тагликлар ёки ечиб олинадиган махсус (кўчма) тагликлар билан жиҳозланган бўлиши лозим.


40. Қўшимча маҳсулотлар ва барча тоифадаги чиқиндилар асосий маҳсулотдан алоҳида сақланиши керак.


41. Омборларга киришга фақат ишчи ходимларга ҳамда сақланаётган маҳсулотни назорат қилувчи ва кузатувчи шахсларга рухсат берилади.


42. Омборларнинг ёрмани қабул қилиб олишга тайёрлиги бош муҳандис, бош энергетик, лаборатория мудири, сақлаш участкасининг бошлиғи ва ёнғин хавфсизлиги учун масъул бўлган шахс таркибидаги комиссия томонидан текширилади ва тегишли далолатнома билан расмийлаштирилади.


43. Омборлар қуйидагилар билан таъминланиши керак:

зарур жиҳозлар ва ускуналар;

ҳарорат-намлик режимини назорат қилувчи асбоблар (термометрлар, термографлар, гигрографлар ва психрометрлар);

ҳимоя воситалари ва қўриқлаш сигнализацияси, ўт ўчириш воситалари ҳамда автомат ёнғин сигнализацияси асбоблари;

биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш воситалари.


44. Ёрмани сақлаш даврида ёнғин чиқиши мумкин бўлган манбалардан, уларнинг қуввати ва таъсирининг давомийлигидан қатъи назар, сақлаш зарур.


45. Омборхоналар тегишли ускуналар, плакатлар, ёзувлар, кўрсаткичлар, хавф ҳақида огоҳлантирувчи белгилар ва сигнализация билан таъминланиши лозим.


46. Юкларни транспортировка қилиш учун мўлжалланган барча мосламалар ишларнинг қулайлиги ва хавфсизлигини таъминловчи қурилмаларга ҳамда уларнинг юк кўтариш ҳажми, ишчи ҳолати текширилган санаси ва юкни жойлаштириш усули кўрсатилган трафаретга эга бўлиши керак.


47. Сув билан иситиладиган омборларда эҳтимолий аварияларнинг олдини олиш мақсадида иситиш асбоблари стационар тўсиқ билан жиҳозланган бўлиши зарур.



VIII БОБ. ЁРМАНИ ОМБОРГА ЖОЙЛАШ


48. Норматив ҳужжатлар талабаларига мувофиқ ёрма омборда номи, нави, тури, ишлаб чиқарган ташкилоти, ишлаб чиқарилган ва омборга келиб тушган вақти, партияси ва сифат белгилари бўйича алоҳида жойлаштирилади.


49. Ёрмани омборхонада бошқа товарлар ва материаллар билан биргаликда жойлаштириш, маҳсулот сақланадиган омборхоналарда элакдан ўтказиш ва идишларга қайта жойлаш ҳамда идишларни тозалаш тақиқланади.


50. Омборхоналарда штабеллар орасида ва деворлар ёнида маҳсулотнинг сақланиш жараёнидаги ҳолатини кузатиш учун нормал шароитларни таъминловчи эни 0,7 м келадиган ўтиш жойлари қолдирилади. Ёрмани қабул қилиш ва тарқатиш бўйича амалиётларни бажариш учун юклаш-тушириш ишларига ажратиладиган ўтиш жойининг кенглиги лентали транспортёрлардан фойдаланганда камида 1,25 м ни, электр юкловчилардан фойдаланганда 3,8 м ни ташкил этиши зарур.


51. Маҳсулот солинган қоплар учтадан штабеллар кўринишида жойланади. Қопларни учтадан жойлаш қуйидаги тарзда амалга оширилади:

иккита қоп ён томони билан бир-бирининг ёнига жойланади, учинчи қоп кўндалангига тақаб қўйилади;

иккинчи қаторни жойлашда бир қоп биринчи қатордаги иккита параллель қоп устида кўндаланг ётиши керак, қолган иккита қоп эса кўндаланг ва бўйламасига ётган қопларнинг устига жойланади.


52. Яхши сақланиши учун кучайтирилган шамоллатиш ишлари зарур бўлган ёрмали қоплар (қабул қилинган пайтда намлик даражаси юқори бўлган) тўрттадан (бир-бирининг орасидан ҳаво ўтадиган қилиб) қуйидаги тарзда жойлаштирилади:

биринчи қатордаги иккита қоп орасида бироз очиқ жой қолдирган ҳолда бир-бирига параллель тарзда жойланади;

иккинчи қатордаги иккита қоп биринчисининг устига кўндаланг қилиб жойланади;

учинчи қатордаги қоплар эса биринчи қатордаги каби тарзда жойланади ва ҳ.к.

Барча қатордаги қоплар ён томони билан қўйилади. Қоплар бир-бирининг орасидан ўтадиган қилиб жойланганда штабелнинг баландлиги олти қатордан ошмаслиги керак.


53. Маҳсулотни сақлаш, бошқа жойга кўчириш ва юклаш-тушириш ишларида маҳсулот идишларининг бутлиги устидан пухта кузатув ўрнатилиши лозим. Йиртилган ва ифлосланган қопларни штабель қилиб жойлаштириш тақиқланади. Йиртилган, ёрилган ёки кемирувчилар томонидан шикаст етказилган қоплар зудлик билан ёпилиши ва янги, мустаҳкам қопларга алмаштирилиши зарур.


54. Матоли қоплардаги стандарт намликка эга ёрма умумий баландлиги 16 қатордан ошмайдиган штабелларга жойланади.


55. Ҳар бир маҳсулот штабелига белгиланган шаклдаги штабель ёрлиғи осиб қўйилади.


56. Ёрма бутлигини таъминлаш мақсадида омборхонада маҳсулотни узоқ муддат сақлаш учун оптимал шароитларни яратиш зарур.

Ҳавонинг нисбий намлиги 70 фоизни ташкил этувчи, ҳарорат эса 10° С дан ошмайдиган шароитлар ёрмани қопларда ва истеъмол идишларида сақлаш учун оптимал шароитлар ҳисобланади.

Шамоллатишнинг мақсадга мувофиқлигини белгилашда ёрманинг табиий намлигини ҳисобга олиш керак.


57. Омбор ташқариси ва ичкарисидаги ҳаво ҳарорати ўртасида катта фарқ мавжуд бўлганда, маҳсулот солинган пастки қатор штабелларини ҳар ўн кунда пухталик билан кузатиб бориш зарур.


58. Баҳорги илиқ кунлар бошланганда паст ҳароратни ушлаб туриш бўйича чораларни кўриш лозим. Бунинг учун омбор деразалари ва эшиклари ёпиқ ҳолатда ушлаб турилади, улар фақат зарурат туғилгандагина очилади.


59. Маҳсулот омборга тушган пайтдан бошлаб унинг сақланиш шароитлари, ҳолати ва сифати қуйидаги кўрсаткичлар бўйича мунтазам равишда назорат қилинади:

ёрманинг ҳарорати;

ёрманинг намлик даражаси;

ёрманинг таъми, ҳиди ва ранги;

ёрманинг ҳамда омборхона ва ускуналарнинг зараркунандалар билан зарарланганлиги.


60. Турли баландликдаги штабеллардаги (пастки, ўрта ва юқори қаторлар) ёрманинг ҳарорати металл қобиқдаги спиртли термометр ёрдамида ўлчанади. Симобли термометрлардан фойдаланиш тақиқланади.


61. Ҳар бир штабель алоҳида кўриб чиқилиши ва пастки штабель қаторларида жойлашган қоплардаги ёрманинг эҳтимолий намланиши ва зичланишига алоҳида эътибор қаратиш лозим.


62. Ёрманинг намлиги, таъми, ҳиди, ранги ва бошқа сифат кўрсаткичларини, шу жумладан, зараркунандалар билан зарарланганлигини аниқлаш учун ҳар ойда ҳар бир штабелдан бир марта ўртача намуна олинади.

Маҳсулотнинг зараркунандалар билан зарарланганлиги ва унинг 10° С даги органолептик кўрсаткичи ойда икки марта аниқланади.


63. Узоқ вақтга қўйилаётган маҳсулотнинг сифатини аниқлашда органолептик ва бошқа кўрсаткичлардаги ўзгаришларга эътибор қаратиш ва уларни штабель ёрлиғига ёзиш зарур.


64. Зараркунандалар билан зарарланганликни текшириш мақсадида ёрма намунасини олишда қоплар (айниқса, уларнинг оғзи) пухталик билан кўрикдан ўтказилади. Зараркунандалар бир вақтда тўпланиши мумкин бўлган жойлар, хусусан, чоклар, деворлар ва поллар текширилади.



IX БОБ. ЁРМАНИ САҚЛАШ


65. Ёрманинг сифатли сақланишини таъминлаш учун маҳсулотни совутиш мақсадида омборхоналарни шамоллатиб туриш зарур. Бу мақсадда ёрма солинган қоплар қайтадан кўтарилади.


66. Штабелларни қайтадан кўтариш муддатлари маҳсулотнинг сифати ва ҳолатига, сақланиш давомийлигига ва штабелнинг баландлигига қараб ҳар бир партия учун тегишли назоратни амалга оширувчи лаборатория ва мутахассисларнинг хулосаси асосида белгиланади. Штабелларни қайта кўтаришда пастки қаторлардаги қоплар юқори қаторларга жойланади.


67. Битта омборда нон захираларининг зараркунандалари билан зарарланган ёрма ва зарарланмаган ёрмани сақлаш тақиқланади.

Сақланаётган ёрмада нон захираларининг зараркунандалари борлиги аниқланганда, маҳсулотни биринчи навбатда зарарсизлантириш, ишлаш ва сотиш керак.


68. Штабелда узоқ қолиб кетган ва намланган маҳсулот борлиги аниқланганда, намланган ёки моғор босган қопларни ажратган ҳолда, пастроққа кўчириш ва белгиланган тартибда сифатли маҳсулотга алмаштириш зарур.


69. Юқори ҳароратли штабеллардаги ёрмаси қизиб кетган қопларни зудлик билан ажратиш лозим.


70. Сифати бузилиши мумкин бўлган ёрмани сақлаш давом эттириладиган бўлса, сақланиш муддатига қарамасдан янгилаш ёки бериб юбориш керак.


71. Давлат захирасига қўйиладиган ёрмани сақлаш муддати ГОСТ 26791-89 "Ғаллани қайта ишлаш маҳсулотлари. Ўраш, маркировка қилиш, транспортировка қилиш ва сақлаш" талабларига мувофиқ белгиланади.


72. Ёрма белгиланган муддатдан ортиқ сақланганда, ёрмадан тайёрланган бўтқа ҳар ойда камида бир марта дегустация қилинади ва ёрманинг кейинги сақланиш имконияти белгиланади.


73. Ёрманинг табиий камайиш нормалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 25 майдаги 95-сонли қарори билан тасдиқланган "Дон ва дон маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш, ички ташиш, қайта ишлаш ва сотишнинг дастлабки ҳисобини юритиш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисида низом"га мувофиқ ҳисобланади.



X БОБ. ЁРМАНИ ЮКЛАШ ВА ЖЎНАТИШ


74. Ёрмани юклаш ва жўнатиш ишлари Қўмита томонидан берилган нарядлар бўйича амалга оширилади. Ёрмани юклаб жўнатиш навбати маҳсулотнинг сифати, унинг захирага қўйилиш вақти ва сақланиш шароитларига қараб белгиланади.


75. Юкланган маҳсулот миқдори стандарт идишда жойлар сони бўйича, бузилган ўрамда эса ҳақиқий оғирлиги бўйича аниқланади.



XI БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


76. Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекцияси, "Ўзбекистон темир йўллари" ДАТК, Ўзбекистон Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 29 декабрь, 52-сон, 628-модда