Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисининг 18.07.2008 й. 3-сон Баёни

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ

МАЖЛИСИНИНГ

БАЁНИ

18.07.2008 й.

N 3



Раислик қилувчи:

Раислик қилувчи: И.А. Каримов - Ўзбекистон Республикаси Президенти


Қатнашганлар:


Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати Раиси


И.М.Собиров


Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Қонунчилик

палатаси спикери


Д.Г.Ташмухамедова


Ўзбекистон Республикаси

Бош вазирининг ўринбосарлари


Р.С.Азимов, Ф.Ш.Акбарова, А.Н.Арипов,

Р.С.Қосимов, Н.М.Ханов, Э.Р.Шаисматов


Ўзбекистон Республикаси

Президентининг Давлат

маслаҳатчилари ва уларнинг

ўринбосарлари


Р.С.Шамшиев, М.И.Атаев, И.Б.Абдуллаев,

Б.А.Абдуҳалимов, В.А.Голишев, Х.М.Султонов,

М.Х.Раҳмонқулов, А.К.Ворисов, Ш.Р.Ғафуров


Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарлари, Олий Мажлиснинг Сенати ва Қонунчилик палатаси қўмиталари раислари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг, Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи Аппаратининг масъул ходимлари, матбуот вакиллари (рўйхат бўйича).



2008 йилнинг I ярим йиллигида  республикани ижтимоий-иқтисодий

ривожлантириш, мақсадли комплекс дастурлар, Инвестиция дастури,

иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқларини модернизация қилиш ва

техник қайта жиҳозлаш дастурлари бажарилиши якунлари  ҳамда

2008 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш

дастурининг энг муҳим устувор вазифалари амалга оширилишини

таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида

(Каримов, Азимов, Хўжаев, Усмонов, Абдуллаев,

Хаитов, Акрамов, Рўзиқулов, Арипов)


1. Вазирлар Маҳкамаси қайд этадики, 2008 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устувор вазифаларини амалга ошириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар 2008 йилнинг I ярим йиллигида асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг белгиланган прогнозлари бажарилишини таъминлади. 

Иқтисодиётнинг барқарор, изчил ва мувозанатли макроиқтисодий ривожланиши таъминланди. Ялпи ички маҳсулот 9,3 фоизга, саноат ишлаб чиқариши ҳажми 12,2 фоизга, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми  16,6 фоизга, қишлоқ хўжалиги  ишлаб чиқариши ҳажми 5,4 фоизга ўсди.  6,2 млн тонна ғалла йиғиб олинди. Маҳсулот экспорти 48,2 фоизга кўпайди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1,8 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноздаги параметрлардан юқори бўлмади ва 3,4 фоизни ташкил этди. Аҳолининг реал пул даромадлари ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 23,4 фоизга ўсди.

Иқтисодиётдаги таркибий қайта ўзгартиришлар, етакчи тармоқларни модернизация қилиш ва технологик жиҳатдан янгилаш давом эттирилди.  Инвестицияларнинг умумий ҳажми ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 19,8 фоизга ўсди. Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг ўсиши 29,4 фоизни ташкил этди. Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш,  техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш дастурлари доирасида 29 та лойиҳани амалга ошириш тугалланди. 185 та ишлаб чиқариш объекти, шу жумладан 51  дотация олувчи туманда 87 та ишлаб чиқариш объекти фойдаланишга топширилди.

Кичик бизнеснинг роли ўсди, унинг  ЯИМдаги салмоғи ўтган йилнинг тегишли давридаги 38,1% ўрнига 40,2 фоизни ташкил этди. Хизматлар кўрсатиш ҳажмининг 18,9 фоизга ўсиши таъминланди. Хизмат кўрсатиш соҳасининг ЯИМдаги улуши ўтган йилнинг тегишли давридаги 42,8% ўрнига 44,7 фоизгача кўпайди.

Шу билан бирга, I ярим йилликда тармоқларни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг бир қатор инвестиция лойиҳалари бўйича ишларни бажаришнинг тасдиқланган жадвалларидан орқада қолишга йўл қўйилди.

Маҳаллий ҳокимият органлари томонидан янги иш ўринлари барпо этиш ишлари етарлича олиб борилмаяпти, қишлоқ жойларда хизматлар кўрсатишни ривожлантириш  кўрсаткичлари ниҳоятда пастлигича қолмоқда.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда талаб қилинган мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш, шунингдек касб-ҳунар коллежлари ва лицейларнинг битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича ишлари замонавий талабларга жавоб бермайди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, бир қатор вилоятлар ҳокимликлари томонидан ижтимоий соҳа корхоналари ва муассасаларини 2008-2009 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаб қўйиш чора-тадбирларини амалга оширишда қолоқликка йўл қўйилмоқда.

2. Вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 10 кун муддатда кенгайтирилган мажлисларда 2008 йилнинг I ярим йиллигида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини ва иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилишини танқидий таҳлил қилсинлар ҳамда умуман 2008 йилга мўлжалланган мақсадлар ва прогноз кўрсаткичларга эришишни таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрсинлар.


3. Қуйидагиларнинг:

"Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси (Назаров), "Ўзкимёсаноат" давлат-акциядорлик компанияси (Ибрагимов), Навоий кон-металлургия комбинати (Санақулов), "Ўзбекенгилсаноат" давлат-акциядорлик компанияси (Рўзиқулов), "Ўзпахтасаноат" уюшмаси (Омонов), "Ўзфармсаноат" давлат-акциядорлик компанияси (Юнусов) раҳбарлари эътибори - тармоқларни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш объектлари бўйича;

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази (Сатторов),  Бухоро (Хусенов), Сирдарё (Жалолов) ва Хоразм  (Оллаберганов) вилоятлари ҳокимликлари раҳбарлари эътибори - касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар қуриш объектлари бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдаги қолоқликка қаратилсин.

Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев):

вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда бир ой муддатда, иқтисодиётнинг муҳим тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш дастурларининг амалга оширилишини танқидий таҳлил қилиш асосида Вазирлар Маҳкамасига тегишли дастурларга киритилган лойиҳаларни амалга оширишдаги қолоқликнинг ўрнини тўлдириш бўйича таклифлар киритсин;

амалга оширишнинг мўлжалланган жадвалларидан орқада қолишга йўл қўйилган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг ҳолати тўғрисида аниқ сабаблар кўрсатилган ҳолда ва уларни бартараф этишга доир таклифлар билан биргаликда ҳар ойда Вазирлар Маҳкамасига ахборот берсин.


4. Бош вазир ўринбосари А.Н.Арипов бир ой муддатда танқидий ўрганиш асосида давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, йирик ишлаб чиқаришларда, шунингдек маҳаллий ҳокимият органларида компьютер ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш натижадорлигининг аҳволи тўғрисида ахборот берсин. Бунда ишлаб чиқариш ва бошқарув фаолиятида компьютер техникаси ва ахборот технологияларидан амалда фойдаланиш самарадорлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратсин.


5. "Ўзавтойўл" давлат-акциядорлик компанияси (Абдуллаев):

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда  халқаро ва республика аҳамиятига эга бўлган автомобиль йўлларини таъмирлаш, реконструкция қилиш ва қуриш бўйича ишларни бажаришда йўл қўйилган қолоқликнинг ўрнини шу йил 1 сентябргача бўлган муддатда тўлдирсин;

Республика йўл жамғармаси (Жулибеков) билан биргаликда  Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Осиё тараққиёт банки иштирокида "Минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2008 йил 28 февралдаги ПҚ-804-сон қарорига мувофиқ ОТБ маблағлари ҳисобига йўл-қурилиш техникасини ўз вақтида сотиб олиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўрсин.

Ушбу топшириқнинг бажарилиши 2008 йил сентябрь ойида Вазирлар Маҳкамаси Президиуми мажлисида кўриб чиқилсин.


6. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Р.С.Азимов, Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев), Молия вазирлиги (Гуськова) манфаатдор вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда Вазирлар Маҳкамасига:

шу йил 15 августгача - 2008 йилга асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг тармоқ ва ҳудудлар бўйича мувофиқлаштирилган прогнозини;

шу йил 15 августгача - 2009 йилга солиқ-бюджет сиёсати концепциясини ва давлат бюджети прогнозини;

шу йил 15 августгача - тармоқларни ривожлантириш, модернизация қилиш ва техник қайта жиҳозлашнинг ўрта муддатли дастурларига мувофиқ лойиҳаларни киритган ҳолда 2009 йилга Инвестиция дастури лойиҳасини;

шу йил 1 сентябргача - вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ҳудудлар бўйича 2009 йилга маҳсулотлар, товарлар ва хизматлар экспорти прогнозини киритсинлар.

7. Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев), "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси (Саидумаров) Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги (Ғаниев), Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси (Улашов), Давлат мулки қўмитаси (Мусаев), "Ўзбекистон қийин эрийдиган ва ўтга чидамли материаллар комбинати" очиқ акциядорлик жамияти (Асадов) билан биргаликда электротехника тармоғини модернизация қилиш ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлашга, жаҳонга машҳур савдо маркаларига эга бўлган ишлаб чиқарувчиларни жалб этган ҳолда электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича замонавий рақобатбардош ишлаб чиқаришларни яратишга йўналтирилган 2012 йилгача бўлган даврда ушбу тармоқни ривожлантириш стратегияси лойиҳасини шу йилнинг 1 октябригача бўлган муддатда ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


8. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги  (Хаитов), Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев) Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси   (Улашов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари  икки ой муддатда жойларда, айниқса фуқаролар ишлаш учун республика ташқарисига чиқиб кетиши кузатилаётган туманлар (шаҳарлар)да аҳолини ишга жойлаштириш бўйича ишларнинг аниқ аҳволини, кетиб қолиш сабабларини, шунингдек кетаётган фуқаролар хорижда қайси мутахассисликлар бўйича ишлаётганлигини ҳар томонлама ўрганиб чиқсинлар.

Амалга оширилган таҳлил асосида Вазирлар Маҳкамасига фуқароларни республикада ишга жойлаштиришни, энг аввало, кичик бизнесни, касаначиликни, хизматлар кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, мавжуд бўш иш ўринларидан фойдаланиш, ходимларни талаб юқори бўлган мутахассисликликлар бўйича қайта тайёрлаш ҳисобига ишга жойлаштиришни таъминлашга йўналтирилган қўшимча чора-тадбирлар комплексини киритсинлар.

Амалга оширилган ишлар тўғрисида 2008 йил якунлари бўйича  Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин. 


9. Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, тегишли вазирликлар ва идоралар, хўжалик бирлашмалари билан биргаликда  бир ой муддатда хизматлар соҳасини, айниқса  қишлоқ жойларда  жадал ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган сабабларни ўрганиб чиқиш асосида хизматлар соҳасини ривожлантириш учун, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш учун зарур бўлган рухсат берувчи ҳужжатларни олишда қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқсин ва  тасдиқласин.

Амалга оширилган ишлар натижалари Вазирлар Маҳкамаси Президиуми мажлисида кўриб чиқилсин.


10. Халқ таълими вазирлиги (Шоумаров), Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази (Сатторов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

шу йил 30 августгача бўлган муддатда - умумтаълим мактаблари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, болалар сузиш бассейнлари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар объектларининг аниқ рўйхатларини белгиланган тартибда тасдиқласинлар;

шу йил 15 октябргача бўлган  муддатда - ижтимоий объектларни қуриш бўйича ихтисослаштирилган пудрат ташкилотларини танлаш юзасидан тендер савдолари ўтказилишини таъминласинлар;


25 октябргача бўлган муддатда -  қурилишларнинг дастлабки аниқ йўналтирилган рўйхатларини белгиланган тартибда тасдиқласинлар ва ҳисоб-китобларни 2009 йил қурилишлари "нол цикли"ни аванс тарзида молиялаштириш учун маблағлар ажратиш бўйича Молия вазирлигига тақдим этсинлар.

Ушбу топшириқнинг бажарилиши Вазирлар Маҳкамаси Президиуми мажлисларида мунтазам равишда кўриб чиқилсин.



Республика озиқ-овқат бозорини маҳсулотлар билан барқарор

таъминлаш бўйича тадбирларнинг бажарилиши, шунингдек

мева-сабзавот маҳсулотларини ғамлаш бўйича ишларнинг

ташкил этилиши тўғрисида.

(Каримов, Исмоилов, Файзиев, Ерниязов, Янгибоев,

Оллабергенов, Носиров, Нурматов, Ғаниев)


11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Исмоилов),   "Ўзулгуржисавдоинвест" уюшмаси (Файзиев) ва ҳудудий "Матлуботсавдо" компаниялари раҳбарлари республика аҳолисини, биринчи навбатда, узоқ ва тоғли қишлоқ аҳоли пунктларини асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш учун шахсан жавобгар эканликлари  тўғрисида огоҳлантирилсинлар.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

икки ҳафта муддатда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турларини 2009 йил июнь ойигача улар билан аҳолини барқарор таъминлаш учун зарур ҳажмларда ғамлаш борасида қўшимча чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқсинлар ва Иқтисодиёт вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқласинлар;

мева-сабзавот маҳсулотларининг ҳар бир тури бўйича қишга ғамлаш  юзасидан минтақаларга белгиланган топшириқларнинг бажарилиши тўғрисида ҳар ойда Вазирлар Маҳкамасига ахборот берсинлар. 

Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси (Улашов) кундалик эҳтиёж товарларини ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича корхоналарнинг, шунингдек захира фондларга қўйилган мева-сабзавот маҳсулотларини сотиш учун масъул бўлган савдо ташкилотларининг монополияга қарши қонунчиликка риоя қилишлари таъминланиши устидан, қонун бузувчиларга нисбатан монополияга қарши таъсир кўрсатиш борасидаги қатъий чора-тадбирларни қўллаган ҳолда қаттиқ назоратни таъминласин.


12. Давлат божхона қўмитаси (Носиров), Ички ишлар вазирлиги (Матлюбов) озиқ-овқат товарларининг, биринчи навбатда буғдой, ун, нон-булка маҳсулотлари, гуруч ва ўсимлик мойининг республика ташқарисига ноқонуний олиб чиқиб кетилишининг олдини олиш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар кўрсинлар.

Молия вазирлиги (Азимов), Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев), "Ўзулгуржисавдоинвест" уюшмаси (Файзиев) бир ой муддатда шоли етиштирувчиларни рағбатлантириш юзасидан ички истеъмол бозорини тўлдириш учун харид қилишга йўналтирилган таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар. 


13. Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев) Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Исмоилов) билан биргаликда жорий йилнинг 15 августигача бўлган муддатда сабзавот, полиз маҳсулотлари ва картошканинг амалдаги экин майдонларини баҳолаш асосида ички истеъмол бозори эҳтиёжини қондириш, 2008-2009 йиллар қиш даври  учун мева-сабзавот маҳсулотларини ғамлашни таъминлаш  учун зарур бўлган маҳсулотлар ҳажмларини, шунингдек  мавжуд ресурслар базасини ҳисобга олган ҳолда жорий йилнинг  сентябрь-октябрь ойларида мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари ва узумни  четга чиқаришнинг ҳисобланган ҳажмларини аниқласин.


14. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва шаҳарлар ҳокимликлари, "Ўзулгуржисавдоинвест" уюшмаси (Файзиев), ҳудудий "Матлуботсавдо" акциядорлик компаниялари тайёрлов ташкилотлари билан биргаликда:

2008 йил 1 ноябргача бўлган муддатда - сақлаш жойларини тайёрласинлар ва белгиланган прогноз кўрсаткичларига мувофиқ мева-сабзавот маҳсулотлари ва картошка захираларини куз-қиш  даври учун ғамлашни тугалласинлар;

2008-2009 йилларнинг қиш-баҳор даври мобайнида, нархларнинг асоссиз ўсишига йўл қўймасдан, мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка захираларини аҳолига сотиш учун  мунтазам равишда  сотувга қўйилишини таъминласинлар.


15. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги 2008 йил учун мева-сабзавот маҳсулотлари балансининг тасдиқланган кўрсаткичлари бажарилишини таъминлаш учун зарур бўлган майдонларда сабзавот, полиз экинлари ва картошканинг такрорий ва оралиқ экинлари жойлаштирилишини таъминлаш бўйича икки ҳафта муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

Ушбу топшириқнинг бажарилиши Вазирлар Маҳкамаси Президиумининг  2008 йил августдаги мажлисларида кўриб чиқилсин.


16. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Исмоилов) жорий йилнинг 1 декабригача бўлган муддатда 2009 йилда республиканинг сабзавотчилик ва чорвачилик туманларида сабзавот ва ем-хашак экинлари экишни кўпайтириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.



Касб-ҳунар коллежлари (академик лицейлар)га ўқувчилар

қабул қилиш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг

битирувчиларини ишга жойлаштириш

чора-тадбирлари тўғрисида.

(Каримов, Қосимов)


17. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази (Сатторов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг мактаблар битирувчиларининг иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда талаб қилинаётган мутахассисликларга мувофиқ академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида ўқитиш билан тўлиқ қамраб олинишини таъминлаш бўйича ишларининг етарли эмаслиги қайд этилсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази (Сатторов)  Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги (Хаитов) ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда 2008 йил 15 сентябргача - ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимининг таълим муассасаларини 2008 йилда тугатган битирувчиларни тўлиқ  ишга жойлаштириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар кўрсинлар;

Вазирлар Маҳкамаси 10 кун муддатда касб-ҳунар коллежларига (лицейларга) қабул қилиш тизимини ва уларнинг битирувчиларини ишга жойлаштиришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида қарор қабул қилсин.


18. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази (Сатторов) Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари  билан биргаликда:

2009 йилда умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчилари ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларида ўқиш билан тўлиқ қамраб олинишини таъминлаган ҳолда тасдиқланган аниқ рўйхатларга мувофиқ касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўз вақтида ишга туширилишини;

ишга туширилаётган касб-ҳунар коллежлари замонавий ўқув ва лаборатория асбоб-ускуналари, мебель ва анжомлар тўлиқ жиҳозланишини таъминласин.


19. Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев), Молия вазирлиги (Азимов),  Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги (Хаитов), Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази (Сатторов) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда  тегишли ҳудудлар, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани ривожлантириш дастурларини ҳисобга олган ҳолда ўртача муддатли истиқболда меҳнат бозорида талаб қилинаётган мутахассисликларга бўлган эҳтиёжни баҳолаш механизми ва шу асосда касб-ҳунар коллежларида кадрлар тайёрлаш йўналишларига зарур тузатиш киритиш, шунингдек коллежларнинг битирувчилари ишга тўлиқ жойлаштирилишига қараб коллежлар фаолиятини баҳолаш ва рағбатлантириш мезонлари бўйича шу йил 1 октябргача Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсинлар.



Иқтисодиёт тармоқларини, уй-жой фондини ва ижтимоий соҳа

объектларини, шунингдек ишлаб чиқариш инфратузилмасини

куз-қиш даврига тайёрлашнинг бориши тўғрисида.

(Каримов, Ханов, Ерниязов, Усмонов, Жумаев, Анарбаев, Зайниев,

Рўзиев, Нажмитдинов, Барноев, Жўраев, Жалолов, Ниязов, Ғофуров,

Оллабергенов, Тўхтаев)

20. Вазирлар Маҳкамаси комплекслари (Ханов, Шаисматов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, "Ўзбеккўмир" ОАЖ (Хурсанов), "Ўзтрансгаз" акциядорлик компанияси ва "Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акциядорлик компанияси  (Раматов) раҳбарлари:

уй-жой фондини ва иқтисодиёт тармоқларини 2008-2009 йиллар куз-қиш даврида ишлашга тайёрлаш, жумладан қозонхоналар, иссиқлик трассаларини мукаммал ва жорий таъмирлаш ҳамда уларни изоляция қилиш бўйича ишларни жорий йилнинг 15 сентябригача тугаллаш;

2008 йил 15 октябргача бўлган муддатда - тасдиқланган жадвалларга қатъий мувофиқ равишда халқ таълими, соғлиқни сақлаш ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимининг ҳар бир муассасасига  кўмир етказиб берилишини, шунингдек шу йил 15 ноябргача бўлган муддатда аҳолига зарур миқдорда кўмир ва суюлтирилган газ етказиб берилишини ва сотилишини таъминлаш;

турар жойлар, мактаблар, касалхоналар, поликлиникаларда ва болалар боғчалари биноларида иссиқлик ва энергия энг кўп даражада тежалиши таъминланиши учун  жамоатчилик назорати тизими жорий этилиши ҳисобга олинган ҳолда турар жой фонди ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш даврида ишлашга тайёрлаш жараёнига жамоатчилик, биринчи навбатда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кенг жалб этилиши учун шахсан жавобгар эканликлари кўрсатиб ўтилсин.


21. Бош вазир ўринбосари Н.М.Ханов вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари  билан биргаликда  бир ой муддатда хавфли зонадаги аниқ ҳудудлар ва ташкилотларни аниқлаган ҳолда туманлар ва шаҳарлар бўйича иқтисодиёт тармоқлари, уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа объектларини 2008-2009 йиллар куз-қиш даврига тайёрлашнинг бориши тўғрисида ҳисобот тузсин ва Вазирлар Маҳкамаси Президиумида муҳокама қилиш учун аниқ олдини олувчи чора-тадбирлар билан биргаликда  таклифлар киритсин. 


22. "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси, "Ўзбеккўмир" ОАЖ "Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акциядорлик компанияси,  вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда барча корхоналар ва ташкилотларда захира ёқилғисини белгиланган ҳажмларда ғамлаб қўйишни шу йил 15 октябргача тугаллаш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрсинлар.


23. "Саноатконтехназорат" давлат инспекцияси (Холматов), "Ўздавнефтгазинспекция" (Шералиев), "Ўздавэнергоназорат" давлат инспекцияси (Ғуломов) "Ўзтрансгаз" АК (Вагапов), "Ўзбекэнерго" ДАК (Тешабоев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда муҳандислик-коммунал тармоқлар фаолият юритишининг амалдаги меъёрларига риоя қилиниши ва ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш юзасидан назорат қилиш, хўжалик субъектлари ва фуқароларнинг газ ва электр тармоқларига ноқонуний уланишининг олдини олиш учун жорий йилнинг 15 августигача жойларда тезкор инспекторлик гуруҳлари ташкил этсинлар.

Кўрилаётган чора-тадбирларнинг натижалари тўғрисида ҳар ойда Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.


24. Ушбу протоколнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М.Мирзиёев зиммасига юклансин.

Мазкур протоколнинг бажарилиши ҳар ҳафтада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси  Президиуми мажлисларида кўриб борилсин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                       И. Каримов