Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисининг 11.08.2006 й. 4-сон Баёни

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ

МАЖЛИСИНИНГ

БАЁНИ

11.08.2006 й.

N 4



Раислик қилувчи:

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

Мирзиёев Ш.М.

Қатнашганлар:


Ўзбекистон Республикаси

Бош вазирининг ўринбосарлари


Р.С.Азимов, А.Н.Арипов, С.Т.Иномова,

Р.С.Қосимов, Н.М.Ханов, Э.Р.Шаисматов,

Р.В.Абдуқодиров

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг Давлат маслаҳатчиси

В.А.Голишев

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарлари, Президент Девони, Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари (рўйхат бўйича).



2007 йилга солиқ сиёсатининг асосий

йўналишлари лойиҳаси тўғрисида


(Мирзиёев, Азимов, Назаров, Хўжаев, Парпиев, Шайхов, Зикриёев, Ибрагимов,

Гуламова, Саиджалолов, Носиров, Мирзаев, Жумагалдиев, Мирзиёев)



I. Вазирлар Маҳкамаси қайд этадики, кейинги йиллар мобайнида республикада аниқ мақсадга қаратилган солиқ сиёсати олиб борилди, қуйидагилар:

хўжалик юритувчи субъектларга солиқ юкини изчил ва босқичма-босқич пасайтириш;

солиқ солиш тизимини, солиқлар ва мажбурий тўловлар айрим турларини ҳисоблаб чиқиш ва уларни тўлаш механизмини юқори даражада бирхиллаштириш ва соддалаштириш;

амалдаги солиқ имтиёзларини уларнинг рағбатлантирувчи ролини кучайтириш мақсадида мақбуллаштириш ва бирхиллаштириш;

солиқ тўловчиларнинг қонуний ҳуқуқларига риоя қилинишини сўзсиз таъминлашга, солиқ тўловларини ҳисоблаб чиқишни соддалаштиришга ва тўлашда улар учун қулай шарт-шароитлар яратишга ҳамда солиқ тўлашдан бош тортиш амалиётининг олдини олишга қаратилган солиқларни маъмурий тартибда ундиришни такомиллаштириш ушбу солиқ сиёсатининг асосий принциплари ҳисобланади.

Ушбу чора-тадбирлар республика иқтисодиётининг ўсиш суръатларини жадаллаштириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш имконини берди. Солиқ ставкаларининг пасайтирилиши хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳолининг иқтисодий фаоллиги сезиларли даражада ошишига олиб келди, бюджетдаги потенциал йўқотишлар эса ишлаб чиқариш ҳажмлари ортиши, тўланмаган солиқларнинг камайиши, солиқларни йиғиш даражаси ортиши ҳамда солиқ солинадиган база муайян қисмининг "хуфёна сектор"дан чиқарилиши натижасида солиқ тушумлари кўпайиши ҳисобига қопланди.

Масалан, фойда (даромад) солиғи ставкаси 15 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилганда жорий йилнинг I ярим йиллигида тушумлар 2005 йилнинг шу давридагига нисбатан қиёсий нархларда 9,5 млрд. сўмга кўпайди, бунинг натижасида давлат бюджетининг даромад қисми прогноз кўрсаткичларининг 102,2 фоизга бажарилиши таъминланди.

Кичик хусусий тадбиркорлик субъектларини ялпи ставкаси 15,2 фоиз бўлган ягона солиқ ва бюджетдан ташқари жамғармаларга мажбурий тўловлар тўлашдан ставкаси 13 фоиз бўлган ягона солиқ тўловини тўлашга ўтказиш натижасида уларнинг иқтисодий фаоллиги ортиши ҳисобига 2006 йил I ярим йиллигида тегишли тушумлар ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан қиёсий нархларда 5,7 млрд. сўмга кўпайди, солиқ тўловларининг ушбу тури бўйича тушумлар прогнози 102,1 фоизга бажарилиши таъминланди.

Солиқ юкини пасайтириш чора-тадбирларининг амалга оширилиши ҳисобига ҳисоб-китобларга кўра фақат 2006 йил I ярим йиллиги якунлари бўйича корхоналар ихтиёрида қўшимча равишда 126,1 млрд. сўм қолдирилди, бу инвестицияларни кенгайтириш, ўз айланма маблағларини кўпайтириш ва ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашни кўпайтиришнинг муҳим манбаи бўлиб хизмат қилади. Умуман, 2006 йил I ярим йиллигида капитал қўйилмалар ҳажми ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан реал ҳисоб-китобларга кўра 6,9 фоизга, корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобига инвестициялар ҳажми эса 26,8 фоизга кўпайди.

Солиқ ислоҳотини амалга ошириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида давлат бюджетининг даромад қисми таркибида ҳам ижобий ўзгаришлар рўй берди. Хусусан, ресурс солиқлари улуши сезиларли даражада ўсди, айни пайтда тўғри солиқлар улуши камайди. Шундай қилиб, солиқ юкининг тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилардан қазиб олиш тармоқларига қайта тақсимланиши рўй бермоқда ҳамда табиий, минерал-хом ашё, ер-сув ресурсларидан ва бошқа ресурслардан тежамкорлик билан ва оқилона фойдаланишга бўлган муносабат рағбатлантирилмоқда.



II. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2007 йилга солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги ва кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилганлиги маълумот учун қабул қилинсин, унда қуйидагилар назарда тутилади:


а) солиқ юкини пасайтириш, хусусан:

- фойдага солиқ ставкасини 12 фоиздан 10 фоизгача;

- жисмоний шахсларнинг даромадларига ўрта ва юқори солиқ ставкаларини тегишли равишда 20 фоиздан 18 фоизгача ҳамда 29 фоиздан 25 фоизгача;

- ягона солиқ тўловини 13 фоиздан 10 фоизгача;

- ягона ижтимоий тўловни 25 фоиздан 24 фоизгача;

- юқори тоннажли юк автотранспорт воситаларини, кўп ўринли автобусларни, махсус автомобилларни харид қилиш ва вақтинча олиб келиш учун йиғим миқдорини 20 фоиздан 6 фоизгача пасайтириш;

- харажатларнинг айрим турларини фойда солиғининг солиқ солинадиган базасидан чиқариб ташлаш;


б) ер-сув ресурсларидан тежамли ва самарали фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида ресурс солиқлари (сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, ер солиғи, ягона ер солиғи) ставкалари 1,5 баравар индексация қилинади;


в) ер ости бойликларидан фойдаланганлик учун солиқ ва нефть маҳсулотлари бўйича акциз солиғи ставкаларини бюджетга ўтказиладиган даражагача пасайтириш йўли билан мақбуллаштириш;


г) банклар ва суғурта ташкилотларини фойда солиғи тўлашга ўтказиш ҳисобига солиқ солиш тизимини бирхиллаштириш (иш ҳақи бўйича харажатларни солиқ солинадиган базадан чиқариш);


д) савдо ва умумий овқатланиш корхоналарини ягона солиқ тўлови тўлашга ўтказиш ҳисобига солиқ солиш тизимини соддалаштириш;


е) алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи, ягона солиқ тўлови тўловчи микрофирмалар ва кичик корхоналарни умумий белгиланган солиқ тўлашга ўтказиш йўли билан тенг рақобат шароитлари яратиш;


ж) Солиқ кодекси лойиҳасида назарда тутилган амалдаги солиқ имтиёзларини мақбуллаштириш ва бирхиллаштириш;


з) транспорт воситалари учун бензин, дизель ёқилғиси ва газ истеъмоли учун жисмоний шахслардан ундириладиган солиқнинг амалдаги ставкаларини ошириш ҳисобига маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини мустаҳкамлаш.



III. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тақдим этилган 2007 йилга солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳасини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛДИ:


1. 2007 йилга солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаси иловага мувофиқ умуман маъқуллансин.


2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари марказий иқтисодий вазирликлар ва идоралар, Савдо-саноат палатаси раҳбарлари иштирокида ўн кун муддатда маъқулланган концепциянинг асосий қоидаларини муҳокама қилсинлар, кенг жамоатчиликни ва ишбилармон доираларни солиқ сиёсатини янада эркинлаштириш юзасидан таклиф этилаётган чора-тадбирлар тўғрисида хабардор қилиш тадбирларини ишлаб чиқсинлар.


3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда икки ҳафта муддатда ҳар бир туман салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда маҳаллий бюджетларга тушумларни кўпайтириш, республика бюджетидан дотацияга боғлиқликни пасайтиришга йўналтирилган аниқ тадбирлар бўйича таклифлар ишлаб чиқсинлар ва Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар.


4. Молия вазирлиги (Ашрафхонов), Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев), Давлат солиқ қўмитаси (Парпиев), Давлат божхона қўмитаси (Носиров) бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда, маъқулланган 2007 йилга солиқ сиёсатининг асосий йўналишларидан келиб чиққан ҳолда Вазирлар Маҳкамасига:

икки ҳафта муддатда - янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасини пухта ишлаб чиқсинлар ва Вазирлар Махкамасининг Иш тартибида белгиланган тартибда киритсинлар;

бир ой муддатда - "Бюджет тизими тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 28-моддасига мувофиқ 2007 йилга давлат бюджети ва бюджетнома лойиҳасини пухта ишлаб чиқсинлар ва киритсинлар.


5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

жорий йилнинг 15 октябригача бўлган муддатда - 2007 йилга бюджетнома;

белгиланган муддатларда - янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳаси пухта ишлаб чиқилишини ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритилишини таъминласин.


6. Мазкур протоколнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С.Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири                                                                               Ш.Мирзиёев