Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисининг 14.02.2002 й. "2001 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва иқтисодий ислоҳотларнинг боришини баҳолаш ҳамда 2002 йилда ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ

МАЖЛИСИНИНГ

ҚАРОРИ

14.02.2002 й.



2001 ЙИЛДА РЕСПУБЛИКАНИ

ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНТИРИШ

ЯКУНЛАРИ ВА ИҚТИСОДИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ

БОРИШИНИ БАҲОЛАШ ҲАМДА 2002 ЙИЛДА

ИСЛОҲОТЛАРНИ ЧУҚУРЛАШТИРИШНИНГ

АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ ТЎҒРИСИДА



1. Вазирлар Маҳкамаси қайд этадики, 2001 йил иқтисодиётда ва умуман жамиятда ислоҳотларни чуқурлаштиришда танланган йўлни изчил ўтказишнинг мантиқий давоми, яна бир муҳим босқич бўлди.

Иқтисодиётда макроиқтисодий барқарорликни сақлаш ва иқтисодиётни ўстириш тенденцияси аниқ кўзга ташланди: ялпи ички маҳсулот 4,5 фоизга, саноат ишлаб чиқариши - 8,1 фоизга, қишлоқ хўжалиги - 4,5 фоизга кўпайди. Биринчи марта ялпи ички маҳсулотни иқтисодий ислоҳотларгача бўлган 1991 йилги даражага нисбатан - 103 фоизга ўстиришга эришилди. Аҳоли жон боши ҳисобига ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 103,1 фоизни ташкил қилди, аҳолининг реал даромадлари 16,9 фоизга кўпайди.

Иқтисодиётнинг молиявий мутаносиблиги ва пул тизими мустаҳкамланди. Бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан бир фоиздан камроқни ташкил қилди. Йил бўйича нақд пул эмиссияси даражаси 6,5 фоизни ташкил этди. Тўлов интизоми даражаси ошди, етакчи идоралар ва корхоналар бўйича тўлов муддати ўтган дебиторлик қарзи амалда йўқ. Ташқи савдо айланмасини 3,1 фоизга ўстириш таъминланди, ташқи савдо операцияларида ижобий сальдога эришилди, олтин-валюта захиралари илгариги даражада сақлаб қолинди.

Институционал қайта ўзгартириш жараёнлари чуқурлашди, бозор принциплари, механизмлари ва усулларининг иқтисодиётга таъсири кучайди.

Иқтисодиётда  таркибий қайта ўзгартиришларни янада чуқурлаштириш, тармоқлар ва ишлаб чиқаришларни замонавийлаштириш ҳамда техника билан қайта жиҳозлаш дастурларини рўёбга чиқариш, экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришларни ривожлантириш, ушбу мақсадларга хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш сиёсати фаол амалга оширилди.

Кичик ва ўрта бизнес жадал суръатлар билан ривожланди, унинг ялпи ички маҳсулотдаги салмоғи 24,5 фоизни ташкил қилди. Қишлоқ хўжалигида, иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари ва секторларида ислоҳотларни амалга оширишда ижобий ўзгаришлар юз берди.

Валюта сиёсатида туб ўзгаришлар содир бўлди, ташқи иқтисодий фаолиятни эркинлаштириш жараёнлари чуқурлашди. Халқаро молия ташкилотлари билан икки томонлама муносабатларга динамик тус бериш учун мустаҳкам база яратилди.

Айни бир вақтда, ўтказилган махсус текширишларда табиий ва минерал-хом ашё ресурсларидан самарасиз, хўжасизларча, талон-тарож қилган ҳолда фойдаланишга доир қўпол ҳолатлар очиб ташланди.

Шўрланган ва ботқоқлашган ерларни қисқартириш, ирригация-мелиорация тармоқларини иш ҳолатида сақлаш юзасидан чора-тадбирлар амалга оширилмаяпти.

Ер қонунчилиги қўпол равишда бузилмоқда, ерлардан энг аввало, суғориладиган экин майдонларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш ҳоллари мавжуд. Ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва уларга ноқонуний эгалик қилиш ҳоллари кўплаб учрайди. Наманган, Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари бўйича ерлардан хўжасизларча фойдаланишга доир мисоллар кўп.

Суғориш сувидан  ҳам самарасиз, назоратсизлик билан фойдаланилмоқда. Бухоро, Навоий, Сурхондарё, Наманган ва бошқа вилоятларда сувдан фойдаланиш коэффициентининг пасайишига йўл қўйилган.

Ичимлик суви, газ ва бошқа энергетика ресурсларидан тежамсиз, назоратсиз ва ноқонуний фойдаланиш бўйича кўплаб фактлар мавжуд. Ичимлик суви сарфини ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш ва уй-жой фондини газ ҳисоблагичлар билан жиҳозлаш бўйича ишлар мутлақо қониқарсиз олиб борилмоқда.

Хусусий секторни ривожлантириш кўламлари бозор иқтисодиётини шакллантириш ва ривожлантиришда, унинг барқарорлиги ва ўсувчанлигини оширишдаги талабларга жавоб бермайди.

Бевосита хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича ишлар суст олиб борилмоқда. Республиканинг 31 туманида хорижий инвестициялар иштирокида бирорта ҳам корхона ташкил этилмаган.

Кадрлар тайёрлаш миллий дастури қоидалари қониқарсиз бажарилмоқда. Айниқса, Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент, Хоразм вилоятларида ва Тошкент шаҳрида академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларини қуриш ва фойдаланишга топширишда қолоқликка йўл қўйилган. Ўқув юртларини замонавий ўқув лаборатория анжомлари билан жиҳозлаш, янги дарсликлар билан таъминлаш жараёни суст бормоқда.


2. Қуйидагилар 2002 йилда саъй-ҳаракатлар ва ресурслар уларнинг ҳал қилиниши учун жалб этиладиган иқтисодий ислоҳотларни янада эркинлаштириш ва чуқурлаштиришнинг энг муҳим, ҳал қилувчи йўналишлари этиб белгилансин:

иқтисодиётнинг макроиқтисодий барқарорлигини таъминлаш, инфляция даражасини жиддий пасайтириш, қаттиқ молия ва кредит сиёсатини ўтказиш;

иқтисодиётни таркибий қайта ўзгартиришни янада чуқурлаштириш ва хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш;

ташқи иқтисодий ва валюта сиёсатини янада эркинлаштириш, курсни бирхиллаштириш йўлини тўлов балансини мустаҳкамлаш, олтин-валюта захираларини сақлаш билан узвий алоқада изчил ўтказиш;

муҳим материал ва табиий ресурслар - экин майдонлари, суғориш суви ва ичимлик суви, ёқилғи-энергетика, минерал-хом ашё ва бошқа ресурслардан тежамли, самарали, эҳтиётлаб фойдаланишни таъминлаш;

бозор ислоҳотларининг муҳим ва ажралмас таркибий қисми сифатида иқтисодиётнинг хусусий секторини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш;

ерга эгалик қилиш ва ердан фойдаланишнинг янги тури, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишнинг янги шакли сифатида фермерлик фаолиятини ривожлантириш ва рағбатлантириш;

кадрлар тайёрлаш соҳасини ривожлантириш.


3. Истеъмолчиларни табиий газ билан узлуксиз таъминлаш масалаларида йўл қўйилган нуқсонлар, табиий газни  бериш зарур даражада ҳисобга олинмаслиги ва республика иқтисодиёти тармоқларида ундан самарали фойдаланиш юзасидан зарур назорат таъминланмаганлиги учун "Ўзтрансгаз" акциядорлик компаниясининг бош директори Н. И. Жулинга, "Ўзкоммунхизмат" агентлиги бош директорининг ўринбосари - "Бошкоммунгаз" корхонаси директори С. С. Башировга, "Ўздавнефтгазинспекция" бошлиғи Н. С. Рамазоновга ҳайфсан эълон қилинсин.

Агар 2002 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалий чора-тадбирлар кўрилмаса, улар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилиши ва қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилиши тўғрисида огоҳлантирилсинлар.

Қорақалпоғистон  Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига газ, ичимлик суви, электр энергияси ресурслари истеъмолчиларини ҳисобга олишни ташкил этишга тизимли ёндашувнинг  йўқлиги, сув қувури, газ ва электр тармоқларига рухсатсиз уланиб олиш ҳоллари мавжудлиги, сув ва газни ҳисобга олиш приборлари ўрнатиш дастури бажарилмаганлиги  кўрсатиб ўтилсин.


4. Қуйидагилар:

Навоий (Дилов), Наманган (Жабборов), Сирдарё (Исроилов), Сурхондарё (Олимжонов) вилоятлари ҳокимлари йўл қўйилган камчиликлар ва суғориладиган ерлардан хўжасизларча фойдаланганлик, суғориш сувидан фойдаланиш коэффициенти пасайиб кетганлиги ва сувдан фойдаланиш интизоми бузилганлиги учун;

Бухоро вилоятининг Когон (Хаитов), Вобкент (Эсонов), Қоровулбозор (Йўлдошев) туманлари, Наманган вилоятининг Поп (Исматуллаев), Мингбулоқ (Ҳайдаров) ва Учқўрғон (Охунов) туманлари, Самарқанд вилоятининг Иштихон (ҳоким вазифасини бажарувчи Мансуров) ва Ургут (Нуриллаев) туманлари ҳокимлари ер ресурсларидан бошқа мақсадларда ва хўжасизлик билан фойдаланишнинг кўплаб ҳоллари мавжудлиги учун қаттиқ огоҳлантирилсинлар.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси (Тожиев)га, вилоятлар ҳокимларига ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланилмаслигинининг ҳар бир ҳолатини жойнинг ўзида кўриб чиқиш ва қонунни бузувчиларга нисбатан жавобгарликнинг энг қаттиқ чораларини қўллаш топширилсин.


5. Кичик ва ўрта бизнесни, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш юзасидан Шофиркон (Раҳмонов), Боғдод (Солижонов), Иштихон (ҳоким вазифасини бажарувчи Мансуров), Беруний (Жуманиёзов) туманлари, Термиз (Чориев), Жиззах (Худоёров), Қўқон (Хўжаев) шаҳарлари, шунингдек, Тошкент шаҳар Акмал Икромов (Маҳмудов) тумани ҳокимларининг қониқарсиз ишлаганлиги қайд этилсин.

Ярим йиллик якунлари бўйича хусусий тадбиркорлик ташаббусини ривожлантиришга кўмаклашиш, хусусий секторни ривожлантириш учун қулай муҳит яратиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида уларнинг ҳисоботи кўриб чиқилиши тўғрисида қаттиқ огоҳлантирилсинлар.


6. Бир ҳафта муддатда Бош вазирнинг биринчи ўринбосари К.Н.Тўлаганов бошчилигида табиий, минерал-хом ашё ва ёқилғи-энергетика ресурсларидан тежамкорлик билан самарали фойдаланиш масалалари бўйича Вазирлар Маҳкамасининг махсус комиссияси тузилсин, унинг таркибига барча манфаатдор вазирликлар ва идоралар, ҳокимликлар, назорат қилувчи хизматлар ва Прокуратура вакиллари киритилсин.

Комиссия уч ой муддатда ресурсларнинг тегишли турлари бўйича ишларнинг аҳволини ўрганиб чиқсин, 2010 йилгача бўлган даврда ресурсларни тежаш дастурини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин, унда:

ресурсларни тежовчи, айниқса мелиорация ва ирригацияда ресурсларни тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, ёқилғининг муқобил турларидан фойдаланиш;

ер, сув, ёқилғи-энергетика ва бошқа ресурслардан оқилона фойдаланишни рағбатлантирувчи иқтисодий механизмни жорий этиш, улардан тежамкорлик, эҳтиётлаб ва самарали фойдаланаётган ходимларни рағбатлантириш, шунингдек, сувдан фойдаланиш соҳасида бозор муносабатларини ривожлантириш;

табиий, минерал-хом ашё ва ёқилғи-энергетика ресурсларидан хўжасизларча фойдаланганлик учун жавобгарликни кучайтириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар назарда тутилсин.

Кўрсатиб ўтилган масалаларни ҳал этиш учун ҳуқуқий базани яратишни назарда тутувчи тегишли қонун ҳужжатлари лойиҳалари тайёрлансин ва кўриб чиқиш учун Олий Мажлисга киритилсин.


7. "Ўзбекнефтгаз" компанияси (Саидаҳмедов) "Ўзкоммунхизмат" агентилиги билан биргаликда 2002 йилда ҳамма жойда газ қувурларининг ажралиш чегараларида газни ҳисобга олишнинг замонавий приборлари ўрнатилишини таъминласин, истеъмолчиларга сотилаётган табиий газ зарур даражада ҳисобга олинишига доир муфассал чора-тадбирлар кўрсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Давлат  мулки қўмитаси, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда:

мамлакатда хусусий секторни ривожлантиришнинг ҳуқуқий базасини кенгайтириш бўйича қонунчиликни мустаҳкамлаш;

ушбу соҳада қўшимча ҳуқуқий ва иқтисодий имтиёзлар, преференциялар яратиш;

хизмат кўрсатиш соҳасида хусусий секторни ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш;

замонавий технологиялар асосида халқ ҳунармандчилиги ва косибчилик анъаналарини ривожлантириш, уларнинг маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсинлар.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги кичик ва ўрта бизнес субъектларини, хусусий тадбиркорликни давлат тузилмалари ва назорат қилувчи органлар томонидан ноқонуний аралашувлардан ҳимоя қилиш ишларини кучайтирсин, қонун ҳужжатларида назарда тутилган зарур чора-тадбирларни кўрсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Марказий банк, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар, тижорат банклари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда амалдаги қонун ҳужжатларини, фермер хўжаликларининг фаолият кўрсатиш шароитларини муфассал хатловдан ўтказсинлар ҳамда фермерликни ривожлантириш учун қулай ҳуқуқий ва иқтисодий шарт-шароитларни шакллантириш бўйича таклифлар киритсинлар, бунда қуйидагиларга алоҳида эътиборни қаратсинлар:

фермерлар манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, туманлар ҳокимликлари, ширкатлар раҳбарлари, турли назорат қилувчи органлар ва тузилмалар томонидан уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашишга йўл қўймаслик;

фермерларга  механизациялашган хизматлар кўрсатишда, уларни минерал ўғитлар ва сифатли экиш материаллари билан таъминлашда, кичик технологиялар билан жиҳозлашда ёрдам кўрсатишни кенгайтириш, ахборот хизмати кўрсатишни яхшилаш, лизинг шартларида техника сотиш масалаларини ҳал этиш;

шартнома тузишган фермерлар ва ташкилотлар томонидан, энг аввало, етиштирилган маҳсулотларни ўз вақтида сотиш ва улар учун ҳақ тўлаш масалалари бўйича шартномавий мажбуриятларни бажаришда интизом ва жавобгарликни ошириш;

фермерларнинг кредит ресурсларидан фойдалана олиш имкониятларини кенгайтириш, Тошкент вилоятиинг фермерлар ва деҳқон хўжаликларига микрокредитлар бериш тажрибасини ҳамма жойда оммалаштириш.

Тугатилган қишлоқ хўжалик корхоналари негизида ташкил этилган фермер хўжаликлари фаолияти 2002 йил 1 декабргача бўлган муддатда муфассал таҳлил қилиб чиқилсин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган ширкатларни мақсадга мувофиқ бўлган жойларда фермер хўжаликларига айлантириш бўйича 2003 йил учун таклифлар киритилсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги бир ой муддатда:

хўжалик юритувчи субъект мол-мулкини гаровга қўйган ҳолда кредитлар бериш, кредит ўз вақтида қайтарилмаган тақдирда ушбу мол-мулкни кредитор мулкига ўтказиш амалиётини янада кенгроқ жорий этиш;

кредитларнинг ўз вақтида қайтарилишини кафолатловчи қаттиқ чора-тадбирларни белгилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқсинлар ва Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар.

Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси кредитларнинг ўз вақтида қайтарилмаганлиги учун корхоналар ва ташкилотлар раҳбарларини жиноий жавобгарликкача бўлган жавобгарликка тортишни амалиётга киритсин.


11. Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва корхоналар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раҳбарлари, Жиззах, Навоий, Сурхондарё вилоятлари ва бошқа вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимларининг эътибори ишлаб чиқаришларни маҳаллийлаштириш ва маҳаллий хом ашё материалларидан фойдаланиш негизида қўшма корхоналар ташкил этишга доир қабул қилинган дастурларни бажариш юзасидан улар томонидан олиб борилаётган ишларнинг қониқарсизлигига қаратилсин.

Минтақаларда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ташкил этишни мувофиқлаштириш бўйича идоралараро ишчи гуруҳ (Азимов) қўшма корхоналарнинг вакиллари иштирокида бир ой муддатда маҳаллий хом ашё ва материаллардан фойдаланиш негизида қўшма корхоналар ташкил этиш масалалари борасидаги ишларнинг аҳволини чуқур ўрганиб чиқсин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш, шунингдек, қўшма корхоналар фаолиятининг  самарадорлигини ошириш бўйича аниқ таклифлар киритсин.

Маҳаллий хом ашё ва материаллардан фойдаланиш негизида ишлаб чиқаришларни маҳаллийлаштириш ва қўшма корхоналар ташкил этиш дастурларини бажаришнинг бориши Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига бағишланган мажлисда кўриб чиқилсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулк қўмитаси манфаатдор вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари иштирокида икки ҳафта муддатда Вазирлар Маҳкамасига давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш дастурларининг бажарилишини таъминлаш, жалб этилган хорижий молиявий консультантлар билан ишлашни фаоллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида таклифлар киритсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитаси, Маданият ишлари вазирлиги, Давлат  мулки қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:

жойларда китоб савдосини ва кутубхоналар фаолиятини ташкил этиш, уларнинг моддий-техника базаси, маърифий-тарғибот ишлари амалга оширилиши аҳволини текширсинлар;

текшириш натижалари бўйича бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига ҳукуматнинг тегишли қарори лойиҳасини киритсинлар.


14. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги, "Ўзтелерадио" компанияси, оммавий ахборот воситалари аҳолига солиқ солиш турлари ва механизмларини, солиқ тўловчилар маблағларидан ижтимоий муаммоларни ҳал этишда ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришда фойдаланиш йўналишларини содда қилиб тушунтириб берувчи телекўрсатувлар ва материаллар рукнларини мунтазам равишда ташкил этсинлар.


15. Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги икки ой муддатда иқтисодиётни ривожлантириш ва таркибий қайта ўзгартириш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда, интеллектуал салоҳиятни шакллантириш ва ундан юқори даражада самарали фойдаланишни, ўқув юртларини тугатаётган ёшларнинг иш билан таъминланишини назарда тутувчи 2010 йилгача бўлган даврда малакали кадрлар тайёрлаш дастурини тайёрласинлар ва тасдиқлаш учун ҳукуматга киритсинлар.


16. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари, вазирликлар ва идоралар, хўжалик бирлашмалари, ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотлар ва жамоат ташкилотлари 2002-2003 йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини аниқ йўналтирилган тарзда қўллаб-қувватлаш дастури, "Қарияларни қадрлаш йили" давлат дастури қоидаларининг сўзсиз бажарилишини таъминласинлар, Вазирлар Маҳкамасининг "Аёллар ва ўсиб келаётган авлод соғлиғини  мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2002 йил 25 январдаги 32-сон қарорининг бажарилишига алоҳида эътибор қаратсинлар.

Кўрсатиб ўтилган дастурлар ва ҳукумат қарорларининг амалга оширилиши учун шахсий жавобгарлик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, жамоат ташкилотларининг тегишли раҳбарлари зиммасига юклансин.

Кўрсатиб ўтилган дастурларнинг бажарилиши 2002 йил I ярим йиллиги  якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси мажлисида кўриб чиқилсин.


17. Мазкур мажлис қарорининг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т.Султонов зиммасига юклансин.

Ушбу мажлис қарорининг  бажарилиши ҳар чоракда ва умуман 2002 йил якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида кўриб чиқилсин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                          И. Каримов