Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 07.03.1996 й. 84-сон "1995 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ва 1996 йилда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш йўллари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

07.03.1996 й.

N 84



1995 ЙИЛДАГИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ

РИВОЖЛАНИШ ЯКУНЛАРИ ВА 1996 ЙИЛДА

ИҚТИСОДИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИ ЯНАДА

ЧУҚУРЛАШТИРИШ ЙЎЛЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Вазирлар Маҳкамаси қайд этадики, 1995 йилда иқтисодий ва молиявий барқарорлаштириш дастурида белгиланган мақсадларга асосан эришилди.

Инфляция даражаси анча қисқарди. Иқтисодиётни тизимли ва таркибий қайта ўзгартириш жараёнлари жадаллашди. Ишлаб чиқаришнинг пасайиши бартараф этилди. Тўлов балансининг аҳволи яхшиланди. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг кучли чора-тадбирлари таъминланди, аҳолининг реал даромадлари ошди.

Миллий валюта анча мустаҳкамланди ва унинг ички конвертация қилиниши таъминланди. Кўп укладли иқтисодиётни яратиш жараёни жадал суръатлар билан бормоқда. Нодавлат секторнинг миллий даромаддаги улуши 67 фоизга етди. Иқтисодиётни жонлантириш ва уни изчил ўстиришнинг узоқ муддатли стратегиясини амалга ошириш учун замин яратилди.

Шу билан бирга, иқтисодиётни ислоҳ қилиш юзасидан қабул қилинаётган қарорлар тўлиқ амалга оширилмаяпти. Ишлаб чиқаришни "буюртмалар портфели"ни шакллантириш асосида ташкил этиш тизими амалда юзага келмади. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотга бўлган талабни ва уни сотиш бозорларини ўрганиш ишлари яхши йўлга қўйилмаган, бу корхоналарнинг омборларида ва савдода сотилмаган тайёр маҳсулот ҳажмлари анчагина миқдорда тўпланиб қолишига, дебиторлик ва кредиторлик қарзларнинг ўсиб кетишига олиб келмоқда.

Ҳокимликлар, вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг ташкилотчилик ишларининг етарли эмаслиги, адлия ва прокуратура органлари томонидан зарур даражадаги назоратнинг йўқлиги туфайли қабул қилинган қонунлар ва норматив ҳужжатлар секинлик билан ва чала ижро этилмоқда. Амалдаги бошқарув тизимининг энг заиф жойи ижрочиларнинг ўрта бўғини - корхоналар ва ташкилотларнинг раҳбарлари ҳисобланадилар, улар эскича тасаввур билан яшамоқдалар, боқимандалик ва бюрократизмдан қутула олмаяптилар.

Минтақаларда истеъмол бозорини тўлдириш, халқ истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш, савдо ва пулли хизматларни, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ишлари паст даражада олиб борилмоқда. Натижада Навоий (67,6 фоиз), Жиззах (66,9 фоиз), Хоразм (64,1 фоиз), Бухоро (60,6 фоиз), Сирдарё (59,4 фоиз), Сурхондарё (57,5 фоиз) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (58,9 фоиз) нақд пул эмиссияси даражасининг юқорилиги сақланиб қолмоқда.

Қимматли қоғозлар бозори, бозор инфраструктураси, айниқса қишлоқ жойларда етарлича фаол ривожланмаяпти. Суғурта компаниялари, аудиторлик ва лизинг фирмалари ташкил этилмаган.

Қишлоқда иқтисодий ислоҳотларни тубдан кучайтириш зарур. Илгари қабул қилинган ислоҳотлар дастурлари қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг турли соҳаларида бажарилмаяпти. Меҳнат сарфлари юқорилигича қолмоқда, хўжалик ички ҳисоб-китобларидан бўш фойдаланилмоқда, мулкий пайларни жорий қилиш тизими асосида хўжаликларни қайта ташкил этишга эътибор берилмаяпти, хўжалик юритишнинг кўп харажатли механизми бартараф этилмаган, ҳисоб-китоб ва ҳисобот ишлари паст даражада ташкил этилган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари томонидан ташкилотчилик ишларининг сустлиги ва ишга расмиятчилик билан ёндашиш туфайли қишлоқда иқтисодий ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган қарорлар кутилган натижани бермаяпти. Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Сирдарё, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари, 43 туман ва 344 хўжалик пахта хом ашёси давлат харидларининг мўлжалланган ҳажмини бажармадилар.

Мавжуд камчиликларни тугатиш, 1996 йилда иқтисодиётни жонлантириш ва уни ўстириш, иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қайд этилсинки, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Жиззах, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари бозор қайта ташкил этишларини амалга ошириш, истеъмол бозорини товарлар билан тўлдиришни таъминлаш, нақд пул эмиссияси даражасини пасайтириш, қишлоқнинг ижтимоий инфраструктурасини ривожлантириш бўйича ишларни суст амалга оширишмоқда.

"Ўзэлтехсаноат" уюшмаси (Тожиев), "Ўзмашсаноат" (Собиров), "Ўзбекенгилсаноат" (Эргашев), "Махсусқотишма" РБ (Мақсудов), Чкалов номидаги ТАИБ (Журавлёв) раҳбарларининг эътибори маркетинг тадқиқотларини ташкил этиш, талаб ва таклифларни ўрганиш ва техника билан қайта жиҳозлаш ҳамда қайта ихтисослаштириш асосида рақобатбардошли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича улар амалга ошираётган ишларнинг етарли эмаслигига қаратилсин.

Кўрсатиб ўтилсинки, "Ўзсаноатхўжаликқурилиш" (Орипов), "Тошкентуйжойинвестқурилиш" (Зокиров) корпорацияларида, "Ўзагроқурилиш" (Йўлдошев) бирлашмасида иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, ишлаб чиқариш тузилмаларини монополиядан чиқариш, қурилиш-монтаж ишлари қийматини камайтириш бўйича чора-тадбирлар ниҳоятда суст амалга оширилмоқда.


2. Вазирликлар, идоралар, уюшмалар, корпорациялар, концернлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 1995 йилдаги ишлар ва иқтисодий ислоҳотларнинг бориши якунларини пухта таҳлил қилсинлар, йўл қўйилган камчиликлар ва нуқсонларнинг сабабларини аниқласинлар, уларни бартараф этиш чора-тадбирларини белгиласинлар, ўзларининг барча ишларини 1996 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш прогнозларида назарда тутилган вазифаларни ҳамда давлат бюджетини бажаришга қаратсинлар.


3. 1996 йилда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш чора-тадбирлари дастури иловага мувофиқ маъқуллансин.

Бош вазир ўринбосарлари иловада кўрсатилган ҳужжатлар тегишли лойиҳаларининг ўз вақтида тайёрланишини ва белгиланган тартибда киритилишини таъминласинлар.

Бош вазир Ў.Т. Султонов ишларни мувофиқлаштириб боришни ва дастурда ишлаб чиқилган чора-тадбирлар ҳамда қонунчилик ва норматив ҳужжатларнинг тақдим этилиши устидан қаттиқ назоратни таъминласин.


4. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги корхоналарни акционерлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш, қимматли қоғозлар бозори фаолият кўрсатишининг яхлит механизмини шакллантириш, акционерларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан икки ҳафта муддатда таклифлар тайёрласинлар.


5. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат мулки қўмитаси, Адлия вазирлиги, "Ўзмевасабзавотузумсаноат" уюшмаси, Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси қишлоқ хўжалиги корхоналарини ислоҳ қилиш, уларни ёпиқ турдаги акционерлик жамиятларига ёки қишлоқ хўжалиги кооперативларига айлантириш, мулкий пайларни жорий этиш асосида қишлоқда мулкчилик муносабатларини ўзгартиришга оид норматив ҳужжатларни икки ҳафта муддатда ишлаб чиқсинлар ва тасдиқлаш учун тақдим этсинлар.


6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги "Ўзистиқболстат" давлат қўмитаси, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, "Ўзулгуржибиржасавдо" уюшмаси билан биргаликда товарлар (ишлар ва хизматлар) олди-сотди шартномаси тўғрисидаги намунавий низомни, талаб ва таклифларни таҳлил қилиш асосида маҳсулот ишлаб чиқариш ва харидга "буюртмалар портфели"ни шакллантириш ва жойлаштириш, шартнома мажбуриятларининг бажарилиши юзасидан жавобгарликни ошириш тартиби тўғрисидаги таклифларни 1996 йил 15 мартгача ишлаб чиқсинлар ва тасдиқлаш учун киритсинлар.


7. "Ўзистиқболстат" давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги шу йил 1 апрелгача ички ва ташқи бозорлар конъюнктурасини, ишлаб чиқариладиган маҳсулотга талаб ва таклифни ўрганиш бўйича республика, томонлар ва алоҳида корхоналар даражасида маркетинг тадқиқотлари ўтказиш механизмини ишлаб чиқсинлар.

Вазирликлар, идоралар, концернлар, корпорациялар, уюшмалар, корхоналар ва ташкилотлар маркетинг тадқиқотлари материаллари асосида корхоналарни рақобатбардошли, харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қайта ихтисослаштириш, хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда ишлаб чиқаришларни босқичма-босқич техника ва технология билан қайта жиҳозлашнинг аниқ дастурларини ишлаб чиқсинлар ва кўриб чиқиш учун 1996 йил 1 октябргача Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсинлар.


8. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, "Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг" компанияси, "Ўзмевасабзавотузумсаноат" уюшмаси, "Ўзистиқболстат" давлат қўмитаси, Фан ва техника давлат қўмитаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар иштирокида қишлоқ хўжалигида ягона техника сиёсатини амалга ошириш, хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш бўйича қўшма ишлаб чиқаришлар ташкил қилиш юзасидан шу йил 1 майгача аниқ таклифлар киритсинлар.


9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, "Ўзмевасабзавотузумсаноат" уюшмаси Давлат мулки қўмитаси, "Ўзистиқболстат" давлат қўмитаси, Марказий банк ва тижорат банклари билан биргаликда бир ҳафта муддатда қишлоқ хўжалиги корхоналарининг зарар кўриб ишлаши сабабларини муфассал таҳлил қилсинлар, уларнинг молиявий аҳволини яхшилашга доир аниқ таклифларни ишлаб чиқсинлар ва Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар.

Зарар кўриб ишловчи корхоналарнинг молия-хўжалик фаолиятини кўриб чиқиш бўйича Ҳукумат комиссияси, Хўжалик суди корхоналар ва ташкилотлар ишларининг 1995 йилдаги молиявий натижаларини таҳлил қилиш асосида "Банкротлик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ истиқболсиз, доимо зарар кўриб ишловчи корхоналарни шу йилнинг 1 майигача тугатиш бўйича қарорлар қабул қилсинлар.


10. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси 1996 йил 1 июлгача республика ер кадастрини шакллантириш бўйича чора-тадбирлар комплексини амалга оширсинлар.


11. Белгилаб қўйилсинки, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари:

истеъмол бозорини кундалик эҳтиёж товарлари билан тўлдириш, нақд пул тушуми тушишининг аҳволи, аҳолига иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва бошқа тўловларнинг ўз вақтида тўланиши;

товарлар ишлаб чиқариш ҳамда хизматлар кўрсатиш бўйича кичик корхоналар ташкил этиш ва ривожлантириш, қишлоқ аҳолисини иш билан таъминлаш ҳудудий дастурларининг бажарилиши;

қишлоқ даволаш пунктлари ҳамда мактабларни мукаммал тузатиш, реконструкция қилиш ва янгиларини қуриш дастурларининг бажарилиши учун шахсан жавоб берадилар.


12. "Ўзистиқболстат" давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки:

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Қизилқум фосфорит комбинати, Қўнғирот сода заводи, Газли-Нукус газ қувури қурилиши, Кўкдумалоқ конини тартибга келтириш, янги темир йўл линиялари қурилиши бўйича лойиҳалар ва бошқа устувор инвестиция лойиҳаларининг биринчи навбатда амалга оширилишини таъминласинлар;

икки ҳафта муддатда 1996 йил республика инвестиция дастурини тасдиқлаш учун киритсинлар.


13. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси Молия вазирлиги, "Ўзистиқболстат" давлат қўмитаси, Адлия вазирлиги, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан биргаликда қишлоқ жойларда лизинг шартларида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ва маҳаллий хом ашёни қайта ишловчи ихчам, юқори унумли технологик асбоб-ускуналарни лизинг шартларида кичик ва хусусий корхоналарга, фермер (деҳқон) хўжаликларига берувчи хорижий инвесторлар иштирокидаги суғурта ва лизинг компаниялари тармоқларини ривожлантиришга оид таклифларни 1 апрелгача киритсинлар.


14. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банк, "Ўзистиқболстат" давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солишни янада рағбатлантириш ва мақбуллаштириш юзасидан чора-тадбирлар комплексини, шунингдек республиканинг хўжалик юритувчи субъектлари томонидан валюта тушумидан самарали фойдаланиш устидан назоратни кучайтиришга доир таклифларни бир ҳафта муддатда ишлаб чиқсинлар ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар.


15. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги манфаатдор вазирликлар, идоралар, уюшмалар, корпорациялар ва концернлар иштирокида саноатда, қишлоқ хўжалигида, қурилишда меҳнатдан фойдаланиш самарадорлигини ўргансин ва яширин ишсизликнинг турли шаклларини тугатиш бўйича шу йилнинг 1 майигача бўлган муддатда аниқ таклифлар киритсин.


16. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Давлат мулк қўмитаси хўжалик суди, оммавий ахборот воситалари иштирокида март ойи мобайнида маҳсулотни ишлаб чиқариш ва етказиб бериш юзасидан контрактлар тузиш тартибини, томонларнинг юридик жавобгарлигини тушунтириш бўйича минтақавий семинар-кенгашлар ўтказсинлар.


17. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т. Султонов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                     И. Каримов