Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 28.06.1995 й. 241-сон "Ўзбекистон Республикасида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунларини чиқаришга ва ислоҳотларнинг боришини баҳолашга янгича ёндашувлар тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

28.06.1995 й.

N 241



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНИШ

ЯКУНЛАРИНИ ЧИҚАРИШГА ВА ИСЛОҲОТЛАРНИНГ

БОРИШИНИ БАҲОЛАШГА ЯНГИЧА ЁНДАШУВЛАР

ТЎҒРИСИДА


Вазирлар Маҳкамаси қайд этадики, республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни таҳлил қилишни тайёрлашнинг ва якунлар чиқаришнинг, шунингдек иқтисодий ислоҳотларнинг боришини баҳолашнинг мавжуд тизими бозор муносабатларининг замонавий талабларига жавоб бермайди, амалга оширилаётган қайта ўзгартиришларнинг ҳақиқий манзарасини, халқ хўжалигида, ҳудудларда ва тармоқ мажмуиларидаги ишларнинг аҳволини акс эттирмайди.

Шу муносабат билан "Ўзистиқболстат" давлат қўмитаси томонидан Молия вазирлиги, Марказий банк, Вазирлар Маҳкамаси мажмуилари, вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини таҳлил қилиш, уч босқичда - ҳудудий (вилоят, шаҳар, туман), тармоқ ва республика босқичларида ислоҳотларнинг қандай амалга оширилаётганлигини баҳолаш кўрсаткичларининг янги тизими ишлаб чиқилди.

Якунлар чиқаришга янгича ёндашувнинг асосида бирдан-бир мақсад сифатида ишлаб чиқариш ҳажмларини ўстириш назарда тутилмасдан, балки биринчи навбатда, бозор талабларига мувофиқ ишлаб чиқаришнинг (таклифнинг) маҳсулот, ишлар ва хизматларга бўлган нисбати қўйилади, корхоналарнинг молиявий аҳволи ва тўлов интизомининг ҳолати чуқурроқ таҳлил этилади.

Кўрсаткичларнинг ишлаб чиқилган тизими тармоқлар бўйича ҳам, ҳудудлар бўйича ҳам бозор ислоҳотларининг изчил амалга оширилиши устидан таъсирчан назоратни таъминлаш имконини беради.

Ишлаб чиқилган янгича ёндашувлар ва таҳлилий кўрсаткичлар тизими асосида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунларини ўз вақтида ва сифатли чиқаришни таъминлаш ва иқтисодий ислоҳотларнинг боришини баҳолаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. "Ўзистиқболстат" давлат қўмитасининг "Ўзбекистон Республикасида ижтимоий-иқтисодий аҳволни ва ислоҳотларнинг боришини таҳлил қилишга ёндашувларни ва кўрсаткичлар тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги хати (1-илова) маълумот учун қабул қилинсин.


2. "Ўзистиқболстат" давлат қўмитаси 1995 йил 1 июлгача ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва ислоҳотларнинг бориши якунларини чиқариш бўйича таҳлилий кўрсаткичлар ва методик тавсияларнинг ишлаб чиқилган тизимини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимликларига, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси мажмуиларига, вазирликларга, идораларга, тармоқ хўжалик бирлашмалари, корхоналар ва ташкилотларга етказсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари И.Ҳ. Жўрабеков "Ўзистиқболстат" давлат қўмитаси, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат мулки қўмитаси, Марказий банк, акционерлик-тижорат банклари мутахассисларидан иборат махсус ишчи гуруҳлар тузсин ҳамда уларни кўрсаткичлар таҳлили ва тизимига янгича ёндашувларни ўрганиш ва жорий этиш бўйича жойларда иш олиб бориш учун Қорақалпоғистон Республикасига, вилоятларга жўнатсин.

Вазирлар Маҳкамаси мажмуилари раҳбарлари тармоқлар ва корхоналар даражасида ана шундай тушунтириш ва таҳлил қилиш ишларини ташкил этсинлар.

Кўрсатиб ўтилган иш 1995 йил 8 июлгача тугаллансин.


4. Республика, ҳудудлар ва мажмуилар бўйича ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва иқтисодий ислоҳотларнинг бориши якунларини кўриб чиқиш муддатлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


5. Вазирлар Маҳкамаси мажмуилари, вазирликлар, идоралар, уюшмалар, корпорациялар, концернлар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари:

якунларни чиқаришда иқтисодий ислоҳотларнинг қандай амалга оширилаётганлигини тавсифловчи кўрсаткичларга, жумладан, мулкчилик шаклларининг ўзгартирилишига ва бозор инфраструктураси ривожлантирилишига, қимматли қоғозлар бозорининг шаклланишига, иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришларга, маҳаллий бюджетларнинг бажарилишига, корхоналар ва хўжаликларнинг молиявий аҳволига, тўлов интизомининг ҳолатига, пул муомаласига, истеъмол бозорини товарлар билан тўлдиришга ҳамда аҳоли турмуш даражасига, экспорт имкониятларининг ривожлантирилишига алоҳида эътиборни қаратсинлар;

якунларни чиқаришга республика, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар, корхоналар, ташкилотлар, тармоқлар ва мажмуилар иқтисодиётини ривожлантиришга таъсир кўрсатишнинг, шунингдек ижрочиларнинг топширилган иш участкаси учун жавобгарлигини оширишнинг муҳим воситаларидан бири сифатида қарасинлар.


6. Республика, ҳудудлар ва мажмуилар даражасида ижтимоий-иқтисодий аҳвол ва ислоҳотларнинг бориши тўғрисидаги ҳисобот таҳлил этиш натижалари, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар ва ташкилотларга етказилсин, ҳар бир туман, шаҳар, вилоят ва умуман республика бўйича оммавий ахборот воситаларида эълон қилинсин.


7. Вазирликлар, идоралар, концернлар, корпорациялар ва уюшмалар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар ва ташкилотлар статистика ҳисоботининг ишончли маълумотларини "Ўзистиқболстат" давлат қўмитаси томонидан белгиланган тартибда тўлиқ ҳажмда ўз вақтида тақдим этсинлар.

Ҳокимликлар, вазирликлар ва идоралар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажмуиларининг кўриб чиқиши учун тақдим этилган ахборотнинг ишончлилиги учун шахсий жавобгарлик статистика, молия, солиқ, банк органлари раҳбарлари зиммасига юклансин.


8. "Ўзистиқболстат" давлат қўмитаси ва унинг жойлардаги органлари, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, барча хўжалик юритувчи субъектлар томонидан тақдим этиладигаи статистика ахборотининг тўлиқлиги ва ишончлилиги устидан мунтазам ва қаттиқ назоратни таъминласинлар, айбдорлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка тортилсин.


9. Белгилаб қўйилсинки, вазирликлар, идоралар, банклар идоравий (тармоқ) статистика ҳисоботини жорий этишни фақат "Ўзистиқболстат" давлат қўмитаси билан келишув бўйича ва унга ҳисобот ахбороти тақдим этган ҳолда амалга оширадилар.


10. "Ўзистиқболстат" давлат қўмитаси корхоналар ва ташкилотлар учун белгиланган статистика ҳисоботининг бошланғич шаклларини бозор муносабатларини шакллантириш талабларига мувофиқ уларни имкони борича соддалаштириш ва такомиллаштириш мақсадида қайта рўйхатдан ўтказсин.

1996 йилда статистика ишларини амалга ошириш юзасидан Давлат буюртмаси лойиҳаси 1995 йил 1 сентябрга қадар Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилсин.


11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари И.Ҳ. Жўрабеков ва Бош вазирнинг ўринбосари Ў.Қ. Исмоилов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                      И. Каримов







Вазирлар Маҳкамасининг

1995 йил 28 июндаги

241-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида ижтимоий-иқтисодий аҳволни ва

ислоҳотларнинг боришини таҳлил қилишга ёндашувларни

ва кўрсаткичлар тизимини такомиллаштириш тўғрисида


Республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни таҳлил қилиш ва якунлар чиқаришни тайёрлашнинг мавжуд тизими, шунингдек иқтисодий ислоҳотларнинг боришини баҳолаш бозор муносабатларининг замонавий талабларига жавоб бермайди, амалга оширилаётган қайта ўзгартиришларнинг ҳақиқий манзарасини, халқ хўжалигидаги, ҳудудлардаги ва тармоқ мажмуиларидаги ишларнинг аҳволини акс эттирмайди.

Шу муносабат билан ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 16 майда Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йилнинг биринчи чорагида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига бағишланган йиғилишида берган топшириғига мувофиқ "Ўзистиқболстат" давлат қўмитаси томонидан Молия вазирлиги, Марказий банк ва бошқа иқтисодий идоралар билан биргаликда, шунингдек ҳудудий тузилмалар ва корхоналар мутахассислари иштирокида республикада иқтисодий ва ижтимоий аҳволни таҳлил этиш ва иқтисодий ислоҳотларнинг боришини баҳолаш тизими ва механизмини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Таклиф этилган ёндашувлар, таҳлил этиш принциплари ва кўрсаткичлар тизими 1995 йил 22 июнда Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган кенгашда мажмуилар, вазирликлар, идоралар, концернлар, уюшмалар ва корпорациялар раҳбарлари томонидан ишлаб чиқилди ва умуман олганда улар томонидан маъқулланди.

Таҳлил этишга методик ёндашувларнинг асосига ҳудудлар, Вазирлар Маҳкамасининг мажмуилари даражасида якунларни кўриб чиқишни ташкил этишнинг принципиал жиҳатдан янги тартиби, фақат ишлаб чиқариш фаолияти натижаларини акс эттириб қолмасдан, балки энг аввало корхоналар ва иқтисодиёт секторларининг молиявий аҳволини, ривожланиш тамойилларини ва таркибий силжишларни, мулкчилик муносабатлари ўзгаришини, аҳоли турмуш даражасини акс эттирувчи бошқарувнинг барча даражалари учун такомиллаштирилган хусусий таҳлилий кўрсаткичлар қўйилган.

Якунлар чиқариш механизмини тайёрлашда ва таҳлилий кўрсаткичлар тизимини шакллантиришда қабул қилинган асосий қоидалар қуйидагилар ҳисобланади.

Биринчидан, якунлар чиқаришнинг уч даражаси - ҳудудий функционал ва тармоқ мажмуилари даражаси, республика даражаси белгиланган.

Ҳудудий даражада якунлар қишлоқ туманлари, шаҳарлар ва вилоятлар бўйича кўриб чиқилади.

Мажмуилар бўйича якунларни кўриб чиқиш учун олтита асосий функционал-тармоқ блоклар - индустриал, деҳқончилик, инвестиция, ижтимоий, транспорт ва коммуникациялар, ташқи иқтисодий блоклар белгиланган.

Республика даражасида якунларни ҳудудлар ва мажмуилар бўйича танқидий кўриб чиқиш ва умумлаштириш билан бир қаторда хусусийлаштириш жараёнларини, бозор инфраструктурасини ва қимматли қоғозлар бозорини шакллантиришга, шунингдек муҳим макроиқтисодий кўрсаткичлар ва мутаносибликларни таҳлил қилишга алоҳида эътибор берилади.

Ҳар бир даража учун таҳлилий кўрсаткичлар ва шаклларнинг қўшимча тизими ишлаб чиқилган.

Иккинчидан, кўрсаткичлар тизимини шакллантирищда уларни алоҳида акс эттириш ва таҳлилнинг ҳар хил даражалари ўртасидаги тўғридан-тўғри корреспонденциялаш принципи амалга оширилган.

Муҳим таҳлилий блоклар бўйича:

республика - вилоятлар, туманлар (шаҳарлар);

республика - мажмуилар - тармоқлар ва корхоналар;

вилоятлар - мажмуилар - тармоқлар ва корхоналар даражасида таҳлиллар ўртасидаги алоқани таъминловчи оралиқ кўрсаткичлар белгиланган.

Бу корхоналар ва тармоқлар фаолияти натижаларининг минтақаларда ва умуман республикада шаклланаётган умумиқтисодий вазиятга аниқ таъсирини белгилаш имконини беради.

Макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозида бундай ёндашув уларга манзилли тус бериб уларни ҳудудлар ва тармоқлар даражасида аниқлаштириш имконини беради.

Учинчидан, кўрсаткичларнинг ишлаб чиқилган тизими миқдорий ва ҳажмли индикаторларни таҳлил қилишга эмас, балки иқтисодиётдаги сифат ўзгаришларини, шаклланаётган ривожланиш тамойилларини, таркибий ва тизимли квота ўзгартиришларни тадқиқ этиш ва баҳолашга, мавжуд номутаносибликларни, иқтисодий вазиятга ҳамда ислоҳотларнинг боришига салбий таъсир кўрсатаётган сабаблар ва омилларни таҳлил этишга йўналтирилган.

Тўртинчидан, таҳлилни ўтган йил билан таққослаган ҳолда умуман ҳисобот даври учунгина эмас, балки йил чораклари бўйича амалга ошириш мўлжалланган. Бу шу йилнинг ўзида юз берган асосий тенденциялар ва ўзгаришларни аниқлаш ва шунинг асосида энг яқин йил чораги, ярим йиллик прогнозига тузатиш киритиш имконини беради.

Шу йилнинг биринчи ярим йиллигида иқтисодий ислоҳотларнинг бориши якунлари таҳлилини ўз вақтида ва сифатли чиқариш мақсадида ишлаб чиқилган ёндашувлар ва кўрсаткичлар тизими асосида қуйидаги ташкилий тадбирларни амалга ошириш мўлжалланган:

1 июлдан 8 июлгача бўлган даврда - "Ўзистиқболстат" давлат қўмитаси, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат мулки қўмитаси, Марказий банк ходимлари иштирокида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва ислоҳотларнинг бориши якунларини маълумотларини шакллантириш ва уларни таҳлил этиш методикаси бўйича минтақавий (зонал) семинарлар ўтказиш;

15 июлгача бўлган даврда - марказий иқтисодий органларнинг раҳбарлари ва мутахассислари иштирокида шу йилнинг биринчи ярим йиллигидаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунларини тайёрлаш ҳамда ҳокимликлар ва Вазирлар Маҳкамаси мажмуилари мажлисларида кўриб чиқиш;

шу йилнинг 25 июлигача - якунларни кўриб чиқиш натижалари материалларини халқ хўжалигида шаклланган вазиятга баҳо берган ҳолда ҳокимликлар ва мажмуилар даражасида умумлаштириш, Вазирлар Маҳкамаси мажмуилари раҳбарлари билан биргаликда кўриб чиқилгандан кейин Вазирлар Маҳкамаси мажлисига киритиш.

Шу билан бирга, кўрсатиб ўтилган уччала даражаларнинг ҳар бирида йил чораги, ярим йиллик, тўққиз ойлик ва умуман йил учун якунлар чиқаришнинг аниқ муддатлари тизими ишлаб чиқилган.

Мўлжалланган чора-тадбирларни амалга ошириш республика Ҳукуматининг тегишли қарор қабул қилишини талаб этади.






Вазирлар Маҳкамасининг

1995 йил 28 июндаги

241-сон қарорига

2-ИЛОВА



Республика, ҳудудлар ва мажмуилар бўйича

ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва иқтисодий

ислоҳотларнинг бориши якунларини кўриб чиқиш

МУДДАТЛАРИ


I чорак


I ярим

йиллик


9 ойлик


Йил

якуни


туман ва шаҳарлар даражасида


13.04гача

13.07гача

13.10гача

20.01 гача

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри даражасида


15.04гачо

15.07гача

15,10гача

25.01 гача

Вазирлар Маҳкамаси мажмуилари даражасида


20,04гача

22.07гача

20.10гача

01.02гача

Вазирлар Маҳкамаси мажлисида


25.04гача

01.08гача

25.10гача

20.02гача