Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилишининг ҳолатини ўрганиш бўйича Идоралараро ишчи гуруҳ тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 23.07.2012 й. 227-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2012 йил 23 июлдаги

227-сон қарорига

1-ИЛОВА


Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа

давлат органлари томонидан инсон ҳуқуқлари

ва эркинликларига риоя этилишининг ҳолатини

ўрганиш бўйича Идоралараро ишчи гуруҳ тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2011 йил 23 августдаги ПҚ-1602-сон қарорига мувофиқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органларининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини самарали мувофиқлаштириш ҳамда уларнинг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада такомиллаштириш бўйича Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишининг ҳолатини ўрганиш бўйича Идоралараро ишчи гуруҳнинг (кейинги ўринларда Идоралараро ишчи гуруҳ деб юритилади) фаолиятини тартибга солади.


2. Идоралараро ишчи гуруҳ инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши билан боғлиқ масалаларни ўрганишни ва умумлаштиришни амалга оширувчи идоралараро коллегиал орган, шунингдек инсон ҳуқуқлари соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқишда ҳамкорлик ва ягона ёндашувни ташкил этишни мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади.

Идоралараро ишчи гуруҳ таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


3. Идоралараро ишчи гуруҳ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, мазкур Низомга, шунингдек бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.



II. ИДОРАЛАРАРО ИШЧИ ГУРУҲНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ, ФУНКЦИЯЛАРИ ВА ҲУҚУҚЛАРИ


4. Қуйидагилар Идоралараро ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши билан боғлиқ масалаларни ўрганиш ва умумлаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилиши, шунингдек қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз инсон қадр-қимматини камситувчи муомала турларини қўллашга доир мурожаатларининг кўриб чиқилиши ва ҳал этилишини мониторинг қилиш;

инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф қилиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаш тўғрисида таклифлар киритиш;

инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш, шунингдек БМТнинг асосий Конвенцияларини миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикасининг тегишли даврий маърузаларини кўриб чиқиш натижаси бўйича БМТ конвенцион органларининг якуний тавсиялари ва эътирозларини кўриб чиқиш, шунингдек ушбу якуний тавсия ва эътирозларнинг ижроси бўйича Миллий ҳаракат режаларини тасдиқлаш ва мониторинг қилиш.


5. Идоралараро ишчи гуруҳ ўзига юклатилган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши билан боғлиқ масалаларни ўрганиш ва умумлаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилиши, шунингдек қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз инсон қадр-қимматини камситувчи муомала турларини қўллашга доир мурожаатларининг кўриб чиқилиши ва ҳал этилишини мониторинг қилиш соҳасида:

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши ҳолатини таҳлил қилади ва умумлаштиради;

фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилишлари тўғрисидаги шикоятлари, шу жумладан, қийноққа солиш ва инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа шафқатсиз муомала турларини қўллашга оид шикоятларининг кўриб чиқилиши ва ҳал этилишини мониторинг қилади;

республика вазирликлари, идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва халқаро тузилмаларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари масаласи бўйича таклифларини кўриб чиқади;

содир бўлиши мумкин бўлган инсон ҳуқуқлари бузилиши ва уни халқаро шартномаларда акс эттирилган инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари универсал стандартлари тамойиллари бўйича баҳоланиши тўғрисидаги маълумотларни тўплайди;

Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш ҳолати тўғрисидаги объектив маълумотларни оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, интернетда чоп этилишини ташкил этади;


б) инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф қилиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаш тўғрисида таклифлар киритиш соҳасида:

инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилиши ҳолатлари аниқланганда, шу жумладан, қийноқ ва инсон қадр-қимматини камситувчи муомала турлари қўлланганда тегишли шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида ваколатли органларга илтимосномалар киритади;

инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг бузилишига олиб келувчи сабаблар ва шароитларни аниқлаш ва бартараф қилиш бўйича ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирларни ташкил этади;

инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш соҳасидаги ишларни яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлайди;


в) инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш, шунингдек БМТнинг асосий Конвенцияларини миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш соҳасида:

инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги қонунчиликни доимий таҳлил қилади ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш, БМТнинг асосий Конвенцияларини миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилиш бўйича таклифлар киритади;

нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида ўтказилган мониторинг натижаларини ўрганади;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятлари ижро этилиши мониторингини олиб боради;


г) Ўзбекистон Республикасининг тегишли даврий маърузаларини кўриб чиқиш натижаси бўйича БМТ Конвенциявий органларининг якуний тавсиялари ва эътирозларини кўриб чиқиш, шунингдек ушбу якуний тавсия ва эътирозларнинг ижроси бўйича Миллий ҳаракат режаларини тасдиқлаш ва мониторинг қилиш соҳасида:

Ўзбекистоннинг тегишли даврий маърузаларини кўриб чиқиш натижаси бўйича БМТ Конвенциявий органларининг якуний тавсия ва эътирозларини кўриб чиқади;

Ўзбекистон Республикасининг тегишли даврий маърузаларини кўриб чиқиш натижалари бўйича БМТ Конвенцион органларининг якуний тавсия ва эътирозларини ижро этиш юзасидан миллий ҳаракат режаларини ишлаб чиқишда, шунингдек миллий ҳаракат режаларида назарда тутилган тадбирларни ижро этишга масъул бўлган давлат органлари, фуқаролик жамияти институтларини белгилашда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига кўмаклашади;

Ўзбекистоннинг тегишли даврий ахборотларини кўриб чиқиш натижалари бўйича БМТ Конвенциявий органларининг якуний тавсия ва эътирозларини ижро этиш юзасидан миллий ҳаракат режаларини тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикасининг тегишли даврий ахборотларини кўриб чиқиш якунлари бўйича БМТ Конвенциявий органларининг якуний тавсия ва эътирозларини бажариш юзасидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган миллий ҳаракат режаларини бажариш учун масъул ижрочиларга тарқатилишини ташкил этади;

мажлисларида миллий ҳаракат режаларининг ижро этилиши тўғрисидаги ахборотларни эшитади;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари, фуқаролик жамияти институтларининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши ҳақидаги ахборотини эшитади;

тегишли даврий ахборотлар якунлари бўйича БМТ Конвенциявий органларининг якуний тавсия ва эътирозларини бажариш юзасидан миллий ҳаракат режаларининг ижроси асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари учун инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши масалалари бўйича услубий тавсияномалар тайёрлайди.


6. Идоралараро ишчи гуруҳ ўзига юклатилган вазифа ва функцияларни бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши соҳасида ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлардан, бошқа давлат органларидан, шунингдек фуқаролик жамиятлари институтларидан зарур маълумотларни, шу жумладан таҳлилий, статистик ва бошқа материалларни сўраш;

инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида миллий ҳаракат режаларида белгиланган тадбирларнинг бажарилишига доир маълумотларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва давлат органлари, шунингдек фуқаролик жамиятлари институтларидан олиш;

инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилиши ҳақидаги маълумотларни ваколатли органлар эътиборига етказиш, шунингдек ҳаракатларида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг бузилиши аниқланган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида илтимоснома киритиш;

қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан белгиланган тартибда таклифлар киритиш;

қонунчиликда белгиланган тартибда бошқа чораларни кўриш.



III. ИДОРАЛАРАРО ИШЧИ ГУРУҲ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


7. Идоралараро ишчи гуруҳ таркибига раҳбар, раҳбарнинг ўринбосари, аъзолар ва котиб киради.


8. Идоралараро ишчи гуруҳга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири раҳбарлик қилади, унинг ваколатига қуйидагилар киради:

Идоралараро ишчи гуруҳ мажлислари кун тартибини белгилаш ва мажлисларини чақириш;

Идоралараро ишчи гуруҳ томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши юзасидан назоратни ташкил қилиш;

Идоралараро ишчи гуруҳ аъзоларининг Ишчи гуруҳ зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш бўйича ишларини мувофиқлаштириш;

Идоралараро ишчи гуруҳ фаолиятининг самарали ишлашини таъминлаш бўйича бошқа ишларни амалга ошириш.


9. Идоралараро ишчи гуруҳ аъзолари:

Идоралараро ишчи гуруҳ мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилишда ва ҳал этишда қатнашадилар;

инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашнинг долзарб масалалари бўйича Идоралараро ишчи гуруҳга таклифлар киритадилар;

Идоралараро ишчи гуруҳ муҳокама қиладиган масалалар бўйича хулосалар берадилар.

Идоралараро ишчи гуруҳ аъзолари Идоралараро ишчи гуруҳдаги ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширадилар.


10. Идоралараро ишчи гуруҳ ўз фаолиятини тасдиқланган режага мувофиқ амалга оширади ва мажлисларини заруриятга кўра, лекин ҳар чоракда камида бир марта ўтказади. Идоралараро ишчи гуруҳ раҳбари томонидан унинг аъзоларининг навбатдан ташқари мажлис ўтказиш учун сабаблари ва асослари баён қилиниши керак бўлган ёзма илтимосига асосан навбатдан ташқари мажлис чақирилиши мумкин.


11. Идоралараро ишчи гуруҳ мажлисини унинг раҳбари олиб боради. Идоралараро ишчи гуруҳ раҳбари бўлмаган тақдирда, мажлисни раҳбар ўринбосари бошқаради.

Идоралараро ишчи гуруҳ мажлиси аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлганда ваколатли ҳисобланади.

Мажлис ўтказиш учун кворум бўлмаганда, Идоралараро ишчи гуруҳнинг янги мажлис ўтказиш санаси эълон қилинади. Янги мажлис ўтказишда унинг кун тартиби ўзгартирилишига йўл қўйилмайди.


12. Идоралараро ишчи гуруҳ мажлисига унда кўриб чиқилаётган масалаларнинг аҳамиятига кўра ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа давлат органлари, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассислари таклиф этилиши мумкин.


13. Идоралараро ишчи гуруҳни ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан амалга оширилади.



IV. ИДОРАЛАРАРО ИШЧИ ГУРУҲНИНГ

ИШЧИ ОРГАНИ ВА КОТИБИ


14. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси Идоралараро ишчи гуруҳнинг ишчи органи (кейинги ўринларда ишчи орган деб юритилади) ҳисобланади.


15. Идоралараро ишчи гуруҳнинг Ишчи органи:

Идоралараро ишчи гуруҳ фаолиятини ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш масалаларини ҳал қилади;

Идоралараро ишчи гуруҳнинг иш режаси лойиҳасини тайёрлайди, Идоралараро ишчи гуруҳ муҳокамасига киритади, тасдиқланган иш режасининг бажарилишини таъминлайди;

Идоралараро ишчи гуруҳнинг навбатдаги мажлисига барча зарур материалларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди ва манфаатдор ташкилотлардан зарур материаллар, маълумотлар ва эксперт хулосаларини олади;

Идоралараро ишчи гуруҳ мажлисининг кун тартиби масаласи бўйича таҳлилий материаллар тайёрланишини ва мажлиснинг ўтказилишини ташкил этади;

келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқади ва Идоралараро ишчи гуруҳ ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар лойиҳаларини тайёрлайди.

Идоралараро ишчи гуруҳ кўриб чиқиши учун унинг қарорига мувофиқ бошқа материалларни тақдим этади.


16. Идоралараро ишчи гуруҳ котиби:

Идоралараро ишчи гуруҳнинг навбатдаги мажлисига барча зарур ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;

Идоралараро ишчи гуруҳ мажлисига материаллар тайёрлаш бўйича ишчи органнинг ишини ташкил этади;

кун тартибидаги масалалар бўйича Идоралараро ишчи гуруҳ мажлислари ўтказилишини ташкил қилади;

Идоралараро ишчи гуруҳ раҳбари билан мажлис ўтказиш муддатлари ва жойини, шунингдек таклиф этиладиганлар рўйхатини келишади;

Идоралараро ишчи гуруҳ аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни мажлиснинг ўтказиладиган санаси, вақти, жойи тўғрисида хабардор қилади;

Идоралараро ишчи гуруҳ қарорлари ижроси мониторингини олиб боради ва унинг натижаларини кўриб чиқиш учун Идоралараро ишчи гуруҳнинг мажлисига тақдим этади;

Идоралараро ишчи гуруҳ мажлисларининг протоколларини расмийлаштиради ва тасдиқланган протоколларни Идоралараро ишчи гуруҳ аъзолари ва бошқа манфаатдор ташкилотларга юборади.



V. ИДОРАЛАРАРО ИШЧИ ГУРУҲ ТОМОНИДАН

ҚАРОРЛАР ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА УЛАРНИНГ

БАЖАРИЛИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


17. Идоралараро ишчи гуруҳ қарори Идоралараро ишчи гуруҳнинг мажлисда қатнашаётган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, Идоралараро ишчи гуруҳ раҳбарининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Идоралараро ишчи гуруҳнинг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарорлар юзасидан ўз фикрини ёзма равишда билдириш ҳуқуқига эга.


18. Идоралараро ишчи гуруҳ раҳбари қарорларни тезкор қабул қилиш мақсадида Идоралараро ишчи гуруҳнинг алоҳида масалалар бўйича Идоралараро ишчи гуруҳ аъзолари билан келишилган қарорларини сўров йўли билан тасдиқлаши мумкин.


19. Идоралараро ишчи гуруҳ қарорлари Идоралараро ишчи гуруҳ мажлиси протоколи билан расмийлаштирилади. Идоралараро ишчи гуруҳ мажлиси протоколига унинг барча аъзолари томонидан виза қўйилади, у котиб томонидан имзоланади, Идоралараро ишчи гуруҳ раҳбари томонидан тасдиқланади ва бир ҳафта муддатда Идоралараро ишчи гуруҳ аъзоларига ҳамда манфаатдор ташкилотларга юборилади.


20. Идоралараро ишчи гуруҳ протоколининг асл нусхаси ва унга тегишли материаллар ишчи органда сақланади.


21. Идоралараро ишчи гуруҳнинг ишчи органи ва котиби Идоралараро ишчи гуруҳ қарорларининг бажарилишини мунтазам равишда ўрганадилар ва кўриб чиқадилар, зарурият бўлганда, Идоралараро ишчи гуруҳ раҳбарига тегишли таклифлар киритадилар.


22. Идоралараро ишчи гуруҳ қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши аҳволини ўз мажлисларида мунтазам равишда кўриб чиқади.


23. Идоралараро ишчи гуруҳнинг иш тартиби Регламентда белгиланади. Регламент Идоралараро ишчи гуруҳ томонидан қабул қилинади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 30-сон, 350-модда