Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 01.05.2013 й. 116-сон "Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши дастурини самарали амалга оширишни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

01.05.2013 й.

N 116



ҚИШЛОҚ ЖОЙЛАРДА НАМУНАВИЙ

ЛОЙИҲАЛАР БЎЙИЧА ЯККА ТАРТИБДАГИ

УЙ-ЖОЙЛАР ҚУРИЛИШИ ДАСТУРИНИ САМАРАЛИ

АМАЛГА ОШИРИШНИ ТАЪМИНЛАШГА ДОИР

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилишининг 2013 йил Дастури тўғрисида" 2013 йил 4 январдаги ПҚ-1902-сон қарорини бажариш юзасидан, шунингдек қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилишини молиялаштиришни тартибга солиш ва сифатли қурилиш материаллари билан узлуксиз таъминлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарни самарали бошқаришни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. "Ўзсаноатмашимпэкс" давлат-акциядорлик ташқи савдо компанияси ва "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компаниясининг:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2012 йилда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойларни қуриш Дастури тўғрисида" 2012 йил 14 январдаги ПҚ-1687-сон қарорини бажариш юзасидан "Ўзсаноатмашимпэкс" давлат-акциядорлик ташқи савдо компанияси томонидан 12254 тонна томга ёпиладиган металл тунукалар ва 123808 куб метр ёғоч-тахта материалларини (игнабаргли дарахтлардан тайёрланган турларини) етказиб беришга хорижий етказиб берувчилар билан контрактлар тузилганлиги;

хорижий етказиб берувчилар томонидан 2012 йил 30 декабрдаги ҳолатига кўра республикага амалда 3828 тонна томга ёпиладиган металл тунукалар ва 33860 куб метр ёғоч-тахта материаллари етказиб берилганлиги тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.


2. "Ўзсаноатмашимпэкс" давлат-акциядорлик ташқи савдо компанияси Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги билан биргаликда 2012 йилда назарда тутилган 89948 куб метр ёғоч-тахта материаллари (дарахтларнинг игнабаргли турлари) ва 8426 тонна томга ёпиладиган металл тунукалар 2013 йил 1 сентябргача қўшимча равишда етказиб берилишини таъминлаш юзасидан амалий чора-тадбирлар кўрсин.


3. Белгилаб қўйилсинки, қўшимча равишда етказиб берилган томга ёпиладиган металл тунукаларнинг бир қисмидан қуйидаги мақсадларда:

1245 тонна - 2012 йилда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қуриш Дастури доирасида якка тартибдаги уй-жойларни тўлиқ бутлаш учун;

7181 тонна - 2013 йилда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қуриш Дастурини таъминлаш учун фойдаланилади, кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилишининг 2013 йил Дастури тўғрисида" 2013 йил 4 январдаги ПҚ-1902-сон қарорида назарда тутилган томга ёпиладиган металл тунукалар етказиб бериш ҳажми сақлаб қолинади.


4. Қуйидагиларнинг:

а) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва тижорат банклари - "Қишлоқ қурилиш банк" очиқ акциядорлик тижорат банки, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва "Ипотека-банк" акциядорлик тижорат ипотека банкининг (кейинги ўринларда иштирок этувчи тижорат банклари деб аталади):

Осиё тараққиёт банкининг 20,0 млн. АҚШ доллари миқдоридаги қарзининг биринчи транши маблағларининг бир қисмини 2013 йилда "тайёр ҳолда топшириш" шартларида қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилишини молиялаштириш учун "Қишлоқ қурилиш банк" очиқ акциядорлик тижорат банкига ажратиш;

тижорат банкларининг имтиёзли ипотека кредитларини, Осиё тараққиёт банкининг 100 млн. АҚШ доллари миқдоридаги қарзининг иккинчи транши маблағларининг бир қисмини ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг мақсадли кредит линиясини жалб этган ҳолда 2013 йилда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича "тайёр ҳолда топшириш" назарда тутилган якка тартибдаги уй-жойлар сонини иштирок этувчи тижорат банклари ўртасида 1 ва 1а-иловаларга* мувофиқ тақсимлаш;

б) Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, "Қишлоқ қурилиш банк" очиқ акциядорлик тижорат банки ва унинг акциядорларининг "Қишлоқ қурилиш инвест" ихтисослаштирилган шўъба инжиниринг компаниясини масъулияти чекланган жамият шаклидаги "Қишлоқ қурилиш инвест" ихтисослаштирилган инжиниринг компаниясига (кейинги ўринларда "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси деб аталади) айлантириш, кейинчалик "Қишлоқ қурилиш банк" очиқ акциядорлик тижорат банкининг улушларини номинал қиймати бўйича 2-иловага* мувофиқ сотиш-сотиб олишни ҳисобга олган ҳолда устав фондини шакллантириш;

в) "Қишлоқ қурилиш банк" очиқ акциядорлик тижорат банкининг:

қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарда улушларни бошқариш бўйича масъулияти чекланган жамият шаклида компания (кейинги ўринларда - Бошқарувчи компания деб аталади) ташкил этиш;

3-иловага* мувофиқ рўйхат бўйича қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг устав фондларидаги улушларни кейинчалик шартнома бўйича Бошқарувчи компанияга ишончли бошқарувга бериш;

ишончли бошқарув тўғрисидаги шартномага Бошқарувчи компания томонидан улушлар самарали бошқарилишини таъминлаш ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарни тўлиқ қувват билан ишлашга ўтказишга ва қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурувчи пудрат ташкилотларини сифатли пишиқ ғишт билан узлуксиз таъминлашга йўналтирилган қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти натижадорлиги устидан назорат қилиш шартларини киритиш;

г) Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилишининг 2012 йил Дастури тўғрисида" 2012 йил 14 январдаги ПҚ-1687-сон қарорининг 8-бандида берилган божхона тўловлари тўлаш бўйича имтиёзларни 2014 йил 1 январгача, истисно тариқасида, қўллаган ҳолда томга ёпиладиган металл тунукаларнинг 2012 йилда етказиб берилмаган ҳажмини четдан олиб келиш;

д) "Қишлоқ қурилиш инвест" ИКнинг компания ҳузурида маблағлари:

пудрат ташкилотлари томонидан пудрат шартномаси шартлари бажарилмаслиги оқибатларини бартараф этишга, қишлоқ жойларда якка тартибдаги уй-жойлар қурилишини ташкил этиш жараёнида кўзда тутилмаган харажатларни қоплашга ҳамда пудрат ташкилотлари томонидан тўлиқ қурилмаган ва сифатсиз қурилган якка тартибдаги уй-жойлар қурилишини узлуксиз молиялаштиришни таъминлашга;

ер участкаларини олиб қўйишда ва турар жойлар, ишлаб чиқариш ва бошқа бинолар, иншоотларни бузишда ва дов-дарахтларни олиб ташлашда, якка тартибдаги уй-жойлар қуриладиган даҳаларни режалаштиришда ва ободонлаштиришда юзага келадиган харажатлар, учинчи шахсларнинг даъволари билан боғлиқ суд жараёни харажатлари, шунингдек Кузатув кенгашининг қарорига кўра "Қишлоқ қурилиш инвест" ИКнинг моддий-техник базасини ривожлантиришга доир харажатларни қоплашга йўналтириладиган захира фонди ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

5. "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК ҳузуридаги захира фондини шакллантириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

банк ҳисобрақамларидаги бўш маблағлар бўйича банк депозитлари ҳисобига олинган даромадлар;

бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар (даромад суммасидан) чегирилган ҳолда, тугалланган объектларда бажарилган ишлар ҳажмини асосли тарзда назорат тартибида ўлчаш натижалари бўйича аниқланган суммалар;

молиявий фаолият бўйича харажатлар, реализация харажатлари, маъмурий харажатлар ҳамда қурилиш материалларини етказиб бериш билан боғлиқ бошқа операцион харажатлар чегирилган ҳолда, марказлаштирилган тартибда импорт қилинган берилган қурилиш материаллари нархлари билан пудрат шартномаларида кўрсатилган нархлар ўртасида бўлиши мумкин бўлган тафовутдан юзага келган тежалган маблағлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар.

"Қишлоқ қурилиш банк" очиқ акциядорлик тижорат банки ва "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, шунингдек иштирок этувчи тижорат банклари билан биргаликда захира фонди маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни бир ой муддатда ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар.


6. "Қишлоқ қурилиш банк" очиқ акциядорлик тижорат банки белгиланган тартибда:

Бошқарувчи компаниянинг устави ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини;

зарур моддий-техника базаси ташкил этилишини назарда тутган ҳолда Бошқарувчи компаниянинг устав капитали шакллантирилишини, шунингдек унинг малакали мутахассислар билан бутланишини таъминласин.


7. "Қишлоқ қурилиш банк" очиқ акциядорлик тижорат банки "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компаниясининг 3-иловага* мувофиқ қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг устав фондидаги улушини номинал қиймати бўйича, узоқ муддатли кредитлар суммасини ва ҳисобланган фоизларни ҳамда банк томонидан қўйилган бошқа молиявий маблағларни белгиланган тартибда қайта расмийлаштирсин ва ўз балансига ўтказсин.


8. "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компаниясига 2013 йил Дастури бўйича қишлоқ жойлардаги якка тартибдаги уй-жойлар объектлари учун марказлаштирилган тартибда етказиб бериладиган 4-иловага* мувофиқ асосий қурилиш материаллари ва асбоб-ускуналарни, кейинчалик уларнинг қийматини бажарилган ишлар учун ҳисоб-китоб қилишда ушлаб қолган ҳолда, бош пудрат ташкилотларига беришга рухсат берилсин.

"Давархитектқурилиш" қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда буюртмачиларнинг хом ашёсидан тайёрланган қайтариб бериладиган материаллардан фойдаланган ҳолда объектларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш тартиби ва механизмини белгилаб берувчи низомни тасдиқласин.


9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги "Қишлоқ қурилиш банк" очиқ акциядорлик тижорат банкини, унинг буюртманомаларига кўра, тегишли ҳажмларда ёғоч-тахта материаллари ва томга ёпиладиган металл тунукалар сотиб олиш учун 2013 йилда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қуриш Дастурини қўшимча молиялаштириш учун 2013 йилги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилган маблағлар доирасида айланма маблағлар билан таъминласин.


10. "Қишлоқ қурилиш банк" очиқ акциядорлик тижорат банки бўлиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш учун ташкил этиладиган захирани шакллантирмасдан ёғоч-тахта материаллари (игнабаргли дарахтлардан тайёрланган турлари) ва томга ёпиладиган металл тунукаларни импорт қилиш учун 2012 йилда "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компаниясига ажратилган кредитни қайтариш муддатини 6 ойга узайтирсин.


11. Белгилансинки:

2013 йилда "Қишлоқ қурилиш банк" очиқ акциядорлик тижорат банки ёғоч-тахта материаллари (дарахтларнинг игнабаргли турлари)ни, ёғоч-қиринди плиталарни импорт бўйича, шунингдек 4-иловага* мувофиқ рўйхат бўйича танлов асосида сотиб олинадиган ва "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси томонидан қишлоқ жойлардаги якка тартибдаги уй-жой объектлари учун пудратчиларга марказлаштирилган тартибда етказиб бериладиган асосий қурилиш материаллари ва асбоб-ускуналарни харид қилишни биринчи навбатда молиялаштиради;

"Қишлоқ қурилиш банк" очиқ акциядорлик тижорат банки кредитидан фойдаланганлик учун фоизлар "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компаниясининг марказлаштирилган тартибда етказиб бериладиган материаллар ва асбоб-ускуналарни ташиш, сақлаш ва бериш билан боғлиқ бўлган бошқа харажатлари, шунингдек ёғоч-тахта материаллари, ёғоч-қиринди плиталар ва томга ёпиладиган металл тунукалар 2012-2013 йилларда қишлоқ жойларда якка тартибдаги уй-жойлар қуриш дастурларида қатнашувчи пудрат ташкилотларига берилган тақдирда, уларни импорт қилиш бўйича харажатлар билан биргаликда жорий харажатлар таркибига киритилади.


12. "Ўзсаноатмашимпэкс" давлат-акциядорлик ташқи савдо компаниясига 2013 йилда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қуриш учун ёғоч-тахта материаллари (игнабаргли дарахтлардан тайёрланган турлари), ёғоч-қиринди плиталар ва томга ёпиладиган металл тунукаларни импорт қилишга контрактларни, истисно тариқасида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 22 мартдаги 143-ф-сон фармойиши билан ташкил этилган Тендер комиссияси томонидан ўтказиладиган танловда танлаб олиш натижалари бўйича тендер савдолари ўтказмасдан тузишга рухсат берилсин.

Тендер комиссияси (А.С. Камалов) икки ҳафта муддатда энг яхши таклифларни танловда танлаб олиш асосида ёғоч-тахта материаллари (игнабаргли дарахтлардан тайёрланган турлари), ёғоч-қиринди плиталар ва томга ёпиладиган металл тунукаларни етказиб берувчиларни аниқласин.


13. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 5-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


14. Вазирликлар ва идоралар икки ҳафта муддатда ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.И. Закиров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                             Ш. Мирзиёев



*) 1 - 4-иловалар рус тилидаги матнда берилган






Вазирлар Маҳкамасининг

2013 йил 1 майдаги

116-сон қарорига

5-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 25 майдаги 148-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2009 й., 5-сон, 40-модда) билан тасдиқланган Тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун "Қишлоқ қурилиш банк" акциядорлик тижорат банки томонидан имтиёзли ипотека кредити бериш тартиби тўғрисидаги низомда:


а) 1-бандга қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:

"Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилишининг 2013 йил Дастури тўғрисида" 2013 йил 4 январдаги ПҚ-1902-сон қарорига мувофиқ 2013 йилда тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилишига ипотека кредити ажратишда иштирок этувчи Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига ва "Ипотека-банк" акциядорлик тижорат ипотека банкига (кейинги ўринларда банк деб аталади) ҳам татбиқ этилади";


б) 31-банднинг "в" кичик бандига қуйидаги мазмундаги жумла қўшилсин:

"Бунда суғурта шартномасида ҳар йили тўланадиган суғурта мукофоти тўлаш назарда тутилиши мумкин".


2. Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 26 октябрдаги 280-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2009 й., 9-10-сон, 68-модда) билан тасдиқланган "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси иштирокида якка тартибда уй-жой қурилишини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомда:


а) 1-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"1. Ушбу Низом "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси, шунингдек "Қишлоқ қурилиш банк" очиқ акциядорлик тижорат банки, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва "Ипотека-банк" акциядорлик тижорат ипотека банки (кейинги ўринларда банк деб аталади) иштирокида ажратилган ер массивларида тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича комплекс якка тартибдаги уй-жой қурилишини ташкил этиш ва молиялаштириш тартибини белгилайди.

Агар қишлоқ жойларда якка тартибда уй-жойлар қурилиши учун жалб этилган хорижий кредитлар ва грантлар берилиши шартларида ушбу Низомда назарда тутилганидан бошқа қоидалар белгиланган бўлса, у ҳолда халқаро ва хорижий молиявий институтларнинг тегишли амал қилувчи ҳужжатларида белгиланган қоидалар қўлланилади";


б) 29-бандга қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 февралдаги 37-сон қарори билан тасдиқланган Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича "тайёр ҳолда топшириш" шартлари асосида якка тартибда уй-жой қуриш учун пудрат ташкилотларини аниқлаш юзасидан танлов савдолари ўтказиш тартибининг IX бобида назарда тутилган тартибда ўтказилган қурилиши тугалланмаган объект бўйича танлов савдолари ғолиби билан тузилган шартномани молиялаштириш учун мақсадли маблағлар етарли бўлмаган тақдирда инжиниринг компанияси ўз маблағлари ҳисобига, ўз маблағлари етарли бўлмаган тақдирда эса - алоҳида шартнома асосида банкнинг маблағларини жалб этиш ҳисобига молиялаштиришга ҳақлидир";


в) 30-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"Уй-жой қуришни молиялаштириш инжиниринг компаниясининг 22626-сон "Корхоналар ва ташкилотларнинг мақсадли маблағлари" махсус молиялаштириш депозит ҳисоб рақамидан пудратчининг 22626-сон "Корхоналар ва ташкилотларнинг мақсадли маблағлари" махсус молиялаштириш депозит ҳисоб рақамига ўтказиладиган инжиниринг компаниясининг аванси (объект қийматининг камида 15 фоизи) ҳисобига амалга оширилади, бунда бажарилган ишлар ҳажмининг 95 фоизгачаси берилган аванс мутаносиб равишда ушлаб қолинган ҳолда ҳар ойда жорий молиялаштирилади ҳамда объект қийматининг 5 фоиз миқдоридаги қолган қисми инжиниринг компаниясининг филиали томонидан тасдиқланган тақдирда кафолат муддати тамом бўлгандан кейин тўланади";


г) 32-бандга қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:

"Пудратчининг 22626-сон "Корхоналар ва ташкилотларнинг мақсадли маблағлари" махсус молиялаштириш депозит ҳисоб рақамига тушган маблағлардан уй-жойлар қуриш учун мақсадли фойдаланилади. Бунда кўрсатиб ўтилган маблағлар ссудалар бўйича қарздорликни қайтаришга, қурилиш материаллари ва асбоб-ускуналар сотиб олишга, тегишли шартномалар асосида бажариладиган қурилиш ишлари ва хизматларига ҳақ тўлашга, қурилишда қатнашаётган ишчилар меҳнатига ҳақ тўлашга (солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисобга олган ҳолда) йўналтирилади";


д) қуйидаги мазмундаги 32-1-банд қўшилсин:

"32-1. Пудратчининг 22626-сон "Корхоналар ва ташкилотларнинг мақсадли маблағлари" махсус молиялаштириш депозит ҳисоб рақами бўйича операцияларни тўхтатиб туриш, шунингдек ушбу ҳисоб рақамдаги пул маблағларини қурилган уй-жойлар фойдаланиш учун қабул қилиб олингунгача ундиришга қаратишга ва хатлашга йўл қўйилмайди".



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 6 май, 18-сон, 235-модда