Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Суғурталовчилар томонидан йиллик молиявий ҳисоботни эълон қилиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 28.02.2014 й. 2564-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 17.02.2014 й. 9-сонли буйруғи билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2014 йил 28 февралда 2564-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2014 йил 17 февралдаги

9-сон буйруғига

ИЛОВА



Суғурталовчилар томонидан йиллик молиявий

ҳисоботни эълон қилиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом суғурталовчилар томонидан эълон қилинадиган йиллик молиявий ҳисоботнинг шаклини, шунингдек уни эълон қилиш тартиби ва муддатларини белгилайди.


1-БОБ. СУҒУРТАЛОВЧИЛАР ТОМОНИДАН ЭЪЛОН

ҚИЛИНАДИГАН ЙИЛЛИК МОЛИЯВИЙ

ҲИСОБОТНИНГ ШАКЛИ


1. Суғурталовчилар томонидан эълон қилинадиган йиллик молиявий ҳисобот қуйидагиларни ўз ичига олади:

Суғурталовчиларнинг молиявий ҳисобот шаклларини тўлдириш бўйича қоидаларга (рўйхат рақами 1945, 2009 йил 20 апрель) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 17-сон, 217-модда) мувофиқ тузилган суғурталовчиларнинг йиллик молиявий ҳисобот шакллари;

Ўзбекистон Республикаси Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (1-сонли БҲМС) "Ҳисоб сиёсати ва молиявий ҳисобот"да (рўйхат рақами 474, 1998 йил 14 август) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 1999 й., 5-сон) белгиланган талабларга мувофиқ равишда тузилган, суғурталовчи фаолиятининг якуний натижаларига ҳисобот йилида таъсир кўрсатган асосий омиллар баён этилган тушунтириш хати;

мажбурий аудиторлик текшируви натижалари бўйича тузилган аудиторлик хулосаси.

Акциядорлик жамияти бўлган суғурталовчи Халқаро молиявий ҳисобот стандартларига мувофиқ тузилган йиллик молиявий ҳисоботни у Халқаро аудит стандартларига мувофиқ ташқи аудитдан ўтказилганидан кейин эълон қилади.

2. Суғурталовчи қўшимча равишда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа ахборотни ҳам эълон қилиши мумкин.



2-БОБ. СУҒУРТАЛОВЧИЛАР ТОМОНИДАН ЙИЛЛИК

МОЛИЯВИЙ ҲИСОБОТНИ ЭЪЛОН ҚИЛИШ

ТАРТИБИ ВА МУДДАТЛАРИ


3. Суғурталовчи йиллик молиявий ҳисоботни мажбурий аудиторлик текшируви якунланганидан кейин ўн беш кун ичида, лекин суғурталовчининг юқори бошқарув органининг йиллик умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан камида икки ҳафта олдин, ўзининг расмий веб-сайтида ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.

4. Суғурталовчи ўзи томонидан эълон қилинган йиллик молиявий ҳисоботдаги маълумотлар ўзгарган тақдирда беш иш куни ичида ўзгартирилган маълумотлар, ўзгартириш сабаблари ҳамда олдин эълон қилинган ахборотни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги маълумотларни мажбурий равишда кўрсатган ҳолда ўзгартирилган йиллик молиявий ҳисоботни эълон қилиши шарт.


5. Суғурталовчи ушбу Низомнинг 3 ва 4-бандларига мувофиқ ўзи томонидан йиллик молиявий ҳисобот (ўзгартирилган йиллик молиявий ҳисобот) эълон қилинган кундан эътиборан беш иш куни ичида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигини хабардор қилади.


3-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


6. Суғурталовчи ўзи томонидан эълон қилинган йиллик молиявий ҳисоботнинг тўлиқлиги ва ишончлилиги учун жавобгардир.


7. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 24 февраль, 9-сон, 102-модда