Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг 27.01.2006 й. 20-сон "Фермер хўжалигини юритиш учун ер участкаларини беришда танлов ғолибини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Буйруғи (АВ томонидан 13.02.2006 й. 1523-1-сон билан рўйхатга олинган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

13.02.2006 й.

N 1523-1

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ҚИШЛОҚ ВА СУВ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРИНИНГ

27.01.2006 й.

N 20


БУЙРУҒИ



Фермер хўжалигини юритиш учун

ер участкаларини беришда танлов ғолибини

аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш

ва қўшимчалар киритиш ҳақида


(2006 йил 23 февралдан кучга киради)


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 28 июндаги 290-сонли қарори билан тасдиқланган "Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тўғрисида"ги низомга мувофиқ БУЮРАМАН:


1. Фермер хўжалигини юритиш учун ер участкаларини беришда танлов ғолибини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга (2005 йил 19 ноябрь, рўйхат рақами 1523) иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун ўтганидан кейин кучга киради.


3. Ушбу буйруқнинг ижросини назорат қилиш вазирнинг биринчи ўринбосари А. Жўраев зиммасига юклатилсин.



Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири                                              С. Исмоилов






Буйруққа

ИЛОВА



Фермер хўжалигини юритиш учун

ер участкаларини беришда танлов ғолибини

аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. 9-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"9. Туман ҳокими ариза келиб тушган куниёқ аризани ер участкалари бериш (сотиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссияга юборади. Агар мазкур комиссияга юборилган ариза ва ҳужжатларда камчиликлар аниқланган тақдирда, комиссия ариза берган шахсга ариза келиб тушган куннинг эртасидан кечиктирмай камчиликларни аниқ кўрсатган ҳолда асослантирилган ёзма хабар беради. Мазкур комиссия котиби талабгорга танловда юқори балл олиши учун имкон берадиган барча ҳолатларни тушунтириб, лозим бўлганда унинг ҳужжатларидаги камчиликларни ишчи тартибда бартараф этиш чораларини кўради. Комиссия котиби танловда иштирок этиш учун қатнашувчиларни танлаш кунигача талабгорнинг баҳоланадиган имкониятларини асослантирувчи ҳужжатларнинг тўлиқ тақдим қилинишини, уларнинг тўғри расмийлаштирилишини таъминлашга кўмаклашиши лозим".


2. 14-банднинг иккинчи хатбошисидаги "ушбу хўжаликнинг бошқа лойиҳалари бўйича" сўзлари "бошқа лойиҳалар бўйича" сўзлари билан алмаштирилсин.


3. 15-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"15. Ариза ва ҳужжатларни комиссиянинг котиби қабул қилади. Агар тақдим этилган ҳужжатларда камчиликлар аниқланган тақдирда, ариза берган шахсга шу куниёқ камчиликларни аниқ кўрсатган ҳолда асослантирилган ёзма хабар берилади. Комиссиянинг котиби талабгорга танловда юқори балл олиши учун имкон берадиган барча ҳолатларни тушунтириб, лозим бўлганда унинг ҳужжатларидаги камчиликларни ишчи тартибда бартараф этиш чораларини кўради. Комиссия котиби танловда иштирок этиш учун қатнашувчиларни танлаш кунигача талабгорнинг баҳоланадиган имкониятларини асослантирувчи ҳужжатларнинг тўлиқ тақдим қилинишини, уларнинг тўғри расмийлаштирилишини таъминлашга кўмаклашиши лозим".


4. 19-банднинг охирги хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"сўнгги йилларда шартномавий мажбуриятларнинг қай даражада бажарилиши".


5. 20-банди бўйича:

а) "г" кичик банди еттинчи қисми қуйидаги таҳрирдаги хатбошиси билан тўлдирилсин:

"4) танловда иштирок этиш учун талабгорга бевосита мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлмаган, шу жумладан талабгор таъсис этган (иштирокчиси бўлган) юридик шахсларга тегишли бўлган техника воситаларини таклиф этишга йўл қўйилмайди, талабгор сифатида танловда иштирок этаётган фермер хўжалиги бундан мустасно".

б) "д" кичик банди иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"Агар талабгор қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкат хўжаликлари) ҳамда бошқа қишлоқ хўжалик корхоналари ва ташкилотлари раҳбари ва ходимлари (фермер хўжаликлари ходимлари ва оилавий пудратчилар бундан мустасно) бўлса, унда хўжаликнинг сўнгги уч йилдаги маҳсулот етказиб бериш контрактация шартномаларининг бажарилиши тўғрисидаги туман статистика бўлими томонидан берилган маълумотномага асосида 4 баллдан 10 баллгача баҳоланади".


6. 28-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"28. Танловда иштирок этиш учун танлаб олинган қатнашувчи ўз аризасини бир лойиҳадан олиб, ушбу лойиҳа бўйича танловда иштирок этмасдан, аввал тўплаган балларини сақлаб қолган ҳолда шу хўжаликдаги бошқа лойиҳадаги ер майдонига бериш ҳуқуқига эга. Бундай талабгор бошқа лойиҳага танлов ўтказилгунга қадар комиссияга ариза билан мурожаат қилиши ва аризага фақатгина Танловда иштирок этишга тавсия этиш тўғрисидаги комиссия қарорини илова қилиши кифоя.

Бу ҳолда, талабгорнинг тўплаган бали у ариза берган бошқа лойиҳага танловда иштирок этиш учун танлаб олинган талабгорлар тўплаган баллдан кам бўлмаслиги лозим".


7. 34-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"34. Энг кўп якуний балл тўплаган талабгор танлов ғолиби деб топилади ва танлов ўтказилган кундан бошлаб 3 кундан кечиктирмай эълон қилинади".


8. Низом 2-иловасининг 6-банди иккинчи устуни қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"Оилавий пудратчи ёки фермер хўжалиги бошлиғи, қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкат хўжаликлари) ҳамда бошқа қишлоқ хўжалик корхоналари ва ташкилотлари раҳбари ва ходимлари (фермер хўжаликлари ходимлари ва оилавий пудратчилар бундан мустасно) учун сўнгги уч йил давомида маҳсулот етказиб бериш бўйича шартномаларнинг бажарилиши".


9. Ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон фермер хўжаликлари уюшмаси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 6-7-сон, 47-модда.