Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ер участкаларига бўлган ҳуқуқни ҳамда қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкат хўжаликлари) билан фермер хўжаликлари ўртасида тузилган ижара шартномаларини қайта расмийлаштириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.11.2003 й. 486-сон қарорига 4-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 5 ноябрдаги

486-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ер участкаларига бўлган ҳуқуқни ҳамда

қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкат

хўжаликлари) билан фермер хўжаликлари

ўртасида тузилган ижара шартномаларини

қайта расмийлаштириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим йўналишлари тўғрисида" 2003 йил 24 мартдаги ПФ-3226-сон, "2004-2006 йилларда фермер хўжаликларини ривожлантириш концепцияси тўғрисида" 2003 йил 27 октябрдаги ПФ-3342-сон фармонлари, Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси асосида ишлаб чиқилган ва қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкат хўжаликлари) (кейинги ўринларда ширкат хўжалиги деб юритилади) ҳамда фермер хўжаликларининг ер участкаларига бўлган ҳуқуқини ва ижара шартномаларини қайта расмийлаштириш тартибини белгилайди.



I. ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ КООПЕРАТИВЛАРИ

(ШИРКАТ ХЎЖАЛИКЛАРИ)НИНГ ЕР УЧАСТКАЛАРИГА

БЎЛГАН ҲУҚУҚИНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ


1. Ер участкалари ширкат хўжаликларига эллик йилгача, бироқ камида ўттиз йил муддатга узоқ муддатли ижарага берилади. Ижара муддати қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


2. Ширкат хўжаликларини ер участкаларига бўлган ҳуқуқини ижара шаклига ўтказиш бўйича ишларни ташкил этиш ва амалга ошириш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари тегишли фармойишлар чиқарадилар.


3. Ширкат хўжаликларининг ер участкаларини ижарага беришни қайта расмийлаштириш бўйича материалларини тайёрлаш ва расмийлаштириш ишлари давлат бюджети маблағлари ҳисобига бажарилади.


4. Ширкат хўжаликлари ер ресурслари бўйича туман хизматига ерларни ижарага бериш муддати кўрсатилган аризани ва ер участкаларига ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатларни тақдим этади.


5. Ер ресурслари бўйича туман хизмати ер-кадастр ҳужжатлари маълумотлари бўйича ширкат хўжалиги ерларининг миқдори ва сифати ҳолатини аниқлайди.

Ширкат хўжалиги ер-кадастр ҳужжатлари маълумотларига рози бўлмаган тақдирда ер участкаси ер ресурслари бўйича туман хизмати ҳамда ширкат хўжалиги вакиллари томонидан натура бўйича текшириб чиқилади, текшириш натижалари бўйича ер участкасини текшириш далолатномаси тузилади.


6. Маълумотлар аниқлангандан ва уларга тузатишлар киритилгандан кейин ер участкасининг харитаси ва намунавий шаклга мувофиқ ижара шартномаси тузилади.

Ер участкасининг тегишли масштабдаги харитаси хўжаликлараро ер тузиш, ерларни хатлаш материалларидан ва кейинги йиллардаги бошқа текширишлар материалларидан фойдаланган ҳолда мавжуд харита- картография материали асосида тайёрланади. Ер участкаси харитасида қабул қилинган белгиларга мувофиқ: ширкат хўжалигининг чегаралари, барча ҳолатлар (суғориш, коллектор-дренаж ва йўл тармоқлари, экин майдонлари, аҳоли яшаш жойлари, контурларнинг тартиб рақамлари), сервитут ва тупроғи кучсизланган участкалар, шунингдек ширкат хўжалиги ҳудудига киритилган ер участкаларининг (чет ерларнинг) чегаралари ва номлари тўлиқ кўрсатилади.

Ижара шартномасида ер участкасининг, шу жумладан ерларнинг турлари бўйича умумий майдони, ерларнинг сифати, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс эттирилади, ер участкасидан фойдаланиш масалалари бўйича низоларни ҳал этиш ва шартномани бекор қилиш шартлари кўрсатилади. Алоҳида шартлар сифатида ер участкасининг амалдаги кучсизлантирилиши, унумдорлик ҳолати ва сервитутлар, сувдан фойдаланиш шарт-шароитлари ҳамда томонларнинг хоҳишига кўра бошқа шартлар қайд этилади.

Ерларнинг сифати тупроқни ва геоботаник текшириш материаллари, тупроқ бонитети, ерларни хатловдан ўтказиш ва ерлар сифатини тавсифловчи бошқа материаллар бўйича белгиланади.


7. Ер участкаси харитаси ва ижара шартномаси, ушбу Низомнинг 5-банди иккинчи хатбошида назарда тутилган ҳолда эса  ер участкасини текшириш далолатномаси ер участкалари бериш (сотиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман комиссиясига тақдим этилади.


8. Ер участкалари бериш (сотиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман комиссияси материалларни ва ширкат хўжалиги аризасини кўриб чиқади, тегишли хулоса тайёрлайди.


9. Туман ҳокими ер участкалари бериш (сотиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман комиссияси хулосаси асосида ширкат хўжалиги билан тузилган ер участкасини ижарага бериш шартномасини имзолайди, ижарага олувчи номидан эса шартномани ширкат хўжалиги раиси имзолайди.

Шартномага ер ресурслари бўйича туман хизмати бошлиғи ва ширкат хўжалиги раиси томонидан имзоланган ер участкаси харитаси ва йил бошидаги ер баланси маълумотлари бўйича қабул қилинадиган ерларнинг экспликацияси илова қилинади.

Ер участкаси харитаси ва ширкат хўжалиги ерларининг экспликацияси ижара шартномасининг ажралмас қисми ҳисобланади.

Ер участкасини ижарага бериш шартномаси икки нусхада расмийлаштирилади, биттаси ижарачига берилади, иккинчиси ер ресурслари бўйича туман хизматида сақланади.


10. Ижара шартномаси ширкат хўжалигининг ер участкасини ижарага олишга бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади ва у ер ресурслари бўйича туман хизматида рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб кучга киради.


11. Ҳар бир ширкат хўжалиги бўйича ер тузиш йиғмажилди шакллантирилади, унда қуйидаги ҳужжатлар бўлади:

туман ҳокимлигининг ширкат хўжалигига ер участкасини ижарага бериш ишларини ташкил этиш ва амалга ошириш тўғрисидаги қарорининг нусхаси;

ширкат хўжалиги ерларининг ҳажми ва сифатини солиштириш материаллари;

ер участкалари бериш (сотиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман комиссиясининг ширкат хўжалигига ер участкаларини қайта расмийлаштириш ва ижарага бериш тўғрисидаги хулосаси;

ер участкасини ижарага бериш шартномаси, унга ер участкаси харитаси илова қилинади.

Ер тузиш йиғмажилди икки нусхада шакллантирилади, улардан биттаси ер ресурслари бўйича туман хизматида, иккинчиси ширкат хўжалигида сақланади.


12. Туман ҳокими билан ширкат хўжалиги ўртасида тузиладиган ижара шартномасини расмийлаштиришда ширкат хўжалигининг аризаси асосида ширкат хўжалиги қайта рўйхатдан ўтказилади, бунда қўшимча ҳужжатлар талаб қилинмайди ҳамда тўлов ва йиғимлар ундирилмайди.



II. ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИ БИЛАН ШИРКАТ ХЎЖАЛИГИ

ЎРТАСИДА ТУЗИЛГАН ЕР УЧАСТКАЛАРИНИ ИЖАРАГА

БЕРИШ ШАРТНОМАЛАРИНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ


13. Фермер хўжаликлари билан ширкат хўжаликлари ўртасида тузилган ер участкаларини ижарага бериш шартномалари қайта расмийлаштирилади.


14. Фермер хўжалиги юритиш учун ер участкасини ижарага бериш шартномасини қайта расмийлаштириш тўғрисидаги қарор туман ҳокими томонидан қабул қилинади. Ушбу қарор вилоят ҳокими бошчилик қиладиган ер участкаларини бериш (сотиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича вилоят комиссияси томонидан тасдиқлангандан кейин кучга киради.


15. Ер ресурслари бўйича туман хизмати ҳокимнинг қарори бўйича фермер хўжалиги билан туман ҳокими ўртасида тузиладиган ер участкасини ижарага бериш шартномасини тайёрлайди, у туман ҳокими ва фермер хўжалиги бошлиғи томонидан имзоланади.


16. Ҳоким билан фермер хўжалиги ўртасида ер участкасини ижарага бериш шартномаси икки нусхада тузилади, биттаси фермер хўжалигига берилади, иккинчиси эса ер ресурслари бўйича туман хизматида сақланади ва ер ресурслари бўйича туман хизматида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади.


17. Илгари фермер хўжаликларига берилган ер участкалари ширкат хўжалиги балансидан чиқарилади.


18. Туман ҳокими билан ширкат хўжалиги ўртасида тузиладиган ижара шартномасини қайта расмийлаштиришда фермер хўжалиги бошлиғининг аризаси асосида фермер хўжалиги қайта рўйхатдан ўтказилади, бунда қўшимча ҳужжатлар ёхуд бошқа талаблар ва шартлар талаб қилинмайди, шунингдек тўлов ва йиғимлар ундирилмайди.