Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Замонавий қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг шартларида етказиб бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 02.11.2000 й. 424-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2000 йил 2 ноябрдаги

424-сон қарорига

ИЛОВА



Замонавий қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг

шартларида етказиб бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1. Ушбу Низом маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилган янги замонавий ғалла ўриш комбайни ва пахта териш машинаси ва улар билан агрегатлаштирилиб ишлатиладиган тракторни (кейинги ўринларда қишлоқ хўжалиги техникаси деб аталади) лизинг шартларида етказиб беришни тартибга солади.


2. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қишлоқ хўжалиги учун зарур қишлоқ хўжалиги техникасини турлари бўйича шакллантирилган маълумотни ҳисобот йилининг 1 сентябрига қадар Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) тақдим этади.


3. Тақдим этилган маълумот асосида Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг шартларида етказиб беришни молиялаштириш учун маблағлар манбаларини шакллантиради.


4. Жамғарма ўзининг веб-саҳифасида келгуси йил учун қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг шартларида етказиб беришга қарз маблағларини ажратиш тўғрисидаги маълумотни жойлаштиради.


5. Жамғарманинг веб-саҳифасига жойлаштирилган маълумотлар асосида республикада фаолият юритувчи барча лизинг ташкилотлари қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг шартларида етказиб бериш бўйича дастлабки буюртманомаларни Жамғарманинг веб-саҳифасига жойлаштиради.


6. Жамғарма веб-саҳифага жойлаштирилган дастлабки буюртманомалар таҳлили асосида лизинг ташкилотлари билан қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг шартларида етказиб беришга қарз маблағларини ажратиш тўғрисида Бош битим тузади.

Лизинг ташкилотлари қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчилар ёки уларнинг расмий дилерлари билан қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб бериш, тўлов тартиби ва муддати кўрсатилган олди-сотди шартномалари тузади.


7. Лизинг ташкилотлари:

Жамғарма билан молиявий ресурслар жалб этиш учун шартнома тузади. Бунда лизинг бўйича даромад фоизи миқдори, шунингдек, лизинг олувчилар томонидан тўланадиган лизинг тўловларидан ушлаб қолинадиган лизинг ташкилоти ва банк хизматлари учун тўловлар миқдори келишиб олинади;

тижорат банклари билан молиявий агент функцияларини бажариш юзасидан;

суғурта ташкилотлари билан суғурта қонунчилигига мувофиқ шартномалар тузади.


8. Лизинг ташкилотлари лизинг олувчилар билан қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг шартларида етказиб бериш шартномаларини тузади. Ҳар бир шартномага лизинг тўлови жадвали илова қилинади. Бунда шартномалар 3 нусхада тузилади ва бир нусхаси тижорат банкига жўнатилади.


9. Лизинг олувчилар:

лизингга олинадиган қишлоқ хўжалиги техникаси қийматининг 20 фоизини лизинг ташкилотларига тўлайдилар;

лизингга олинадиган қишлоқ хўжалиги техникасини ўз маблағлари ҳисобига суғурта ташкилотларида суғурта қиладилар;

лизинг шартларида расмийлаштирилган қишлоқ хўжалиги техникасининг қопланмаган қийматини ҳамда ҳисобланган лизинг фоизини фермер, деҳқон хўжаликлари 10 йил муддатгача, қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи бошқа ташкилот ва корхоналар 7 йил муддатгача лизинг ташкилотларига тўлайдилар.


10. Лизинг ташкилотлари лизинг олувчилар тўлаган аванс маблағларидан келиб чиқиб қишлоқ хўжалиги техникаси қийматининг 60 фоизигача аванс тўловини тўлашга пул маблағларини ажратиш учун буюртманомаларни Жамғармага тақдим этади.

Ушбу буюртманомалар асосида Жамғарма пул маблағларини келгуси давр учун лизинг ташкилотининг тижорат банкидаги Жамғарма билан ҳисоб-китоблар (23216) ҳисобварағига (кейинги ўринларда амалиёт ҳисобварағи деб аталади) ўтказади.


11. Лизинг ташкилоти шартномада белгиланган муддатда етказиб бериладиган қишлоқ хўжалиги техникаси қийматининг 80 фоизи миқдорида ишлаб чиқарувчи корхоналар ёки уларнинг расмий дилерларига амалиёт ҳисобварағидан аванс маблағини тўлайди.


12. Лизинг ташкилоти томонидан қишлоқ хўжалиги техникаси лизингга расмийлаштирилгандан кейин шартнома шартларига мувофиқ лизинг олувчига етказиб берилади.

Лизинг ташкилоти қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг олувчига етказиб берганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этгандан кейин қишлоқ хўжалиги техникаси қийматининг қолган якуний 20 фоизи миқдоридаги пул маблағлари Жамғарма томонидан лизинг ташкилотининг амалиёт ҳисобварағига ўтказилади.


13. Ҳар ойда, кечи билан ойнинг 5-куни, лизинг ташкилоти ҳизмат кўрсатувчи тижорат банкига олдинги ойда тузилган шартномалар бўйича лизинг тўлови жадвали нусхаларини тақдим этади.


14. Лизинг олувчилар лизинг шартномаларида белгиланган муддатларда ва миқдорларда лизинг ташкилотларига лизинг тўловлари (асосий қарз ва фоиз)ни тўлайдилар. Тўланган маблағлар тўлиқ миқдорда амалиёт ҳисобварағига ўтказилади.


15. Лизинг ташкилотлари тузилган қарз шартномаларига мувофиқ жалб этилган қарз маблағлар бўйича асосий қарз ва фоизларни шартномада белгиланган муддатларда Жамғармага тўланишини таъминлайди. Лизинг бўйича фоизлар Жамғарма, лизинг ташкилоти ва тижорат банки ўртасида тузиладиган Бош битимга мувофиқ тақсимланади.


16. Лизинг ташкилоти ва тижорат банки Жамғарма маблағларининг ҳаракати, маблағлардан фойдаланиши тўғрисидаги маълумотларни ҳар ойнинг 5-кунига, шунингдек, чораклик, йиллик бухгалтерия ҳисоботларини чорак тугагандан кейинги ойнинг 20-кунига қадар Жамғармага тақдим этади.


17. Лизинг олувчилар томонидан мажбуриятлар бажарилмаганда лизинг ташкилоти, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ундириш чораларини кўради. Ундирилган пул маблағлари лизинг ташкилотининг амалиёт ҳисобварағига ўтказилади.


18. Лизинг ташкилоти ва унга ҳизмат кўрсатувчи тижорат банки ва уларнинг ҳудудий филиаллари раҳбарлари, шунингдек, лизинг олувчиларнинг раҳбарлари ва бош бухгалтерлари Жамғарма маблағларини мақсадга мувофиқ ишлатилмаганлиги, ҳисоб-китоб қилиш тартиби бузилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.