Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Қоғоз чиқиндиларини тўплаш, тайёрлаш ва қайта ишлаш учун етказиб бериш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 01.07.2009 й. 1979-сон билан рўйхатга олинган 28.05.2009 й. Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитасининг 11-сон, Молия вазирлигининг 52-сон, Иқтисодиёт вазирлигининг 52-4-4/46-сон, Марказий банк Бошқарувининг 11/2-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 1 июлда 1979-сон

билан рўйхатга олинган

Монополиядан чиқариш,

рақобат ва тадбиркорликни

қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси,

Молия вазирлиги,

Иқтисодиёт вазирлиги,

Марказий банк Бошқарувининг

2009 йил 28 майдаги

11, 52, 52-4-4/46, 11/2-сонли қарорига

ИЛОВА


Қоғоз чиқиндиларини тўплаш, тайёрлаш

ва қайта ишлаш учун етказиб

бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 16 мартдаги 70-сонли "Иккиламчи қоғоз чиқиндиларини тўплаш, тайёрлаш ва қайта ишлаш учун етказиб бериш тизимини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорининг (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 йил, 12-сон, 131-модда) 5-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кейинчалик уларни қайта ишлаш учун иккиламчи қоғоз чиқиндиларини тўплаш, тайёрлаш ва ташкилотларга етказиб бериш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:

макулатура - қоғоз ишлаб чиқариш чиқиндилари, хизмат муддати тугаган қоғоз ва картондан бўлган буюмлар, эски газеталар, журналлар, китоблар, ҳисобдан чиқарилган архив ҳужжатлари, шунингдек эскирган ҳужжатлар;

тайёрловчи ташкилотлар - макулатурани тайёрлаш билан шуғулланувчи, қабул қилиш пунктлари ва кўчиб юрувчи тайёрловчилар тармоғига эга бўлган юридик шахслар;

қайта ишловчи ташкилотлар - макулатурани қайта ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган ва макулатурадан фойдаланиб маҳсулот ишлаб чиқарувчи ташкилотлар;

қабул қилиш пункти - юридик ва жисмоний шахслардан макулатура қабул қилиш объекти;

макулатура топширувчилар - макулатурани топширувчи юридик ва жисмоний шахслар.



II. МАКУЛАТУРА ТОПШИРИШ

ВА ҚАБУЛ ҚИЛИШНИ

ТАШКИЛЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


2. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қоғоз чиқиндиларини тўплаш, тайёрлаш ва қайта ишлаш учун етказиб бериш масалалари бўйича Республика комиссияси томонидан белгиланган прогноз кўрсаткичлардан келиб чиққан ҳолда ўзларининг таркибига кирувчи ташкилотларга макулатура топшириш бўйича прогноз ҳажмларни белгилайдилар.


3. Жорий иш фаолияти давомида ҳосил бўладиган макулатурага эга бўлган юридик шахслар ёнғинга қарши хавфсизликни таъминлаган ҳолда уни нам етмайдиган жойда тўплашни, макулатурани турига қараб ажратишни ва унинг ташилишини таъминлаб, алоҳида боғламларда ёки бошқача усулда жойлашни амалга оширадилар.


4. Вақтинчалик сақлаш муддати белгиланган ҳужжатларни юридик шахснинг тегишли буйруғи асосида тузилган эксперт комиссиясининг тегишли рухсатисиз макулатурага топширишга йўл қўйилмайди.


5. Юридик шахсларнинг архив ҳужжатлари белгиланган (вақтинча) сақлаш муддати тугагандан ва тегишли давлат архив муассасалари томонидан белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилгандан сўнг, шунингдек улар томонидан доимий сақлаш рўйхати тасдиқланган ва ушбу хронология даври учун шахсий таркиб рўйхати келишилгандан сўнг макулатура сифатида қайта ишлаб чиқаришга топширилиши мумкин.


6. Қайта ташкил этилаётган ёки тугатилаётган ташкилотларнинг, шунингдек белгиланган тартибда банкрот деб топилган ташкилотларнинг ҳужжатлари илмий-техник ишловдан ўтгандан сўнг ва давлат архив муассасасининг тегишли қарори билан макулатурага топширилади.


7. Жисмоний шахслар ўзларининг ҳаётий фаолиятлари давомида ҳосил бўладиган макулатурани топширадилар. Жисмоний шахслардан иш юритув ҳужжатлари қабул қилинмайди.


8. Макулатура ташкилий-ҳуқуқий шакли ва мансублигидан қатъи назар, тайёрловчи, қайта ишловчи ташкилотлар ва қабул қилиш пунктлари томонидан қабул қилиниши мумкин.


9. Қабул қилиш пунктлари тураржой биноларидан ташқарида жойлашиши ҳамда ёнғинга қарши хавфсизлик талабларига ва санитария меъёрларига жавоб бериши керак.


10. Қабул қилиш пунктларида кўринадиган жойга иш вақти ва қабул қилинадиган макулатура нархлари тўғрисидаги маълумот осиб қўйилиши шарт.


11. Макулатурани қабул қилиш-топшириш, етказиб беришнинг энг кам миқдори, макулатурани қабул қилиш пунктига етказиб бериш шартлари шартнома билан белгиланади.


12. Топширилаётган макулатуранинг сифати ГОСТ 10700-97 талабларига жавоб бериши лозим.



III. ТОПШИРИЛАДИГАН МАКУЛАТУРА

УЧУН ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


13. Ҳисоб-китоблар макулатура топширувчи:

юридик шахслар билан - нақд пулсиз;

жисмоний шахслар билан - нақд пулда амалга оширилади.


14. Қабул қилинаётган макулатура учун ҳисоб-китоб қилишда макулатура топширишни рағбатлантирувчи ва тайёрловчи ва қайта ишловчи ташкилотлар, шунингдек ушбу тузилмаларга кирмайдиган қабул қилиш пунктларини тузган юридик ва/ёки жисмоний шахслар томонидан белгиланадиган эркин (шартномавий) нархлар қўлланилади.


15. "Sanoatqalinqog`ozsavdo" ХИ ОАЖ, "Ўзбек қоғози" ОАЖ таркибига кирмайдиган қабул қилиш пунктлари ёки аҳолидан макулатура қабул қилувчи, тайёрловчи ташкилотлар макулатура етказиб бериш бўйича қайта ишловчи ташкилотлар билан шартномавий (эркин) нархларда шартнома тузадилар.


16. Макулатура топшириш учун юридик шахслар бевосита қайта ишловчи ташкилотлар бўлган "Sanoatqalinqog`ozsavdo" ХИ ОАЖ, "Ўзбек қоғози" ОАЖ билан ёки уларнинг жойлардаги вакили иштирокида шартнома тузадилар. Бунда, макулатура бевосита қайта ишловчи ташкилотга, шунингдек унинг қабул қилиш пунктларига топширилиши мумкин.


17. Юридик шахслардан макулатура қабул қилишда уч нусхада далолатнома тузилади, унинг биттаси кейинчалик ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш учун макулатура топширувчига берилади.



IV. НАҚД ПУЛ ВОСИТАЛАРИНИНГ

САРФЛАНИШИ УСТИДАН НАЗОРАТ


18. Топширилаётган макулатура учун ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун зарур бўладиган нақд пул маблағларини олиш мақсадида тайёрловчи ва қайта ишловчи ташкилотлар хизмат кўрсатувчи тижорат банкига ҳисобланган ҳажмларда макулатура қабул қилишни таъминлайдиган суммага пул чекини топширадилар.


19. Тайёрловчи ва қайта ишловчи ташкилотлар томонидан бўйсунувчи қабул қилиш пунктларига пул маблағларини ажратиш харажат касса ордери ёки ташкилот раҳбари ва бош бухгалтери томонидан имзоланган тўлов қайдномаси бўйича амалга оширилади.


20. Тайёрловчи ва қайта ишловчи ташкилотларнинг таркибий бўлинмалари ҳисобланган қабул қилиш пунктлари уларга ҳар ойда харажатлар ва пул маблағларига бўлган эҳтиёж тўғрисида ҳисобот тақдим этадилар.


21. Нақд пулдан кўрсатилмаган мақсадлар учун фойдаланишга йўл қўйилмайди.


22. Пул маблағларининг келиб тушиши, уларни қабул қилиш пунктларига ва кўчма тайёрловчиларга тарқатиш, меъёрларни тўғри қўллаш, макулатурани ва нақд пул маблағларининг сақланиши, нақд пул ва макулатура ҳаракати билан боғлиқ бўлган барча операциялар бўйича бирламчи ҳужжатларни тўғри ва ўз вақтида расмийлаштириш учун жавобгарлик тайёрловчи ва қайта ишловчи ташкилотнинг раҳбари ва бош бухгалтерига юклатилади.


23. Нақд пулларнинг сарфланиши, уларнинг қабул қилиш пунктларига ажратилиши, пул воситаларининг ҳаракатланиши билан боғлиқ бўлган барча операцияларнинг тўғри ва ўз вақтида расмийлаштирилиши устидан назорат тижорат банклари томонидан амалга оширилади.


24. Нақд пул воситаларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда, айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.



V. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


25. Мазкур Низом талабларининг бузилишига айбдор шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўладилар.


26. Мазкур Низом Давлат солиқ қўмитаси, "Ўзархив" агентлиги, "Sanoatqalinqog`ozsavdo" ХИ ОАЖ ва "Ўзбек қоғози" ОАЖ билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 27-сон, 321-модда.