Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Баҳоловчи малака сертификатини бериш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 04.08.2008 й. 1840-сон билан рўйхатга олинган Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитасининг 16.07.2008 й. 01/19-18/09-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2008 йил 4 августда 1840-сон

билан рўйхатга олинган

Давлат мулкини бошқариш

давлат қўмитасининг

2008 йил 16 июлдаги

01/19-18/09-сонли қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН


Баҳоловчи малака сертификатини

бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Баҳолаш фаолияти тўғрисида"ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 й., 9-сон, 208-модда), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 24 апрелдаги ПҚ-843-сонли "Баҳоловчи ташкилотлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва кўрсатилаётган хизматлар сифати учун уларнинг масъулиятини ошириш тўғрисида"ги қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 18-сон, 145-модда)га мувофиқ баҳоловчининг малака сертификатини олиш учун малака имтиҳонини ўтказиш, баҳоловчининг малака сертификатини бериш, муддатини узайтириш, амал қилишини тўхтатиб қўйиш ва бекор қилиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Баҳоловчининг малака сертификати (кейинги ўринларда матнда малака сертификати деб юритилади) жисмоний шахсга, агарда у баҳоловчи ташкилотнинг штатида турса ёки баҳоловчи ташкилот томонидан у билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузилган бўлса, мулкни баҳолашни амалга ошириш ҳуқуқини беради.

Малака сертификати 5 йиллик муддатга берилади ва унинг амал қилиш муддати беш йиллик муддатларга узайтирилиши мумкин.


2. Малака сертификатига эга бўлган ҳар бир баҳоловчи малака сертификати олинган йилдан кейинги келадиган йилдан бошлаб ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда матнда Давлат рақобат қўмитаси деб юритилади) томонидан, баҳоловчиларнинг профессионал бирлашмалари таклифларини ҳисобга олган ҳолда, белгиланган тартибда тасдиқланадиган малака ошириш дастурлари бўйича 40 соатдан кам бўлмаган малака ошириш курсларида ўқиши шарт.

3. Малака сертификатини олиш учун талабгор бўлган жисмоний шахс (кейинги ўринларда матнда талабгор деб юритилади) малака имтиҳонини муваффақиятли топширган тақдирда, унга Давлат рақобат қўмитаси томонидан мазкур Низом қоидаларига мувофиқ малака сертификати берилади.


II. МАЛАКА ИМТИҲОНИНИ

ТОПШИРИШ ТАРТИБИ


4. Малака сертификатини олишга талабгор қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

а) олий иқтисодий, юридик ёки техник маълумотга ҳамда баҳоловчи ёки баҳоловчининг ёрдамчиси лавозимида сўнгги беш йилда камида бир йил иш стажига эга бўлиш;

ёхуд олий маълумотга ҳамда сўнгги беш йилда баҳоловчи ёки баҳоловчининг ёрдамчиси лавозимида камида икки йил иш стажига эга бўлиш.

Бунда хорижий давлатларда олинган олий маълумот ёки илмий даража белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасидаги маълумотга эквивалент деб топилган тақдирда эътиборга олинади;

б) Давлат рақобат қўмитаси томонидан, баҳоловчиларнинг профессионал бирлашмалари таклифларини ҳисобга олган ҳолда, белгиланган тартибда тасдиқланадиган дастур бўйича баҳоловчилар тайёрлаш марказларида махсус ўқув курсини тугатганлиги тўғрисида сертификатга эга бўлиш, бунда ўқиш тугаган пайтдан бошлаб ҳужжатлар топширилгунгача ўтган вақт бир йилдан ошмаслиги керак.

Баҳоловчининг халқаро сертификатига эга бўлган талабгорлар баҳоловчиларни тайёрлаш марказларида махсус ўқувдан ўтмасдан малака имтиҳонини топширишга қўйиладилар.


5. Малака сертификатини олиш учун талабгор Давлат рақобат қўмитасига 1-иловага мувофиқ малака имтиҳонини топшириш учун рухсат бериш тўғрисидаги аризани унга қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда тақдим этади:

а) 2-иловага мувофиқ тўлдирилган сўровнома;

б) паспорт нусхаси;

в) олий маълумот тўғрисидаги дипломнинг ёхуд ваколатли давлат органининг хорижий таълим муассасасида олинган олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тўғрисидаги гувоҳномасининг нусхаси;

г) меҳнат дафтарчасининг нусхаси;

д) 4 х 6 ҳажмдаги 2 дона фотосурат;

е) баҳоловчиларни тайёрлаш марказларида махсус ўқув курсини тугатганлиги тўғрисидаги сертификатнинг (талабгорнинг ўқув курсини тугатганлиги тўғрисидаги сертификатнинг берилган вақтидан бошлаб ҳужжатлар топширилгунгача ўтган вақт бир йилдан ошмаган бўлиши шарт) ёки баҳоловчининг халқаро сертификатининг нусхаси;

ж) малака имтиҳонидан ўтиш ва малака сертификати берилиши учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдоридаги йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

Талабгордан мазкур бандда назарда тутилмаган ҳужжатларнинг тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.


6. Ҳужжатлар талабгор томонидан Давлат рақобат қўмитасига бевосита ёхуд уларнинг олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқаси воситаси орқали етказиб берилиши мумкин.

7. Давлат рақобат қўмитаси ариза тушган кундан бошлаб уч кунлик муддатда талабгорнинг малака имтиҳонига қўйилиши ёки қўйилмаслиги ҳақида қарор қабул қилади.

8. Қуйидаги асосларга кўра талабгор малака имтиҳонига киритилмайди:

а) мазкур Низомнинг 4-банди талабларига жавоб бермаганда;

б) мазкур Низомнинг 5-бандида кўрсатилган ҳужжатларни тўлиқ бўлмаган ҳажмда ва лозим тарзда расмийлаштирмай тақдим этганда;

в) тақдим этган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги аниқланганда;

г) суд тартибида молия-хўжалик муносабатлари соҳасида муайян лавозимни эгаллаш ёки ушбу соҳада муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилганда.

Мазкур ҳолатда Давлат рақобат қўмитаси талабгорни имтиҳонга қўйишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ва шу куннинг ўзида ариза берувчига ёзма равишда асосланган рад жавобини юборади.

9. Талабгорни малака имтиҳонига қўйиш юзасидан қарор қабул қилинганда имтиҳонга қўйилган шахслар рўйхати имтиҳон комиссиясига тақдим этилади. Бунда малака имтиҳони гуруҳлар шаклланишига қараб, ҳужжатлар тушган кундан бошлаб икки ойда камида бир маротаба ўтказилади.


10. Имтиҳон комиссиясининг таркиби ва иш тартиби Давлат рақобат қўмитаси томонидан тасдиқланади.

11. Малака имтиҳонига қўйилган талабгорлар уни ўтказиш санаси, вақти ва жойи ҳақида имтиҳон ўтказиладиган кундан камида 10 кун олдин хабардор қилинадилар.


12. Малака имтиҳонига қўйилмаган талабгор малака имтиҳонига қўйилмасликка сабаб бўлувчи камчиликларни бартараф этгандан кейингина қайта ариза бериши мумкин.


13. Талабгор унинг шахсини тасдиқловчи паспорти ёки бошқа ҳужжатини кўрсатган ҳолда малака имтиҳонига қўйилади. Паспорт ёки унинг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатга эга бўлмаган, ёхуд малака имтиҳонига кечиккан талабгорлар имтиҳонга қўйилмайди ва у келмаган ҳисобланади, ва навбатдаги малака имтиҳонидан ўтадиган талабгорлар рўйхатига киритилади.


14. Агарда талабгор Давлат рақобат қўмитасига ҳужжатларни топширган вақтдан бошлаб икки маротаба малака имтиҳонига келмаса, тақдим этилган ҳужжатлар унга қайтарилади. Бунда малака имтиҳонидан ўтиш учун тўланган йиғим суммаси қайтариб берилмайди.

Талабгор томонидан ҳужжатларни қайта топшириш мазкур бўлимда белгиланган тартибда амалга оширилади.


15. Малака имтиҳони талабгорларни гуруҳларга бўлган ҳолда компьютерда топшириладиган тест синовлари орқали ўтказилади.


16. Тест саволлари вариантлари ва уларнинг жавоблари Давлат рақобат қўмитаси томонидан, баҳоловчиларнинг профессионал бирлашмалари ва ўқув марказлари таклифларини ҳисобга олган ҳолда, белгиланган тартибда тасдиқланган баҳоловчиларнинг ўқув дастури асосида ишлаб чиқилади.

Тест саволлари мазмуни соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишига ҳамда янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишига қараб мунтазам равишда такомиллаштириб борилади.


17. Тест дастури камида 75 та саволдан иборат бўлиб, ўқув дастурининг барча бўлимларини акс эттириши керак.

Тест натижалари ижобий деб топилиши учун тўғри жавоблар миқдори берилган саволлар миқдорининг камида 80 фоизини ташкил этиши керак.


18. Малака имтиҳонини топшириш жараёнида талабгорга қуйидагилар тақиқланади:

а) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, махсус адабиётлар ёки бошқа материаллардан (маълумотлардан) фойдаланиш;

б) уяли алоқа воситаси ва бошқа алоқа воситаларидан фойдаланиш;

в) бошқа талабгорлар билан суҳбатлашиш;

г) имтиҳон ўтказилаётган хонадан ташқарига чиқиш. Хонадан чиққанлар қайтадан имтиҳонга қўйилмайди.

Ушбу талабларни бузган талабгорлар аудиториядан чиқариб юборилади ва малака имтиҳонидан ўтмаган ҳисобланади.

Бегона шахсларга малака имтиҳонида иштирок этишга рухсат берилмайди.


19. Малака имтиҳонини топшириш жараёнида имтиҳон жавобларини ажратилган вақт ичида тўлиқ беришга улгурмаган талабгорлар малака имтиҳонидан ўтмаган деб ҳисобланадилар.

Малака имтиҳонидан ўтмаган талабгорларга улар томонидан тўланган йиғим пули қайтарилмайди.

Малака имтиҳонидан ўтмаган талабгор малака имтиҳонидан ўтиш ва малака сертификати берилиши учун йиғим тўлаш шарти билан белгиланган тартибда такроран имтиҳондан ўтиш учун ҳужжатларни тақдим этишга ҳақли, бунда малака имтиҳони ўтказилган кундан бошлаб камида бир ой вақт ўтган бўлиши керак.


20. Имтиҳон натижалари имтиҳон комиссияси томонидан малака имтиҳони ўтказилган кундан сўнг уч кунлик муддатда баённома билан расмийлаштирилади.


21. Тест жавоблари ҳамда имтиҳон комиссиясининг баённомалари белгиланган тартибда Давлат рақобат қўмитасида сақланади.


III. МАЛАКА СЕРТИФИКАТИНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА БЕРИШ ТАРТИБИ


22. Малака имтиҳони натижалари Давлат рақобат қўмитасининг буйруғи билан тасдиқланади.

23. Малака сертификати мутахассиснинг фотосурати ёпиштирилган махсус бланкда 3-иловага мувофиқ шаклда расмийлаштирилади ва Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида юридик кучга эгадир.


24. Малака сертификатининг бланкалари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади. Малака сертификатининг бланкалари Давлат рақобат қўмитаси буюртманомасига кўра "Давлат белгиси" давлат ишлаб чиқариш бирлашмасида босмахона усулида тайёрланади.

25. Малака сертификати Давлат рақобат қўмитаси томонидан имтиҳон комиссияси баённомалари олингандан кейин 10 кун муддатда расмийлаштирилади ва малака сертификатининг эгасига ёки бошқа шахсга (нотариус томонидан тасдиқланган ишончнома асосида) баҳоловчилар реестрига имзоси қўйилгач, белгиланган тартибда берилади.

26. Агар талабгор малака сертификатини расмийлаштириш кунидан бошлаб уч ой ичида уни олишга келмаса ёки уни олишдан ёзма равишда ихтиёрий бош тортса Давлат рақобат қўмитаси мазкур сертификатнинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Бунда талабгорларга улар томондан тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.


IV. АПЕЛЛЯЦИЯНИ КЎРИБ

ЧИҚИШ ТАРТИБИ


27. Малака имтиҳони натижалари бўйича малака имтиҳонидан ўтмаган деб тан олинган талабгорлар малака имтиҳони ўтказилган кундан бошлаб ўттиз календарь куни мобайнида Давлат рақобат қўмитасига апелляция бериш ҳуқуқига эга. Апелляция ёзма равишда тақдим этилади.

Давлат рақобат қўмитаси бир ҳафта муддатда берилган апелляцияни кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор ҳақида ариза берувчига ёзма хабар юборади.

28. Апелляцияни кўриб чиқиш натижалари юзасидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

а) имтиҳон натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида;

б) апелляцияга берган шахс учун такроран малака имтиҳони ўтказиш тўғрисида.


29. Имтиҳон натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва шикоятни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:

а) апелляция ушбу Низом талабларига тааллуқли бўлмаса;

б) апелляция кўрсатилган важлар ўз тасдиғини топмаса.


30. Такроран малака имтиҳони ўтказиш тўғрисидаги қарор апелляция берган шахсга нисбатан малака имтиҳони мазкур Низом талабларига зид равишда ўтказилганлиги ҳоллари аниқланган тақдирда қабул қилинади.


31. Давлат рақобат қўмитаси томонидан апелляция берган талабгор учун такроран малака имтиҳони ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, мазкур Низомда белгиланган тартибда такроран малака имтиҳони ўтказилади.

32. Талабгор такроран апелляция бериши мумкин эмас.


33. Давлат рақобат қўмитасининг қарори устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибга мувофиқ судга шикоят қилиниши мумкин.


V. МАЛАКА СЕРТИФИКАТИНИНГ АМАЛ

ҚИЛИШ МУДДАТИНИ УЗАЙТИРИШ, ҚАЙТА

РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА ДУБЛИКАТ БЕРИШ ТАРТИБИ


34. Малака сертификати эгаси мазкур сертификатнинг амал қилиш муддати тугашига камида уч ой қолганда Давлат рақобат қўмитасига малака сертификати муддатини узайтириш тўғрисида 1-иловага мувофиқ ариза билан мурожаат қилади. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши лозим:

а) 2-иловага мувофиқ тўлдирилган сўровнома;

б) баҳоловчининг малака сертификатининг асл нусхаси;

в) малака ошириш курсларини тамомлаганлиги ҳақидаги ҳужжатнинг нусхаси;

г) малака имтиҳонидан ўтиш ва малака сертификатининг амал қилиш муддатини узайтириш учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдоридаги йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.


35. Малака сертификати муддатининг узайтирилиши мазкур Низомнинг 34-бандида белгиланган талабларга риоя этилганда ва малака сертификатининг эгаси малака имтиҳонини муваффақиятли топширган тақдирда амалга оширилади.

Малака сертификатининг амал қилиш муддати мазкур сертификатнинг бланкида кўрсатилган амал қилиш муддати тугаган пайтдан бошлаб узайтирилади.

Малака имтиҳонидан ўтмаган баҳоловчи малака имтиҳонидан ўтиш учун йиғим тўлаш шарти билан қайта малака имтиҳонидан ўтиш ҳуқуқига эга.


36. Малака сертификатининг амал қилиш муддатининг узайтирилиши белгиланган тартибда мазкур сертификатнинг бланкида махсус белги (ёзувни) қайд этиш орқали амалга оширилади.

Малака сертификати бланкида унинг муддатини узайтиришга тааллуқли тўлдирилмаган қаторлар мавжуд бўлмаган тақдирда, малака сертификати эгасига аввалги рўйхатга олиш рақами қўйилган янги малака сертификати берилади. Илгари берилган баҳоловчининг малака сертификати бланки Давлат рақобат қўмитаси томонидан белгиланган тартибда йўқ қилинади.

37. Малака сертификати эгасининг фамилияси, исми, шарифи ёки паспорт маълумотлари ўзгарган тақдирда, у 10 кун ичида Давлат рақобат қўмитасига малака сертификатини қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт, бунда аризага қайта расмийлаштирилиши лозим бўлган сертификатнинг асл нусхаси билан бирга тегишли ўзгаришларни тасдиқловчи ҳужжатларнинг асл нусхалари илова қилинади.

Малака сертификатини қайта расмийлаштириш учун баҳоловчи энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида йиғим тўлайди.


38. Малака сертификатининг қайта расмийлаштирилиши унинг эгаси томонидан ариза берилган пайтдан бошлаб 5 кун мобайнида амалга оширилади, бунда аввалги рақам ва илгари белгиланган амал қилиш муддати кўрсатилган малака сертификатининг янги бланки берилади, илгари берилган малака сертификати бланки Давлат рақобат қўмитаси томонидан белгиланган тартибда йўқ қилинади.

39. Йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган малака сертификатининг ўрнига малака сертификати эгасининг аризасига кўра дубликат берилиши мумкин.

Малака сертификатининг эгаси малака сертификатининг йўқолганлиги ҳақида матбуотда эълон бериши ва эълон нусхасини Давлат рақобат қўмитасига тақдим этиши керак.

40. Малака сертификати дубликатида унинг аввалги қайд этилган рақами ва илгари белгиланган амал қилиш муддати ёзилади, янги бланкнинг юқоридаги бурчагига Дубликат ёзуви кўрсатилган бўлиши керак.

Яроқсиз ҳолга келган малака сертификати Давлат рақобат қўмитасига қайтарилиши ва белгиланган тартибда тугатилиши лозим.

41. Дубликат беришда энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.



VI. МАЛАКА СЕРТИФИКАТИНИНГ

АМАЛ ҚИЛИШИНИ ТЎХТАТИШ

ВА УНИ БЕКОР ҚИЛИШ ТАРТИБИ


42. Қуйидагилар малака сертификатининг амал қилишини тўхтатиш учун асос ҳисобланади:

баҳоловчининг аризаси;

баҳолаш фаолиятини амалга оширишда қонун ҳужжатлари талабларини мунтазам ёки бир марта қўпол равишда бузиш;

баҳоловчи томонидан баҳолаш давомида олинган маълумотларни мулкдор ёки баҳолаш буюртмачисининг рухсатисиз ошкор қилиш, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

молия-хўжалик муносабатлари соҳасида муайян лавозимни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жазони назарда тутувчи қонуний кучга кирган суд ҳукми;

фуқарони белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомалага лаёқати чекланган деб эътироф этиш тўғрисидаги суд қарори.


43. Малака сертификатининг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадан бошлаб унинг амал қилиши тўхтатилади.

Баҳоловчи ташкилот лицензиясининг амал қилиши қонун ҳужжатларида назарда тутилган йўл қўйилган қонун бузилишлари учун тўхтатилган тақдирда, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан бошлаб баҳоловчи ташкилот лицензиясининг амал қилиши тўхтатилишига сабабчи бўлган қонун бузилишларига йўл қўйган раҳбарнинг ва баҳоловчининг малака сертификатлари амал қилиши тўхтатилади.


44. Баҳолаш фаолиятини амалга оширишда малака сертификатининг амал қилишини тўхтатиш учун асос бўладиган қонун ҳужжатлари талабларининг бир марта қўпол равишда бузилишига қуйидагилар киради:

баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда баҳолашни амалга оширишда холисликни таъминламаслик;

баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни ва эксперт хулосасини нотўғри тузиш;

баҳолаш ишларини ўтказишда олинган маҳфий ахборотни мулкдор ёки баҳолаш буюртмачисининг рухсатисиз ошкор қилиш, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

баҳоловчининг назорат ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ўтказиладиган текширувларда ва бошқа тадбирларда ўзи штатида турадиган ёки фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузган баҳоловчи ташкилотнинг тегишли рухсатномасисиз (буйруғисиз) мутахассис сифатида қатнашиши.


45. Малака сертификати қуйидаги ҳолларда Давлат рақобат қўмитасининг қарорига биноан бекор қилинади:

Давлат рақобат қўмитасининг малака сертификатини бериш тўғрисидаги қарорининг ноқонунийлиги суд томонидан эътироф этилганда;

сертификат қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганда.


46. Малака сертификатини бекор қилиш тўғрисидаги қарор малака сертификати берилган санадан бошлаб амал қилади.


47. Баҳоловчилар қонун ҳужжатларини бузганлик учун малака сертификатлари бекор қилинган ёки уларнинг амал қилиши тўхтатилганлиги тўғрисида қарор қабул қилинган вақтдан бошлаб уч йил мобайнида малака сертификатини такроран олиш учун имтиҳонга қўйилмайди.


48. Малака сертификатини бекор қилиш ёки унинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги қарор оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниб борилади.


49. Давлат рақобат қўмитасининг малака сертификатини бекор қилиш ёки унинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги қарори 5 кунлик муддатда малака сертификатининг эгаси ва баҳоловчи ишлаётган баҳолаш ташкилотига юборилади.

50. Баҳоловчи унинг малака сертификатини бекор қилиш ёки амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги қарорни олган кундан бошлаб 10 кун мобайнида ўз сертификатини Давлат рақобат қўмитасига белгиланган тартибда тугатиш учун қайтариши шарт.


VII. МАЛАКА СЕРТИФИКАТИГА

ЭГА БАҲОЛОВЧИЛАРНИНГ

РЕЕСТРИНИ ЮРИТИШ ТАРТИБИ


51. Давлат рақобат қўмитаси томонидан малака сертификатига эга бўлган баҳоловчиларнинг реестри юритилади ва унда қуйидаги маълумотлар қайд этилади:

малака сертификати олинган сана, уни олган шахснинг фамилияси, исми, шарифи ва имзоси;

паспорт маълумотлари ва турар жойи;

иш жойи;

малака сертификатининг ҳисобга олиш серияси, рақами ва берилган санаси;

малака сертификатининг амал қилиш муддати узайтирилганлиги, амал қилиши тўхтатилганлиги, бекор қилинганлиги, қайта расмийлаштирилганлиги ҳамда дубликат берилганлиги тўғрисида маълумотлар.



VIII. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


52. Давлат рақобат қўмитасининг малака сертификатининг амал қилишини тўхтатиш ёки уни бекор қилиш тўғрисидаги қарори юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.

53. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси билан келишилган.






Низомга

1-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси

Давлат рақобат қўмитасига

Кимдан __________________________

_________________________________

_________________________________


Малака имтиҳонини топширишга

рухсат бериш тўғрисида

АРИЗА


Менга баҳоловчи малака сертификатини олиш учун/амал қилиш муддатини узайтириш учун* малака имтиҳонини топширишимга рухсат беришингизни сўрайман.

Аризага қуйидагилар илова қилинади:


1. ______________________________________________________________

2. ______________________________________________________________

3. ______________________________________________________________

4. ______________________________________________________________

5. ______________________________________________________________



20__ й. "____" _______________


Шахсий имзо _______________



*) керакли сўзларнинг тагига чизинг.






Низомга

2-ИЛОВА



СЎРОВНОМА


1. Фамилияси ____________________________

Исми ___________________________________                         Фотосурат

Шарифи _________________________________                             ўрни


2. Туғилган

санаси ___________________________________

                  (йили, куни, ойи рақамлар билан ёзилади)


3. Паспорт

серияси _______________ рақами_______________

Берилган

санаси ______________________________________

Ким томондан

берилган ____________________________________


4. Маълумоти: __________________________________________________

қув юрти номи

________________________________________________________________

факультети)


________________________________________________________________


Тамомлаган

йили ______________________ диплом N ___________________________

Диплом бўйича

мутахассислиги _________________________________________________

Илмий даражаси,

илмий унвони ___________________________________________________


5. Меҳнат дафтарчасидан иш стажи ҳақидаги маълумотлар:

Т/р

Ишга кириш даври


Ишдан кетиш вақти


Иш жойи


Лавозими


1.

2.


3.


4.


5.


...


6. Сизни суд қарори бўйича баҳолаш ёки молия-хўжалик фаолиятини юритиш ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳоллари бўлганми? Агар "Ҳа" жавоби берилса, қачон ва нима учунлиги кўрсатиб ўтилсин.


7. Уй манзили: __________________________________________________

________________________________________________________________


8. Боғланиш

телефони ________ _____________ Факс: __________ _________________

                     коди           рақами                        коди                 рақами


9. Сўровнома тўлдирилган сана: 20____ й. "____" ___________________.



Шахсий имзо ____________________________________






Низомга

3-ИЛОВА


НАМУНА


Ўзбекистон Республикаси герби


Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган

корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни

ривожлантириш давлат қўмитаси

           

      

БАҲОЛОВЧИ МАЛАКА СЕРТИФИКАТИ

Фотосурат ўрни

_____________ - рақам


Тошкент ш.

20___ й. "___" _____________

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан

            

(кимга - баҳоловчининг Ф.И.О.)

           

(паспорт серияси, рақами, қачон ва ким томонидан берилган)

                 

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатга олинган баҳолаш ташкилоти номидан мулкни баҳолашни амалга ошириш ҳуқуқи берилади.

Давлат рақобат қўмитаси раиси

(раис ўринбосари)


М.Ў.




Баҳоловчи малака сертификатининг амал қилиш муддати:


20__ й. "___" ________ дан 20__ й. "___" ________гача узайтирилган.


Имзо _______________ М.Ў.


20__ й. "___" ________ дан 20__ й. "___" ________гача узайтирилган.


Имзо _______________ М.Ў.

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 31-32-сон, 307-модда.